Қишлоқ тўйларида энг қизиғи диккис-диккис ўйинга тушиш ёки ичволиб жанжанлашиш деганлар адашади. Энг қизиғи катта тўйгача ўтадиган маросимлар, маслаҳат ва сабзитўғрарларда бўлади. Бобо ва момоларнинг гурунгида бўлади. Қишлоққа тўйга борсам, шунақа давраларга суқилиб кираман. Тунов кунга маъракада гап асосан «Отангга раҳмат!» деган битик ҳақида кетди.
— Қишлоғимиз тарихида ҳали бунақаси бўлмаган, — деди Жонузоқ малим соқолини селкиллатиб. — Ғайбиддинбойга Тошкентдан «Шундай ул ўстирганингизга раҳмат!» деган хат келди. Имзоси, муҳри билан. Менга ишонмасаларинг, бориб кўринглар, — ён бошлаган қўли билан ишора қилади, — уйининг тўрида илувли турибди.
Шивир-шивир: «Ғайбиддин бой?!», «Ким, ким?» «Ғайби ғалтакми?!». Жонузоқ малим барини қизиқтириб, ичини куйдириш учун жўртага сукут сақлайди, хўриллатиб чой ичади.
— Бугундан кейин бу қишлоқда Ғайби ғалтак йўқ, Ғайбиддин бой бор! — салмоқлаб яна гап бошлайди. — Шундай ул ўстирган одамни Тошкентда эъзоз қилибди-ма, биз ҳам ҳурматини жойига қўйувимиз керак.
Даврадагиларнинг айримлари “Э-э, уми?!” дегандек мийиғида кулади.
— Туври, у мактабда математикадан мисол ечолмай, менинг калтагимдан қашқатаёқ бўлиб кетганди. Ўзи ўқмасаям, болаларининг барини ўқитди. Бунинг учун эски ғалтагини ғийқиллатиб кўринганникида ишлади. Шуйтиб улларини оёққа қўйди. Ўша пайт сен билан мен нима қилаятувдик? — домла гурунгнинг ўзанини атайин шу томонга буради, мийиғида кулганларни нишонга олади. — Сен билан мен топганимизга том солаятувдик. Ғайби ғалтак участкамизга ишлаятувди. Топганимизнинг юздан бирини унга томизаятувдик. У шу томизғи билан болаларини ўқитаятувди. Охири ким ютди?!
Айримлар чуқур хўрсинади, баъзилар энса қотиради. Пармон пакки гапга аралашади:
— Ўша Ғайбиддинбойингизнинг жўралари жийилиб нима қилибди?! Бу ёғини ҳам эшитдингизми?!
— Нима қилибди?
— Уч кун думалаб ичибди!
— Калласи жўқ-да.
— Ундан кўра имкони етганича пул йиғиб, болага ноутбук опбермай-ма?! — Пакки эски буғолтирлигига боради-да, нуқул фойдани ўйлайди.
— Унинг ноутбуги бор. Бултур танловда ютиб эди. — Сабзи тўғраётган йигитча гап қотади. Синфдошини мақтаётганидан ичига сиғмай кетганди-да.
— Ҳа-а, «Ўғлим Германияда математикадан олтин медаль олди. Аэропортга кутиб олгани чиқамиз», деб кимдан қарз кўтариб, кимдан кийим тиланиб юрувди. — Пармон пакки атайин ерга уриб гапиради. — Ўшанда ютганми ноутбукни?
— Йўқ, у воқеа бурноғи йили эди. Буниси бултур... Ўзи, Алишер Тошкентда ўқийман деганида ҳамма «Катта институтларга катталарнинг болалари киради. Сендақалар имтиҳондан орқачайин йиқилиб қайтади», деб масхаралаб эди. Мана, билими билан грантда ўқияпти, — ёш йигитнинг суҳбатга аралашгани даврага ёқмайди, беэтибор эшитадилар. Айримлар “Сен-чи?” деганидек қарайди. Яхшики, у ҳам вазиятни вақтида фаҳмлайди.
— Ютаракансан, бир йўла «Молиби» ютмайсанми? Во-ҳо-ҳо-ҳо... — Ваҳоб воҳвоҳнинг ҳазилига ўзидан бошқа ҳеч ким кулмади. Курканинг жиғилдонига ўхшаш бўйни лиқиллаб кетди. Кўрик-танловни лоторея деб ўйлади, шекилли. Оғзини тўлдириб «Мол» ва «иби» дейиши нашъа қилиб, айримлар тиржайиб қўя қолди.
— Бўлмаса, бошқа фойдали иш қилсин. Улар у ёқда ютуқ ювади. Кейин бу ёқда — бизнинг ҳуданикида жанжал бўлади, — Пармон пакки гапни ўз дардига олиб келиб улайди.
Ҳамма сергак тортади. Чекка-чеккада ўзаро гаплашиб ўтирганлар жимиб қолади. Сабзи тахта ва пичоқларнинг тақиллаши ҳам тинади.
— Бизнинг куёвимиз Ғайби ... — «ғалтак» деб юборишига сал қолади: — Ғайбибойга синфдош бўлади-да...
— Қайси? Каттасими?
— Ўртанчаси.
Паккининг тўртовми, бешов қизи бор. Ўртанчаси қайси экан, кимга тушган экан? Ҳамма ўзича тусмоллайди.
— Ғаппор аканинг тўнғичи-ма?
— Йўқ, Ҳаби — Менгли бованинг кенжаси.
— Унинг болалари мактабга энди чиқди-ку! Сувон сўпининг улини айтаяпти.
