Хотира – муқаддас
Яхшилар ёди
Инсон ўтган умрини сарҳисоб қиларкан, ҳаёт гўзаллиги-ю унинг борлиғини дилдан ҳис этади. Бу ёруғ дунёда босиб ўтган ҳар бир қадамимиз ўлчовли, умр тарозиси билан ўлчанган. Кимлардир ўзидан сўнг ёрқин из қолдириб, яхши амаллари билан халқ ёдида қолса, кимдир ҳаётда из-тузсиз йўқолади, тарих унинг борлигини ҳам билмайди.
Юсуфали ота Усмонов... Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасининг бош агрономи бўлиб ишлаган зиёли, Пахта-Орол ва Киров туманларини ташкил этишда фаол қатнашган тажрибали зироатшунос, кўп йиллар мобайнида Хотин-кўприк қишлоқ кенгаши ва Ворошилов номли колхозни самарали бошқарган таниқли раис, халқимизнинг асл ўғлони. Қадим Чимкентнинг Эски Шаҳар даҳасидаги Меҳнат кўчасида дунёга келган қаҳрамонимиз эски усулдаги (араб имлосида) мактабни битириб, азим Тошкент сари йўл олди. 1919-1920 йиллари янги услубдаги мактабда таҳсил олди, биринчилар қаторида комсомолга аъзо бўлди, унинг фаолиятида изчил қатнашди. 1927 йили Тошкентда ишчилар факультетини битирган Ю.Усмонов она шаҳрида “Қизил аравакаш” артелида иш фаолиятини давом эттириб, Чимкент Қўрғошин заводи қурилишида фаол иштирок этди. Коллективлаштириш жараёнида фаол иштирок этиб, 1930 йили Тельман номли колхознинг Ленин номли бўлинмасини ташкил этди ва раислик қилди. 1932-1934 йиллари Тошкент қишлоқ хўжалиги техникумида билимини оширган ҳамюртимиз кейинчалик Чимкент тумани Хотин-кўприк қишлоқ кенгашини самарали бошқарди. Колхозлараро машина-трактор станцияси (МТС) ва Ворошилов номли колхозга раҳбарлик қилган таниқли раис айни уруш йиллари фронтни озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлашда муносиб улуш қўшибгина қолмай, 1943 йилнинг июнь ойида ўзи ҳам она Ватан ҳимоясига отланди. Сталинград учун бўлган шиддатли жангларнинг бирида оғир яраланиб, шу йилнинг ноябрь ойида она шаҳрига кириб келди ва раислик фаолиятини давом эттирди. “Қозоғистон танкиси” учун маблағ тўплашда ҳам фаоллик танитган раис бувани 1947 йили вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармасининг бош агрономи этиб тайинлаши ҳам бежиз эмас. У қўриқ ерлар ва Мирзачўлни ўзлаштириш жараёнида фаол иштирок этиб, Пахта-Орол ва Киров туманларини ташкил этишда бош-қошида бўлди, вилоятимизнинг пахтачилик кластери ривожига муносиб улуш қўшди. Кейинчалик Чимкент туманининг Сталин ва Киров номли колхозларида бош зироатшунос бўлиб ишлаган Юсуфали ота халқимизнинг ижтимоий ҳаётида ҳам фаол иштирок этди, Чимкент тумани кенгашига бир неча бор депутат этиб сайланди. У халқимизнинг ёрқин келажагини орзу қилиб, меҳнат жабҳасида қаҳрамонлик кўрсатган элсевар ҳамюртимиз эди.
