Бош саҳифа | | Рўйхатдан ўтиш | Кириш
Марҳабо! Гость | RSS
Меню сайта
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Февраль 2017  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728
Архив записей
Статистика

Онлайн всего: 5
Гостей: 5
Пользователей: 0
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Главная » 2017 » Февраль » 4 » Усмон Азим СЕВГИ(биринчи қисм)
    09:07
    Усмон Азим СЕВГИ(биринчи қисм)

    Усмон Азим 
    СЕВГИ (биринчи қисм)
    Бошимга тушди ғам тиғи, бало тоши, ажал захми,
    Кўр, эй, ҳижрони золимким, нелар бошимга келтурдинг.Алишер Навоий

    Абдураҳмон Чаганада вояга етган. «Туғилиб, вояга етган» деб ёзмаётганимизнинг сабаби шундаки, унинг қаерда туғилганини ҳеч ким, ҳатто ўзи ҳам билмайди. Вояга етган жойи эса аниқ — Чагана, болалар уйи, мактаб, стадион, уларга элтадиган кўчалар, кўчалар четидаги тупроқ томли пастқам уйлар, аллақандай ноқулай тарзда мувозанат сақлаб турган деворлар, деворлар ортидаги дарахтлари бир-бирига мингашган боғлар… Шу…Эсида қолгани шу. Аммо шунга ҳам шукур этмоқ керак, чунки Абдураҳмон Чаганага бормаганига йигирма беш йилча бўлиб қолди. Йиллар ўтгани сайин хотира вақтнинг беадад кенгликларида чўзилиб ётган узун вужудини йиғиштириб, бир жойга тўплаб оларкан. Энди Абдураҳмон Чаганани ўйласа, юқоридаги маназара «лип» этиб пайдо бўладию, орзиқтиришга ҳам улгурмай, юракни батамом забт этган майда-чуйда ташвишлар комига чўкиб кетади.Ўрисиянинг бу шаҳарчасида Абдураҳмон ўзини бегона сезмайди — ҳаммага аллақачон эл бўлиб кетган. Илгари, пиво мўл маҳаллари майхонага кирсами, ў-ҳў, «Алик! Алик!» деб чақирганнинг сони минг эди. Олдига қуритилган балиқдан ҳам, муздай пиводан ҳам суриб қўйишарди, кўзлар сархушликдан сузила бошлагач, кўп қатори ашула ҳам айтарди. Рости, ашулани ҳаммадан яхши айтарди. қўшиқ авжлангани сайин унинг кўзлари юмилар, ичи ўтда куяётгандай юзлари бужмаяр, лабида аллақандай аламли табассум пайдо бўлар эди. Жўр куйлаётган ҳамшишалар бу табассумга кўзлари тушгач, бирин-кетин қўшиқ айтишдан тўхташиб, унга завқланиб термулишар, уларнинг ҳам юзлари оҳангдан уфураётган тушуниксиз азобнинг нафасини сезиб бужмаяр; чидай олмасдан бошларини сарак-сарак этишар эди. Овознинг кенглигини тан олгувчи бу ернинг қўшиқлари Абдураҳмон бўғзида пиво шинавандаларининг қулоқлари ўрганмаган нотаниш нолалар, фиғонлар, ёлворишлар, ўксинишлару бўзлашларга қўшилиб, афсунгар бир ҳолат касб этардиким, майхонага сигарет тутуни ва балиқ ҳиди аралаш сукунат чўкарди. қўшиқнинг энг баланд пардаларида шикаста ҳазинликка йўғрилган зўриқиш пайдо бўлар, бу зўриқиш овознинг ожизлигидан эмас, балки эскигина пахталик кийган шу одамнинг юрагида пайдо бўлган ҳасратнинг зўри эканлигини бадани вижирлаб турган сукунат ҳам ҳис эта бошлар эди. қўшиқчининг юмуқ кўзларидан сизган ёшлар ажинларнинг ариқчаларидан оқиб, лабларига тушар ва қўшиқнинг таъми шўрга ўхшаб туюларди… Буфетчи Роза бўялган ғар кўзларига ярашмаган сипо бир алфозда қўшиқ тинглар, ҳар дам-ҳар дамда шавқини яширолмай «чёрт!.. чёрт!..» деб қўяр эди. Албатта, қўшиқ тугаганидан кейин ҳам сукунатни биринчи бўлиб бузиш лаззатидан ўзини марҳум қилмасди:
