Ҳамюртларимиз – фахримиз
Мустақил эл бунёдкорлари
Ким сенга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо, онинг ҳақин юз ганж ила.
Алишер Навоий.
Инсониятга илм ўргатиб, зиё таратган қадрли устозларимизни эъзозламоқ, уларнинг сермашаққат меҳнатларини қадр тутиб, намуна қилиб кўрсатмоқ ҳар биримизнинг чин инсонийлик бурчимиз. Бугунги мавзумизда Сайрам туманидаги зиёли қавм вакиллари ҳақида сўз юритдик.
Тошпўлат Боботоев... Вилоятимизнинг энг кекса педагогларидан бири, фронторти фахрийси, 96 ёшни қоралаган қадрли устоз, қадим Манкентнинг қадри ва фахри.
Коллективлаштириш жараёнининг фаол иштирокчиси Боботой-большевой хонадонида таваллуд топган қаҳрамонимиз мактабдан сўнг 1934-1938 йиллари Сталин номли Чимкент ўзбек педагогика билим юртида таҳсил олди. Йўлланма билан Қорабулоқдаги Сталин номли таълим даргоҳида ёш авлодга математика фанидан сабоқ берган қадрли устоз ушбу қишлоқнинг биринчи ўқитувчиларидан бири сифатида тарих зарварақларида абадий муҳрланди. Машъум уруш бошланиши ҳамон ўртоқ Сталиннинг буйруғига биноан бронь (ўқитувчиларни урушга олмаслик қарори асосида) билан қолдирилган Т.Боботоев уруш йиллари устозлик фаолиятига ҳамоҳанг далада меҳнат қилиб, фронтни озиқ-овқат, кийим-кечак билан таъминлаш, танк ва қурол-аслаҳа учун маблағ тўплашда муносиб улуш қўшди. 1942 йилдан Манкентдаги Н.Крупская номли билим масканида 38 йил мобайнида меҳнат қилган олий тоифали математика ўқитувчиси Тошпўлат ота Боботоев шу даргоҳдан 1980 йили фахрий ҳордиққа чиқди. Оралиқда ишдан ажралмаган ҳолда олий маълумот соҳиби бўлган қадрли устоз кўплаб шогирдларни учирма қилди, бугун улар турли соҳаларда меҳнат қилишмоқда. Шогирлари орасида физика-математика бўйича фан номзодлари ва докторларининг етишиб чиққанлиги устознинг самарали меҳнати инъикосидир. Иш фаолияти мобайнида «Қозоғистон ССР маориф аълочиси» нишони, «Уруш йилларидаги шарафли меҳнати учун», «Меҳнат фахрийси» ва юбилей медаллари, турли даражадаги қатор фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган устоз бугун халқ эъзозида, Сайрам туманининг нуроний отахонларидан бири сифатида юксак эҳтиром кўрсатилади.
Тошпўлат ота раҳматли умр йўлдоши Бозоржон Раззоқберди қизи билан 10 фарзандни муносиб вояга етказишди, уйли-жойли қилишди. У бугун невара-чеваралари қуршовида умргузаронлик қилмоқда. Катта ўғли Эшпўлат ака Манкент мактаб-интернатида кўп йиллар этикдўз бўлиб ишлаган фахрий. Кенжа ўғли Шопўлат Тошпўлатов – таниқли директор, халқимизнинг фидойи ўғлонларидан бири. Қизларидан Оромижон ая – моҳир педагог, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи, бугун фахрий ҳордиқдаги кайвони она. Ҳанифа, Шарифа, Нодира, Ҳилола устозлик касбини улуғлашса, Зарифа ва Назиралар ҳамшира бўлиб ишламоқда. Фарида – «Манкент» ўрта мактаби кутубхоначиси.
Каримжон Юсвалиев... Узоқ йиллар мобайнида раҳбарлик лавозимида ишлаган қадрли ҳамюртимиз, ҳалол меҳнати билан ҳурмат қозонган таниқли педагог, Сайрам тумани тарихида муносиб из қолдирган жамоат арбоби, туман фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари, халқимизнинг зиёли ўғлони, Сайрам туманининг қадри ва фахри.