Қатор орден-медаллар, турли даражадаги фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган Юсуфали ота тақдир тақозоси билан икки оила қурди. Бузаҳро ва Салима аялардан тараган авлод бугунги кунда Усмоновлар сулоласининг муносиб давомчиларидир. Катта ўғли Турдиали ака халқимизнинг ардоқли ўғлонларидан бири, Қозоғистонда хизмат кўрсатган металлург, вилоят ўзбек маданияти маркази қошидаги маҳаллалар қўмиталари кенгаши раиси, “Меҳнат Қизил Байроғи” ордени соҳиби. Ботирали ака – ҳарбий арбоб, М.Фрунзе номли Москва Ҳарбий Академиясини битириб, Москва Ҳарбий округининг озиқ-овқат билан таъминлаш бўлимини бошқарган зобит, СССР Саркотиби Н.С. Хрушчевни Буюк Британия сафарида қўриқлаган моряк, Фаластин озодлиги армиясига ёрдам учун юборилган махфий бўлинма қўмондони, мардлиги билан намуна бўларли ўзбек ўғлони. Кенжа ўғли Маҳмудали ака - республика авиацияси тарихида ўз ўрнига эга фахрий, Чимкент аэропортининг ривожига салмоқли ҳисса қўшган аэрофлот аълочиси, вилоят ўзбек маданияти марказининг кенгаш аъзоси, газетамиз жонкуяри. Юсуфали отанинг қизларидан раҳматли Ҳуриниса ая гўзал бир оиланинг саришта бекаси эди. Нуриниса ва Қутбиниса опалар савдо соҳасида ишлашган, Меҳриниса опа Чимкент аэропортида диспетчер бўлиб ишлаган фахрий. Зулфиниса ва Моҳиниса опалар устозлик касбини улуғлашган. Ўқиш ва ишларда зафар қучишаётган невара-эваралар Усмоновлар сулоласининг муносиб давомчиларидир. Невараларидан Тоҳирали Маҳмудали ўғли нафақат республикамизда, балки халқаро миқиёсда танилган “Авиа-лайн” компанияси директори, жамоат ишларида фаол, севимли газетамиз жонкуяри. Юсуфали отанинг ёрқин хотираси авлодлари, она халқи қалбида абадулобод сақланишига ишончимиз комил.
Холмат ота Ниғматжонов... Олиму фузалолар юрти – қадим Қорамурт замини фарзанди, партия ва давлат арбоби, илму урфони билан фахрланишга арзигули зиёли кадрларимиздан бири. “Меҳнат” колхози раиси Ниғматжон ота Абдуллаев хонадонида вояга етган қаҳрамонимиз 1937-1939 йиллари Сталин номли Чимкент ўзбек педагогика билим юртида таҳсил олди. Меҳнат фаолиятини Сайрам қишлоғидаги Сталин номли бошланғич мактабда ўқитувчиликдан бошлаган Х.Ниғматжонов 1940 йилнинг декабрь ойида Қизил Армия сафига сафарбар этилди. 40-танк дивизияси таркибида хизмат қилган ҳамюртимиз зирҳли машина рулини моҳирона бошқаргани учун бир неча бор қўмондонлик томонидан тақдирланганини тарихий фактлар кўрсатиб турибди. У хизмат қилган дивизия Житомир шаҳрида биринчилардан бўлиб фашист газандаларини қарши олди. Шиддатли жангларнинг бирида оғир яраланган Х.Ниғматжонов 1941 йилнинг декабрь ойида она қишлоғига кириб келди ва устозлик фаолиятини давом эттирди. Энди у фронтни озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаш жабҳасида тинимсиз меҳнат қилди. Билимли жангчи кадрни 1943 йили Сайрам тумани кенгашининг ҳарбий-ҳисоб столига раҳбарликка тайинлашди. Мана шу даврдан бошлаб Х.Ниғматжонов партия ва давлат тизимида фаолиятини бошлади. 1945-1955 йиллари Сайрам тумани партқўмида йўриқчи, котиб кўмакчиси, бўлим бошлиғи, Туркистон тумани партқўмининг 2-Котиби, Туркистон ижроқўми котиби лавозимларида ишлаган ҳамюртимиз 1955-1959 йиллари Олма-Отадаги Олий партия мактабида таҳсил олди ва партиявий билимини оширди. 1959 йилдан Сайрам ва Туркистон туманлари партқўмлари биринчи Котиби, Туркистон, Келес ва Сайрам туманлари ижроқўмлари раиси, Манкент йўловчи-автоулов ташкилоти директори лавозимларида сидқидилдан меҳнат қилган Холмат ота бир неча бор вилоят партқўми аъзоси ва вилоят кенгаши депутати этиб сайланди. Жамоат ишларида фаол иштирок этиб, Қозоғистон Компартиясининг икки съездида делегат сифатида қатнашди. Қатор орден-медаллар, турли даражадаги фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган элимизнинг суюкли фарзанди Холмат Ниғматжон ўғлининг ёрқин хотираси абадийлаштирилиб, Қорамурт қишлоғидаги катта кўчаларнинг бирига унинг номи берилган.