    — Алик! —деб қичқирарди у пештахтанинг орқасидан.—Алик! Жоним! Бу ёққа кел! Йигитлар, Аликни тўппа-тўғри менинг қучоғимга жўнатинглар-чи! Алик! Жоним! Бу нима қилганинг? Юракларни қон қилиб юбординг-ку! — Сўнг одамларнинг ҳазил-мутойибаси остида пештахтага суяниб турган Абдураҳмонга шахт билан энгашарди-да, сигарет исини анқитиб, йигитнинг лабларидан шартта ўпиб олар; сеҳргарларга хос ўктамлик билан пештахта тагига энгашар, лаҳза ўтмай шиша ичида аллақандай ўртаниб турган ичимликни икки митти қадаҳга қуяр эди: «Алик! Сен фақат коняк ичишинг керак! Бошқаларга пиво ҳам бўлаверади! қани, ол! Жоним, овозинг маст қилди-қўйди! Бўлди, энди сени Машага бериб қўймайман…»— Раҳмат, Розочка… — дерди Абдураҳмон, қўшиқнинг ҳоври кетмаган товуши титраб…
    Енди бу гаплар — пиво кўп бўлган замонларнинг гаплари.
    Ҳозир пиво ҳам топилмайди, қўшиқ ҳам айтилмайди. Ҳамма сиёсат билан машғул. Яқинда заводда бир кунлик иш ташлаш ҳам бўлди. Митинг…
    Абдураҳмон чорак асрдан буён истиқомат қилаётган бу шаҳар ўттизинчи йилларда қурилган. Тўғрироғи, аввал завод, кейин унинг атрофида шаҳарча барпо этилган. Тантанали йиғилишларда ирод этиладиган маърузаларда, «оловқалб комсомолларнинг бунёдкорлик қудрати туфайли қад кўтарган завод» ҳақида пинак бузмай сўзланса ҳам, аслида уни «халқ душманлари» — зеклар қургани шаҳар аҳлига аён. Заводнинг биринчи ишчи-хизматчилари ҳам ўшалар. Уларнинг битта-ярими ҳозир ҳам барҳаёт. Одамови, камгап бу одамлар айниқса йиғинлардан, учрашувлардан қўрқадилар. Бир гал заводнинг маданият уйидаги мажлисга пенсионер Комаровни қўярда-қўймай олиб келишди. Чол минбарда бирпас довдираб турди-да, сўнг бирдан асабийлашиб қичқира бошлади: «Шу гаплар… кимга керак! Гапириб бўлмайди ахир! Тушуняпсизларми?.. Э, жин урсин!..» У ҳўлқаси тўлиб, саҳнадан кутилмаган чаққонлик билан сакраб тушди-да, эшикка қараб йўналди. «Дмитрий Иванович! Дмитрий Иванович!..» деб чақирди ҳовлиқиб маданият уйининг директори Пашка Чиройли, «Дмитрий Иванович бўлсам нима бўпти! Мана, олтмиш беш йилдан буён Дмитрий Ивановичман! — чол бир зум тўхтади-да, аъзойи бадани қалтираб, қўлларини силкитганча яна бақира бошлади: — Эртак эшитгиларинг келиб қолдими?! Сталин бўлганида сенларга эртагини кўрсатиб қўярди!.. Мана шу ерда, — чол депсиниб, худди оёғи турган жойга ишора қилди, — ота-онам ётибди! Ака-укаларим ётибди! Мана сенларга эртак! Ҳе, онангни!..» Чол бақира-бақира, сўкина-сўкина кўчага чиқиб кетди.Ўшандан кейин Абдураҳмоннинг кўзига маданият уйи аллақандай совуқ кўриниб қолди. Маданият уйи ёшлар унутиб юборган лагер ўрнида қурилганини билса ҳам, ўликларни қишда бир четга тахлаб қўйилганини, кейин, баҳор пайтида музи эрий бошлаган мурдаларни бир-бирининг устига саржиндай тахлаб, ўрмон четидаги сайҳонликка кўмишганини эшитган бўлса ҳам, барибир, ҳудди маданият уйининг поли тагида Комаров чолнинг ота-онаси, ака-укаларининг мурдалари ётгандек туюлаверади.

