Ҳозирги кунда дадам укам билан биргаликда тадбиркорлик қилишади. Укам ҳунармандликни ўрганиб, бугунги кунда темир дарвоза ва эшиклар ясаб, буюртма бўйича ўрнатиб беради. Дадам доим укам ёнида ҳам ёрдамчи, ҳам маслакдош. Дадам айтадилар:
“Узоқ туман ёки вилоятларга бориб ҳам буюртмалар бўйича эшик, дарвозаларни ўрнатиб келамиз. Баъзида ярим тунда, баъзида тонг чоғига яқин уйга қайтамиз. Қачон йўлга чиқмоқчи бўлсак, албатта намоз ўқиб, Аллоҳдан йўлимизда ва ишимизда омонлик бўлишини сўраб дуо қилиб кейин чиқамиз ва қайтганимизда ҳам шундай, вақт алламаҳал бўлган кезларда ҳам, чарчоқлар ортиб бироз қийинчиликда қолганимизда ҳам уйга келганда албатта таҳажжуд намозини адо қилиб, Аллоҳга илтижо қиламиз.
Бир куни қўшни вилоятга бориб, буюртмаларни ўрнатиб қайтаётган пайтимизда ўғлим машинани бошқариб келаётган эди. Рамазон ойи бўлганлиги учунми, бироз чарчоқ кучлилик қилиб кўзим уйқуга илинди. Қанча вақт ухлаганимни билмайман, нимадандир чўчиб уйғондим. Қарасам машина рулидаги ўғлим ҳам ухлаб қолибди, машина эса катта йўлда қарама-қарши томонга ўтиб қолиб кетаётган эди.
Қарши томонимиздан келаётган юк машиналари кетма-кет сигнал чалиб ўтиб борарди. Машина рулини буриб туриб ўғлимни уйғотарканман, "Аллоҳ Ўзинг асра" дея дилимдан минг ҳаяжон ва қўрқув билан такрорлаётган эдим. Раҳмон сифатли Аллоҳнинг раҳмдиллиги билан уйғонган эдим ўша дақиқаларда. Ҳар сафар олдидан қилган чин ихлосли дуоларимиз ижобати бўлса керак, омон қолдик.
Ҳаётимизда эътибор беришимиз керак бўлган яна бир муҳим нарса борки, унинг сабабидан Аллоҳ бандаларига келувчи бало-офатларни даф қилади. У ҳолат ҳаммамизга маълум бўлган эҳсон-садақот беришдир. Садақот беришда албатта ажр бор, бандасига келувчи балоларга раддия бор ва садақот берилган молга бериладиган баракот бор. Биз бандалар ҳамиша Аллоҳга муҳтожмиз, ҳар вақт сўровчимиз, лекин атрофимиздаги баъзи муҳтож кишиларни биз ҳам унутмаслигимиз, бееътибор қолдирмаслигимиз керак. Бозорда буюртма олиш учун кутиб турар эканмиз, тез-тез ён атрофимизга мусофир ёхуд бир кунлик овқатга муҳтож кишилар учраб туради. Албатта уларга имконимиз борича ёрдам берамиз. Қалбимизда эса Аллоҳга бўлган тақвомиз ва чин иймонимиз бўлса бас”.
Гулхумор Сидиқова
|