У шахсий ҳаётда Бозоржон Абдуқодир қизи билан 4 фарзандни муносиб вояга етказди, барчасига олий таълим берди. Ўғли Учқун ака – таниқли олим, профессор, иқтисод фанлари доктори, марҳум Тўлқин ака эса киномеханик бўлиб ишлаган эди. Катта қизи Хосият ая Ўзбекистоннинг қатор вазирликларида юқори лавозимларда меҳнат қилган фахрийларимиздан. Кенжаси Фотима ая ҳам олима аёлларимиздан, Ўзбекистон ФА Химия полимерлари илмий-тадқиқот институтида фаолият юритган. Бугунги кунда Ниғматжоновлар сулоласининг вакиллари – невара-чеваралар ҳам нуфузли таълим даргоҳларида таҳсил олишиб, боболарининг руҳларини шод этишмоқда. Мақолани ҳозирлашда бизга яқиндан ёрдам берган жонкуяримиз, Қорамурт қишлоғининг танти ўғлони Рустам ака Ниғматжоновга миннатдорчилик билдирамиз. Холмат отанинг ёрқин хотираси олдида таъзим қиламиз.
Болтабой ота Турсуметов... Матонати ва жасорати билан намуна бўларли ўзбек ўғлони, машъум уруш қаҳрамони, Ленинград шаҳрининг фахрий фуқароси, савдо соҳаси аълочиси, таниқли қассоб. Чимкент шаҳрининг Эски Шаҳар маҳалласида вояга етган қаҳрамонимиз 1936-1938 йиллари саводсизликни тугатиш жараёнида фаол иштирок этиб, халқнинг саводини чиқарган табаррук устозлардан. 1939 йили Қизил Армия сафига сафарбар этилиб, оқ финларга қарши урушда мардлик кўрсатган Б.Турсуметов Улуғ Ватан урушининг илк онларидан она Ватан ҳимоясига отланди. 900 кун мобайнида Ленинград шаҳри қамалида душманга қарата ўқ узди, очлик ва оғир руҳий ҳолат қоплаган шаҳарни омон олиб қолди, машъум урушнинг энг даҳшатли даврини бошидан ўтказди. Қамалдан омон чиқиб, яна жангга кирган қаҳрамонимиз Болтиқбўйи республикаларини озод этишда ҳам жасорат кўрсатди, номи тарих зарварақларида абадий муҳрланди. Буюк Ғалабани муносиб кутиб олиб, она шаҳрига мағрур кириб келган Болтабой ота қолган умрини халқига бахшида қилди. Шаҳар дўконларида сотувчи, халқнинг қўли ширин қассоби сифатида танилди. Қатор орден-медаллар, кўкрак белгилари ва турли даражадаги фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган отахоннинг хотираси абадий, халқимизнинг суюкли фарзандларидан бири сифатида тарихда қолди.
Болтабой ота умр йўлдоши, савдо ходимаси Шаҳодат Ҳожиқул қизи билан 7 фарзандни муносиб вояга етказишди. Катта қизи Санобар опа Турсуметова – халқимизнинг танти қизи, севимли жонкуяримиз, ўткир мақолалари билан танилган жамоатчи мухбир, “Чимкент” ижодий уюшмасининг фаол аъзоси ва соҳир қаламкаш. Қолган қизлари Соҳиба, Лола ва Гулчеҳра опалар савдо ва умумовқатланиш тизимида фаолият юритган фахрийларимиздир. Ўғиллари Акбарали, Ботирали ва Рустамжон акалар ота касбини олган шаҳримизнинг таниқли қассоблари ва халқ корига камарбаста тадбиркорлар. Неваралари ҳам элнинг фарзандлари бўлиб вояга етишди. Невараси Авазбек ака – муайтай бўйича спорт устаси, ёш тадбиркорлардан. Болтабой отани ёд этарканмиз, унинг ёрқин хотираси олдида таъзим қиламиз.
