ҚОРИНИНГ КАРОМАТИ
Абдурраҳмон деган қадрдон дўстим бор. Дўстим бошидан ўтган бир ажойиб воқеани ҳаяжон билан энтикиб сўзлаб берган эди:
“Бир вақтлар “Мир араб” мадрасасида талаба эдим. Мадраса яқинидаги “Тагбанд бофон” масжидида хизмат қилиб, шу ерда истиқомат қилар эдим. Бу масжид майдони кичик бўлса ҳам, кўп талабаларни ўз бағрига олган, шўролар даврида фаолият кўрсатган масжидлардан бири эди.
Масжид таҳоратхонаси масжид ташқарисида бўлиб, унинг юқори қаватида ётоқхона жойлашган эди. У ерда биз билан водийдан келган қори ака ҳам турар эди.
Бир куни мен масжид ичидаги ҳужрада эдим. Водийлик қори ака эса таҳоратхона юқорисидаги ҳужрада ётар эди. Кечаси масжид дарвозаси ичкаридан қулфланар эди. Ўша куни ҳам ухлаш олдидан дарвозани қулфладим. Тунда уйғониб кетдим. Масжид чироғи ёқилган. У ерда қори ака дарс қилиб ўтирибди. Мен ажабландим. Чунки ётар олдидан дарвоза ичкарисидан қулфлаган эдим.
Қори акадан масжидга қандай кирганларини сўрадим. Қори ака: “Бу Аллоҳга осон”, истагимни Аллоҳдан сўрадим деб, воқеани шундай изоҳладилар:
“Уйқум қочиб, туриб таҳорат олдим. Кўнглимда масжидга кириб, дарс қилиш истаги туғилди. Вақт алламаҳал бўлгани учун сизни уйғотгим келмади. Мени ҳар қадамда кўриб, эшитиб турувчи бўлган Зотга бутун вужудим билан ёлвориб дуо қилдим: “Аллоҳим! Бир фақир мусофир бандангман. Узоқ юртдан келиб Сенинг динингни мукаммал ўрганиш учун бел боғладим. Бу ерда ухлаб, дангасалик қилиб, берган неъматларинг қадрини билмай ўтиш учун келган эмасман. Сенга қурбат ҳосил қилиш учун, Сенинг розилигингга эришиш, динни мукаммал ўзлаштириш учун келганман. Аллоҳим! Марҳаматлисан, Ўзинг марҳамат эшигингни оч, масжид дарвозасини оч, кириб дарсимни қилай. Ўзинга осон, сен Қодир Зотсан!”
Масжид очилди. Кўриб турганингиздек, дарс қилиб ўтирибман”.
Ўшанда водийлик қори акамизнинг каромат соҳиби эканини англаганман”.
Абдул Мўмин
|