Бош саҳифа | | Рўйхатдан ўтиш | Кириш
Марҳабо! Гость | RSS
Меню сайта
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июнь 2016  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930
Архив записей
Статистика

Онлайн всего: 2
Гостей: 2
Пользователей: 0
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Главная » 2016 » Июнь » 15 » ЁЛҒИЗ КАБУТАР
    12:52
    ЁЛҒИЗ КАБУТАР

    Ўша “ёлғизлик” эрта тонгда уйғониб оларди, пиёлага чой қуярдию, аммо кўпинча ичмасди. Дераза пардаси тонги шаббодани қўлтиқлаб ичкари тортарди. Сабо “ёлғизлик”нинг сочларини тортиб-тортиб безор бўлиб хонадан қочиб чиқарди. Рўпарадаги кўҳлик ошёндан шўхчан қўшиқлар овози келарди.  Аммо “ёлғизлик” доимгидек ўйинбузарлик қилиб, иягига кафт тиргаб бу хонишларни хаёлчан қарши оларди. Хона ғамга ботиб заъфарон тусга кирар эди.  Шўрлик шамлар баъзан кечаси билан йиғлайвериб, шамдонга етмай тош қотиб қоларди.

    Шундай кунларда Ҳалим дудуқ ҳам уйқусидан қоларди. Деворга суяб қўйилган       нарвонга чиқиб олиб оёғини осилтирганча у ҳам “ёлғиз”га айланарди.

    ...У Юмалоқ тепага ўрлади. Яшилликда оёғи тойиб бораверди. Кавишининг учи билан тош қидириб олдинга мункий-мункий одимлади. Баланд тоғлар тожи оқ қор бўлса, Юмалоқ тепаники оқтош эди. Оқтошга елкасини берганча биров ўтирибди. Елвизак унинг беқасам чопони этакларини қизғалдоқ баргидай ҳилпиратади. Тўзғин   сочларигни гоҳ у ён, гоҳ бу ён тарайди. Йигит чўпон таёғини бу томонга олганча Ҳалим дудуққа жой берди. Сўнг овозини баралла қўйганча бақирди.

    —     Ча-а! Шохинг сингур, ча-а, дедим.

    Аммо қурғур эчки бу дўқдан ҳайиқмади ҳам, энди қуёш тиғи ялаган чучмомалардан, қора бошу кўкгуллардан саралаб кавшаниб кетаверди.  Ортидан қўй-эчкилар бири қўйиб, бири бақириб қир ошдилар.

    —     Уф-ф, Ҳалим, шу Олабелни бир кунмас бир кун уриб ўлдираман-да.

    —     Эй, қў-қўйсанг-чи.

    —     Кўрмайсанми буни!

    —     Бек-бекорга эй-эчкини ша-шайтон қа-қавмидан дем-демайдилар-да?!

    —     Ҳмм, нимасини айтасан. Сенинг қўйларинг қани?

    —     А-а-ана!

    —     Кетдик, бирга қўшиб боқамиз.

    Улар ёлғизоёқ йўлдан юриб Чоғот томонга йўл олдилар. Сурув олдини қайириб ташлаб, иккови қумлоқ йўлча устига чўк тушдилар.

    —     Ҳалииим!

    —     Ҳмм.

    —     Сен ҳам бировни севганмисан ҳеч?

    —     Э-ей бор-э-э!

    —     Нимадан уяласан, ўғил боламиз-ку.

    —     Ўз-ўзинг а-айт.

    —     Мен ҳам бир қизни ёқтираман, лекин аввал сен айт-чи?

    —     Ней-йега ах-ах...

    —     Кел! Бундай қиламиз, иккаламиз ҳам тескари ўтириб, ўзимизга ёққан қиз исмини ёза қоламиз.

    —     Бўб-бўпти.

    Ҳалим кўрсатгич бармоғини хатчўп қилиб “Д” ҳарфини ёзди. Бектош зимдан уни кузатиб турган экан, кулиб юборди. У ўзини майна бўлган ҳисоблаб, кафти билан қумдаги ёзувни ўчириб ташлади.

    —     Эй, од-одам по-подоммас эк-экансан, қўй-э.

    — Қўйсанг-чи, нимасига хафа бўласан. Мана мен ҳам ёзаяпман, – дея Бектош қумга “Дил” сўзини ёзди, зум ўтмай тўхтаб қолиб сўради. 

