Бош саҳифа | | Рўйхатдан ўтиш | Кириш
Марҳабо! Гость | RSS
Меню сайта
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Январь 2017  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031
Архив записей
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Главная » 2017 » Январь » 8 » НАВОИЙНИНГ БУЮКЛИК СИРИ
    16:30
    НАВОИЙНИНГ БУЮКЛИК СИРИ

    НАВОИЙНИНГ БУЮКЛИК СИРИ

    Устоз адибнинг Алишер Навоий ижодига муҳаббат ва ихлоси юксак эканлигини билар эдим. Шу боис сайтимизда Навоийнинг чинакам муҳиблари, навоийшунослик мутахассислари билан туркум суҳбатлар эълон қилиб боришни режа қилганимизда бу хайрли ишни даставвал устоз Тоҳир Малик билан бошлашни ният қилдик. Шукурки, Аллоҳ таоло буни насиб этди. Маърифатли устозимиз Абдумурод Тилав жаноблари билан у кишининг уйларига бордик, Навоий, Навоийни таниш ва навоийшунослик ҳақида Тоҳир Малик суҳбатидан баҳраманд бўлдик.

    Тоҳир Малик…

    Бу ижодкорни илк бора 12 ёки 13 ёшимда ғойибдан таниганман. Оиламизга “Шайтанат” китоби кириб келган эди. Ўшанда қиссанинг учинчиси чоп этилганида ўзим бориб онам берган 300 сўмга сотиб олганман.

    Кейин асарни тўлиқ ўқиб чиқдим. “Ажаб дунё” ҳикоясини ўқидим. Адибнинг илк қиссаси “Ҳикмат афандининг ўлими”ни ўқидим. “Чорраҳада қолган одам”, “Чархпалак”, “Мурдалар гапирмайдилар”ни ўқидим. Хуллас, адибнинг маҳорати мени ром этди.

    “Бекажон” газетаси ташаббуси билан “Мурдалар гапирмайдилар” қиссаси ҳақида ўз фикрларимни адибимизга ёзиб юборганимда у киши бу мактубни алоҳида қайд этиб ўтгани ёдимда.

     

    Дарвоқе, баъзи адабиётшунослар Тоҳир Малик ижодини адабий-бадиий жиҳатдан юксак эмас деб баҳолайдилар. Шу фикрга ўз муносабатимни билдириб қўймоқчи эдим: ҳозирги кунда ўзбек халқи маънавияти, адабиёти учун Тоҳир Малик каби самимий, унвонлардан таъма қилмасдан хизмат қилаётган иккинчи шахсни топиш қийин.

    Энди ижозатингиз билан устоз Тоҳир Малик жанобларининг суҳбатини Сизга ҳавола этсак.

    БУЮКЛИК ЮКИ

    МАШҲУР одамларнинг ҳаёти, уларнинг тутган касб-кори, характери, одамийлиги ҳақида алоҳида-алоҳида гапирилади. Чунки инсон қанчалик билимдон олим ёки маҳоратли шоир бўлмасин, уни ҳеч ким ҳурмат қилмаслиги мумкин. Чунки бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам кишининг айтган сўзига эмас, қилган ишига қараб баҳо берадилар. Навоий ҳазратларининг айтган сўзлари бир тараф, қилган хайрли ишлари бир тараф. У киши ҳар бир айтган сўзларига ўзлари амал қилар эдилар. Буюкликнинг юки – ўзинг айтган сўзга амал қилишдир. Агар қайси шоир шеърда яхши сўз айтиб, амалда ёмон иш қилар экан, ундайлар учун “Шуаро” сурасидаги ҳукм тўғри келиб қолади.  Унинг гапига ҳеч ким ишонмайди. Ёзган мисраларининг умри қисқа бўлади.

