Қўрқаман сувдан юришга, этигим ости тешик,
Нам ила киргай совуқ-да, пайпоқ ҳам рости, тешик.
Эҳ, иложи бўлганида қўярдим ўрнига кўз,
Бефаросатларча кўрмас йўлдаги носни тешик.
Билмасин дейман одамлар, судраб босгайман уни,
Қутқаринг, аҳбоб, уятнинг дорига осди тешик.
Юрак ҳам илма-тешикдир, аслида аслим асл,
Ҳар замон дил сарҳадига ғам-алам босди тешик.
Ношукур тутган қадаҳдан ичмагил май эй, Ғариб,
Минг шукур, иймон бутундир, куфрнинг қасди тешик.