Сталинград мудофаасида мардларча ҳалок бўлган милиционер Юсвали Умаралиевнинг зурриёди 1957 йили Қорамурт қишлоғидаги Киров номли таълим даргоҳини олтин медал билан тамомлади. Етимлик қисматини бошидан кечирган болакай ёшлигидан далада меҳнат қилиб, ҳам рўзғорга ёрдамлашди, ҳам ўқиб ўрганди. У, айниқса, тарихий китоблар ўқишни хуш кўрар, отасининг мардонавор жанг эпизодларини кўз олдига келтирарди. 1957-1962 йиллари Тошкент Давлат университетининг тарих факультетида аъло баҳолар билан таҳсил олган К.Юсвалиев йўлланма билан илк педагогик фаолиятини Андижон вилояти Чинобод қишлоғидаги М.Горький номли 2-ўрта мактабда бошлади. Икки йилдан сўнг она юртига қайтган ёш шижоатли педагогни туман маориф бўлими Оқсувобод қишлоғидаги “Тўртинчи бешйиллик” тўлиқсиз ўрта мактабига директор этиб тайинлади. 1968 йилдан туман маориф бўлимида мактаб инспектори бўлиб ишлаган Каримжон Юсвалиев уч йилдан сўнг атиги 31 ёшида Сайрам тумани маориф бўлимига мудир этиб тайинлади. 11 йил бадалида ушбу масканни самарали бошқарган қаҳрамонимиз ўзига билдирилган ишончни тўла оқлаб, маориф бўлимини Иттифоққа танитди, республика таълим тизими ривожига муносиб улуш қўшди. 1978 йили мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш бўйича Бутуниттифоқ социалистик мусобақасида Сайрам тумани маориф бўлими фахрли 1-ўринни қўлга киритиб, кўчма Қизил Байроққа ноил бўлди ҳамда 10 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, шу йили Москванинг “Сокольники” истироҳат боғида ўтган Бутунжаҳон таълим кўргазмасида туман маориф бўлимининг илғор тажрибаси атрофлича намойиш қилинди. Маориф бўлими мудири К.Юсвалиев эса ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш мақсадида Ленинград ва Киев шаҳарларига таклиф этилди. Унга СССР Маориф вазирлиги ва Бутуниттифоқ маориф ходимлари касаба уюшмалари ташкилотининг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғалари тақдим этилди.
К.Юсвалиев 1971-1982 йиллар оралиғида республикамизнинг турли шаҳарларида ўтган маориф соҳасига оид анжуман ва съездларда ўз маърузаси билан қатнашди. 1974 йили Тошкентда ўтган Ўзбекистон ўқитувчилари съездида Қозоғистон ССР Маориф вазири Балахметов иккаласи иштирок этди ва Сайрам тумани маориф бўлимининг илғор тажрибаси ҳақида маъруза қилди. Шу йиллар мобайнида туманда “Ота-оналар халқ университети” этнопедагогика дастури амалга оширилиб, туман маориф бўлимининг тажрибаси республика миқёсида оммалаштирилди. 1982 йили Сайрам тумани жисмоний тарбия ва спорт ишларининг мактабда яхши йўлга қўйилгани бўйича республика социалистик мусобақасида ғолиб, дея топилди. Албатта, бу ютуқларнинг барчаси ўз вазифасига масъулият билан ёндошган Каримжон Юсвалиевнинг оқилона иш юритиши натижасидир. Ўзи ҳам бугунги кунгача спорт билан мунтазам шуғулланиб, кўплаб ёшларимизга ўрнак бўлмоқда. У 1982 йили август ойидан Сайрам тумани ижроқўмининг умумий бўлимига раҳбарлик қилди. 1987 йили Беловод (Оқсувкент) қишлоқ кенгаши раиси этиб тайинланди. 7 йил мобайнида туман марказини бошқарган К.Юсвалиев кўплаб залворли ишларни амалга оширганлиги билан халқ ёдида қолди. Туман маркази аҳолисининг уй-жой учун ер муаммоси тўла ҳал этилди. 20 дан зиёд кичик кўчаларга асфальт тўшалиб, марказий кўчалар ободонлаштирилди, қишлоқ тўла газлаштирилди. Қишлоқ марказида шу йиллари қад ростлаган “Дендропарк” бугун халқнинг севимли истироҳат боғига айланган. Ўша йиллар ичида Беловод қишлоқ кенгаши икки марта вилоят социалистик мусобақа ғолиби бўлди. Бу ютуқлар қишлоқ раиси К.Юсвалиевнинг амалга оширган ишларининг дебочаси, холос. У эли, юрти учун ёниб яшаган фидойи инсон эканлигини далиллай олган давр қаҳрамонидир.