    — Алик, Болшой театримиз сенсиз ҳувиллаб қолди… Ё «Ла Скала» билан шартнома туздингми? — Ҳар учрашганда энди Пашка Чиройли шундай деб ҳазиллашадиган бўлди. — Жиддий гап кўп, Алик… Кел… Сен келсанг, областда албатта биринчи ўринни оламиз. Москвага чақиришади. Телевидение!.. Хорижга чиқсак ҳам ажабмас…Абдураҳмон «хўп» дейдию бормайди.

    Шаҳарда эса бошқа бош урадиган жой йўқ. Кутубхона, қироатхона, кинохона, ресторан… Кинохона ва ресторан кутубхона ва қироатхонадан фарқли ўлароқ — гавжум. Махфий завод жойлашган махфий бу шаҳарда сирли бир тасодиф туфайли маданий-маиший ҳордиқ чиқаришнинг бу икки маскани коммунистик меҳнатдан ҳориган меҳнаткашларнинг бахтига, шундоқ бир-бирининг қарама-қаршисида жойлашган. Хоҳ-ласанг кинога, хоҳласанг винога — фақат кўчани кесиб ўтсанг бўлди. Кимдир кинодан чиқиб винога киради, кимдир ресторандан чиқади-да, шаробдан бўшашган кўнгли ғуборини кеткизиб, ҳинд куйлари остида ўкириб-ўкириб йиғлагани кинохона томон равон бўлади. Кинохонага етолмаганлар эса, мувозанат сақлашдай одоб доирасидаги вазифаларини ҳам удда этолмасдан, кўчага ётиб олишгач, сўнгги дақиқагача бетарафликка қатъий амал этиб турган мелиса нарядининг қўлига тушади… Умуман, кўпинча кўчани кесиб ўтиш, баъзи бир командировкага келган енгилтаклар ўйлаганидай, хавф-хатардан холи иш эмас, чунки смена тугагач, негадир заводнинг эшигиданоқ ширакайф ҳолда чиқадиган меҳнаткаш халқ айнан шу жойга етганда кайфнинг чўққисига чиқади ва тушолмасдан гоҳ кинохона эшигига, гоҳ назоратчи Даша холадан созлаб дакки эшитишгач, рестораннинг буфетига оқиб туради. Буфетга кучи етмайдиганларни кучи етадиганлар меҳмон қилади. Кучи етадиганларнинг назарига тушмаганлар ҳам ўзларини йўқотиб қўймайдилар. Чўнтакларнинг хотинлар кўзидан пинҳон тирқишларида эзилиб кетган сўмлар ғарратли ташкилотчиларнинг ташаббуси туфайли қўлбола ароққа, вино деб аталувчи қандайдир қизғиш ичимликка ва яна бир балоларга тезлик билан алмаштириб келинади. Шаҳарнйнг бу муҳташам марказига туташган ҳамма тор кўчаларда бу бахтиёр одамларнинг тўдалари илҳом билан шишаларни бўшатишга киришадилар. Кейин ажабтовур ҳодисалар рўй беради. Шаҳар, гўё тортишув кучи таъсиридан кутулгандай, ўзини енгил ҳис этади. Кўчалар ёсуман бир қудратнинг хушбахт шамолида лапанглаб рақсга туша бошлайди. Кўчаларнинг ўнг томони сўл томонда, сўл томони эса ўнг томонда пайдо бўлиб қолади. Уйларнинг тартиблари чалкашади. Масалан: Ленин кўчасидаги иморат Маркс кўчасидаги иморатнинг ўрнига кўчади. Негадир Колянинг хотини Машанинг эри билан қўлтиқлашиб жўнайди. Машанинг эри эса эрталаб умуман эри йўқ Людка Безорининг каравотида уйғонади. Одамлар тонгда бу табиий офатнинг оқибатларини тузатишга киришадилар. Кўчалар оғриган бошларини чангаллаганларича, тонгнинг муздай ҳавосида ўзларига келиб, қизариб чиқаётган қуёшга бемаъно термулган кўйи мустарликда қотиб турадилар. Иморатлар кўчаларнинг карахтлигидан фойдаланиб, ҳеч нарса кўрмагандай, темир-бетон гавдаларига ажиб бир иффату мўминлик бахш этган ҳолда ўз ўринларига келиб ўрнашадилар. Бирмунча сўкиниш, бақиришу чақиришлардан кейин, синган эшиклару идишлардан ташқари, ҳамма нарса ўрнига тушади. Оилалар паспортдаги муҳрлар асосида бирлаша бошлайдилар. Албатта, ҳеч ким ўзини гуноҳкор ҳис қилмайди. Ҳамма шайтон йўлдан урганлигини бир оғиздан қайд этади. Бошқа сабабларни излаб ўтиришга вақт ҳам, тоқат ҳам топилмайди. Чунки, соат миллари оиладаги бахтиёр онлар тугаб, шонли меҳнат лаҳзалари тобора яқинла-шиб келаётганига кафиллик бериб, бонг урадилар. Машина ишга тушади, ускуналар ғувиллайди, заводдаги минглаб темир тишли ғилдираклар бараварига айлана бошлайди, пўлату чўянлар олов сачратиб, одамлар истаган шаклга киради… Аммо, шайтон ҳам бўш келмайди. У оғриётган бошларни роҳат-фароғат сари элтгувчи одатдаги йўлни бетўхтов яққоллаштириб, кўнгилларга ғулғула солиб туради. Беқарорликда ўртанаётган кўзлар бир-бирларини адашмасдан топадилар, чўнтакларнинг пинҳон тирқишларидан яна эзилган сўмлар чиқиб, энди ҳеч кимнинг воситасисиз, ўзларини бориб шишаларга алмаштириб келадилар… Шайтон аралашгандан кейин шундай бўлади-да!

