Дунёнинг ишлари қизиқ экан. Киши баъзида ўз бурни тагида нималар бўлаётганидан бехабар қолиб кетаркан. Соддалигим шу даражада эканки, ҳатто жондан азиз эрим ҳам бемалол мени лаққа тушириб кетди. Ҳозир дардим ичимда, юрагим лахча чўғ бўлиб ёняпти, лекин қўлимдан бирон иш келмайди, дардимни биров билан бўлишолмайман ҳам…
Ўшанда институтда дугонамни севиб қолган йигит билан бирга келган дўстининг кўнгли менга тушди. Дугонамнинг тўйидан кейин менинг тўйим бўлди. Кейин билсам, мен эримнинг иккинчи хотини эканман, у илгари ҳам уйланиб, ажрашган экан. Энди қўлимдан нима ҳам келарди, тақдирга тан бериб, у билан яшай бошладим. Уч нафар болалик бўлдик. Икки ўғлимдан кейин қиз кўрдик. Мен эримга қаттиқ кўнгил боғладим, у кишининг самимийлиги, сўзамоллиги, истарали юзлари, кулса, юзининг икки ёнида пайдо бўладиган кулгичларига ишқим кетганди. Ишларимиз яхшиланиб, Янгийўлдан кичкина бир ҳовли сотиб олиб, ўзимиз алоҳида яшай бошладик. Бировдан кам, бировдан ортиқ яшасак-да, уйимизда доим кулгу овози жаранг сочарди. Бир қарашда эримнинг мендан бирон нолийдиган ери йўқ эди, унга яхши хотин бўлишга интилганман, уй ишлари билан банд бўлсам-да, ишдан келган эримнинг пешвозига кулиб чиқардим. Бирон марта унга ортиқча гап айтмаганман, кўнглини оғритмасдим. Хафа бўлган кезларимда ҳам, бироз қовоқ уйиб турардиму, кейин унинг бир оғиз ширин сўзидан яна барини унутиб, ҳеч нима бўлмагандек, гапириб кетаверардим. Эрим хусусий корхонада ишлаб, яхши пул топарди. Биз секин-аста рўзғоримизни тиклаб, кам-кўстларимизни тўғрилай бошладик. Бу орада вақт ҳам бирпасда ўтиб, болаларимиз катта бўла бошлашди. Катта фарзандимизни ўзи истагандек, тиббиёт коллежига ўқишга киритдик. Лекин ногаҳон эрим ишлаётган хусусий корхона таназзулга юз тутиб, ёпилди. Улар бир неча жойда ишлаб кўрдилар, лекин даромад аввалгидек эмасди, фарзандлар катта бўлса, уларнинг эҳтиёжлари ҳам катталашавераркан. Бунинг устига, уларни уйли-жойли қилиш ғами… Хуллас, эрим янги бир гап топиб келди, дўсти Москвага бориб, яхши пул топаётганмиш. Уям ўша ерга боришни режалаштирганини, агар ишлари яхши бўлиб кетса, мениям ёнига чақиришини айтди. У ҳаммасини анча олдин режалаштириб, ишни пухта қилиб қўйганини англадим, чунки уни бу фикридан қайтаришга бўлган барча ҳаракатларим зое кетди. Ҳа, у киши шунақалар. Мияларига бир фикр келса, уни албатта амалга оширмай қўймайдилар. Хуллас, минг хавотир ва ўйлар гирдобида узоқ йўлга ҳозирладик, йиғлаб хайрлашдик. Улар ҳаммамизни яхши кўришларини, албатта, пул жўнатиб туришларини, бу пулларга болаларни ўқитиб, яхши парваришлашимни, бирон нарсага муҳтожлик сезмасликларини қаттиқ тайинлаб кетдилар.
Биз ёлғиз қолдик, бошида уларсиз роса қийналдим. Гарчи болаларим улғайиб, қўлларидан анча-мунча иш келиб қолган бўлса-да, лекин эрим қаттиқ тайинлаганлари учун ҳам, уларнинг ишлашга бўлган хоҳишларига қаттиқ туриб, рад жавобини бердим. Эрим ўшанда менга “болаларни ишлашга мажбурлама, улар ўқишлари даркор, мен албатта, сизларга пул юбориб тураман. Бошида сал қийналишингиз мумкин, лекин кейин ҳаммаси яхши бўлади, ваъда бераман”, дегандилар.
