Ўтган ҳафтанинг пайшанбасида вилоят ўзбек драма театрига бордим. Театр биноси шинам ва гўзал, бу ердагилар маданиятимиздан хабар берувчи ҳарир миллий либосларни кийиб олишган, ўзига хос бежирим безатилган саҳна…
Бу қаерда экан, яна нима тадбир, деб қолдингизми? Бугунги кун ўзгача бир тадбир ўтказиладиган кун. Бу кун дунёни ўз асарлари билан титратган, туркий тилларда ҳам буюк бадиий асарлар яратиш мумкин эканлигини далиллаб берган, эзгуликка, меҳр-мурувватга, тинчлик ва дўстликка, имон-эътиқодлиликка, ватанпарварликка даъват этувчи асарлари то бугунги кунга қадар аҳамиятга молик бир табаррук инсон таваллудига бағишланган кун. Сайрамдаги театрда Алишер Навоийнинг таваллуд топганига 576 йил тўлиши муносабати билан ўтказилаётган “Навоийхонлик ўқишлари” кўрик-танлови менда шундай ҳиссиёт уйғотди ва кўпгача ёдимдан чиқмаслиги аниқ.
Жанубий Қозоғистон вилояти таълим бошқармаси методик кабинетининг ўзбек тили ва адабиёти фани методисти, тадбир ташкилотчиси Шаҳло Жамол қизи Норалиева таъкидлаб ўтганидек, ушбу тадбир анъанага айланишига ишонаман. Тадбир жараёнида миллийлигимизни яна бир бора ҳис этиб, ўзимда пайдо бўлган фахр билан шундай каттакон театрга сиғмай ўтирдим, десам, муболаға бўлмас. Мана шундай тадбирлар янада кўпроқ бўлса, қанчалар қувонардик.
Бегмат ТУРДИҚУЛОВ, фахрий устоз:
– Бу танловни ўтказишдан асосий мақсад: Алишер Навоий ижодига бўлган қизиқишни уйғотиш ва кучайтириш. Фарзандларимизга мактаб партасидан Алишер Навоий ижодини ўргатиш, у киши бизнинг фахримиз, бизнинг ифтихоримиз эканлигини уларнинг онгига, қалбига сингдиришдир.
Бундай тадбирларни ўтказишнинг ўзи бўлмайди. Ҳомийларга ҳам ўз ташаккуримизни изҳор этамиз. Ана шундай тадбирни ташкил этганларга катта раҳмат!
1-ўринни Шимкент шаҳридаги 57-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Дониёр Деҳқонбоев; 2-ўринни Кентов шаҳридаги Маҳмуд Қошғарий номли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Феруза Абсатторова, Қазиғурт туманидаги Туроб Тўла номли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Мумтозбегим Собитова; 3-ўринни эса, Шимкент шаҳридаги А. П. Чехов номли 21-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Шерзод Тоиров, Сайрам туманидаги Т. Рустемов номли 12-сонли гимназия мактабининг10-синф ўқувчиси Диана Холниёзова, Сайрам туманидаги Бобур номли 7-сонли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Гулнора Абдиқаҳҳорова эгалладилар.
Бундан ташқари, 3 та номинация бўйича ҳам тақдирлов бўлди:
1. “Ёш навоийшунос” — Туркистон шаҳридаги Е. Иззатуллаев номли мактабнинг 10-синф ўқувчиси Зиёда Смайилова;
2. “Адабиётга ошно қалб” — Тўлебий туманидаги “Султонработ” мактабининг 11-синф ўқувчиси Мафтуна Абдирова;
3. “Мафтункор овоз соҳиби” — Сўзоқ туманидаги Алишер Навоий номли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Пакизат Тўрахан.
Ғолиблик шоҳсупасини эгаллаган Дониёр Деҳқонбоевнинг устози ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Навфал Абдалиевни суҳбатга чорлаймиз:
– «Интилганга толе ёр» – деганларидек, мактабимизнинг 11-синф ўқувчиси Дониёр Деҳқонбоев ҳам бу танловда иштирок этиб, 1-ўрин совриндори бўлди. Бу унга, албатта осон бўлгани йўқ.
Келажакда Дониёр ҳамда барча танлов қатнашчилари ижод ва санъат чўққиларини забт этиб, халқининг, Ватанининг буюк фарзандлари сифатида камол топишларига тилакдошмиз.
