ЯНГИ ВАЗИФАЛАР ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ ЮКЛАЙДИ
Кеча Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокими Жансейит Туймебаев 2016 йилда бажарилган ишлар бўйича халқ олдида ҳисобот берди.
Унда ҳоким ўтган йили минтақамизнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳаларида бажарилган ишларга тўхталиб, келгуси йилларда амалга ошириладиган ишлар режаси ҳақида маъруза қилди.
Шуни айтиш жоизки, минтақа раҳбарининг аҳоли олдидаги йиллик ҳисоботи бу йил илк бор онлайн режимда Жанубий Қозоғистон вилояти ҳокимлигининг оntustik. gov. kz сайтидан кўрсатилиб, 3 миллионга яқин аҳолига эга серқуёш ўлка аҳлини қамраб олди.
Шунингдек, ҳозирги “Туркистон” саройида ўтаётган йиллик ҳисобот йиғилишидан ташқари ҳар бир туман, шаҳардаги ҳокимликларда ҳам маҳаллий аҳоли йиғилиб, жами 5 мингдан зиёд киши бажарилган ишлар ҳақидаги маърузани онлайн тартибида тинглади.
Ҳисобот йиғилишида маҳаллий фуқаролар билан бир қаторда ҚР Бош вазирининг ўринбосари – Қишлоқ хўжалиги вазири А. Мирзахметов, ҚР Парламенти Сенати депутатлари Қ. Айтаханов ва А. Бектаев, ҚР Президенти Маъмурияти Давлат инспектори М. Имандўсов қатнашдилар.
Ўтган – 2016 йилда бажарилган ишларга тўхталган минтақа раҳбари саноат соҳасида 776,8 млрд. тенгелик маҳсулот ишлаб чиқарилгани, бу эса 2015 йилга нисбатан 4,4 фоиз ортиқлигини таъкидлади. Ушбу кўрсаткич бўйича бизнинг вилоят республикада учинчи ўринни эгаллаб турибди. Индустриявий-инновациявий ривожлантириш дастури доирасида бултур 19та лойиҳа жорий этилиб, 600дан зиёд иш ўрини очилди. 2016 йилда саноат минтақаларида 15та лойиҳа татбиқ этилиб, 6 млрд. тенге сармоя тортилди. Умуман олганда, вилоятдаги индустриявий минтақаларда 200,5 млрд. тенгелик 170та лойиҳа амалга оширилиб, 12 мингдан зиёд иш ўринини барпо этиш режалаштирилган.
“Бизнеснинг йўл харитаси-2020” дастури доирасида 303та лойиҳага қўллов кўрсатилиб, 2126 иш ўрини ташкил этилди. Барча туман ва шаҳарларда “Тадбиркорларга хизмат кўрсатиш марказлари” орқали 37232 кишига ёрдам кўрсатилди. Вилоят иқтисодиётига ўтган йили 380,6 млрд. тенге сармоя жалб этилди.
Ҳисобот йилида вилоятда 530 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди. Соғликни сақлаш соҳасида – 4та, таълим соҳасида – 39та, маданият соҳасида – 8та, спорт соҳасида – 2та иншоот ишга туширилди. Шунингдек, “Бандлик-2020 йўл харитаси” дастури бўйича 18,8 млрд. тенге ўзлаштирилиб, натижада 72,2 минг киши қамраб олинди, мазкур дастур доирасида 36, 2 минг доимий иш ўрини барпо этилди.
Ўтган йили минтақада 24 та ичимли сув, 25та табиий газ иншооти фойдаланишга топширилди, 640,9 чақирим узунликдаги автомобиль йўллари ҳамда аҳоли манзиллари ичидаги кўчаларда қурилиш-таъмирлаш ишлари юритилди. Булар 2016 йилда амалга оширилган ишларнинг мўъжазгина бўлаги, холос.
– Сўнгги йилларда вилоятнинг агросаноат ишлаб чиқаришини ривожлантиришда олға силжиш кузатилмоқда. Қишлоқ хўжалигида ялпи маҳсулотнинг ўсиш суръати сақланиб, экин хўжалигини ранг-баранглаштириш, навларни яхшилаш борасида ишлар давом этмоқда. Бунга эса давлатнинг фаол бюджет сиёсати туфайли эришилмоқда. Ҳисобот йилида қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти ҳажми 445 млрд. тенгени ташкил этиб, 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 4,9 фоиз ортди. Экин майдонлари 13 минг гектарга кенгайиб, 788,8 минг гектарга етди, – деди вилоят ҳокими.
Шуни таъкидламоқ жоизки, ўтган йили жанубийқозоғистонлик деҳқонлар ўрта ҳисобда 633 минг тонналик ғалла хирмонини кўтардилар. Бу эса 2015 йилгидан 8,9 фоиз кўпдир. Ўртача ҳосилдорлик гектар бошига 25,1 центнердан тўғри келди. Бу Мустақил Қозоғистон давридаги илк рекорд кўрсаткичдир.
Бундан ташқари 1060 минг тонна сабзавот, 1264 минг тонна полиз маҳсулотлари, 268 минг тонна картошка, 287 минг тонна пахта йиғиштириб олинди. Ҳамюртларимизнинг меҳнатсеварлиги ва заҳматкашлиги туфайли ана шундай юксак унумдорликка эришилди.
Ҳоким маърузаси бўйича музокараларда ҚР Сенати депутати А. Бектаев, Қозоғистон халқи Ассамблеяси раисининг ўринбосари Р. Холмуродов, ҚР Бош вазирининг ўринбосари – Қишлоқ хўжалиги вазири А. Мирзахметов, Тўлебий туман фахрийлар кенгашининг раиси А. Шинғисбаевлар сўзга чиқиб, вилоят ҳокимининг амалга оширган ишларига ижобий баҳо бердилар.
Вилоят ҳокими йиғилиш қатнашчиларидан тушган саволларга муфассал жавоб қайтарди, айримлари бўйича ёзма жавоблар матбуот саҳифаларида ва интернет сайтларида эълон қилинишини таъкидлаб ўтди.
Ўз мухбиримиз.
|