Лутфулла ота Тошхўжаев... Қадим Чимкентнинг ҳассос ўғлони, уруш сарҳадларида жасорат кўрсатган давр қаҳрамони, кўплаб инсонларга илм улашган табаррук устоз. Ўрта мактабдан сўнг саводсизликни тугатиш жараёнида фаол иштирок этган қаҳрамонимиз биринчилар қаторида она Ватан ҳимоясига отланди. Сталинград учун бўлган шиддатли жангларда мардлик кўрсатиб, кўпларга намуна бўлган Л.Тошхўжаевнинг номи бутун фронт бўйлаб таралган эди. Шундай ҳаёт-мамот кунларнинг бирида оғир яраланиб, даволанган ҳамюртимиз 1944 йилнинг октябридан 1945 йилнинг декабрига қадар Сталинград Олий ҳарбий билим юртида таҳсил олди, жанговор билимини оширди. 1946 йилдан Украина Ҳарбий округининг 39-гвардия артиллерия дивизияси ротасига қўмондонлик қилган Л.Тошхўжаев “миллатчи Бандера” қўшинларига қарши кураш олиб борди, совет давлатининг ичидан емирилишига барҳам беришда фаоллик танитди. “Бандерачилар” қўлидан 1947 йилнинг июнь ойида оғир яраланган Лутфулла ота шу йилнинг август ойида она шаҳрига кириб келди ва нафақага чиққунга қадар Мир Алишер Навоий номли 16-сонли ўрта мактабда ёш авлодга математика ва физика фанларидан сабоқ берди, кўплаб шогирдлар тайёрлади. Уни ҳанузгача кўплаб инсонлар илиқ хотиралар билан ёд этиши боиси ҳам шу. У нафақат ажойиб устоз, балки тартиб-интизомни хуш кўрадиган қатъий мураббий ҳам эди, дея хотирлашади шаҳарликлар. Ишдан ажралмаган ҳолда Чимкент Давлат Педагогика институтида таҳсил олган Лутфулла ота ўз касбининг ҳақиқий фидойиси, халқ севган устозлардан бири эди. У билан ҳар биримиз ҳақли равишда фахрланамиз. 1- ва 2-даражали “Улуғ Ватан уруши”, “Қизил Юлдуз” орденлари, қатор медаллар ва фахрий ёрлиқлар, “Қозоғистон ССР халқ маорифи аълочиси” нишони билан тақдирланган қадрли устознинг ёрқин хотираси халқимиз қалбида абадий сақланишига ишонамиз.
Лутфулла ота умр йўлдоши Ҳамида Сайрамбой қизи билан 9 фарзандни муносиб вояга етказди. Қизлари Холида, Хатира, Насиба, Нафиса ва Муножот опалар устозлик касбини улуғлашган. Хатира опа кўп йиллар мобайнида Мавлоно Муқимий номли 13-ўрта мактабни самарали бошқарган раҳбар устозлардан. Ўғиллари Улуғбек, Акбар ва Алишер акалар тадбиркорлик жабҳасида тер тўкишмоқда. Катта ўғли Шуҳрат ака эса бу ёруғ дунёни барвақт тарк этди. Бугунги мақолани тайёрлашда яқиндан ёрдам берган невараси Бахтиёрбек ҳам бугунги кунда халқ корига камарбаста бўлаётган эл ўғлонларидан. Зеро, авлоднинг бахтиёр одимлари сулола давомийлигининг дебочасидир.
Хайрулла Сотим ўғли Иброҳимов (Ибрагимов)... Вилоятимиз матбуотида ўз ўрнига эга ҳассос фотомухбир, СССР журналистлар уюшмаси аъзоси, қадим Чимкентнинг ардоқли ўғлони, Қозоғистон ССР халқ маорифи аълочиси, устозлик жабҳасида тер тўккан давр қаҳрамони. Ўрта мактабдан сўнг Тошкент қишлоқ хўжалиги институтида таҳсил олган қаҳрамонимиз меҳнат фаолиятини 1953 йили Қашқадарё вилоятида зироатшуносликдан бошлади. 1957 йили она шаҳрига келиб, умрининг сўнгги онларигача Мир Алишер Навоий номли 16-сонли ўрта мактабда устозлик жабҳасида тер тўкди, ёш авлодга илм ўргатди. Болаликдан фотосанъатга ошуфта бўлиб, фототўгаракда ушбу санъат сирларини чуқур ўрганди. 1953 йилдан то умрининг сўнгги лаҳзаларигача маҳаллий, республика ва бутуниттифоқ матбуоти фаолиятида суратлари билан иштирок этди, ўзига хос из қолдирди. У ўз санъат маҳсулида ҳаётни, борлиқни яққол намоён эта олди, ноёб истеъдод эгаси эканлигини далиллай олди. “Х.Ибрагимов” тахаллуси остида чоп этилган суратлари, фотоэтюдлари ва очерклари ҳамюртларимиз қалбидан ўрин олган. Ҳа, у “ўз имзоси”ни ярата олган ҳақиқий касбий фотограф, фотомухбир эди.