    —     Нега сен ёзмаяпсан?

    —     Ма-мана, ёз-ёзаяпман.

    Ер бағирлаб қараб турган Ҳалимнинг ичига олов тушди. қўли беихтиёр ёза бошлади. Бектошнинг ҳайрат билан қичқириши уни бироз ўнглади.

    — Ҳей! Сен ёқтирган қизнинг исми ҳам “Дил” дея бошланадими? Мабодо сен ҳам қўшни қиз Дилоромни кўзлаб юрган бўлма тағин.

    Ҳалим муштлашишда таслим бўлган боладай бир қадам ортга чекинди.

    — Йў-ўқ! Мм-ен, дея хаёлига келган “Дил” сўзи билан бошланувчи  исмни қизариб, бўзариб ёзиб ташлади. Лаҳзада ҳаммаси ойдин бўлди. Бектош Дилоромни ёқтираркан, Ҳалим эса ўзи ҳам яхши танимайдиган Дилдора исмли қизни. Сўнгра улар кўм-кўк майсаларга чўзилиб узоқ хаёл сурдилар. Бектош Дилоромнинг кўзларини қоратўриқнинг кўзларига қиёслади. Ҳалим бунга қўшилмади. Унинг нигоҳини оҳуникига менгзади. Бектош Дилоромнинг узун  сочларини отининг ёлига ўхшатди. Ҳалим тағин ҳам унинг фикрига қўшилмади. — Дилоромнинг сочлари Ҳасанбуванинг ҳовлисидаги мажнунтол шохларини эслатади, деди.

    Икковлон тоғдан қалин дўст бўлиб қайтди.  Бири-бириникига тез-тез қатнайдиган одат чиқарди. Айниқса, Бектош бир кунда икки марталаб келадиган бўлди. Дўсти келди дегунча онасининг ҳай-ҳайлашига ҳам парво қилмай болохонага чиқиб оладиган бўлдилар. Нима эмиш кабутар боқар эмиш. Бир куни азбаройи куйинганида онаси койиб “Отанг қиладиган ишни қилсанг-чи”, деб дакки ҳам берди. Аммо фойдаси бўлмади. Онаси доим шу ҳақда гап очгудай бўлса тамом, топиб олган гапи битта: – Кабутар қуш бўлмаганида фаришта бўлар эмиш. Томимизда фаришта яшаса ёмонми, она, – дейдиган бўлди.

    Кабутарнинг Ҳалимга аён ҳислати кўп эди. Патур-путур учиб ҳаммани осмонга қаратар, бу икки дўст учун айни муддао эди. Булар учун қишлоқнинг эътиборидан ҳам Дилоромники муҳим эди. Режа ўзини оқлай бошлади. Қўшни қиз гоҳ деразадан, гоҳ ҳовлини супираётиб кабутарларга сўнг, йигитларга жилмайиб қўярди. Ҳалим бир кун қўлини соябон қилиб, кабутарларни кузатаётган қизга “Дон берсанг сенга ҳам ўрганади”, демоқчи бўлдию дудуқланиб гапини адо қилолмади. Унинг ўрнига бу гапни Бектош чиройли қилиб тушунтириб бера қолди.  Ҳалим осмонга қаради, гўёки ўзини “фаришта”ларни кузатаётганга ўхшаб кўрсатди. Аслида ўз уйидан ўғирлик қилиб чиқиб, бегона болага конфетини олдириб қўйган болага ўхшарди.

    Япроқларни ерга тўшаган куз кетидан қиш кириб келди. Бу орада учовлон жуда аҳил бўлиб кетдилар. Ҳалим одатига қарши бироз хушчақчақ бўлиб қолди. Йигит билан қиз бир-бирига араз қилган дамларда, у масхарабозлик қилиб уларни яраштириб қўядиган бўлди. Хуллас, улар чироққа, Ҳалим парвонага айланди.

    Музлар эриб, ўт-ўланлар ниш ура бошлаган дамларда Дилоромнинг ёввойи қалбида ҳам оппоқ бойчечак каби ишқ униб чиқди. Бунга Бектошнинг Ҳалим томонидан таҳрир қилинган хатлари сабабчи бўлди. Дилором бу хатларни ҳар куни бурчакдаги хонага қамалиб олиб қайта-қайта пичирлаб ўқийдиган одат  чиқарди. 