    Абдураҳмон бу содда, гуноҳи ҳам, тазарруси ҳам самимий шаҳарнинг барча телбаликларига аллақачон ўрганиб қолган. Ўрганиб қолгангина эмас, унинг гуноҳига ҳам тазаррусига ҳам шерик. Кўп қатори Шайтоннинг ҳам баъзи гапига кириб туради. Де-моқчимизки, нима деса, бажаргани югуриб кетавермайди. Тўғри, ич деса — ичади, лекин кучқурун, Шайтон кўчаларни қанча ҳилпиратмасин, иблиснинг айтганидан чи-қолмайдиган бечора хотинлар «Алик, юр бизникига, юра қол!.. Ашула айтиб берасан…» деб қанча нозик адолар этишмасин — у тўғри уйига келади. Мана, йигирма беш йилки, бирор томонга бурилмасдан, кечқурун еттида остонада ҳозиру нозир. У уйидагилар билан аллақандай ютоқиб, қувончини яширолмасдан кўришади: хотини Машани ҳам, қизи Люсяни ҳам маҳкам бағрига босади. «Дадам ҳар кун ишданмас, армиядан – келади», дейди сўзга чаққон Люся. Абдураҳмон овқат маҳали ҳам, телевизор кўриб ўтиришганда ҳам, хотини ва қизига меҳру муҳаббат билан тикилиб қўяди. Дунёда шундай яқин одамлари, уйи, заводда обрўйи борлигини ўйлаб, қувонади. «Люсенка, — дейди у ўзининг бахтидан тамом эриб, — бир пиёла чой узат-чи, қизим». Люся чой узатиб энгашганида, қизини эркалаб, бетига оҳиста уриб қўяди.

    Бу пайт Маша ўзига ярашган узун ва кенг хитойи халатга ўраниб, олиймақом зотларга хос сиполик билан «Работнитса» журналини варақлайди. Унинг ўзини тутишида ҳақиқатан ҳам одамларни чўчитмайдиган, аксинча, ийдирадиган бир виқор борким, кўзни қамаштирадиган даражадаги ҳусни билан қўшилиб, юракларни тамоман таслим қилади. Заводда Машанинг «Малика» деган лақаби бор. У таъминот бўлимида ишлагани учун, ўз мажбуриятларини унутишни яхши кўрадиган бошқа заводларга тез-тез командировкага бориб туради. У ташриф буюрган куниёқ исёнчиларнинг ҳаммаси сўзсиз қуролсизланиб, дўстлик ва ҳамкорлик ҳақида шартномага қулларча тавозе билан қўл қўйишга мажбур бўладилар. Кейин қадрдон корхонасининг обрўйини туширгиси келмаган абжир ходимлардан бири унинг шарафига албатта энг ҳашаматли ресторанда камтарона базм беради. Негадир, бу абжир ходимларнинг барчаси эртакдаги шаҳзодаларга менгзаб, бежирим кийинган ва ўктам бўладилар. Уларнинг бу сифатлари устига, латифа айтиш санъатини ҳам мукаммал эгаллаганликларини алоҳида таъкидламоқ лозим…

    Абдураҳмон хотинини ўртаниб, дилу жигари пора бўлиб яхши кўради. Машани биринчи бор кўрганида қандай титроқ ичида қолган бўлса, чорак асрдан кейин ҳам уни худди шундай титроқли ҳарорат билан севади.
    — Маша, — дейди у Люся бошқа хонага чиққан заҳоти, — мен сени яхши кўраман.
    — Раҳмат, Алик, — дейди Маша журнал ўқиган кўйи.
    — Мен сени сочингни, кўзингни, қулоғингни, бурнингни, оғзингни… бор туришингни яхши кўраман! —дейди Абдураҳмон, ичидан бостириб келаётган меҳру муҳаббатдан зўриқиб.
    — Раҳмат, Алик, — дейди Маша авзойини ўзгартирмай.
    — Маша…
    — Жим, Алик… Жим! қизиқ мақола экан…
    Абдураҳмон негадир хижолат чекиб, бир қадар ўксиниб сукут тортади. Хаёлга чўмади…
    …Тақдир тақозоси билан бу шаҳарга келиб қолган аскар бола бу самовий мавжудот билан рақсга тушаётганига ишонмайди…
    «Сен менга ёқасан, аскар…»
    «Сен ҳам…»
    «Фақат эҳтиёт бўл, аскар. Мени ёқтирганлар ўзини унутиб юборади. Мен сеҳргарман, аскар…»
    Аскар ўзини унутади. Бахтиёрликдан тўлиб унутади. Ўтмиш… Ўтмишда нима бор? Болалар уйи, мудом бўғизга тиқилиб тургувчи, миттигина юракни тинмай эзғилайдиган баҳайбат ҳасрат… Ҳеч қачон уни кўргани келмайдиган ота-онанинг бола хаёли яратган гўзал сиймолари… Кутиш. Умид. Соғинч… Соғинч. Соғинч… О, албатта, унутади! Маша, қўлларинг бунча меҳрибон! Маша, кўзларингда фақат меҳру муҳаббат! Маша, юзларинг бунча оппоқ! Маша, нега бунча чиройлисан?! Маша! Маша! Маша! Бутун дунё — Маша! Ўтмиш керак эмас — кетаверсин! Ватан? Менинг Ватаним—сенсан, Маша! Маша! Маша! Маша! Маша! Маша! Маша-а!.. О, нега бу бахтиёр  тушдан қўполлик билан тепиб уйғотасан? Мен ҳаммасини биламан, Маша! Сенга бир қарашданоқ, вужудингни қайси ифлос ўраларнинг бурқсиган яғмоларига раво кўрганингни аён биламан… Нега мени бунча бемалол сотасан, Маша?!