1994-1995 йиллари туман маориф бўлимининг иқтисод бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган К.Юсвалиевнинг ташаббуси билан билим масканлари ер билан таъминланиш натижасида мактаблар қўшимча даромад манбаига эга бўлишди. 1995 йили туман марказидаги Бобур номли ўрта мактабга директор этиб тайинланган ҳамюртимиз мактаб иситиш тизимини бутунлай янгилаш, тўла таъмирдан чиқариш ва ободонлаштириш ишларини юритишга эриша олди. 1999 йили ноябрь ойида Сайрам тумани маслаҳати котиби этиб сайланган Каримжон Юсвалиев туман бюджети ҳисобидан қатор мактаблар ва болалар боғчаларининг тўла таъмирдан чиқарилишига маблағ ажратишда фаол иштирок этди ва бу ишлар устида ўзи бош-қош бўлди. Шу даргоҳдан 2003 йили тантанали равишда фахрий ҳордиққа кузатилди. У Қозоғистон Халқлари дўстлиги университети ректорининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаши баробарида ушбу олийгоҳ илмий кенгашида “доцент” илмий даражаси берилди. 2007 йилдан буён Сайрам тумани фахрийлар кенгаши раиси ўринбосари, Сайрам гуманитар-агроэкономика коллежи директори маслаҳатчиси, Сайрам тумани ўзбек маданияти маркази кенгаши аъзоси, вилоят ўзбек маданият маркази қошидаги оқсоқоллар кенгаши раиси ўринбосари, Қозоғистон ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти кенгаши аъзоси, вилоят ўзбек драма театри бадиий кенгаши аъзоси сифатида жамоат ишларида ҳам фаол қатнашиб келмоқда. Вилоят ҳокимининг “Бауирмал” мукофоти, “Дўстлик” ҳамжамиятининг “Арғумоқ” мукофоти, “Сайрам туманининг фахрий фуқароси” унвони, “Шарафли меҳнати учун”, “Вилоятга синган меҳнати учун” ва юбилей медаллари, турли даражадаги фахрий ёрлиқлар, “Қозоғистон ССР маориф аълочиси” ва “СССР фуқаро мудофааси аълочиси” нишонлари билан тақдирланиши унинг меҳнатига берилган муносиб баҳодир. Унинг таржимаи ҳоли “Лучшие люди” халқаро китобиги киритилиши юксак эътироф намунасидир.
Каримжон ака Юсвалиев ҳамма ҳавас қиларли зиёли оиланинг сарбони ва саркоридир. Умр йўлдоши Фароғат Абдулла қизи бутун умр устозлик жабҳасида тер тўккан қадрли устоз. Улар бугунги кунда 3 фарзандидан бунёд бўлган 11 невара, 4 эвара қуршовида қарилик гаштини суришмоқда. Катта ўғли Неъматжон Юсвалиев – халқимизнинг билимли кадрларидан бири, газетамизнинг Сайрам туманидаги суянчиқларидан бири, туман тез ёрдам станцияси бош шифокори, Қозоғистон соқлиқни сақлаш аълочиси, таниқли шифокор. Кенжа ўғли Ойбек – А.Наметов номли таълим даргоҳининг иқтидорли раҳбари, севимли рўзномамизнинг жонкуяр дўстларидан бири. Қизи Дилфузахон – бошланғич синф ўқитувчиси.
Убайдулла Муталов... Зиё нурини таратган қадрли устоз, Қозоғистон ССР халқ маорифи аълочиси, услубиятчи-ўқитувчи, қаламкаш шоир, она тилимиз жонкуяри, зилол булоқлари билан танилган Кўлкентнинг қадри ва фахри.
Келаси ойда табаррук 80 ёшини қарши олгали турган қадрли устоз 1957 йили Туркистон педагогика билим юртини битириб, она қишлоғидаги А.Навоий номли билим масканида педагогик фаолиятини бошлади. Йиллар мобайнида бу ерда илмий мудир, касаба уюшмаси раиси лавозимларида ишлаб, 1980 йилдан мактаб жамоасини бошқарди. Айнан унинг раҳбарлиги йиллари мактабда таълим-тарбия ишлари тўғри ташкил этилиши натижасида кўплаб ютуқлар қўлга киритилди. Мактаб тарихида биринчи марта ўқувчи Мунира Мавлонқулова билим масканини олтин медаль билан тамомлади. Убайдулла Муталовнинг қўлида таҳсил олган ва учирма қилган шогирдлари уни юксак эҳтиром ила тилга олишлари боиси ҳам шу. У сидқидилдан бутун борлиғини болаларга бахшида қилиб дарс ўтганлигини бугун шогирдлари тилга олмоқда. Ҳа, кўп йиллар мобайнида Сайрам туман маориф бўлими қошидаги бошланғич синфлар ўқитувчиларининг услубий бирлашмасига раҳбарлик қилган қадрли устоз шундай эътирофга эга.