    ИНСОНГА турлича қоблияти берилади. Кимдир шеърга иқтидорли, кимдир илмга. Кимёгар кимёгарлиги билан, шифокор шифокорлиги билан қадрли, яъни ҳамма қўлидан келган ишни қилиш керак. Агар кимки, ўзига берилган истеъдодни қадрламаса, у исрофга йўл қўйган ҳисобланади. Инсон имкониятини нимага ўхшатиши мумкин? Тасаввур қилинг: иккита ёки учта ингичка-ингичка каноп. Агар бу канопга юк бойласангиз, ҳар бири нари борса 2 ёки 3 килограммни кўтаради. Ундан ортиғига чидамайди. Лекин бу канопларни ўрадиган бўлсак, у арқонга айланади. Энди у бир кило эмас, бир неча юз килони ҳам кўтариши мумкин. Демак, ҳар бир одам ўз қобилиятини бир нуқтага йўналтириши лозим. Навоий ҳазратларининг яна бир фазилатлари шуки, у зот ўзларидаги қобилиятдан мана шундай шаклда фойдалана олган эдилар.

    НАЗАРИМДА, Навоий ҳазратларининг буюклик сири айни шу нуқталарда бўлса керак.

    ҲАҚИҚАТ ВА МАЖОЗ

    МУСУЛМОН Шарқида етишиб чиққан барча шоирлар Қуръон ва ҳадисда акс этган мазмунни ўз шеърларига кўчирганлар. Жуда нафис ифода, жуда гўзал мажоз билан. Чунки мажоз билан айтилган фикр таъсирчан жаранглайди. Аллоҳ таоло ўз Каломи шарифида ҳам инсонларга таълим бермоқчи бўлса, албатта, бирор тамсилни, мажозни келтиради. Масалан, ғийбат қилишнинг гуноҳи ҳақидаги ҳукмни олайлик. Шунчаки ғийбат қилма деса бўлмайдими? Йўқ. Балки ўлган биродарингни гўштини ейишни истайсанми деган савол қўйилади. Даҳшатли савол! Бунга ким ҳа деб жавоб беради? Албатта, ҳеч ким! Шунда ҳукм ойдинлашади: у ҳолда биродарингни ортидан ғийбат қилма! Энди ўйлаб кўринг: қайси бири таъсирчан?

    БИЗНИНГ мумтоз шоирларимиз, хусусан, Алишер Навоий ҳазратлари ҳам шу йўлдан бориб, фикр ва туйғуларини кучли мажоз билан ифода этганлар. Уларнинг ёзганларида Аллоҳ айтган, Расули акрам САВ берган ҳукм ва ўгитлардан бошқа нарса йўқ. Агар ўзга шоирлар, ёзувчилар ҳам мана шундай йўл тутмасалар, уларнинг шоирлиги бекор. Чунки асл ҳақиқат оят ва ҳадисларда мужассам. Бошқа ҳақиқат йўқ. Қалам аҳли эса фақат ҳақиқатни айтиши керак.

    ЎТМИШДА кўплаб шоирлар ўтганлар. Биз уларни шоир деб эъзозлаймиз, аслида улар ўзларини шоир деб ҳисобламаганлар. Балки ўз билимларини шеър орқали халққа етказишни ўз вазифалари деб билганлар, холос.

    НАВОИЙНИ АНГЛАШ ВА БИЛИШ…

    ШУ йил февраль ойида бетоблигим сабабли телевизорни кузатишга тўғри келди. Алишер Навоий юбилейи муносабати билан жуда кўп кўрсатувлар олиб борилди. Кўп учрашувлардан репортажлар бўлди. Навоий туғилган куни баҳона кўпчилик телевизорга чиқиб қолишга уринди. Ана шуларни кузатиб хулоса қилдимки, Навоий ҳақида гапирувчиларнинг жуда кўпи Навоий ҳақида билмас экан. Билиш нимадан иборат бўлади? Билиш бу фақат маълумотларни ёдлаш эмас, балки Навоийнинг қалбини ўрганиш ва унинг қалбидан бизга мерос қолган ҳикматларга амал қилиш.