    «Барибир сени севаман, Алик»…
    Сенлар қанақа севгини расм қилдиларинг ўзи, Маша?! Бўлди, кетаман… Падарингга минг лаънат сени, Маша! Ахир, Люся билан сендан бошқа шундай кенг жаҳонда ҳеч кимим йўқ! Соғинчда ўламан, лекин ҳеч қачон сени кечирмайман, Маша!..
    «Мен сени севаман, Алик…»
    Шунақа ҳам севги бўладими?..
    «Мени кечир… Кечир…»
    Неча марта кечириш керак, Маша!? Охирги марта? Шайтон йўлдан урди? Ҳа, шайтон йўлдан урди! Фақат у айбдор!.. Мен йиғлаяпман… Сен ҳам йиғлаяпсанми? Нега, Маша, Нега?!.

    «Сени севаман…»

    Мен ҳам сени севаман… Мен ҳам сени севаман… Севаман! Се-ва-ман, Маша!..
    «Ухла. Ҳаммаси яхши бўлади, ухла…»
    Ҳа, ухлаш керак, Маша. Бахтиёр бўлиш учун ухлаш керак, Маша… Ухлаш керак. Фақат ухлаш керак…
    — Алик… Алик…
    Абдураҳмон кўзларини очади. Хотини сочларини силаб эркалатади.
    — Чарчабсан, жоним. Тур, каравотга чиқиб ёт… Мен ҳам ҳозир… Хўпми? Хўп… Хўп… Ухлаш керак… Ухлаш…
    Бу шаҳарда истибдодини ўрнатган Шайтон тавсияси буйича яшашгина ўзини омон сақлаб қолишини Абдураҳмон яхши билади. Ўйлаб ўтирмай — яшайвер! Бошингда сархуш туманлар сузиб юрсин; кўчалар мавжланиб, оёқларинг чалкашсин; кун бўйи интиқ кутган шишадаги орзунг — ягона армонинг билан учрашганингдан кейин — тамом! — муаммолар онасининг … га кириб кетади.Сен —ғолибсан. Ҳаёт пешонасини тириштириб ўтираверсин — унинг жазоси шу. Пул — кўп! Бу ер — шимол бўлганлиги учун бир мояна, махфийлиги учун бир мояна, қочиб кетишмагани учун яна бир мояна… Яна нима учундир мукофот, яна бир бало учун мукофот… Пул кўп! Ҳамма ичади. Аёллар ҳам ичади. Бировнинг ҳаётининг қизиғи йўқ. Барча — тенг! Маликаи дилоромнинг бошқаларда ортиқ жойи борми? қандай қилиб Шайтондан зўр келсин? Абдураҳмон кечиради… Икки-уч кун қовоғи осилиб юради. Кулолмаса нима қилсин? Аммо кечиради. Бу шаҳар аҳли кечиримли. Бугунги ғийбат эртага бормай ўлади. Чунки маст-аласт тунлару маст-аластлик иштиёқидаги кундузларда ғаройиб, ақлга тўғри келмайдиган воқеалар шу қадар мўл бўладики, бу ғаройиботлар аллақачон бирор-бир зотни ҳайратга солмай қўйган. Абдураҳмоннинг оиласида ҳам ҳар бир муаммо, айниқса, Машанинг енгилтаклиги туфайли юзага келадиган дилхиралик фақат тезроқ унутилиш йўли билангина ҳал қилинади… Аммо, барибир, Маша яхши хотин. Баъзан меҳрибонликни шундай жойига қўйиб қўядики, кўзингдан ёш чиқиб кетади…