Эрим ваъдаларида турди, икки ойдан кейин менинг номимга очилган ҳисоб рақамига пуллар кела бошлади. Биз тежаб-тергаб ишлатиб, ярмини йиға бошладик. Ахир, эрим у ерда қийналиб пул топсалар, биз бу ерда уни беҳуда ишлатиб юборолмасдик. Вақт ўз йўлида давом этиб, бир йил ҳам ўтиб кетди. Уларни жуда соғинардим, қўнғироқ қилганларида кўз ёшларимни яширишга минг ҳаракат қилмай, улар менга бўйсунишмасди. Улар у ерда хавотир олмасинлар, деб гўшакни ўғлимнинг қўлига бериб қўярдим. Эрим доим бир вақтда бизга пул юбориб турардилар, лекин телефон рақамларини билмаганлигимиз учун ҳам уларга ўзимиз қўнғироқ қилолмасдик. Рақамингизни беринг, биз ҳам баъзида сизга қўнғироқ қиламиз, десак, кўнмадилар. Уларнинг баъзида бўладиган қўнғироқларига зор кунларимиз ўта бошлади…
Бир куни қўшним Асрор ака сўраша туриб, “Синглим, агар хафа бўлмасангиз, сизга бир гапим бор эди”, деб қолди. Кўнглимга ёмон фикрлар ўралади, “бу жим юрадиган киши эрим йўқлигидан фойдаланиб, менга гап отмоқчи шекилли, унинг фикри бузуққа ўхшайди”, деб уни кўрсам, ўзимни кўрмаганга олиб ўтиб кетадиган бўлдим. Бир куни яна шу гапни айтишлари билан, бор гапни юзларига шартта айтиб ташладим, мен унақа бузуқ аёлмаслигимни, эрим бўлмаса-да, лекин ҳеч қачон ёмон ишларга қўл урмаслигим, бошқа эркакка қайрилиб ҳам қарамаслигимни айтдим. Асрор ака менга ҳайрон бўлиб тикилдилар, сўнг қаҳ-қаҳ отиб кулиб юбордилар. “Йўқ, йўқ, қўшни, мен ҳеч қачон сизга ёмон кўз билан қарамаганман, сизнинг қанақалигингизни жуда яхши биламан, сизга бўлган ҳурматим чексиз. Лекин сизга жуда ачинаман. Бу гапни айтайми ё йўқми, деб кўп ўйладим, лекин айтишга қарор қилдим. Бунақа содда бўлманг, эрингиз Тошкентда, бошқа аёл билан яшаяпти. Мен бир куни Тошкентдаги бир танишимнинг тўйига бордим. Ўша ерга эрингиз бир бегона аёл билан бирга келди. У мени кўрмади, лекин мен аниқ кўрдим. Рости, уни мен ҳам Москвада, деб ўйлаганим боис, ҳайратим ошди. Хуллас, ўзим билмаган ҳолда қизиқишим устунлик қилиб, унинг ортидан кузатдим. Сизга ачинганим учун ҳам масаланинг тагига етишни истадим. Мени тўғри тушунасиз, деб умид қиламан. Хуллас, мана бу эрингиз яшаётган Тошкентдаги уй манзили. Менга ишонмасангиз, бирон кун ўзингиз бориб кўринг”. Кимдир устимдан муздек сув қуйиб юборгандек, шилқ этиб тушдим. Кўз олдим қоронғулашиб кетди. Юрагимни ҳар хил ҳислар қамраб, бир неча кунгача ўзимга келолмадим. Эрим бунақа қилишига ишона олмасдим, балки бу одам адашгандир. Охири, бунақа ўтираверсам, касал бўлиб қолишимни тушундим. Ҳаммасини аниқлаштириб олишим керак эди. Бир куни эрта азонда болаларимга синглимни кўришга кетаётганимни айтиб, қўлимда уй манзили ёзилган қоғозчани маҳкам ушлаганча йўлга отландим. Умримда Тошкентга 2-3 марта борган эдим, у ерни умуман билмасдим. Лекин одамлардан