Кундалик ҳаётимизни, буюк ҳамюртларимизни тарих зарварақларига муҳрлай олган Хайрулла отанинг хизматлари таҳсинга сазовор, тарихий жараён. У халқнинг, шу давр совет халқининг тарихини ярата олди. Бу ишлари билан унинг номи мангуликка дахлдордир. Иш фаолияти мобайнида қатор медаллар ва турли даражадаги фахрий ёрлиқлар, кўкрак нишонлари билан тақдирланган Х.Иброҳимовнинг меҳнатлари юксак баҳоланиб, “Москвич-412” ва “Жигули - 21012” енгил автомашиналари билан ҳам мукофотланган. Ана шундай ноёб истеъдод эгаси, касбий фотограф, кўплаб шогирдларнинг севимли устози Хайрулла отанинг ёрқин хотираси ўзи жило берган суратлари каби абадий, мангуликка йўғрилган.
Шахсий ҳаётда меҳнат фахрийси Арофат Камол қизи билан 3 фарзандни муносиб вояга етказди. Катта ўғли Ҳабибулла ака – халқимизнинг ардоқли фарзандларидан, вилоятимизнинг йирик тадбиркорларидан бири, Бахт нефт базаси директори. Кенжа ўғли Асадулла ака ҳам тадбиркорлик билан машғул. Қизи Лазокат опа эса - олий тоифали шифокор. Бугунги кунда улардан тараган 10 невара, 15 эвара Иброҳимовлар сулоласининг муносиб давомчиларидир. Невараси Нодирбек минтақадаги йирик “Мейрам-групп” холдинг компанияси таъсисларидан бири, хорижий илмгоҳларни битирган келажаги порлоқ ёшларимиздан, жамоат ишларида фаол иштирок этиб келмоқда. Қаҳрамон ака эса шаҳардаги таниқли тамаддихоналардан бири – “Кўксарой” ресторани директори. Ушбу мўъжаз мақоламиз орқали фахрли устозимиз ва ҳамкасбимиз Хайрулла отани ёд этарканмиз, унинг ҳаёт йўли келажак авлодга намуна бўлишига ишонамиз.
Ўринбой ота Собитов...Авлиё-анбиёлар юрти қадим ва сўлим Турбатнинг ардоқли ўғлони, эли, юрти учун ёниб яшаган давр қаҳрамони, уруш ва меҳнат фахрийси. Ёшликдан меҳнат билан чиниққан қаҳрамонимиз колхоз далаларида меҳнат қилди, халқ хўжалигини кўтаришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Бир вақтнинг ўзида тери ошлаш сирларини пухта эгаллаб, ўз касбининг моҳир устаси даражасига эришди. Шундай дориломон кунларда кўпларнинг ёстиғини қуритган машъум уруш бошланиб, кўплар каби у ҳам биринчилар қаторида она Ватан ҳимоясига отланди. Ҳаёт-мамот жангларида қаҳрамонлик кўрсатиб, буюк Ғалабани Берлин шаҳрида қарши олди, Рейхстаг деворига “Турбат” дея ёзиб қолдиришининг ўзи ҳам бир тарих. Она қишлоғига мағрур кириб келган Ў.Собитов иш фаолиятини давом эттирди. 1956 йилдан туман тайёрлов конторасида (заготконтора) ишлаб, шу ердан фахрий ҳордиққа чиқди. Урушдаги қаҳрамонлиги ва меҳнат жабҳасидаги ютуқлари ҳисобга олиниб, қатор орден-медаллар, турли даражадаги фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Унинг ёрқин хотираси олдида таъзим қиламиз.
