Ўртамиздаги муҳаббатнинг сўнгги томчиси ҳам қуриб битди. Мен эримни бошқа севмаслигимни тушуниб етдим ва орамизда илиқ бирон ниманинг ўзи қолмади. Бу сўзларни англаб етишнинг ўзи қанчалик қўрқинчли, олдимизда ҳали қанча умр бор?.. Хаёлимда фақат бир фикр чарх уради… “кетиш, кетиш, кетиш…”
Менинг кўнглим-чи?
Сўнгги жанжалимизда у қанча ёмон, куракда турмайдиган сўзларни юзимга айтиб ташладики, ҳозир гарчи кечирим сўраса-да, эримнинг юзига қарагим келмайди, бу сўзлар юрагимга ханжардек санчилиб турибди. Ортиқча гапирмайман, яна жанжал чиқмасин, дейман, лекин у шунгаям қўймайди, жим туришим ҳам ёқмайди унга. Қани эди, унинг кўзларига тик қараб, “юрагимда сизга нисбатан ҳеч қанақа ҳис қолмаган, муҳаббат ўрнини нафрат эгаллаган, мени ўз ҳолимга қўйинг”, дея олсам… Мен ҳатто дардимниям бировга айта олмайман, мени ҳеч ким тушунмайди. Бунинг устига, бировнинг ғами кимга ҳам керак. Ҳатто онам ҳам фақат эримнинг тарафини олади. Болаларингни ўйла, уларни тирик етим қилма, эр барибир эр, унга бўйсунишга мажбурсан, дейди. Лекин, мен-чи? Менинг кўнглим-чи? Юрагингдан йироқ бўлган одам билан бир умр қийналиб яшашга нега мен мажбурман? Ростини айтсам, ҳозир эримсиз яшашни истайман. Ичим бўм-бўш, уни тўлдирадиган ҳеч нима қолмади…
Эрим билан бирга яшаётганимга ўн йил бўлиб қолди. Икки нафар ўғлимиз бор. Бу вақт оралиғида ҳамма нарсани, яхши-ёмон кунларни бошдан кечирдик. Мен худди онам ўргатгандек, жанжалларни босишга, бўйин эгишга, ўз вақтида эримдан кечирим сўрашга, бутун айбни ўз бўйнимга олишга ҳаракат қилганман. Лекин ҳозир мен ҳам ўзгардим, ўз ақлим билан яшашни истайман, қачонгача мен ўзгалар учун ҳам жавоб беришим керак.
“Суюқоёқ, ялқов хотин”
Эрим ишдан келиши билан овқатланади-ю, компьютерга ўтиради. Мен билан гаплашмай қўйганига кўп бўлган, мен ҳам ишларимни қилиб, ётоқхонага кириб кетаман, болаларимни ўйнатаман. Негаки, унга болаларнинг шўхлиги умуман ёқмайди, жаҳли чиқиб кетиб, туртиши, тарсаки тушириши мумкин. Кейин эса, йиғлаётган болани оёғи билан итариб, “Ол бунингни, мени тинч қўясизларми, йўқми?” деб менга бақириб кетади.
Болаларим каттароқ бўлгач, боғчага бериб, иш қидирдим. Лекин эримга буям ёқмади. Унинг назарида мен ёмон аёлман, уйини, болаларини ўйламай, ўзини бегона эркакларга кўз-кўз қилиш учунгина ишга чиқиб кетган суюқоёқман. Уйда ҳар кун жанжал, сабр косам тўлиб, бир ҳафта ишламай туриб, бўшадим, яна уй ишлари, болалар ташвиши…
Лекин барибир, унинг назарида мен уқувсиз хотинман, қўлимдан бир иш келмайдиган ялқовман. Эрталабдан кечгача шу одамнинг оғзи тинсин, деб тинимсиз ишлайман, туш пайти ҳам болаларни ухлатиб, ўзим бирон яхшироқ таом тайёрлай, деб ошхонада куймаланаман. Лекин эримдан бир оғиз ширин сўз эшитмайман. Мен бунча куйиб-пишиб, астойдил пиширган овқатим ҳақида “ширин чиқибди” деб ҳам қўймайди. Мен шунчаки меҳнатим, вақтимга ачинаман.
Нимага ҳаққим бор ўзи?
Эрим мени бирон ерга олиб бормайди, қариндош-уруғлар
Аёл киши ҳақиқатдан ҳам, қулоғи билан севади, у доим меҳрга, тушунишга муҳтож. Бир оғиз ширин сўз билан бутун чарчоқларим тарқалишини эрим ҳечам тушунмайди ё тушунишни истамайди. Дардимни онам билан бўлишдим, улар фикримдан қўрқиб кетдилар. ”Жинни бўлма, болаларинг бор-а, бу гапни бир оғзингга олдинг, бошқа қайтарма. Даданг эшитмасин, роса тутоқади. Ниманг кам қизим, эринг рўзғорингни бут қилиб қўйган бўлса, сизларни деб тиним билмай ишласа, хўп, ишдан чарчаб келади. Даданг ҳам шунақа, қачон ёзилиб гаплашганимизни эслай олмайман. Ўзи эркаклар шунақа бўлишади, барибир у эринг, кўз очиб кўрганинг. Боши очиқ аёлга ҳеч ким яхши кўз билан қарамайди, буни ўзинг ҳам биласан. Ишламасанг, болаларингни қанақа қилиб боқмоқчисан? Бу ҳақда ўйладингми? Кейин биз маҳаллада қанақа қилиб бош кўтариб юрамиз, қариндош-уруғлар нима дейди?”
Ҳа, мен ҳаммани, ота-онам, қариндошларим, қўшнилар, маҳалла-кўй, болалар, ҳамма-ҳаммани ўйлашим керак, лекин ҳеч кимнинг менинг кўнглим, ҳисларим, ҳаётим билан иши йўқ. Мен кўнгли менга бегона бўлган инсон билан қийналиб бўлса-да, яшашим керак, бир умр сабр косасидан сув ичмоғим даркор… нега, нима учун?
Тунлари олдимда хуррак отиб ухлаб ётган инсонга қараб, ўзимга, зое кетаётган умримга ачинаман, аёллик бахтини кўрмаган вужудимга хўрлигим келади. Мен шу тақдирга лойиқманми, деган савол мени қийнайди. Сўнгги йўқ саволлар олдида ожизман…
ШАБНАМ