Айнан унинг ташаббуси ва раҳбарлигида қишлоқнинг “Қўшмулла” маҳалласида “Қизилқишлоқ” бошланғич мактабига асос солинди, мактаб учун ҳашар йўли билан иморат бунёд этилди. 1986 йилдан ушбу таълим масканига бошчилик қилган қадрли устоз раҳбарлиги даврида 1989 йили бу масканга “тўлиқсиз ўрта мактаб” мақоми берилди. Ишдан ажралмаган ҳолда 1959-1964 йиллари Низомий номли Тошкент Давлат Педагогика институтининг филология факультетида таҳсил олган У.Муталов она тилимизнинг жонкуярларидан бири сифатида вилоятимиздаги устозлар қавми орасида танилган. У бир вақтнинг ўзида 1991-1997 йиллари вилоят ўқитувчилар малакасини ошириш институтида лекциялар ўқиди, ўз тажриба ва билимини ёш устозлар билан баҳам кўрди. Унинг иш тажрибаси бир неча марта вилоят миқёсида оммалаштирилган. Вилоят август педагогика ўқувларида кўп маротаба маърузалар қилиб, фахрли ўринларни қўлга киритган У. Муталов 1991 йили Москвада ўтадиган Бутуниттифоқ ўқитувчилар съездига делегат этиб сайланган эди, бироқ Иттифоқнинг барҳам топиши туфайли бу тарихий съезд ўтказилмади. 1997 йили фахрий ҳордиққа чиққан устоз қишлоқнинг ижтимоий ҳаётида ҳам фаол қатнашиб келмоқда. 1959-1997 йиллар мобайнида ўтган сайловларда сайлов участкасига раислик қилди. 1985-1990 йиллари қишлоқ радиоси диктори, 1987-1990 йиллари “Шодлик” бадиий гуруҳи асосчиси ва бош ҳомийси сифатида маданий ишлар бош-қошида бўлди. У “Шимкент” университетида “Ўзбек тили ва адабиёти” ихтисослигининг очилиши ташаббускорлари ва ташкилотчиларидан бири бўлганлиги ҳам бугун тарих зарварақларига абадий муҳрланди. Ёшлигидан қалам тебратиб, шеър ва ҳикоялари маҳаллий матбуотда чоп этилган қадрли устоз-шоирнинг “Ўйнасин” ва “Чимкентим” шеърлари ўқувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган хонанда Ғиёс Бойтоев ижросида ҳақиқий хит қўшиқларга айланганини ҳам тилга олиш жоиз.
Убайдулла Муталов умр йўлдоши раҳматли Маҳбуба Музрабшо қизи билан 11 фарзандни бекаму кўст вояга етказишди. Қизлари Асалой, Шакарой, Ҳурматой ва Гулноралар ўқитувчилик касбини улуғлашган. Муяссар – ҳамшира. Муаттар, Муанбар, Саида ва Зиёдалар – ўз хонадонларининг саришта бекалари. Катта ўғли Баҳодир Оташ – таниқли шоир ва қаламкаш, “Чашма” ижодий уюшмаси аъзоси, “Арғумоқ” адабий мукофоти соҳиби, “Талаба кундалиги” шеърий тўплами муаллифи. Кенжаси Алишер – ҳайдовчи. Мақола ташаббускори, невараси Умида Абдусаметова Орис қишлоғидаги М.Анортоев номли билим масканида қозоқ ва ўзбек тиллари ўқитувчиси, бобосининг таълимини олган шогирди ва издоши.
Суннатулла Акромов... Таниқли шоир, “Чашма” ижодий уюшмаси раиси, олий тоифали рус тили ва адабиёти ўқитувчиси, ҚР таълими аълочиси, жамоат жонкуяри, қатор шеърий тўпламлар ва насрий китоблар муаллифи, “Арғумоқ” мукофоти соҳиби, ўзбекзабон рўзномаларнинг яқин дўсти, навқирон Кўлкентнинг зиёли ўғлони.
Таниқли раис, уруш фахрийси Акром ота хонадонида вояга етган қаҳрамонимиз болаликдан колхоз даласида меҳнат қилиб чиниқди. Ўрта мактабни муваффақиятли битирса ҳам шу даврдаги қонунга мувофиқ икки йил мобайнида колхозда ишлади. Сўнгра армияда йигитлик бурчини ўтаб қайтгач, 1971 йилдан қишлоқдаги А.Навоий номли таълим даргоҳида устозлик фаолиятини бошлади. Оралиқда ишдан ажралмаган ҳолда 1971-1976 йиллари Тошкентдаги Республика рус тили ва адабиёти институтида таҳсил олиб, олий маълумот соҳиби бўлди. Ўз ишига масъулият билан қараб, ташкилотчилик қобилиятини намоён қила олган устоз йиллар мобайнида хизмат пиллапояларидан юқорилай борди. 1987 йили август ойида А.Навоий номли ўрта мактаб директори этиб тайинланган 38 ёшли С.Акромов 17 йил мобайнида бу таълим масканини самарали бошқарди, мактабни тумандаги илғор мактаблар сафига олиб чиқа олди. Таълим-тарбия ишларининг тўғри ташкил қилиниши натижасида фан олимпиадалари ва спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндорлар сони ортиб борди. 10-синф ўқувчиси Г.Маҳаммедова жадал равишда 11-синфни битириб, туман миқёсида биринчилар қаторида “Олтин белги” соҳибаси бўлди. 2002, 2003 ва 2004 йиллари қаторасига ҳар йили биттадан “Олтин белги” соҳиби мактаб остонасидан учирма қилинди. Давлат таълим грантлари соҳиблари ортиб, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшлар сафи кўпайди. Албатта, бу ютуқлар замирида тинимсиз меҳнат, ишга деган муҳаббат, ёрқин келажакка умид мужассам.