Қазиғурт туманидаги Туроб Тўла номли мактабнинг 11-синф ўқувчиси Мумтозбегим Собитованинг устози Дилором опа:
– Ҳозирги кунда ўқувчиларимизнинг мумтоз адабиётга бўлган қизиқиши камайиб кетганлиги боис, ғазалларни ёддан ўқиётганда томошабин ўқувчилар зерикиб қолишармикан, дея мен сал хавотирланган эдим. Лекин бундай бўлмади. Айниқса “Мафтункор овоз соҳиби” номинацияси ғолиби Пакизат Тўрахан “Муножот” қўшиғини маромига келтириб куйлагани шунчалик-ки, томошабинлар қарсагининг чеки бўлмади.
Ҳакамлар ҳайъати ҳам одилона баҳолашди. Улар ўқувчиларимизнинг ютуқларини ва камчиликларини рўй-рост кўрсата билишди. Бундай тадбирлар ўқувчиларимизда мумтоз адабиётга бўлган сўниб бораётган қизиқишни яна қайтадан аланга олдирди, дея ҳисоблайман. Ўқувчилар фақатгина шеърларни ёд олибгина қолмасдан, саҳнада ўзини тутиш маданияти, ифодали ўқиш маҳоратини ҳам чархлаб олишди. Нафақат ўқувчилар, балки улар билан келган устозларга ҳам бир маҳорат ошириш дарси бўлди, десам ортиқча бўлмаса керак. Сабаби, шу тадбирни кўриб, ўз ўқувчиларимизга ўргатадиган нарсаларимиз кўп экан, деган хулоса чиқардим. Туроб тўлага ёруғ юз билан ташриф буюрдик. Ўқувчим менга “Мана шундай тадбирлар нега тез-тез бўлиб турмайди? Агар олдинлари бўлганида ғолибликни қўлга киритгинумча икки-уч марта қатнашган бўлардим” деб қолди.
Байрам таассуротлари ҳақида Шаҳло Наралиевани суҳбатга чорлаганимизда, у шундай жавоб берди:
– Бугунги кўрик-танловимизнинг мақсад ва вазифалари: келажагимиз ворислари – болажонларимизнинг маънавий-руҳий дунёсини бойитиш; Мангу Эл ғоялари сингдирилган Мир Алишер Навоий асарларини чуқур ўрганиш орқали ўқувчиларда инсонийлик, олижаноблик, ватанпарварлик, халқпарварлик, халқлараро дўстлик, тотувлик, ширинсуханлик, тўғрисўзлик, меҳнатсеварлик фазилатларини камол топтиришдир. Ва, албатта Навоий асарлари орқали мўъжизакор, мафтункор мумтоз адабиёт олами, ўзбек адабий тилининг сеҳрли дунёси билан ошно этиш. Ота-боболаримиз қолдирган эзгу мерос – маънавият дурдоналарини кўз қорачиғидек асраб, улардан баҳраманд бўлиб, ҳаётда шу эзгу амалларга риоя қилишга ўргатишдир.
Кўрик-танловнинг биринчи босқичи шаҳар, туманларда ўтказилиб, совринли ўринларга эга бўлган ўқувчилар сараланиб, вилоятга йўлланма олган 17 нафар ўқувчи бугунги тадбирда беллашди.
Ишонч билан айта оламан-ки, кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишлари ҳаққоний баҳоланди. Чунки барча шартлар саҳнада — ҳамманинг кўз қаршисида ижро этилди.
Қувонарли томони шунда-ки, деярли барча иштирокчиларимиз ғазалларни жуда чиройлиҳамда ифодали ёддан ўқиш кўникмаларини намойиш этишди. Уларнинг орасида ўз ролини моҳирона ижро эта оладиган, мумтоз қўшиқни маромига етказа оладиган, ҳатто-ки, найда профессионал даражада куй чала оладиган (Кентов шаҳридаги Маҳмуд Қошғарий номли умумтаълим мактабининг ўқувчиси Феруза Абсатторова) иқтидорли ўқувчиларимиз бор экан. Бизнинг вазифамиз ўқувчилар орасида очилмай ётган булоқлар — ёш иқтидорларни кашф этиш, уларни қўллаш ҳамда рағбатлантиришдир.
Шу ерда айтиб ўтиш жоиз-ки, ушбу кўрик-танлов ўқувчиларимизнинг Навоий ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги назарий маълумотлари бўйича билим даражаси, афсуски, паст эканлигини кўрсатди,- деб хулоса қилди Норалиева.
Гулноза МАҚСАТОВА.