    Абдураҳмоннинг ҳали аскарлик пайти. Взводи темир йўлда кўмир тушираётганда, тўсатдан Машани шундай соғиндики, тўппа-тўғри қизнинг уйига бостириб келди. Уст-бошига кўмир кукуни ўрнаб қолган, аъзойи бадани қоп-қора… Маша ҳеч иккиланмасдан, қувонч билан ичкарига таклиф қилди-да, тўғри каталакдай мўъжаз ваннахонага бошлаб кирди. «Ечин, — деди қиз эътирозга ўрин қолдирмайдиган оҳангда, — ечин!» Ўзи ишчан қиёфада ташқарига чиқиб, бирпасда қайтиб келди. Пахталикни ечиб, бундан ортиғига журъат этолмай турган йигит унга уялинқираб, довдираб қаради. Машанинг қўлида деярли яп-янги спортча кўйлак-иштон… «Нега серрайиб турибсан? Тез ечиниб, ваннага туш!..» Абдураҳмон бу буйруқнинг илиқ бир жилвасида, қизнинг хатти-ҳаракатининг табиийлигидан таралаётган хотиржамликда унга тақдир ато қилмаган, аммо борлигини бутун вужуди билан сезган… Она меҳри уфуриб турганини ногаҳон ҳис этди. Ҳис этдию бўғзига йиғи тиқилиб, ваннага тушди. Маша ишчанлик билан унинг елкасини ишқалади, сочларига совун урди… Хуллас, ғайратга тўлиб чўмилтира бошлади. Аҳён-аҳёнда: «Кирингни қара… кирингни қара…» даб қўяр, гўё Абдураҳмоннинг кирлигидан лаззатланаётгандек эди. Йигит эса бу нотаниш меҳрибонлик ичида ўзини идора қилолмасди — кўз ёшлари бошидан тушаётган сувга қўшилиб оқарди. У гўё кўчада тупроғу чангга ботиб, сўнг онасининг қўлига тушган болага ўхшар ва бу туйғуни, мана, ёши йигирмага етганида бошдан кечираётганидан хўлқаси тўлар, юраги фараҳбахш оромлар қўйнида эркаланар эди. Маша жиддий оҳангда уни койирди: «қулоғини қаранг! Шошма… Ювишни ҳам билмайсан! қулоғингни бошингни энгаштириб юв! Сув киради, ахир!.. Ношуд! Кел, ўзим ювиб қўяй!..» Абдураҳмон унинг барча буйруғини жон деб бажарар, бошидаги совунни ювиб ташлаган бўлса ҳам, кўзини очишга журъат тополмас эди. Йигит аллақандай мовий осмон тагида учиб юргандай, қўллари билан осмонни ушлаб кўрарди. Чексиз зангорлик худди булутдай юмшоқ эди. қуёшнинг чарақлаб турганини елкаси билан сезаркан, унинг нурлари илиқ баҳор ёмғиридай кифтидан оёқларига оқиб тушаётганидан вужуду руҳи лаззатланарди. О, у ҳеч қачон бундай баланд учмаганди…

    Шунда Абдураҳмон тақдир бу қиз билан уни чамбарчас боғлаганини, энди у ҳозиргина дуч келгани — меҳр остонасида итдай садоқат билан умр кечиришини юраги зирқираб англади. Одамнинг ҳаётида шундай бир сеҳрли дақиқалар бўладики, бу пайтда орзу-умидлар туманида тўзғиб ётган истиқбол кўнгилдан кўтарилган ҳис-ҳаяжонлар шамолида ғуборли пардасини юзидан илкис кўтаради. Бу ёруғ дунёда қандай кун кечиришингиз тўсатдан аён бўлади. Кейинчалик тақдир дарёсида оқиб бораркансиз, қанча ўзгартиришга ҳаракат қилманг, у истакларингиз устидан кулиб, саъйи ҳаракатларингизни барбод этаркан, ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмаслигига тобора ақлингиз ета бошлайди. Тақдир шунинг учун ҳам ТАҚДИР-да! Ў, жамияту табиатни ўзгартирмоқчи бўлганлар! қаранг, жамияту табиатнинг бесарҳад баҳри муҳитлари ҳали биз англаб етмаган, чексизликдан ҳам чексизликдаги мангу маконлар сари бошимиздан шовуллаб, кўпириб, соҳилларидан тошиб оқяпти. Ҳар бир мавжида милён тақдир бир жилваланадию, тубсиз гирдибодларнинг ялмоғиз ўпқонларида ғойиб бўлади. Йўқ, унга қарши туриб бўлмайди, аксинча, уни тушунишга, кўнглини овлашга, ғазабини юмшатишга ҳаракат кўргазмоқ керакким, токи умрингиз осойишталик қўйнида ўстин!

