Бир куни Қарши шаҳрида «18» рақамли йўналиш бўйича қатнайдиган «Дамас»лардан бирига миндим. Ҳайдовчи олтмиш ёшлардаги киши экан. Йўлда кўринишидан коллеж ўқувчиси бўлган бир қиз кўл кўтарди. Ҳайдовчи тўхтаб, уни ҳам олгач, қиз ҳайдовчига 2000 сўм узатди. (Аслида йўл нархи бир кишига 1000 сўм эди)
— Тоға, шуни олиб қўйинг. Кеча машинангизга мингандим, ёдимдан кўтарилиб, пул бермасдан тушиб кетибман. Минг сўми шунга, — ҳижолат тортиб деди у.
— Эҳ-ҳи-ҳи… қизим тушмагура, балки адашаётгандирсан? Яна бошқа машинага минган бўлмагин, — кулди ҳайдовчи.
— Йўқ, тоға. Кўпинча сизнинг машинангизга минаман, таниб қолганман.
Ҳайдовчи мийиғида кулиб қўяр экан, минг сўм пулни қизга қайтарди:
— Буни олиб қўй, қизим. Мен розиман. Ҳайдовчи тоғангнинг ҳисобидан музқаймоқ олиб ерсан.
У қуярда-қўймай пулни қизнинг қўлига тутқазиб, яна йўлдан кўз узмай борар экан, ўзича пичирлади:
— Эй, ота-онангга раҳмат, қизим!
* * *
Бу сафар яна «Дамас» русумли киракаш машинадаман. Ўрта ўриндиқда ўтирган 20 ёшлардаги бир қиз телефонда баланд овозда гаплашиб, ҳамманинг асабини эговлаб келмоқда.
— Ҳайдовчи болам, анави бурилишга тўхтатиб кетгин, — деди орқа ўриндиқда ўтирган 70 ёшлардаги кекса аёл.
Ҳайдовчи айтилган жойга тўхтади. Аёл тушаётиб бехосдан қўлидаги сумкаси ҳалиги қизнинг елкасига тегиб кетди.
Қиз дарҳол телефонни қулоғидан олиб, жаҳл билан аёлга томонга бурилди:
— Эй, хола, кўзингизга қарасангиз бўлмайдими, — деди у жеркиб.
Шошиб қолган аёл «узр, қизим, узр», деганча тушиб кетди.
Қиз эса эшитилар-эшитилмас оҳангда «узрингни бошимга ураманми» деди-ю, яна телефондаги суҳбатини давом эттирди:
— Эй, битта кампир… Индамасам, сумкаси билан елкамга туртиб ўтиб кетяпти… Машинадан тушолмасанг нима қиласан миниб, десанг…
Бироз юриб, ўша қиз ҳам тушиб қолди. Машинадигаларнинг ҳаммаси енгил нафас олишди. Шунда чамаси 40 ёшлардаги бир киши деди:
— Ҳайрият қутилдик, қулоқ-мияниям еди лекин… Тавба, қанақа ота-она тарбия беради бунақаларга…
Машинада енгил кулги кўтарилди. Аммо ҳамманинг кулгисидан ўша қизга нисбатан нафратни илғаб олиш қийин эмасди.
Жаҳонгир Боймуродов,
Қарши шаҳри.
|