У менинг ҳаётимга кутилмаганда кириб келди. Уни аввалига муҳаббат ҳам деёлмасдим, у шунчаки дўстликка ўхшаб кетарди. Ҳаммаси онасининг туғилган кунида юз берди. Мен ўша пайтлар у билан умуман таниш бўлмаганман. Унинг онаси билан бир корхонада ишлардик, биз қадрдонлар эдик. Ўша куни ишхонадан кўпчилик бўлиб, уларнинг уйига бордик. Стол атрофида менга алоҳида бир эътибор билан қараётган йигитдаги қизиқишни сезмай иложим йўқ эди. Туғилган кун авжига чиққан паллада уйга кетишим кераклигини айтиб, ҳамма билан хайрлашиб кўчага чиқдим. У ҳам ортимдан чиқиб, уйга ташлаб қўйишини маълум қилди. Анча кеч бўлиб қолгани боис ҳам, йўқ демадим. Ўшанда мен у билан жуда қадрдонлашиб кетишим ҳақида умуман ўйламаганман. Аввалига, биз шунчаки ҳазил-ҳузул қилиб гаплашардик, мен унинг сўзларини жиддий қабул қилмаганман. Биз жуда кўп сайрга чиқардик, кинога борардик. Мен кинога қараб турганимда, унинг мендан кўз узмай тикилишларини сезардим ва бу менга жуда кулгули туюларди. Бир куни у мендан бошқа бировни яхши кўриш-кўрмаслигимни сўраб қолди. Мен эса, яхши кўрганим бор, дедим. У ҳеч нима демади, лекин унинг кўзлари мунгга тўлганини, жиддий тортиб қолганини сездим. Шундан кейин у мен билан барча алоқаларни узиб қўйса керак, деб ўйлагандим. Лекин… У бир кунгина сукут сақлади. Эртаси куни телефонларим (уй, “сотка”, ишхонадаги) унинг қўнғироқлари билан тўлиб кетди. Кейин эса у менга смслар жўната бошлади, “Нима бўлди? Нега гўшакни кўтармаяпсан? Мен жуда хавотирланаяпман. Ҳаммаси жойидами?” Кечқурун мен қўнғироғига жавоб бердим, у мендан учрашишни сўради. Лекин мен унга ёлғон гапириб, аслида бошқа одам билан учрашмоқчи эканлигимни айтдим. У эса мен билан айнан бугун гаплашиб олиши шартлигини айтиб, ўз сўзида қатъий туриб олди, керак бўлса, эрталабгача мени кутишини билдирганда, рости, нима деб жавоб беришниям билмадим. Телефонларни ўчириб, ухладим. У ростдан ҳам тунни уйимиз остида ўтказишини хаёлимга ҳам келтирмаганман. Эрталаб ишга кетаётиб, унинг машинаси ичида ухлаб ётганини кўриб, ўз ёлғонимдан ўзим уялиб кетдим. Мен гарчи унинг кўнглида менга нисбатан ўзгача бир ҳислар борлигини сезиб турсам-да, лекин унга умид бериб қўйишдан қўрқардим. Ўзимни унга муносиб кўрмасдим. Мен уни уйғотиб, бугун ишдан кейин учрашишга келишиб олдик. Ўша кечани мен ҳеч қачон унутолмасам керак. У бахтларга тўла лаҳзалардан иборат эди. Биз кинога бордик, боғларда айландик, музқаймоқ еб, кулишдик, худди болалардек қувондик…
Кейин у ўзга шаҳарга меҳнат таътилига кетишини айтганда, гарчи буни ҳеч ҳам хоҳламасам-да, унга оқ йўл тиладим. У шаҳарга келиши билан менга қўнғироқ қилар ё тўғри ишхонамга борарди. Биз айланар, музқаймоқлар еб, дунёдаги бор гапларни гаплашардик, кулишардик. Унинг ўтли нигоҳларини илғаб, юрагим алланечук гупурлаб кетар, мен ўзим сезмаган ҳолда, унга тобора қаттиқ боғланиб борардим. Бу дард бутун танамни чулғаб, оромимни ўғирлаганди. У ора-орада кетар, мен эса ўзимни қўярга жой тополмай қолардим. У ҳаётимнинг мазмунига айланиб улгурганди.