    “... Дилором синф хонамизнинг деразасидан гуллар яноғидаги томчиларни қувалаб келган шаббода юзингизга урилиб, сочингиздаги баҳор ифорини димоғимга тутганда мен беихтиёр титраб кетаман...” У бегона қалб сатрларидан мана шундай сармаст бўлди. Ҳаёт шундай бошланди. Ўзга қўл ёзаверди, бу ёзиқни содда кўнгил дил лавҳига кўчираверди. Ва Бектош бир қиз қалбини қурол-яроқсиз асир этди. Битирувдан сўнг ҳамма ўзи билан ўзи овора бўлиб кетди. Бектош портфелини қўлтиқлаб шаҳарга жўнади. Ҳалим қўй боқадиган бўлди. Дилором йўл боқадиган бўлди. Бектошдан аввал мактуб келиб турди. Кейин сийраклашиб, бутунлай келмай қўйди. Ҳалим шунда ҳам хат битишни канда қилмади. Бир куни Дилором узоқдан Бектошнинг қорасини кўриб, қўлида челак билан йўлга чиқди. Бектошнинг сўзлари муздек эди. Сўзларидан ҳам кўзларида совуқлик кўп эди. Дилором муз бўлиб қолди. Ҳалим буни кўрмади. Тағин хат ёзиб жўнатди. Кабутари яна ўша хатни қайтариб келди. Ҳалим қир ошиб Бектошни сўрагани борди. Энди Бектош Бектош эмас, Тошбекка айланиб қолганди. Шундан  нима қиларини билмай ўртада сарсон бўлган ёлғиз кабутарга ҳам қийин бўлди.

    Ҳалим хотиралар дафтарини ёпиб нарвондан қўзғалганда тун алламаҳал бўлганди. У жойига бориб чўзиларкан юраги ачишаверди.

    Эрта тонгда  сурув ортидан отланаётган Ҳалимга онаси койиниб гапирди: 

    — Ўғлим, намунча одамови бўлиб қолдинг. Мана қанча вақтдан буён шу аҳвол, келсанг хонангга қамалиб оласан. Эрта тонгдан яна тоққа чиқиб кетасан. Мундай, одамга ўхшаб тўй-маъракага ҳам қатнашай демайсан-а?..

    Ҳалим тағин онасининг гапини чала қолдириб тоққа ўрлаб кетди. Кун чошгоҳга яқинлашганда  Зикир бува билан юз кўришди.

    —     Ҳалимполвон, ҳамсоянгникида  тўй, сен қўй боқиб юрибсан.

    —     Қа-қа-қайси? Ҳам-ҳамс...

    —     Анови, Абдумурод жувозкашнинг қизини чиқаришаяпти, деди шекилли.

    —     Ним-нима? Дил-дил...

    У шу сўзларни гапира туриб Оқтовдан пастга қараб  чопиб кетди, ортидан ҳеч нарса англолмай Зикир бува ҳой-ҳойлаганча қолаверди. Пастда машиналар карвони бири қўйиб, бири овоз бериб, бутун тоғни ларзага келтирганча, қишлоқдан узоқлашиб борарди. У жон жаҳди билан улар орқасидан югурди. Гўёки етиб борса Дилоромни ўзи билан олиб қоладигандай. Аввал чўпон таёғи, сўнг чопони қайдадир қолиб кетди. Оқтошга етдим-етдим деганда  оёғи нимагадир чалишиб кетиб қулаб тушди. Бу қулаш асносида сал қолса пешонаси тошга урилай деди. У бир муддат оппоқ тошга термулиб расм томоша қила бошлади: йўқликнинг суратини. Кейин ўша нуқтадан кўзини ўзмай тураверди. Бирдан оппоқ силлиқ  тошда ўз аксини кўриб қолди. Ич-ичидан йиғилиб келган дардли алам билан қичқириб юборди.

    — Дилором, мен сени севаман. Эшитяпсанми? Мен сени севамааан! Кейин бирдан бошини қуйи солиб жим бўлиб қолди. Тошлар эса ҳеч қандай дудуқланмай акс-садо қайтарди:

    —     Мен сени севамааан!

    Абдулла  ЧИМИРЗАЕВ

    Просмотров: 487 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    avatar