Пармон пакки ғала-ғовур тингунча индамай ўтиради. Бирови ҳам ўзи айтсин демайди-я. Бари ўлармонлик қилиб ўзиникини ўтказиш пайида. Охири тоқати тоқ бўлади:
— Ойниса менинг учинчи қизим-ма?! Сувон акага келин бўган-ма?! Иккинчи улига, Каримга... Бўлди-да!
— Майли-майли, жанжалдан гапиринг, жанжалдан...
— Хуллас, синфдош жўралар Ғайби... бойникида қўярда-қўймай ичган. Устудентнинг кистасига бир-икки сўм солиб қўювмидинг вақтида, деб сўрайдиган одам йўқ. Кейин Карим куёв уйга келиб, қизимизни тубалаган. Нега сен гений туғмайсан, деб.
— Генийни эна туғармикан, ота тарбиялайди-да! — деди Жонузоқ малим ўнг биқинидан чап биқинига ёнбошлаб. Айтан гапига бироз ўйланиб қолди: — Некин қарс икки қўлдан, деган гаплар ҳам бор.
— Шу адолатданми?! — Пармон пакки қизиша кетди. — Ташаккурномани Ғайби... ғалтак олса-да, калтакни бизнинг қиз еса...
Пичоқлар сабзитахтага қаттиқ-қаттиқ тега бошлади. Иккиора-учора шивир-шивир гаплар оёқланди. Пармон паккининг шу одати қолмади-да. Қизларию куёвларининг ўртасига тушгани тушган. Балким, биттагина ўғли бўлганида, биттагина келин туширганида... тушунармиди?!
Секин ўрнимдан тураман, ташқарилайман. Чироқ аранг ёритиб турган ўчоқбошида ҳам шу гап экан.
— Қишлоғимизнинг обрўйи-да! — дея гапини маъқуллаётганди Шароб шилдир.
Қозон атрофи тонгда ош тортиладиган стол-стулли даврадан оқ мато билан ажратиб қўйилибди. Биққи ошпаз яхна гўшт пишираяпти, арча ҳиди... Хонтахтани қўрқалаб ёш-яланг турибди. Шароб шилдирга ўхшаган отам қаторилар ҳам бор. Битта яримтани тик оёқда майдалаяптилар.
— Қани, урдиқ! Қишлоғимизда шунақа боллар кўпаяверсин!
Бу ер менга эмас экан. Етмасдан ортимга қайтаман, кўриб қолмаганлари маъқул. Янгалар, қизлар зинадан тепага кўтарилиб, пастга тушиб юради. Айвондан ўнг қўлдаги уйга кириб-чиқади. Ҳайтовур, момолар, аммаю холалар шу ёқда бўлса керак. Ичкари мўралайман:
— Ассалому алайкум!
Кенг уй тўрида чой ичаётган, қуйироқда ликобчаларга қанд-қурс солаётган... — барча ялт этиб қарайди.
— Ке, келавер. Бегонаси йўқ.
Ўзимизга товунлар бемалол ўтираверади. Сал нарилар, айниқса, янгалар йиғиниб олади: рўмолини, ёқасини тўғрилайди. Ҳол-аҳволлашилгач, суҳбатни узилган жойидан давом эттирадилар.
— Ҳа... Алишержон амалиёт ўташ учун бизнинг ишхонага келди, — дейди Бувиниса буғолтир. — Бир саволлар беради, уялиб қоламиз. Сен ташқарига чиқиб тур деб, тўрт ҳамкасб маслаҳатлашиб оламиз. Каттамизга кириб сўраймиз. Танишларга телефон урамиз. Охири тушунтирдик: «Сенинг жойинг бу ер эмас экан. Бор-да, яхшироқ жойда амалиёт ўта. Қоғоз керак бўлса, муҳр босиб берамиз. Лекин ўқишни тугатгандан сўғин ўзимизга ишга келасан, раҳбар бўлиб...”.
— Шул Ғайбининг ули-да? — сўрайди Ҳанипа момо, ичига ботган кўк кўзларини Бувиниса опага тикиб. Салқи бўйнидаги ҳапаматга эътибор қиламан. — Аҳмоқдан чақмоқ, деганлари шул-да...
Қишлоқда яқин-орада ҳеч кимнинг сигири бузоқламаганми, дейман. На бировнинг қизи эридан аразлаб келган, на бировнинг уйига ўғри тушган. Ҳеч қурса, бирор-яримта телевизорда футбол кўраётиб «Гол!» дея бақираман деб оғзидаги носини ютиб юбормаган-да. Охирги тўйда эмаклаб қолгунча ичганларини, раққосага тегажоқлик қилиб ўйнаганларни ҳам гапиришмайди-я. Топган гурунглари “Ғайбиддинбойга ўғлининг домлаларидан «Отангга раҳмат!» деган битик кели-и-и-ибди!”. Шунга нима бўлибди?! Адашиб-мадашиб кетишгандир. Аввалига ёқди бу гурунг, кейин-кейин эътибор бермасликка уриндим. Индамасам... Мана, мен ҳам Тошкентда юрибман-ку! Нега «Ҳасанбойдинг ули...», деб мақташмайди, а? Кўзига кўрсатиб қўймасамми буларнинг! Ҳикоя ёзаман. Ёзувчи бўламан. Китоб чиқараман. Барининг олдига битта-биттадан ташлайман. Дастхат ёзишни ҳам унутмайман. Кўриб қўйишсин биз ким, Ғайби ғалтакнинг ўғли ким?!
Фаррух ЖАББОРОВ
|