2004 йили сентябрь ойида Оқсувобод қишлоғидаги Маҳмуд Қошғарий номли ўрта мактабга директор этиб тайинланган Суннатулла Акромов бу таълим масканини ҳам янги поғонага олиб чиқди. Биринчи навбатда таълим-тарбияга эътиборни кучайтирди. Унинг бошчилигида мактабда қишлоқ тарихидан сўзловчи ўлкашунослик музейи ташкил этилди ва ноёб экспонатлар билан тўлдирилди. 2006-2007 йиллари Кўлкентдаги А.Музрапов номли ўрта мактаб жамоасини бошқарган ҳамюртимиз кейин Сайрам тумани таълим бўлимида рус тили фани услубиятчиси бўлиб ишлади. 2008 йилдан А.Навоий номли жонажон мактаби директорининг инновация бўйича ўринбосари бўлиб ишлаб, 2012 йили ноябрь ойида фахрий ҳордиққа чиқди. Ёшлигидан адабиётга, шеъриятга ихлосманд қадрли устоз фахрий ҳордиққа чиқса-да, бир кун ҳам уйида чойхўрлик қилиб ўтирмади. 2012 йилнинг ноябрь ойида “Устаз жоли” республика газетасининг махсус мухбири лавозимида қалам тебратди. 2015 йилдан бугунги кунгача эса “Жемқорлиқ - қорлиқ” газетасининг вилоятимиздаги махсус мухбири. У вилоятнинг ижтимоий ҳаётида фаол қатнашиб келаётган ҳассос шоир ва жамоат фидойисидир. 2013 йил февраль ойида “Чашма” вилоят ижодий уюшмасига раис этиб сайланиши унга билдирилган юксак ишонч белгиси эди. Бир вақтнинг ўзида туман ўзбек маданият маркази кенгаши аъзоси, “Халқ сўзи” жамоат бирлашмаси раиси, ҚР ўзбеклари “Дўстлик” ҳамжамияти қошидаги “Ижодкор” адабий бирлашмаси аъзоси ҳамдир. Унинг қатор шеър ва ҳикоялари вилоятимизда чоп этилган кўплаб тўпламларга киритилганлигини ҳам таъкидлаб ўтишимиз лозим. “Зиё улашувчи маскан”, “Қизилқишлоғим”, “Ҳаётим - баётим” публицистик ва шеърий тўпламлари, “Замонавий дарс технологияси”, “Мактабни менежмент асосида бошқариш”, “Янги педагогик технологияларни мактаб ҳаётига тадбиқ этиш” услубий қўлланмалари новатор устознинг кўп йиллик ижодининг маҳсулидир.
Суннатулла Акрамов гўзал бир оила бунёд эта олган бахтли ота. Бугунги кунда умр йўлдоши Гулжаҳон Султонқул қизи билан невара-эваралари қуршовида умргузаронлик қилмоқда. Катта қизи Нафосат Акромова – илғор педагог, қатор услубий қўлланмалар муаллифи. Қолган фарзандлари Сабоҳат, Машҳура, Гулчирой, Юлдуз, Нурулла ва Боғмонлар ҳам педагогика соҳасида меҳнат қилишмоқда.
Ғалабахон (Озод) Шарипов... Комсомол ташкилотининг ёрқин вакилларидан бири, қадрли устоз, шогирдлари билан ғурурлана олган таниқли директор, олимлар юрти Қорамуртнинг азиз фарзанди.