    Абдураҳмон сағир болалиги дилига жойлаган бир ҳушёр тажрибадан келиб чиқиб, тақдир билан ўйнашмоқ ҳеч қандай шараф, обрў келтирмаслигини англади. Тақдир исёнкорларни ёқтирмаслиги унга болалар уйидан аён эди. Саккизинчи синфда ўқиб юрганида, тарбиячи Шобердиевнинг юзига туфлади. Бекорга эмас — худо етимча қилиб яратган бўлса ҳам, ҳусни жамоли минг ота-онали қиздан ҳам зиёда, бутун болалар уйининг фахри Салима кечаси навбатчилар хонасидан йиғлаб чиққанидан кейин туфлади. Ёш авлодни коммунистик руҳда тарбияловчи одам мактаб ўқувчисига, бунинг устига, худо ҳам раҳм-шафқат қилмаган бир бебахтга кўз олайтирадими?.. Олайтиради. Ҳамма ҳам Салима эмас. қанчадан-қанча беҳимоя қизлар пана-панада ёшларини арта-арта, тақдирларини қарғай-қарғай, аламларини ичларига ютишга мажбур бўлдилар. Салима биринчи дуч келган одамни — Абдураҳмонни Ленин хонасига бошлаб кирди-да: «қулоқ сол, — деди хўрсина-хўрсина. — Болаларга айт, мени анов кал зўрламоқчи бўлди. Мени сенлардан бошқа ҳеч кимим йўқ. Сенлар ҳимоя қилмасанг…» Ўсмирлик! Сен қандай яхшисан! қандай бесабрсан! Адолат ўрнатиш учун бунча шошмасанг, паҳлавон! Балки достонларни ўқийвериб, ўзингни Алпомиш тасаввур этгандирсан? Балки Кумушининг ҳимоясига отланган Отабек эдингми ўша пайтда? Сен навбатчи тарбиячи хонасига отилиб кирдинг, ойна олдида соч тараётган Шобердиев сенга бурилиб қарадию, мақсадингни англагандай, кўзларини юмиб, лабини чўччайтирди. Сен… тупурдинг. «Ҳа ҳароми! — деганича Шобердиев чўнтакларидан дастрўмолини ахтара бошлади. Кўзлари ҳамон юмуқ эди. — Шошма… Жойингда қўзғолмай тур… Ҳароми!». У юзини яхшилаб артиб бўлгач, кўзини очди. Абдураҳмон унинг кўзи ғазабга тўлганини кўрди. Совет педагоги бундай пайтда нима қилиши керак? Эҳтимол, дераза олдида узоқ тик туриб, сўнг сенга ўгирилмасдан, овози титраганича: «Раҳмат! Тўғри қилдинг, мен аблаҳга бу ҳам оз…», — дейиши лозиммиди? Аммо, педагоглик шаънига ўчмас доғ туширган бу кал кечирим сўрашни қаердан билсин? У тўсатдан бир сакраб Абдураҳмоннинг қаршисида пайдо бўлди ва деярли шу заҳотиёқ бола қорнини ушлаганча, калнинг керилиб турган оёқлари остига шилқиллаб йиқилди. «Ўйнашдан бўлган энағар! Нега бундай қилдинг? Гапир! Жалабни боласи, гапир!..» Кейин тепди… тепди…

    Абдураҳмон кўзини очганида жамоат жам эди. Болалар уйи директори Чориевнинг мунғайган юзи унга яқинлашди: «Болам… Абдураҳмон… ўзингга келдингми?.. Бу нима қилганинг, болам! Тарбиячининг ҳам юзига тупурадими?». «Тупуради», — деди Абдураҳмон, сўнг хонага назар ташлади. У-ҳў! Оқ халатлилар, мелисалар, кичкина болаларнинг тунги энагалари, Салима… Шобердиев бақиряпти… «Илтимос қиламан… Буларга бир бало бўлган… Психиатрлар келиб текширсин… Ким билсин, балки зоти-да…» Абдураҳмон секин ўрнидан қўзғалди. Уни суямоқчи бўлган Чориевга, «ўзим…» деди-да, негадир ҳаракатсиз қотиб турган одамлар орасидан ўтиб, Шобердиев томон юрди. Шобердиев яна шошганича кўзини юмиб, лабини чўччайтирди. Бола роҳат қилиб тупурди. «Мен сени дуелга чақираман! — деб қичқирди у, — Мард бўлсанг, чиқ! Яккама-якка!..»

    Уни директорнинг хонасига олиб киришганида, кўйлаги йиртилган, юзи шилинган, қўллари қон юқи эди. «Ўзингни бос, болам!.. Ўзингни бос! Шайтонга ҳай бер!..» — Бечора директор шундай деб жалбираганича, бир қўли билан унинг сочларини тузатар, иккинчи қўлини эса силкитиб, одамларга хонадан чиқинглар дея ишора қилар эди. Чориев хонасидаги диванга ўз қўли билан ўрин тўшаб, бир маҳалгача болага тасалли бериб ўтирди…

    Абдураҳмон тонг маҳали уйғонди. Чориев ғира-шира бурчакдаги креслода ўтирарди. Бола ҳали уйғонганини сездирувчи бирор ҳаракат қилмаган бўлса ҳам, директор унинг кўзини очганини пайқаб оҳиста гап бошлади: «Болам, энди курашаман деб овора бўлиб юрма! Курашни менга қўйиб бер! Сен кўнглингни бўлмасдан, ўқи… Бу ғурбатхонадан тезроқ кетишни ўйла! Худо хоҳласа, ёмонлар жазосини олади. Ўзи… Шобердиев яхши одам эмас, болам. Маорифга худони зорини қилдим, керак эмас, дедим, йўқ, мажбур қилишди… Мана энди… Хуллас, ўқиш сендан, кураш биздан, болам…»

