Оллоҳ яратган хилқатлар орасидаги энг дурдонаси, ягонаси – она! Онасини хўрлаган фарзанд икки дунё саодатига эришмагай…
Раҳима холанинг иккинчи фарзанди – Баҳромнинг уйида тўй-у томоша! Ёлғиз ўғли уйланяпти. Раҳима хола Ваҳоб ота билан турмуш қуриб, оилада беш қиз ва икки ўғил дунёга келди. Фарзандларини ҳалол едириб, ҳалол кийдириб, вояга етказишди. Қизларини узатиб, ўғилларини уйлантиришди, уйли-жойли қилишди.
Раҳима хола: қариганда бир роҳат кўрайлик, деганида, Ваҳоб ота бу дунёни тарк этди-ю кетди. “Оллоҳнинг иродаси шу экан, ёз келса, қўлидан кетмон тушмади; қиш келса, оғилхонадаги молларга қаради. Бола-чақа, дея дам олиш масканларига ҳам бормади. Бир кун ҳам ўзи учун яшамади” – дея Раҳима хола чолининг орқасидан йиғлаб-йиғлаб қолаверди…
Ўғли Баҳром тадбиркорлик қилиб, бойиб кетди. Аммо бойлик унинг кўзларини кўр қилди. Тўйдан бир ҳафта бурун хола қизларини чақириб, невара келинимга атаганларимни бериб келай, дея сандиқдан уч-тўрт кийимлик сарпо олди ва бир ойлик пенсия пулини кўтариб, ўғлиникига борди. Данғиллама кошона уй, худди эртакларда таърифлангандек. Онаизор: “Оллоҳимга беҳисоб шукур, боламни ёмон кўзлардан асрасин” – дея дуо билан кирди. Ўғил ҳам, келин ҳам хушламайгина кутиб олишди.
– Ўғилгинам, келин муборак бўлсин! Мана, невара келинимга атаганларим, – дея тугунчани очди. – Манави эса, пенсия пулимдан орттирганим, невара келинимга эсда қоларли совға оларсизлар, – у қалтираган қўллари билан пулни ўғлига узатди. Келин ўртадан чиқиб:
– Пулингизни ёнингизга солиб қўйинг! Ўзингизга йиғинг, манави матоҳларингизнинг менга, умуман керагиям йўқ! Олиб кетинг! – деди. Келиннинг гапига ўғил ҳам қўшилди:
– Келинингиз тўғри айтаяпти, дадам оламдан ўтганида қўлларингизда ҳеч вақо йўқ эди. Таъзияларида пул биздан кетди, – деди. Шунда хола билан бирга борган қизлар укасига танбеҳ бергандай бўлишди.
Келин эса: “Булар тўйдан олдин атайлаб жанжал чиқаргани келишган, сизни кўришолмайди” – дея шаллақилик қила бошлади. Баҳромнинг жаҳли чиқди:
– Ойи, ўзингиз ҳам, қизларингиз ҳам тўйга келманглар! Қудаларимдан, ошна-оғайниларимдан уяламан, – деди.
Кўзларида шашқатор ёш оққани-ча онаизор индамай ўғлининг уйидан чиқиб кетди. Тўй ўтгунча онанинг икки кўзи эшикда бўлди. Фарзанди тўйга чақириб қолар, дея умид қилди. Ўғил, нафақат онасини, ҳатто опалари-ю укасиниям тўйига айтмади.
Тўйга келган казо-казо меҳмонлар – етти ёт бегоналарга ҳурмат-эҳтиром, зўр мулозамат кўрсатилди. Баҳромдан онасини суриштирганларга у:
– Онам бемор, аҳволлари оғирроқ, опаларим ва укам унинг олдида, – деб қўя қолди.
Баҳромнинг уйига оппоқ либосга бурканган келинчак кириб келди. Раҳима хола шу кунларни кўришни Оллоҳдан сўраганди. Афсуски, нобакор ўғил унинг ниятларини амалга оширмади.
Раҳима хола уйида ўтиролмади. У ўғлининг гаплари такрор-такрор қулоғининг тагида жаранглагани-ча, оппоқ сочларини тўзғитиб, кузнинг изғиринли совуғида аста-секин дарвозадан чиқди ва чолининг мозорига қараб йўл олди. У ўғлимнинг гапларини чолимга айтаман, деган ўй билан чиққанди уйдан. Мозорга етай, деганида тўйдан қайтаётган қора “жип” Раҳима холани уриб кетди. “Тез ёрдам” чақириб, холани шифохонага олиб боришди. Лекин унинг жони узилган эди. Қабристонга бориб, чолига айтадиган гаплари бўғзида қолганди…
“Яхши фарзанд ота-онани тўрга ўтқизар, ёмон фарзанд гўрга ётқизар” – дейдилар доноларимиз. Онасининг ўлимини эшитган Баҳром пинагини ҳам бузмади. “Онамиз ўзи руҳий касалликка чалинган эди” – деб қўя қолди.
…Давраларда қимматбаҳо кийиниб, шоҳона дастурхонларда ёр-у дўстлари, улфатлари билан меҳр-мурувват ришталари ҳақида оғиз тўлдириб гапираётган, лекин ўзлари ота-оналарини қариялар уйида ёки хонадонларида хор-у зор қилаётганлар орамизда йўқ эмас. Уларга онангизнинг сочлари нега оқарган, отангизнинг қадди нега букилган, пешонасидаги ажинлар ниманинг эвазига пайдо бўлган, дея савол бергим келади. Ота-онага пул эмас, гул эмас, бир оғиз ширин сўз айтинг. Ахир улар сизни шу даражага олиб чиқишди-ку! Зеро, ота-онага қилган яхшилигингиз, албатта ўзингизга қайтади.
Оллоҳим барчамизга ота-оналаримизга яхшилик қилишни насиб этсин. Кимнингдир ота-онаси бу дунёдан ўтган бўлса, номаи амалларини ўнг томонидан бериб, шоистаи жаннат қилсин. Кимнингдир ота-онаси тирик бўлса, умрлари узоқ бўлсин, фарзандларининг роҳатларини кўрсин!
Қисматингга севган ёринг ёр бўлар,
Кўзларингга кенг дунё ҳам тор бўлар,
Кўзингда ёш, сочларингда қор бўлар,
Боланг сенинг оқибатсиз бўлса, гар.
Бурда нонни минг азоб-ла ютарсан.
Эркак бўлиб, кўзингдан ёш ситарсан,
Ўзинг истаб, қиёматни кутарсан,
Боланг сенинг оқибатсиз бўлса, гар.
Орзуларинг ерда ётган хазондир,
Қадринг синган косангдан ҳам арзондир,
Ўғлинг бор-у фарзанд сенга армондир,
Боланг сенинг оқибатсиз бўлса, гар.
Гулбаҳор ПАРПИЕВА.