    ҚАЙСИДИР йили устоз Пиримқул Қодиров, филология фанлари доктори бўлган бир адабиётшунос олим ҳамда мен Фарғонага бордик. Алишер Навоий таваллуди муносабати билан. Албатта, бундай учрашувларга тайёргарлик билан борилади. Қўлдан келгунча, ақлим етгунча нималардир ўқиб, тайёргарлик кўрдим. Учрашувда нималардир дедим, Пириқул ака Бобурни яхши билардилар, Навоий ва Бобурни боғлаб яхши сўз айтдилар, ҳалиги олим эса нима деганига ўзи ҳам тушунмади. Чунки у Навоийдан фақатгина бир нарсани билар экан: “Сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим”. Шуни билар экан-у, амал қилмас экан. Адашмасам, унинг докторлик иши ҳам фалончининг фалон асаридаги тракторчи образи деган мавзуда эди, шекилли. Унга гап ҳам кор қилмас экан. Лекин гапириш керак бўлса, масалан, Навоий ҳақида, энг аввал югуриб кетади.

    НАВОИЙНИ тушуниш учун кишида бир қатор илмлар бўлиши керак. Маслан, бунинг учун, аввало, арузни билиш керак. Аруз нима? Тасаввур қилинг: саҳрода туялар карвони кетяпти. Чайқалиб, бир маромда қадам ташлаб. Аруз ана шундай оҳанг. Ундаги маром юракнинг зарбига ўхшайди. Фоилотун деймизми, мафоийлун деймизми, бу қолипларнинг барчасида ўзига хос оҳанг бор. Мен айтган олим эса аруздан мутлақо бехабар бўлиб, ўрганишга уриниб ҳам кўрмаган эди. Арузни билмасдан мумтоз адабиётни тўла тушуниб бўладими, ахир?

    АРУЗ ВА… ЭШАК АРАВА

    ёхуд Навоийнинг меросхўрлари

    ЎТГАН асрнинг машҳур адибларидан матбуотда чиқиш қилди: “Аруз бизга керак эмас, у эскилик сарқити!” Албатта, у бу фикрни исботлаши, асослаши керак эди. Асосни қаранг: “Мана, пойтахтимиз янгиланиб боряпти. Ҳамма ёқда замонавий автомашиналар. Тасаввур қилинг, марказий кўчада бир эшак арава кетяпти. Сизга қандай таъсир қилади? Аруз ҳам шунга ўхшайди”. У киши келтирган бу исботга нима дейиш мумкин?..

    ҲОЗИР шоирларимиз ўзларини Навоийнинг меросхўрлари деб билишади. Пирим, устозим дейдиганлари ҳам топилади. Қани, сен Навоийнинг меросхўри бўлсанг, у киши учун нима қилдинг? Навоийнинг нечта ғазалига мухаммас боғладинг? Навоийнинг нечта ғазалини ёддан биласан? Майли, мухаммас боғлаш қийин, шоирнинг ғазалидаги фикрни ривожлантириш, қофия топиш, мазмунни мослаштириш мураккабдир эҳтимол, аммо ҳазрат Навоийга эргашиб нечта назира ғазал ёздинг? Нечта татаббуъ ғазал ёздинг? Шунда ўйланиб қоламан, ўзи ҳозирги шоирларимиз мухаммас ёки тахмис, татаббуъ ёки назиранинг нима эканлигини билармикинлар? Уларни бир-биридан фарқлай олармикинлар? Ўйлайманки, улар бу ҳақда билишганда ёзганлари анча теран бўларди, қобиққа ўралмаган бўларди, юксак фикрларга тўла бўларди. Ўзлари ҳам анча камтар, хокисор ва боадаб бўлардилар.