Фашистлар устидан қозонилган Ғалаба нашидаси байрамида – 1945 йилнинг 9 май куни дунёга келган Ғ.Шарипов ўрта мактабни муваффақиятли битириб, 1963-1971 йиллари Низомий номли Тошкент Давлат Педагогика институтининг табиий география факультетида таҳсил олди. Оралиқда 1964-1967 йиллари Совет Армияси сафида Владивосток шаҳрида қирғоқ қўриқлаш дарё флотида йигитлик бурчини ўтади. 1971 йили Оқсувкентдаги З.Космодемьянская номли ўрта мактабда устозлик фаолиятини бошлаган ҳамюртимиз ташкилотчилик қобилияти, фаоллиги билан кўзга тушиб, 1971 йили октябрь ойида туман комсомол қўмитасига ишга алмаштирилди. У ерда йўриқчи, мактаблар бўлими мудири лавозимида сидқидилдан ишлаб, комсомоллар орасида улкан обрў-эътибор қозонди. 1973 йили Сайрам тумани комсомол қўмитаси котиби этиб сайланиши унга билдирилган юксак ишонч намунаси эди. 1974 йили Қозоғистон комсомоли съездига делегат этиб сайланди. Айнан шу йили у бошчилигида “Дружба” футбол командаси ўсмирлар орасида республика чемпионатида ғолибликни қўлга киритди ва бутун Иттифоққа довруғи кетди. 1975 йили З.Космодемьянская номли билим маскани директорининг тарбия ишлари бўйича ўринбосари бўлиб ишини давом эттирган Ғалабахон Шарипов 1976 йилнинг август ойида Оққалъадаги “Қизил юлдуз” тўлиқсиз ўрта мактабига директор этиб тайинланди. Айнан у раҳбарлиги йиллари мактаб ўрта мактабга айлантирилди. 1978 йилнинг август ойидан Сайрам тумани маориф бўлимида йўриқчи, услубиятчи бўлиб ишлаб, 1981 йилдан Сайрам тумани мактаблараро ўқув-амалий комбинати(МУПК)га раҳбарлик қилди. Бу давр МУПК тарихида энг юксалиш даври десак муболаға бўлмас. Моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, 24 касб бўйича ўқитиш йўлга қўйилди. Республикада илк марта МУПК қошида пуллик ҳайдовчилик курслари очилди. Ўқувчиларга бирваракайига 4 касбни эгаллаб, мактабда ўқимасдан-оқ, аттестат соҳиби бўлиш имкони яратилди. Албатта, бу ютуқлар замирида одилона бошчилик, ишга фидойилик мужассам. 1985 йили МУПК вилоят бюджети томонидан молиялаштириладиган ўқув комбинати мақомига эришиши энг улкан ютуқлардан бири эди. Бутун умр комсомол ва таълим тизимида фаолият олиб борган Ғалабахон Шариповни туман раҳбарияти 1999 йили Қорамурт қишлоғига ҳоким этиб тайинлашди. Ўзига мутлақо янги ишда – давлат хизматида қаҳрамонимиз ишни аввало маҳалла қўмиталари ишини жонлантиришдан бошлади. Қишлоқда ободонлаштириш ишлари юритилиб, сув-оқова тизими колхоз балансидан чиқарилди ва алоҳида ширкат ҳосил қилинди. Айнан у даврида халққа 15 сотихдан ер участкаси бериш бошланди. Албатта, бу янгиликлар баъзи бировлар учун оғир ботди-ми, ҳарқалай, унинг устидан “думалоқ хатлар” юқорига ёзила бошлади. Бу эса ўз навбатида асаббузарликларга олиб келиши, табиий. Шунча вақт комсомол ва таълим тизимида илғорликни қўлдан бой бермай ишлаган Ғалабахон Шарипов она қишлоғига келиб, 2001 йили июнь ойида инфаркт олди ва ишдан бўшашга мажбур бўлди. Унинг хизмати ҳисобга олиниб, шу йили қишлоқдаги Гагарин номли ўрта мактабга раҳбар этиб тайинлашди. Инфаркт таъсири туфайли бир йил базўр директор бўлиб ишлаган Ғ.Шарипов нафақага чиққунга қадар қишлоқдаги 1-сонли мактаб-гимназияда менеджер лавозимида тер тўкди. Оралиқда иккинчи инфарктни бошидан ўтказган ҳамюртимиз 2008 йил май ойидан буён ўғил-келинлари, неваралари даврасида умр йўлдоши Моҳида Саидқул қизи билан қарилик гаштини сурмоқда. Катта ўғли Азизхон – 1-сонли мактаб-гимназия директори ўринбосари, кенжаси Аҳрорхон – тадбиркор. Келинлари Дилафруз ва Дилдоралар – педагог.
Шопўлат Тошпўлатов... Кўплаб хайрли ишлари билан халқ эътирофига сазовор сахийқалб инсон, умрини илму маърифатга бахшида қилган қадрли устоз, таниқли директор, касаба уюшмалари ташкилотининг хизмат кўрсатган ходими, кўҳна Манкентнинг оқил ўғлони.