Ўринбой ота шахсий ҳаётда умр йўлдоши Муаззамхон Собирхўжа қизи билан ҳамма ҳавас қиларли ажойиб оила барпо қила олди. Фарзандлари (Баҳодир, Баҳром, Ғулом, Ботир ва Нодир акалар, Назира опа) эл корига камарбаста инсонлар бўлиб вояга етишди, барчаси бизнинг сеҳрли Қазиғурт диёридаги суянчиқларимиз, фахрларимиздир. Катта ўғли Баҳодир ака – халқимизнинг асл фарзанди, жамоат арбоби, соҳир мисралари билан эл эҳтиромини қозонган шоир ва қаламкаш, севимли рўзномамизнинг яқин дўсти, туман ўзбекларининг кўзга кўринган бекларидан бири, Қозоғистон Ёзувчилари ва Журналистлари уюшмалари аъзоси, йирик тадбиркор ва меценат. Баҳром ака –қатор йиллар мобайнида Турбат қишлоғи округи ҳокими, Туроб Тўла номли ва “Октябрь Инқилобининг 30 йиллиги” мактаблари директори, туман ўзбек маданияти маркази раиси лавозимларида ишлаган халқимизнинг зиёли кадрларидан бири, туман маслаҳатига депутат этиб сайланган жамоат арбоби. Ботир ака ҳам қатор йиллар мобайнида туман ўзбек маданияти марказини самарали бошқарган фидойи. Ўринбой отанинг неваралари ҳам эл корига камарбаста бўлиб вояга етишмоқда. Невараларидан Жавлонбек бугунги кунда Туроб Тўла номли таълим даргоҳини бошқариб келмоқда. Жамоат ишларида фаол иштирок этиб келаётган Ж.Собитов Қазиғурт туман ўзбек маданияти марказининг раиси, туман ёш тадбиркорлар уюшмаси аъзоси сифатида ҳам қатор ишларни амалга ошириб келаётган келажаги порлоқ ёшларимиздан. Унинг “Иқбол” наслчилик фермасида дунёга машҳур Ҳисор қўйлари ва оқ меринос қўйлари парваришланмоқда. Ота-боболари руҳларини шод этиб келаётган бугунги авлоднинг истиқболи ҳам порлоқ бўлгай.
Маҳмудали ота Эргашев... Бунёдкорлик соҳасининг ёрқин намоёндаси, замонавий Чимкентнинг кўркига кўрк қўшаётган қатор иншоотларнинг бунёдкори, халқимизнинг уста фарзанди. Чимкент туманининг Ленин номли колхозини бошқарган таниқли раис Эргаш ота Усмонов таниқли қозоқ полвони Ҳожимуқон билан яқин қадрдон бўлиб, ўз уйида уни кўп маротаба меҳмон қилганлиги ҳақида қарияларимиз тилга олишади. Ана шундай давраларда ўсган ёш М.Эргашев болаликдан зукко, тез киришиб кета оладиган бўлиб вояга етди. Ўрта мактабдан сўнг Тошкент темирйўл муҳандислари институтининг қурилиш куллиётида таҳсил олиб, меҳнат фаолиятини “Чимкентстрой” трестининг СУ-2 (қурилиш бошқармаси) бошқармасида мастер бўлиб бошлади. Ўз касбининг билимдони бўлгани боис, йиллар давомида меҳнат пиллапояларидан юқорилай борди. 1975 йилдан участка бошлиғи лавозимида нафақага чиққунга қадар меҳнат қилди. Унинг раҳнамолигида Чимкентдаги қатор аҳамиятга молик иншоотлар қад ростлади. ЖҚВ ИИББ биноси, “Қозоғистон” кинотеатри, Чимкент қишлоқ хўжалиги техникуми биноси, вилоят руҳий асаб касалликлари касалхонаси, вилоят клиник касалхонасининг 5-бўлими, “Дружба” меҳмонхонаси, вилоят прокуратураси биноси, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Чимён” сиҳатгоҳи, қатор кўп қаватли тураржой бинолари шулар жумласидан. 1998 йили фахрий ҳордиққа чиққан М.Эргашев турли қурилиш ташкилотларида маслаҳатчи бўлиб ишлаб, ёш авлодга йўл-йўриқ кўрсатди.
Иш фаолиятидаги ютуқлари учун муносиб тақдирланган Маҳмудали ота шахсий ҳаётда умр йўлдоши Нури Абдували қизи билан 5 фарзандни муносиб тарбиялашди. Ўғиллари Фурқат ва Тўлқин акалар, қизлари Машҳура, Маъмура ва Дилдора опалар Эргашевлар сулоласининг ёрқин вакилларидир. Хонадонни кулгулари билан тўлдирган невара-чеваралар боболари билан ҳақли равишда фахрланишади, аъло ўқишлари ва ишдаги ютуқлари билан унинг руҳини шод этишмоқда. Дўст билан обод уйинг, дейди доно халқимиз. Ушбу мақола ташаббускори, доимий обуначимиз ва жонкуяримиз Ғанитой ота Муҳаммедов Маҳмудали ота Эргашев билан болаликдан қадрдон дўст, бирга мактабда ўқиб, бир вақтда азми Тошкентда таҳсил олишган. Ғанитой ота ўзи билган, ўзи билан бирга ишлаган ҳамкасблари, устозлари ва дўстларини севимли газетамиз орқали ёд этишни ўзининг чин инсонийлик бурчи, деб билади. Бу эса намуна бўларли хислат, тавозе.