    ШЕЪРНИ арузда ўқиш бир санъат. Ҳозир ТВ, радио орқали Навоийнинг кўплаб ғазалларини, ҳатто “Хамса”ни тинглаяпмиз. Аммо уларнинг аксариятида аруз қоидаси умуман унутилган. Бу нима деган гап? Агар аруз қоидаси унутилиши керак бўлса, бу ўлчовда шеър ёзилмас эди-ку! Аруз ғазалнинг либоси-ку! Уни либоссиз тақдим қилиш мумкинми?

    РАДИОДА ишлардим. Бирор вилоят пахта планини бажарса бир шоир ўн беш дақиқада шеър ёзиб берарди. Шеърнинг охири, албатта: “Раҳмат, жонажон партиям! Яшасин, пахтакорлар!”– деган мазмунда бўлиши шарт эди. Машҳур диктор акамиз уни ўқирдилар. Шу киши арузни яхши билардилар, яхши ҳис қилардилар, лекин ғазалларни арузга солиб ўқимасдилар. Сабаби у киши бошлиқнинг гапига кириши лозим эди. Бошлиқ – аёл киши. Ғазални ҳам бармоқ вазнида ўқишни талаб қиларди. Энди у замонлар ўтди, арузни мукаммал ўрганиб, ғазални ғазалдек ўқиш, унинг ҳар бир сўзини ҳис этиш керак.

    НАВОИЙНИ ҚАНДАЙ ЎРГАНИШИМИЗ КЕРАК?

    МЕНИМЧА, гоҳида мажбурлаш ҳам яхши фойда беради. Бир йили Андижон Давлат университетига бордим. Университетга Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилган экан. Ректори билан ўтирибмиз. Битирув кечаси. Менга сўз беришди. Филолог талабаларга юзланиб сўрадим: “Ким менга Бобурдан йигирмата ғазални ёддан ўқиб беради?” Миқ этган садо чиқмади. Кейин ўн бешта, кейин, ўнта, кейин бешта сўрадим, барибир садо чиқмади. Кейин ректорга айтдим: Бу филологларга диплом беришдан аввал Бобурдан камида йигирма ғазал ёдлаб беришларини талаб қилиш керак”.

    ҲОЗИР ҳар бир тил ва адабиёт муаллимига Навоийнинг асарларини, керак бўлса, тўлиқ сайланмасини сотиб олишни мажбурий қилиб қўйиш лозим. Ўқимаса ҳам, китобнинг ранги, муқовасининг қандай эканлигини билиб олади.

    МАКТАБДА биринчи синфдан бошлаб “Одобнома” фанини ўқитишади. Кимдир шунга бош қотириб, у ёқ, бу ёқдан кўчириб дарслик ёзиб пул ҳам олади. Тендерларда ғолиб бўлади. Бу керак эмас. Ундан кўра Маҳбуб ул-қулуб”ни  ўқитиш керак болаларга. Майли, тўққиз йил ўқишсин шу китобни. Бир йилда тўрт-беш бобдан. Ҳам табдили берилсин, ҳам асли. Нотаниш сўзларини луғат қилиб ёдлашсин. Ахир, бу китобда жамият ҳаётининг барча жиҳатлари мукаммал қамраб олинган. Ҳар бир табақа ҳақида батафсил сўз юритилган. Имоним комилки, муаллифлари ҳам амал қилмайдиган адаб қоидалари ёзилган дарсликдан кўра бу катта самара беради.

    ИМОМ хатиблар ҳам Навоийни ўқишсин. Ҳар бир имом “Лисон ут-тайр”ни ўқиши керак. Тушуниши керак. Бир йигит “Лисон ут-тайр”ни ўқиб, шайх Санъон ҳикоятига тушунмасдан бир домладан сўраса, у ҳам шарҳлаб бера олмабди. Шарҳлаб бериш учун ўқиш керак, ундаги тасаввуфий истилоҳларни билиш керак. Маърузаларда Навоий ҳикматларидан фойдаланишсин. Анча одам Навоийни таниб қолади баҳонада.