Кекса педагоглардан бири Тошпўлат ота Боботоевнинг кенжа ўғли ўрта мактабдан сўнг 1968-1973 йиллари Тошкент Давлат университетининг география факультетида таҳсил олди. Меҳнат фаолиятини Сирдарё вилоятининг Боёвут шаҳарчасидаги О.Кошевой номли таълим даргоҳида бошлаган Ш.Тошпўлатов 1974 йилдан Манкентдаги Ленин (бугунги С.Раҳимов) номли ўрта мактабда устозлик қилди. Йиллар мобайнида бу ерда тарбия ишлари бўйича директор ўринбосари, илмий мудир лавозимларида самарали фаолият юртиди. Айнан унинг ташаббуси билан мактабда “Жангавор Шуҳрат” зали ва “Ҳурматли устозлар” бурчаги ташкил қилинди. Уддабурон устоз Ш.Тошпўлатовни 1999 йили ноябрь ойида “1 Май” тўлиқсиз ўрта мактабига директор этиб тайинлашди. Устозлар жамоаси ва ота-оналар ҳашар орқали мактаб учун қўшимча синфхоналар, ошхона ва спорт заллари бунёд этилди. Улуғ Ватан урушида ҳалок бўлган ҳамюртлар хотираси абадийлаштирилиб, уларга мармар обелиск ўрнатилди. Мактаб ҳудуди бутунлай ободонлаштирилди, “1 Май” болалар боғчаси фаолиятини бошлади. Унинг саъй-ҳаракатлари билан мактаб учун давлат томонидан аввалига 2-қаватли, кейин 3-қаватли бинолар бунёд этилди, мактаб ўрта мактабга айлантирилди. Бунёдкорлик ишларига ҳамоҳанг таълим-тарбия ишлари ҳам намунали даражада олиб борилди. Мактаб битирувчилари орасида давлат таълим гранти соҳиблари сонининг мунтазам ўсиб бориши, туман мактаблари рейтингида олдинги қаторларда кўриниши, мактаб базасида ўқитувчиларнинг туман ва вилоят семинарлари ташкил этилиши – буларнинг барчаси Ш.Тошпўлатов раҳбарлигидаги мактаб жамоасининг муштарак саъй-ҳаракатлари натижасидир. Дарвоқе, у кўп йиллар мобайнида география фанидан туман олимпиадасида ҳакамлар ҳайъатига раислик қилганини ҳам тилга олиш жоиз.
Қатор фахрий ёрлиқлар ва кўкрак нишонлари билан тақдирланган Шопўлат Тошпўлатовнинг оиласи зиёлилар оиласи ҳисобланади. Умр йўлдоши Моҳида Раҳмонқул қизи – педагог. Қизи Дилдора ҳам ота-она касбини танлаган. Дилфуза ва Гулноралар – ҳамшира. Катта ўғли Шерзод – фельдшер. Дилшодбек эса туман тез ёрдам станциясида шифокор-терапевт. Оила бағрида 15 невара вояга етмоқда.
Элмурод Абдураҳмонов... Сайрам туманида кўзга кўринган устоз-мураббийлардан бири, РФ Армияси генерали, 40-армия қўмондони В.Ф.Ермаковнинг «Ватанпарварлик руҳда тарбиялашдаги хизматлари учун» («За заслуги в патриотическом воспитании») медали, турли даражадаги қатор фахрий ёрлиқлар соҳиби, буюк бобокалонларимиз Навоий ва Яссавий тилларини улуғлаган қадрли устоз, таълим соҳаси аълочиси, мағрур Қорабулоқнинг ғурурли ўғлони.
Қорабулоқ қишлоқ матлубот жамиятида 35 йил бош ҳисобчи бўлиб ишлаган Саидмурод отанинг зурриёди болаликдан шеъриятга, адаб каломига муҳаббат туйғуси билан вояга етди. Ўрта мактабдан сўнг 1978-1982 йиллари Низомий номли Тошкент Давлат Педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетида аъло баҳолар билан таҳсил олди, олийгоҳни имтиёзли диплом билан тамомлади. 1982 йилдан она қишлоғидаги Ҳамза номли жонажон мактабида устозлик фаолиятини бошлади. Ўз касбининг моҳир билимдони, ўзбек тили бўйича етук мутахассис сифатида тан олиниб, туман миқёсида олтин медалга даъвогар ўқувчиларнинг ўзбек тили ва адабиёти фанидан ёзган иншоларини текшириш комиссияси аъзоси сифатида қатор йиллар мобайнида фаол иш олиб борди. Она тилининг нақадар улуғлигини ўқувчилар қалбига сингдира олган қадрли устоз Э.Абдураҳмоновнинг шогирдлари орасида ўзбек тили ўқитувчиларининг кўплаб топилиши фидокорона меҳнат самарасидир. Унинг ўқувчиси Гулмира Ҳасанова 1980 йили ўзбек тили ва адабиёти фанидан вилоят олимпиадасида ғолиб чиқиб, Қўқон шаҳрида ўтган республика олимпиадасида фахрли 3-ўринни қўлга киритган эди.
1990 йилдан Ҳамза номли 3-ўрта мактаб директорининг тарбия ишлари бўйича ўринбосари бўлиб ишлаган Элмурод Абдураҳмонов 1991 йилдан М.Улуғбек номли тўлиқсиз ўрта мактабда фаолиятини давом эттирди. Аввалига илмий мудир, 1994-1998 йиллари шу мактаб жамоасига бошчилик қилди. Айнан унинг раҳбарлиги йиллари давлатимиз иқтисодий танглик аҳволда бўлиб, электр энергияси тақчиллиги сезилаётган давр эди. Э.Абдураҳмонов мактабга хонаки иккита печь ўрнатиб, уйдаги каби буғли иситиш тизимини ишга туширди. Натижада қишнинг қаҳратон совуғида ҳам ўқувчилар бемалол дарс олиш имконига эга бўлишди. Унинг ушбу янги ғоясини оммалаштириш мақсадида вилоят семинарининг айнан шу мактабда ўтказилиши фикримиз далилидир. 1998 йилдан шу мактабда устозлик қилиб келаётган Э.Абдураҳмонов 2014 йилдан буён мактаб директорининг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда. Севимли газетамизнинг яқин дўстларидан бири сифатида қадрли.
