ЯХШИЛИК УНУТИЛМАЙДИ
Муроджон менинг яқин дўстларимдан. Ўтган йили “Кўкалдош” мадрасасига имтиҳон топшириб, кира олмади. Аллоҳ насиб қилмаган экан. Дўстимнинг одоб ахлоқи, илми, иқтидори ҳавас қилгудек эди. Шундай бўлса ҳам, барча ишни ҳикмат билан қиладиган Ҳаким Зотнинг тақдирига тан бериб, уйга қайтди.
Яқинда дўстим Муроджон билан кўришдим. Муроджон ўтган кунларни эслаб, ҳаётида бўлган ибратли воқеани ҳикоя қилиб берди: “Қалбим мадрасада қолган эди. Мадрасада ўқишни, у ерда хизмат қилишни, устозларнинг илмларидан баҳраманд бўлиб, дуоларини олишни орзу қилар эдим. Орзуларим қалбимда муҳрланган, ҳеч бўлмаса мадраса хизматини қилиш насиб қилганида деган хаёлда уйга қайтдим.
Бир-икки кун ўтиб, Аллоҳ хайрли ишни қалбимга солди. Касбим сартарош, шу касбим мадраса хизматини қилсам бўлмайдими деб, мадраса мутасаддисига телефон телефон қилдим. Кўтаришмади. Кейин шундай мактуб йўлладим: “Муҳтарам устоз! Камина сартарошман. Сиз муҳтарам устозлар ва талабаларга холис хизмат қилиш ниятидаман. Рози бўлсангиз, айтган вақтингизга бориб беминнат хизмат қиламан. Мақсадим мадраса хизматида бўлиш ва дуо олишдир”. Мактубим ҳам жавобсиз қолди.
Орадан бир йил ўтди. Ҳужжатларимни олиб, мадрасага бордим. Ҳужжатларни қабул қилишдан аввал суҳбатдан ўтиш лозим. Мен бир устознинг олдига бордим. Устоз менга бир икки савол бериб, ҳужжатларимни кўра бошлади. Ҳали жавоб беришга улгурмасимдан, бир нима ёдига тушгандек юзлари ёришиб деди: “Сиз Чирчиқдан, Бўстонлиқ туманидан экансизда?! Ўтган йили мадраса хизматини қилиш ниятида мактуб ёзган эдингиз, тўғрими?!” Мен ҳам ҳаяжонланганимдан “Ҳа, шундай устоз” дея олдим холос. Шунда домла: “Баракаллоҳ. Сиздан суҳбат олмаймиз, ҳужжатингиз қабул қилинди чиқаверинг, сизга рухсат” деб, ҳужжатларимни олиб қолди.
Бу мен учун улкан фазл эди. Англаган ҳақиқатим шу бўлдики, кичик бир ниятда қилинган яхшилик ҳам инсонлар қалбида муҳрланиб қолар экан. Уни унутишмас экан. Шу сабаб яхшиликни кичик санамасдан қилавериш керак экан. Аллоҳ хулусу-ниятга қараб, ўз ажрини беришга Қодир Зотдир”.
Абдул Мўмин
|