Илҳом Бакир ўғли Туёқов...Халқимизнинг умри барвақт хазон бўлган ардоқли ўғлони, илму маърифатни юқори баҳолаган зиёли, миллатимиз орасидан етишиб чиққан етук кадрларидан бири, эли, юрти учун ёниб яшаган давр қаҳрамони, қадим Чимкентнинг қадри ва фахри. 40 йил бадалида вилоятнинг биринчи раҳбарларини олиб юрган моҳир ҳайдовчи, уруш ва меҳнат фахрийси Бакир ота барча фарзандларига олий таълим бера олди, улар халқ корига камарбаста бўлиб вояга етишди. Улар орасида Илҳом ака одамохунлиги, ўткир мушоҳадали фикрлари билан ажралиб турарди. У халқнинг фарзанди эди. Чимкент кооператив билим юрти ва Олма-Ота халқ хўжалиги институтларини битирган қаҳрамонимиз 1971 йилдан вилоят матлубот жамиятининг марказий базасида турли лавозимларда самарали меҳнат қилди. Ҳалол ва виждонан меҳнати билан ҳамкасблари орасида обрў-эътибор қозониб, аста-секин меҳнат пиллапояларидан юқорилаб борди ва 1993 йилдан ушбу жамиятнинг оммабоп улгуржи-савдо базасини самарали бошқарди. Собиқ тузум парчаланиб, танглик ҳолат юзага келган даврда ҳам халқнинг аҳволи ўнгланишига ишониб, ишни тўғри ташкил эта олди. Натижада даромадлар ҳам ўсди, маошлар ҳам вақтида берилди. Жамият барҳам топгач, 1999 йилдан тадбиркорлик билан шуғулланган етук билимли кадр И.Туёқов 2004-2007 йиллар оралиғида “Отан” республика партиясининг Чимкент шаҳар бўлими раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ўз иқтидорини намойиш этди, партия аъзолари сафи кенгайиб, республика миқиёсидаги илғор бошланғич партия ташкилотлари сафидан ўрин олди, раҳбарият ишончини оқлади. Кейинчалик тадбиркорлик билан шуғулланган ҳамюртимиз атиги 60 ёшида бу ёруғ дунёни тарк этди. Агар ҳаёт бўлганида, жорий йилда пайғамбар ёшини қаршилаган бўларди. Начора, Яратганнинг иродаси, охирати обод бўлсин.
Илҳом ака умр йўлдоши Озода Ўктам қизи билан 3 фарзандни муносиб вояга етказишди. Ўғиллари Абдумавлон ва Абдуманнон акалар тадбиркорлик билан машғул. Қизи Элмира Мавлоно Муқимий номли 13-ўрта мактабда инглиз тилидан ёш авлодга таълим бермоқда. Уларнинг изидан келаётган 10 невара ҳам боболари номини доимо улуғ тутишмоқда. Зеро, болалар – келажак ворислари, авлодлар давомийлигининг ёрқин тимсоли.
Бугунги мақоламизга якун ясарканмиз, биз ёд этган инсонлар оламдан ўтгани билан уларнинг номлари ўчмайди. Хотиралари уларнинг қилган хайрли ишларида, эзгу амалларида яққол намоён бўлаверади. Худди шу маънода улкан хизматлари ҳам абадиятга дахлдор бўлиб қолаверади. Уларнинг мусаффо руҳлари халқи, фарзандлари ва неваралари қалбида мангуга яшайверади. Оллоҳ Таоло уларнинг барчасини Ўз раҳматига олиб, жаннати инсонлардан қилишини сўраб қоламиз. Охиратлари обод, қабрлари нурафшон бўлсин.
Ф. ҚОРАТОЕВ,
С. ТУРСУНМАТОВ (87017301374).
|