Инсоннинг тақдири қандай кечиши ягона Яратганга аён. Умр йўлдоши илғор педагог, олий тоифали ўқитувчи Нодира Тошпўлат қизи 2014 йили бу ёруғ дунёни барвақт тарк этди. Э.Абдураҳмонов фарзандларига она бўладиган инсон билан қолган умрини ўтказишга аҳд қилиб, янги оила қурди. Рафиқаси Саида Холмуродова ҳам педагог, бугун фарзандлари, 6 неварасига бош. Катта қизи Сайёра онаси каби бошланғич синф ўқитувчиси. Шаҳнозахон Қарағанди Давлат Тиббиёт университетини тамомлаб, бугунги кунда Чимкент шаҳрида интернатурадан ўтмоқда. Сарвиноз Алмати шаҳридаги Қозоқ қизлар педагогика институтида грант асосида таҳсил олмоқда. Оиланинг ёлғиз суянчиғи ўғли Санжарбек Чимкентдаги Тиббиёт Академиясини битириб, қишлоқдаги туман касалхонасида болалар шифокори бўлиб ишламоқда. Мақола ташаббускори, келини Ҳулкарой Улуғбек номли мактабнинг қозоқ тили фани ўқитувчиси, туман танловида 1-ўринни қўлга киритган илғор педагог.
Пўлатжон Аҳмедов... Сайрам туманидаги энг ёш директорлардан бири, ўз касбининг етук мутахассиси, Қорабулоқ қишлоқ ўзбек маданият маркази кенгаши аъзоси, ёш шижоатли раҳбар, навқирон Қорабулоқнинг танти ўғлони.
Меҳнат фахрийси Жамол Аҳмедов хонадонида дунёга келган Пўлатжон 1995 йили Фурқат номли тўлиқсиз ўрта мактабни имтиёзли гувоҳнома билан битириб, 32-сонли касб-ҳунар техника билим юртида таҳсил олди. 1997-2002 йиллари Қозоқ-Ўзбек Муҳандислик-гуманитар университетининг информатика факультетида таҳсил олиб, ахборот технологиялари соҳасида мутахассисга айланди. 2002 йилдан она қишлоғидаги Д.Қўнаев номли мактаб-лицейида устозлик фаолиятини бошлаган Пўлатжон Аҳмедов 2005 йилдан Д.Қўнаев номли коллеж директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари бўлиб ишлади. Ўз устида ишлаши натижасида соҳанинг етук мутахассиси сифатида танилди. “Моҳир ўқитувчи-2014” туман ва вилоят кўрик-танловида муносиб иштирок этди, фан олимпиадаларида ўқувчилари юқори поғоналардан кўринди. 2015 йилдан эътиборан қишлоқдаги 17-сонли ўрта мактаб жамоасига раҳбарлик қилиб келаётган ёш шижоатли директор Пўлатжон Аҳмедов мактабига ташриф буюрсангиз, мактаб ҳовлисининг орасталиги, ободончилик ишларига кенг эътибор берилганини кўрганда, кўзинг яйрайди. Ўқувчиларнинг одоб билан салом беришлари, кийинишлари, тозалигига қараб мактабда таълим-тарбия ишларининг нечоғлиқ тўғри йўлга қўйилганини фаҳмлаш мумкин.
Иш фаолияти мобайнида вилоят ва Сайрам тумани таълим бўлимларининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган Пўлатжон Аҳмедов турмуш ўртоғи Наргизахон Зулқайнар қизи билан Азизбек, Беҳзодбек, Мухлиса ва Сарвиноз исмли ўғил-қизларни вояга етказишмоқда.
Инсон ўтган умрини сарҳисоб қиларкан, ҳаёт гўзаллиги-ю унинг борлиғини дилдан ҳис этади. Бу ёруғ дунёда босиб ўтган ҳар бир қадамимиз ўлчовли, умр тарозиси билан ўлчанган. Ушбу рукн остида элимиз, юртимиз учун жонини фидо қилиб, фидокорона хизматлари билан обрў-эътибор қозонган ҳамюртларимиз ҳақида қатор мақолаларни чоп этишни олдимизга мақсад этиб қўйдик. Яхшининг яхшилигини айтиш ўзбек халқига хос олийжаноб хислат. Яхшиларни келажак авлодга ибрат этиб кўрсатиш эса тарбиянинг муҳим бир бўлагидир.
Саид ХАЙРУЛЛОҲ (87017301374)
|