Ҳаётим давомида фақат бир марта қаттиқ севганман. Биринчи ва сўнгги бор. Бу менинг хотиним. У жудаям чиройли ва келишган аёл эди. Менинг ҳаётимдаям қанақадир аёллар бўлган, лекин муҳаббатим ёлғиз у эди. Муқаддас менинг аёлим, фарзандларимнинг онаси, невараларимнинг меҳрибон бувиси, кейин эса, у мени буткул тарк этиб кетди. Яқинда. Биз биргаликда 26 йил яшадик, бу йиллардан жуда кўп қисмида у бетоб бўлган.
Биз болалигимизда дўст бўлганмиз, ҳақиқий дўст. Кейин эса, бизнинг самимий муносабатларимиз муҳаббатга айланганини иккимиз ҳам юрак-юракдан ҳис қилдик. Онам Муқаддасни, мениям яхши билгани учун ҳам, биз турмуш қуришимиз кераклигини айтди. Шу тариқа биз оила қурдик.
Аёлим таниқли журналист эди, у ёзган мақолалар доим катта шов-шув бўларди, у доимо одамлар ғами, юрт ташвиши билан ёниб юрадиган яхши журналист бўлган. Шунинг учунми, ўлимидан сўнг ҳам, у ҳақда кўрсатувлар тайёрланди, мақолалар ёзилди.
Кейин эса, бахтсизлик юз берди. У иккинчи фарзандимизга ҳомиладор бўлди. Ҳомила беш ойлигида у грипп билан оғриб қолади. Ўшандаям 40 даражали ҳарорат билан ишга боришни канда қилмаган. Унинг ўпкаси қаттиқ яллиғланган. Болага зиён етказиб қўймаслик учун ҳам дорисиз даволанишга ҳаракат қилди.
Болани эсон-омон дунёга келтиргач, негадир зинадан юқорига кўтарилишга қийналаётгани ҳақида нолиб қолди. Кейин билсак, асаб толаларининг инфекцион касаллигига учраган экан. Биз ҳаммаси ўтиб кетса керак, деб ўйлагандик. Лекин ўтиб кетмади. У ётиб қолди. Мен хориж давлатларидан унинг дардига шифо бўлиши мумкин бўлган дориларни буюртириб келтирардим, лекин улар бесамар кетди. Аввал оёқлар ишламай қолди, кейин қўллар. Лекин аёлимдаги ирода шу қадар кучли эдики, у ҳеч қачон тушкунликка тушмаган.
Чиройли, ақлли, зиёли, меҳрибон ва доно. Ундаги мана шу фазилатлар доим мени ҳайратлантирган. Агар у ҳақда “Эҳ, бечорагина”, дейишса ёқмасди. “Нега энди мен бечора бўларканман? Менинг ажойиб эрим бор, у жудаям кучли ва меҳрибон, фарзандларим, неваралари бор. Ахир, ҳаётда ким ҳам бирданига ҳаммасига эриша оларди?” Ҳа, фалсафий нуқтаи назардан олсак, бу гаплар замирида ҳақиқат бор. Ҳаммасига бирданига эришиб бўлмайди. Ниманидир қўлга киритиш учун нимадандир воз кечиш даркор. Лекин баъзида руҳан азобланаман. Унинг бу аҳволга тушишида ўзимни айбдор санайман. Ахир, яна фарзандлик бўлишни кўпроқ мен хоҳлагандим.
Аммо Муқаддас менинг тушкунликка тушишимга йўл қўймайди, бу кунлар ҳам пешонамизга ёзилган экан, тақдирда борини кўрамиз. Бунда ҳеч кимнинг айби йўқ, дерди у.
Оиламизда доим муҳабат ҳукм сурган, мен аёлимни бошимга кўтарганман. Мендан кўпинча касалманд аёлга қараш, буёқда иш, болалар… қийналмайсизми, деб сўрашганда, рости, ҳайрон қолардим. Аслида, аёлим мени ҳамма борада қўллаб-қувватлаган. Биз 26 йил жуда бахтли яшаганмиз. Ҳеч қачон бир-биримизга овозимизни баландлатмаганмиз. Мен баланд овозда гапираман, баъзида кимгадир бақириб юборишим мумкин, сал қизиққонлигим бор. Лекин хотинимга эмас. У доим мени тушунган, жаҳл қилишга, бақиришга арзигулик биронта иш қилмаган.
Бир куни меҳмонга бориб, сал ортиқча ичганимданми, хуллас, ким биландир ёқалашиб кетдим. Биз уйга қайтдик, хотиним мум тишлаган, бирон нима демайди. Мен эса, унинг “Уят эмасми? Кап-катта эркак ёш боладек ёқалашдингиз-а”, дейишини кутаяпман. Шунда мен ҳам, “Нега менга уят бўлиши керак экан? Ахир, биринчи бўлиб ундан чиқди-ку”, дейман деб тайёр турибман. Лекин қани, хотиним бирон нима деса. Шу тариқа, бу воқеа энди унут бўлаёзганди. Бир куни кайфиятим яхшилиги пайтида у бирданига, “Ўша куни жуда уят иш қилдингиз. Шундай ҳурматли инсон, худди ёш боладек ёқалашиб кетдингиз, шармандаликдан ер ёрилмади-ю, кириб кетмадим”, деб қолди. Шунда мен ростдан ҳам қилган ишимдан роса уялганман. Хотиним менинг табиатимни жуда яхши билар ва менга қандай қилиб муомала қилишни яхши биларди.
Сизга бир сирни очайми? Биз ҳалиям бир-биримиз билан гаплашамиз, фақат хаёлан. Ростдан ҳам унинг руҳи мен билан биргалигини ҳис қиламан, у ҳеч қачон мени ёлғизлатиб қўймаган. Шунгами, Муқаддасим билан бир кун дийдор кўришиб, кейин ҳеч қачон ундан айрилмаслигимга ишонаман.
Жаҳонгир. Тошкент вилояти