    БИР танишим ўғлим мақом эшитмайди деб шикоят қилиб қолди. Мен айтдимки, тўғри қилади. Ёшлар мақом эшитмаганлари маъқул. Чунки ҳозир бизнинг хонандаларимиз мақом айтишни билишмайди. Чунки, аввало, ўзлари айтаётган сўзнинг маъносидан мутлақо бехабар. Бўлмаса, куйлаётган ғазалининг истаган жойига “Вой дод-ей!” дейишига нима бор? Ҳозир бир ғазални бир аёл, бир эркак айтиши урф кирган, бу нима деган гап? Шунчалик “маҳорат билан” айтишадики, сўзларига умуман тушуниб бўлмайди. Ота-боболаримиз мақомни дона-дона қилиб айтишган.Сўзларини англаб, тинглаб, ундаги маъно ва соҳир оҳангдан маънавий лаззат топганлар. Айни пайтдаги “мақом”ларни тинглаб, қон босиминг кўтарилади. Аслида, Навоийнинг мақомга солиниб айтган шеърлари орқали биз ул зотни янада яхшироқ танишимиз, ўрганиш учун хизмат қилиши даркор эмасми?

    НАВОИЙНИ биз ҳар йили февралнинг биринчи ярмида ёппасига эслаймиз-да, йил бўйи унутамиз. Аслида, Навоийни йил давомида ўрганилиши, тарғиб қилиниши, таваллуд кунларида эса бу жараён ўзининг ҳадди аълосига чиқиши керак.

    МЕН НАВОИЙДАН НИМА ЎРГАНДИМ?

    НАВОИЙНИНГ китоблари доим иш столимда туради. Ул зотнинг барча асарлари билан таниш бўлганим учун кўнгил қўмсаган пайтлари қўлимга олиб байтларни ўқийман, ундаги маънолардан ҳайратланаман. Ўзимга ёққанларини дафтаримга кўчириб, шарҳлаб қўяман, керакли ўринда бирор асаримда қўллаш учун. Бундан ўттиз-қирқ йиллар илгари Навоий асарларини ўқиб, “Шайтанат” деган сўзга дуч келиб, қайд қилиб қўйган эдим. Бу бир асар номи бўлади дегандим ўзимга ўзим. Кейинчалик қисса ёзила бошлагач, унга ном изламадим – “Шайтанат” унга қолипдек тушди. Мана, озми, кўпми ўқишяпти…

    БИЗ жуда беэътибор китобхонлармиз. Чунки яқинда “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”ларни қайта қўлга олганимда, икки-уч жойда шайтанат сўзини учратдим. Адабиёт мухлислари, айниқса, қалам аҳли сўзга зарофат билан ёндашиш талаб этилади.

    НАВОИЙ доимо мен билан, у кишидан маънан қувват оламан, истаган пайтимда ул зотнинг хазинасидан дур олиб, фойдаланиб юрибман.

    АЛИШЕР НАВОИЙГА БАҒИШЛАНГАН САЙТ ҲАҚИДА

    БУ жуда яхши иш. Хайрли иш. Аллоҳ Сизларга куч-қувват, ҳаракатларингизга барака берсин. Умид қиламизки, сизларнинг бу хайрли ташаббусингиз қадр топади, ундан кўпчилик баҳраманд бўлади!

    Суҳбатни тугатиб адибнинг олдидан чиқар эканмиз, у кишининг дуоларини олдик.  Мақолани овозли тасмадан матнга  кўчириб тайёрлаш жараёнида қалбда у киши билан яна дийдорлашиш иштиёқи пайдо бўлганлигини ҳис қилдим.

    Аллоҳ таоло устоз Тоҳир Маликнинг ижодий ишларига барака бериб соғликларини мустаҳкам айлашини дуо қилиб қоламиз.

    Акром МАЛИК

    Просмотров: 579 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    avatar