Мен аслида бошқа олий қув юртида ўқишни ният қилган эдим, бироқ тақдирим бошқа ерда экан. Хуллас, 19 июл куни синфдош дугонам Сарвиноз билан ҳужжат топширгани Бухоро Давлат Университети дарвозалари қаршисида ҳозир бўлдик. Тарих мутахассислигига ҳужжат топширмоқчи эдик, унда 800 дан зиёд абитуриентлар рўйхатга олинган экан. Иккимизни ҳам бир муддатли қўрқув эгаллади: кира оламизми йўқми? Шунда Миллий истиқлол ғояси:ҳуқуқ ва маънавият асослари йўналишига кўзимиз тушиб қолди. Таваккал дея шунга ҳужжатларимизни топшириб қайтдик.
31 июлда ДТМларни олиш мақсадида университетга бордик. Не кўз билан кўрайликки, бир гуруҳга тушибмиз. Хурсанд қиладигани эса олдинда. Маҳмуд исмли синфдошимиз ҳам айнан бизнинг йўналишга ҳужжат топширган экан, унинг исми ҳам биз билан бир гуруҳда! Мана буни мўъжиза деса бўлади.. рост-да, бунақаси ҳеч бўлмаган. 3 синфдош бир факультетга топшириб, яна бир гуруҳга тушса-я. Эҳҳе, ҳали бу ҳолваси экан..
1 август куни эрталаб соат 6:30 да йўлга чиқдик. Соат 7-10 ларда етиб келдик. Абитуриентлар кўп, ота-оналар улардан ҳам кўп эди. Гуруҳимизни топиб, киришга рухсат беришларини кутдик. Атроф тўла нотаниш кишилар, болалар, қизлар, ҳаммаси бир мақсадда – ўқишга кириш учун юракда ҳаяжон билан ўтиришибди.
Бир пайт қарасак, синфдошимиз Маҳмудни дадаси елкасидан суяб, зўрға олиб келяптилар. Хавотирланиб ёнига бориб, нима бўлганини сўрасак, кеча кўричак бўлдим, кечки 20-00 ларда операция қилишди. Бугун қаршилик қилишса ҳам, келдим, деди синфдошимиз терга ботиб. Ана матонат, ана хоҳиш, кейинчалик эса ана омад, дедик.
Тест топшириладиган хонага олиб киришди, нотаниш зиналардан чиқиб бир хонага кирдик. Мен синфдошим билан бир партага ўтирдим. Касал бўлган синфдошимиз эса биздан бир парта олдинда ўтирди. Буни қарангки, эшикни ёнига ўтириб олибмиз. Ҳа майли, деб назоратчи ўқитувчини эшитдик, маслаҳатлар олиб, Бисмиллоҳ деб тестни ҳал қилишни бошладик. Хуллас, ҳаммаси эмас-у, кўпи ўқиган мавзуларимиздан тушди, осонгина белгиладик, назаримда. Ўзимизни тестни ечиш баробарида Маҳмудга ҳам ёрдамлашдик. Ярим соатча ўтгач уни вариантини олиб, инглиз тили ҳамда она тили ва адабиёти фанидан тестларини белгилаб бердик. У эса бизга тарих фанидан тестларда ёрдамлашди. 1 соатга қолмасдан бетоб синфдошимизни чиқариб юбордик. Кейин енг шимариб, жавобларни кўчирдик. Соат 12 ларда биз ҳам чиқдик. Дарвоза олдида биринчи бўлиб дуч келган онам “Ҳа, қизим нима бўлди”, дедилар. Мен эса “Контракт-да”, дедим бепарволик билан. Бечора онамнинг кўзларига ёш келди ўшанда, “Ундай дема, шунча ўқиганингга яраша грантга киргин-да”, деб дуо қилдилар.
Ана энди бошланди ҳақиқий ўйловлар, ўқишга кирдимми, йўқми?.. Дадамдан секин сўрайман: “Дада, контрактга ўқитасизми?”. “Кўрамиз”, деб қўядилар дадам эътибор бермай. Тоғам эса, “Майли, хафа бўлма, 1 йил контрактингни мен тўлайман”, деб далда берадилар.
Ҳар хил тахминлар, фикрлар билан жавоблар эълон қилинадиган кун ҳам яқинлашиб қолибди. 11 августда ҳеч нима йўқ, 12 август ҳам шундай нурсиз ўтди. 13 август куни эрталаб синфдошим Сарвиноз телефон қилиб ДТМ рақамимни сўради. Ярим соатлардан кейин дугонамнинг дадаси телефон қилиб “Табриклайман, қизим, 3-ўрин бюджетга кирибсан. Дугонанг ҳам грантга кирибди, йиғлаб ўтирибди” десалар бўладими?! Ана холос! Ана хурсандчилиг-у ана бахт! Аслида ўша пайт хурсанд бўлишни ҳам, бўлмасликни ҳам билмай қолдим. Жавобларни бошқадан билиш бошқа, ўзингиз бориб кўрганингиз бошқача-да барибир, тўғрими? Шу сабаб бироз талмовсираб қолдим. Кейин гап нимадалигини англагач, бақириб юборибман. Онамга айтсам, ишонмасдан, бориб кўриб келамиз дедилар. Йўлга тушдик. ДТМни олиб солиштирсам, ҳақиқатда 3-ўринда турибман. Онам қучоқлаб, “Қизим ўқишга кирди, ишончимизни оқлади” деб бир-икки кўз ёш ҳам қилдилар. Қариндош-уруғларимиз, қўни-қўшнилар эшитиб, жуда хурсанд бўлишди.
Ҳа-я, айтиш ёдимдан кўтарилай деб қолибди. Ҳали айтгандим-у, ҳаммаси олдинда деб, 3 синфдош бир факультетга ҳужжат топшириб, бир гуруҳга тушиб, уччаламиз ҳам грант асосида ўқишга қабул қилиндик. Бунақасини ҳеч эшитмаган бўлсангиз керак-а?
Мен ўзимни грантга киришимни кутмагандим, тўғри, жуда кўп ўқидим, тайёрландим, аммо мендан ҳам яхши тайёрланганлар бўлиши мумкин деган ўй билан боргандим.
Аллоҳ қилган хайрли амаллар ва ёмонликларга жавобни шу дунёда кўрсатади, дейишади. Балки синфдошимизга берган ёрдамимиз сабаб грантга киргандирман деб ўйлайман ҳали ҳам.
Гўзал Нажмиддинова
|