Ҳажга бориш менга насиб этганда олтмиш етти ёшда эдим, Аллоҳга шукр. Гуруҳ раҳбаримиз, яъни элликбошимиз, ўз суҳбатларидан бирида айтган гап ёдимда муҳрланиб қолган. Айтишича, ҳажда йўл қўйилган гуноҳнинг ҳам, савоб ишнинг ҳам ажри ўша куниёқ келар экан. Раҳбаримиз бу гапни муайян воқеаларга таяниб айтди ва шу билан бизни сергаклантириб қўйди.
Гуноҳлардан сақланиш ҳар доим ва ҳамма маконда керак. Лекин, оҳ, афсуслар бўлсинки, гуноҳ қилиб қўйиш нақадар осон иш! Ўзинг билмай қоласан!...
Мадинаи мунавварада бир неча кун бўлиб, Масжиди Набавийда намозлар ўқидик, Пайғамбаримиз (с.а.в.), Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) ва Умар ибн Хаттоб (р.а.) қабрларини зиёрат қилдик. Равзада икки ракаат нафл намоз ўқиш Пайғамбаримиз (с.а.в.)га нисбатан алоҳида эҳтиром рамзи бўлиб, катта савобларга эриштирар экан. Бироқ Равзага кириш кексалар учун анча мушкул иш.
“Равза”нинг маъноси “Жаннат боғи” бўлиб, Расулуллоҳ (с.а.в.), уйим (вафотларидан кейин - қабр) билан минбарим ўртасида жаннат боғларидан бир боғ бор, деган эканлар. Ана шу жойнинг саҳни, чамаси уч сўтихча келадиган намозгоҳ бўлиб, брезент (материал номини тахминан айтаяпман) тўсиқ билан ажратилган. Шунча жойга сиққулик зиёратчилар намозларини ўқиб, чиқиб кетгач, ҳарбийлар брезент тўсиқнинг бир четини очишар, кутиб турган одамлар ёпирилиб киришар экан. Тўсиққа яқин турган одамга яхши, Равзага албатта киради, лекин нарироқда турган одам куч ишлатмаса, оломон уни бир четга суриб ташлар экан. Бу гал кирмаган бўлсам, янаги сафар кирарман, деб ўзини овутган одам кўп қийинчиликка дучор бўлади. Гап шундаки, брезент тўсиқдан ташқариси, яъни зиёратчилар кутиб турадиган томон ҳам намозгоҳ, одамлар эса шунчалар тирбандки, намоз вақти бўлиб қолса ёки нафл намозни ўқиш истаги бўлса, пешонани қўйгулик жой топилмайди. Мана шундай шароитда бир неча соат кутиш одамни чарчатиб қўяр экан. Тирбандлик етмаганидек, тўсиқ четларида тик туриш мумкин эмас. Ҳарбийлар одамларни ўтиришга мажбур қилишаяпти. Ўтириш учун тик тургандагига қараганда кенгроқ жой керак.
Навбатдаги намозга (асрмиди ё шоммиди, ёдимда йўқ) азон айтилиб қолди. Тирбанд одамлардан ким пешонасини ерга қўйишга имкон топган, ким олдидаги одамнинг кифтига бош қўйган, бир-бирини босиб, топтаб “намоз ўқидингми?”, “ўқидим” бўлди.
Мен бу издиҳомга кирганимдан буён брезент тўсиқ неча марта очилиб-ёпилди, билмадим, лекин бу намоздан кейин қарасам, тўсиққа яқинлашиб қолибман. Ниҳоят, тўсиқнинг бир чеккаси яна очилди. Мен, барибир, киролмадим. Тўсиқ бир зумда ёпилди...
Одамлар қуршовидаман, ўтириб дам олишнинг иложи йўқ. Юрагимда оғриқ сездим, “Равзага уринмасам бўлар экан”, деб бир зум афсусландим. Бу пайт ҳарбийлар ўтиришга буйруқ қила бошлаган эди. Одамлар ўтиришди, мен эса, икки сонимгача лойга ботгандек, тик туриб қолдим. Ҳарбий ходим энди ўтириш буйруғини шахсан менга қаратаяпти. Мен икки қўлимни осилтирганча, елкамни қисдим. Ўтираман, десам, албатта кимнингдир бошига ё елкасига қўнишим керак. Ҳарбийнинг буйруғига жавобан, икки қўлим билан атрофимга имо қилдим. Бу билан: “Қаерга ўтираман?”, демоқчи бўлдим. Шу пайт ҳарбий ходим “Хуруж!” деб буйруқ қилди ва қўли билан чеккага чиқишни кўрсатди. Қани энди, кафтдек бўш жой бўлсаю ўшанга кириб кетсам! Одамларнинг елкасига ё бошига ўтиришни эса, барибир, хоҳламаяпман. Жойни ташлаб кетишни ҳам истамаяпман. Ҳарбий эса, менга тиркалишини қўймаяпти, қўлимдан ушлаб олиб, тортаяпти. Қўлимни силтаб, тортиб олдим. У яна ёпишди.
Қарасам, вазият кескинлашадиган. Бунақа ибодат Аллоҳга ҳам,
Пайғамбаримиз (с.а.в.)га ҳам маъқул бўлмайди, деб хаёлимдан ўтказдим-да, чиқиб кетдим.
Боя хаёлимда бир зум афсусланганимни ўзимча гуноҳ санаб,
“Хуруж!” деган буйруқни жазо деб ҳисобладим. Қайғуга ботган ҳолда меҳмонхонага қайтдим...
Равзада намоз ўқиш тўрт йилдан кейин, умра зиёратида насиб этди. Ҳеч қанақа ур-йиқит бўлмади, ҳеч ким менга “Хуруж!” демади. Тўйиб-тўйиб, йиғлаб-йиғлаб ибодат қилдим, Аллоҳга шукр.
Қудрат Дўстмуҳаммад,
2016 йил, 10 июл
|