сўраб-суриштириб, қоғоздаги манзилни топиб бордим. Юрагимни минг қалтироқ тутиб, неча бор иккиланиб, охири эшик тугмачасини босдим. Бир пасдан кейин эшик очилди, рўпарамда эрим турарди. Унинг ранги оппоқ оқариб кетди. Лекин бир зумда ўзини қўлга олиб, “Ҳозир, ҳеч нима дема, жанжал қилма, кейин сенга ҳаммасини ўзим тушунтираман”, деди. Унинг ортидан чиқиб келган аёлга кулиб, “Таниш, бу менинг синглим Хадича”, деди. Мени уйга таклиф этишди, меҳмон қилишди, эрим мени олиб меҳмонхонага олиб бориб жойлаштирди. Мен тинимсиз йиғлардим, унга дилимдаги маломатларимни айтиб-айтиб йиғлардим. У шунақа бўлиб қолганини, Москвадалиги чоғида аёл меҳрига зор бўлиб, шу аёлга кўнгил қўйганини, у билан бахтли эканлигини бот-бот айтарди. Лекин “хавотир олма, мен бир кун албатта, сизларга қайтаман, илтимос, мени кут”, деди. Эртаси куни уйга кетдим. Лекин вақти-вақти билан Тошкентга бориб, меҳмонхонада бир кечани эрим билан ўтказиб, уйга қайтаман. Минг қийналсам-да, руҳий азоблар гирдобида қолган бўлсам-да, лекин уни кечирдим, бундан ўзга чорам ҳам йўқ эди. Мен уни қаттиқ севардим, усиз ҳаётимни тасаввур қила олмайман. Уям бизни жонидан ортиқ кўради, лекин тақдир ҳазили туфайли у ҳозир биз билан бирга яшолмайди. Бир кун у албатта, менинг олдимга қайтади. Унгача эса мен сабр қилишим керак.
Эрим доим бизга пул юбориб туради. Бу йил ўғлим тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирди, иккинчи ўғлимни лицейга жойлаштирдим. Уларга оталари ҳақида гапирганим йўқ, нимаям дея олардим. Болаларимнинг отасидан кўнгли қолишини истамайман, дадалари Москвада, улар учун тер тўкиб ишлаб юргани-ю, бир куни оила қучоғига қайтишига улар ишонганлари маъқул. Хўжайинимнинг ота-оналари ҳам қартайиб қолишган, ўғиллари ҳақида ҳақиқатни айтиб, уларнинг ҳам кўнгилларини оғритишни истамайман. Бу уларга қаттиқ руҳий зарба бўлиши мумкин. Бир кун албатта оила қучоғига, уларни интиқлик билан кутаётган ота-оналари, фарзандлари бағрига қайтадилар. Бунга ўзим ҳам ишонардим…
Шунақа гаплар. Кимдир балки мени содда, лақма дер, бу ишни фақат жиннилар қилади, дер. Майли, ким нима деса деяверсин. Мен эримни йўқота олмасдим, бўлган иш бўлди, буям уларнинг, менинг пешонамизга ёзилган экан. Эрим бизни яхши кўришларига зиғирчаям шубҳа қилмайман. Муҳими, қаерда бўлсалар ҳам соғ-омон, бахтли бўлсинлар. Қолган бари топилади.
Қоронғу тунларда юрагимни чулғаб оладиган чексиз, оғриқли ғам, аламдан кўзимда уйқу йўқ, охири йўқ ўй-хаёллардан ҳаловатимни йўқотганман. Дардимни айтишга эса ҳеч кимим йўқ, шу боис ҳам ёзишга ҳаракат қилдим. Бу юрагимни ўртагувчи сирни ўзим билан гўрга олиб кетаман, эримнинг обрўсини ҳеч қачон туширмайман. У ота-онаси учун энг яхши фарзанд, болалари учун намунали ота бўлиб қолади. Мен шуни хоҳлайман ва шундай бўлади ҳам.
ЛАЙЛИ ёзиб олди