“Жануб жарчилари” газетасининг шу йил 12 январь сонидаги Б. Нуралиевнинг “Она тилини билмаган бола бошқа тилни ҳам ўзлаштиролмайди” сарлавҳали суҳбати билан танишиб, ушбу масаланинг ҳозирги ҳаётимизга алоқадор долзарб муаммолардан бири эканига яна бир бор амин бўлдим. Бугун биз – зиёлилар, она тилимизга лоқайд ва бефарқ бўлсак, айни муаммони ўз ҳолига ташлаб қўйсак, яқин келажакда она тилимиздан айрилиб қолишимиз эҳтимолдан холи эмас.
Тил ва дил
Маълумотларга кўра, жаҳонда ҳар йили ўттиздан ортиқ тил йўқ бўлиб кетаётган экан. Машҳур ёзувчи Чингиз Айтматов: “Ўз тилини, тарихини, урф-одатларини билмайдиган одам манқуртдир” – деганди. Худога шукур, Элбошимизнинг оқилона сиёсати туфайли давлатимизда барча тилларга, шулар қаторида ўзбек тилига ҳам катта имкониятлар яратилган. Аммо биз шулардан унумли фойдаланаяпмизми?
Миллатдошларимиздан, айниқса шаҳарларда истиқомат қилаётган баъзилари фарзандларини рус тилидаги мактабларда ўқитишаяпти. Эмиш-ки, рус тилида мактабни битирса, олий ўқув юртларида ўқиш осон бўлар экан. Бу нима: модами ёки юзаки фикрлаш натижасими?
Яна ўз уйида фарзандларига, невараларига ота-оналари, бува-бувилари, ака-опалари русча гапиришганига нима дейсиз? Менимча, бу – тилга ва келажагимизга нисбатан ҳурматсизлик, боқимандалик.
Ўзбек мактабларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитиш қандай даражада эканлиги менга номаълум. Лекин статистик маълумотларга назар ташлайдиган бўлсак, 2014 йилдагига нисбатан вилоятимизда ўзбек тилида билим берадиган мактабларнинг умумий сони қисқарганининг гувоҳи бўласиз.
Шунинг ўзи бизни кўпроқ ўйлантириб, аниқ ишлар юритишимизни талаб қилади. Биринчи навбатда, мактабларда ўзбек тили ва адабиёти фанларини ўқитишга катта эътибор берилиши керак. Тилга бўлган ҳурматнинг асоси болалар боғчаларида, айниқса оилаларда шакллантирилиши лозим.
Фарзандларимиз комил инсонлар бўлишларини хоҳласак, уларнинг, нафақат ўзбек тили, балки давлат тили – қозоқ тилини ва бошқа тилларни мукаммал билишларига имкон яратишимиз керак. Бунга шарт-шароитлар етарли. Масалан, ўша Б. Нуралиев бошқараётган Ю. Сарёмий номли лицей мактаби ёки Шимкент, Туркистон, Кентов шаҳарларидаги, нафақат вилоят, балки республикада энг юқори натижаларга эришаётган мактаблар бор-ку!
Мазкур мактабларнинг жамоалари шундай юқори даражаларга эришяптилар-ки, уларнинг битирувчилари, нафақат ўзбек, балки қозоқ, рус, инглиз тилларини яхши ўзлаштиришган.
“Интилганга толе ёр” – дейди халқимиз. “Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим” – деганлар буюк бобомиз Алишер Навоий. Ана ўша илғор мактабларнинг иш тажрибаларини кенг тарғибот қилиш ва улардан унумли фойдаланиш керак.
Она тилимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни ривожлантиришда санъатнинг ўрни жуда катта. Чиройли айтилган қўшиқлар, лапарлар, чизилган расмлар ўзбек тилига нисбатан ҳурматни жудаям оширади, деб ҳисоблайман. Узоққа боришнинг ҳожати йўқ: бутун Осиёга таниқли, машҳур, забардаст қўшиқчиларимиз Рустам Ғоипов, Ғиёс Бойтоев ва бошқа санъаткорларнинг қўшиқларини тингласангиз, она тилимизнинг нақадар гўзал, чиройли ва бетакрор эканлигини ҳис қиласиз, тилимизга нисбатан ғурурингиз янада ошади.
Демак, мактабларда мусиқа фани ўқитувчиларининг ишларига эътибор кучайтирилиши зарур. Нафақат мактабларда, балки ўзбек этномаданият марказлари қошида мусиқа, қўшиқ, рақс ва рассомлик каби тўгаракларнинг ишларини жонлантириш керак. Мана шу ишларнинг бошида вилоят, туман ўзбек этномаданият марказлари бош-қош бўлиши даркор.
Биз бир йилда бир марта, тумонат одамларни йиғиб, бошқа давлатлардан таниқли меҳмонларни чақириб, тўйлар қиляпмиз, лекин мактаблар, маҳаллалар, қишлоқларга нисбатан эътиборни сусайтириб қўйгандаймиз.
Яна бизнинг жуда катта лоқайдлик билан қараётган муаммоларимиздан бири – ўзбекча газеталар ва журналларга обуна бўлиш масаласи. Қандай маъноли, кенг қамровли “Жануб жарчилари”, “Жанубий Қозоғистон” ва бошқа матбуот нашрларимиз бор. Мен зиёлиман, тилимизнинг, элимизнинг ҳақиқий ватанпарвариман, деган ҳар қайси инсон, ҳеч бўлмаганда, бир оила газетага обуна бўлиши керак, дея хисоблайман.
Афсус: менга газетангнинг кераги йўқ, керак бўлса, интернетдан ўқиб оламан, дейдиганлар ҳам бор орамизда. Бу кабилар зиёлилар эмас, улар ялқов, енгилнинг остидан, оғирнинг устидан юрувчилардир, улар ўз оёқларига болта ураяптилар ва ўсиб келаётган ёшларга нолойиқ ибрат кўрсатаяптилар.
Агар биз тилимизга нисбатан бефарқ бўладиган бўлсак, фарзандларимиз “Қаро кўзим”, “Муножот”, “Биринчи муҳаббатим” каби мўъжизавий ва бетакрор қўшиқларимизни тушунмай, аросатда қолишлари турган гап. “Мусулмон мусулмонга ойна” – дейилган муқаддас ҳадисимизда. Бизларга қараб, ибрат олишаяпти фарзандларимиз ҳам…
Кучли, эътиқодли, имонли ёшларгина тилни, Ватанни, ота-боболаримиздан келаётган қадриятларимизни сақлаб, асраб-авайлай оладилар. Азизлар, биродарлар! Яратганнинг энг яхши неъматларига, саодатга интилиб, тилимиз ва дилимизни асраб-авайлайлик!
Б. АНОРМЕТОВ,
Сариоғоч тумани ўзбек этномаданият маркази раиси, туман фахрийлар кенгаши аъзоси