Бир куни унинг онаси мени хонасига чақирди. Мен барибир бир кун бу воқеа юз беришини билганим учун ҳам олдиларига юрагимда бироз қўрқув, ҳайиқиш билан бордим. Ўғли онасига мен ҳақимда айтган бўлиши керак, ахир, муносабатларимиз жуда чуқурлашиб кетганди. Улар мени кулиб қарши олганларида, хавотирларим сал ариди.
“Келинг, қизим, ўтиринг, ўғлим сизни танлаганидан жудаям хурсандман, у буни куни кеча менга минг истиҳола билан айтганда, рости, роса қувониб кетдим. Мен унга сизни роса мақтадим, шундай келиним бўлишини орзу қилишимни айтганимда, унинг ёш боладек хурсанд бўлиб кетганини кўрсангиз эди”. Биз анчагача улар билан гаплашиб ўтирдик.
“Мен сизга бир гапни айтмасам бўлмайди, буни ўғлим менга тайинлади. Унинг ўзи сизга айтолмабди. У олдин уйланганди. Рости, хотиндан омади чопмади, келиним ўғлимни бахтли қила олгани йўқ, уларнинг жанжаллари, мудом уришишларидан мен ҳам безор бўлиб кетардим. Неча бор уларни олдимга ўтқазиб насиҳат қилдим, иккиси билан алоҳида-алоҳида гаплашиб ҳам кўрдим. Лекин келинимнинг эрини тушуна олмаслиги, унга сал бўйин эггиси келмаслиги оила пойдеворига дарз етказди. Уларнинг ўғли бор, лекин бу никоҳни бола ҳам сақлай олмади. Улар ажралиб кетишганига кўп йил бўлди, келиним ҳозир боласи билан ўзга юртга кетиб қолган. Унинг аёллардан буткул кўнгли совиб, бошқа уйланмасликка қарор қилганди. Лекин сиз унинг кўнглида умид учқунини уйғотдингиз, қизим. Уни тўғри тушунишга ҳаракат қилинг”.
Мен буёғини эшита олмасдим. Миямга биров гурзи билан ургандек бўлди. Аёл у ёғига нима деди, мен нима дедим, эслай олмайман. Миямда бир нарса тинмай айланарди: у уйланган, унинг боласи бор…
Унинг қўнғироқларига жавоб бермай қўйдим, олдимга келса, хонамга киритмасдим. Онасиям мен билан гаплашишга ҳаракат қилди. Биз оила қуролмаслигимизни рўйи-рост айтиб, бошқа бировни севишимни, яқинда унга турмушга чиқмоқчилигимни айтдим. Гарчи бу гапларнинг бари ёлғон бўлса-да, мен у билан ҳам ҳаётимни боғлай олмасдим. Гап унинг уйланганида ҳам эмас, балки боласи борлигида эди, назаримда. У боласи олдида масъул, уни тирик етим қилишга ҳақли эмас. Мен буни тушунолмайман. Юрагим лахта-лахта қон бўлиб ётибди, усиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман, лекин унга турмушга ҳам чиқолмайман. Вақт ўтиши билан юрак хасталигим тузалиб, яна аввалгидек бўлишимга ишонаман, лекин унгача қанча заҳар-заққум ютишим, неча тунларни тонгга улашим керак, буни билмайман. Яқинда унинг бу ерлардан буткул кетмоқчилигини онаси айтиб қолди. Улар уйларини сотишибди, аёл ҳам бўшаш ҳақида ариза ёзди. Мен йиғлаб, унинг бағрига отилгим, шу билан ҳамма азобларга чек қўйгим келяпти. Лекин бундай қилолмайман. Жуда қийналиб кетдим, ўзимни қўярга жой тополмаяпман. Яқинда уни буткул йўқотаман, чин муҳаббатимдан айриламан. Менга тўғри йўл кўрсатинг, илтимос. Нима қилсам, тўғри бўлади?
Санобар, Навоий вилояти