    Бир ойдан кейин Салима билан иккаласини директор чақирди. Унинг юзида одатдаги меҳрибонлик йўқ, қарашлари жиддий эди. «Сенларга бугун бир гапни расмий тарзда айтиб қўймоқчиман, болаларим. Бугундан бошлаб, тарбиячи Шобердиев бизнинг болалар уйида ишламайди. У ўз вазифасидан озод қилинди… Хўш…» У болаларга синовчан назар ташлади. Абдураҳмон ҳам, Салима ҳам бош кўтармай ўтиришарди. Орага ноқулай жимлик чўкди. Директор шаҳд билан ўрнидан туриб, қўлларини орқасига қўйганча, хонани илдам айлана бошлади. Сўнг уларнинг қаршисида кескин тўхтади-да, бақира кетди; «Сенлар уларнинг кимлигини биласанми! Илдизи етти қават ернинг остида!.. қариндош уруғи оламни босган! Мелиса гапидан қайтиб ўтирибди. Сенларни элтиб жиннихонага тиқиб қўйишдан ҳам қайтишмайди! Дўхтирлар болаларни текшириш керак, дейди» …У ўрнидан туриб, хонани олдингидан ҳам тезроқ айлана кетди… «Текшириб бўлишибди!.. Уларнинг айтгани мен ўлгандан кейин бўлади. Ҳали мен тирик эканман!,. Болаларим!.. Абдураҳмонжон! Салима қизим! Бу ғурбатхона мениям тўйди-риб юборди. Э, боре, двб кетай десам, сенлардак кўнгил узолмайман… Илоё, улғайинглар! Униб-ўсинглар! Бахтли бўлинглар! Шуларни қилганига бир бахтли бўлсаларинг, ўлсам гўримда тинч ётардим!..» Меҳрибон Чориев! Довдир Чориев! Биз ҳеч қачон бахтли бўлмаймиз. Демак, гўрингизда тинч ётиш насиб этмайди… Эҳтимол, юздан биттамиз… Б,изни худо қарғаган. Биз илдизсиз дарахтлармиз. О, онаси юз ўгирган фарзандлар қандай қилиб бахтли бўлсин! Бизни тарафимизни оладиган ҳукумат қаер-да, жонкуяр Чориев! Ишчи-деҳқон ҳукумати хўрланганлар тарафида эди-ку!.. Шунисига ҳам раҳмат! Кўчадан топишиб, боқиб-бовлиганлари учун ҳам қулдуқ! Бахтли болалигимиз ҳеч қачон эсимиздан чиқмайди…

    «Энди боринглар…» Чориев улар билан негадир қўл бериб хайрлашаркан, юзидаги шижоатли ифода аянчли бир тусга кирди. Зўриқиб жилмайди: «Боринглар…»

    Салиманинг йиғлаётганини Абдураҳмон ташқарида сезди. қиз кўз ёшларй аралаш болага ажабтовур қараш қилди-да, ётоқхонасига қараб йўналди. Сўнг йўлидан қайтиб, Абдураҳмоннинг ёнига бош экканча юриб келди. «Бу кунларни ҳеч қачон унутмайман!.. Абдураҳмон! Унутмасликка сиз ҳам ваъда беринг! Бир кун мабодо… — қиз «бир кун»ни кўрмоқчи бўлгандай узоқларга қаради, —учрашиб қолсак, мана шу аҳволимизни эслаб, кулайлик. Энг бебахт кунларимиз шу кунлар бўлсин! Омин!..» Бола қизнинг кафтлари фотиҳага очилганинг кўриб, шошиб юзига қўл югуртирди: «Омин!».

    Қизиқ, бу воқеалардан кейин улар бир-бирларидан нимагадир уялиб юрдилар. Абдураҳмон қизни узоқдан кўрганданоқ туриш-турмушидан табиийлик йўқолиб, талмовсираб қоладиган бўлди. Салима ҳам қизариниб сўрашар, тезгина хайрлашар, ёлғиз қолишганда эса, фақат китоблардан сўз очар эди: «Ўқитувчи» яхши… Ўқиганмисиз? «Она»ни ёқтирмайман… Сизни зериктйрмайдими? «Меҳробдан чаёнини кутубхонадан олган экансиз. Кейин менга беринг…» Аммо кўзлар ҳамиша бир-бирини топади. Нигоҳлар кимларнингдир елкалар, парталар, синфхоналар, деразалар, мактаб ҳовлисидаги шовқин-суронлар, қуёш нурларию шаррос ёмғирларда бахтиёр гул очаётган баҳорнинг қувончлари, булутлар, юлдузлар, осмонлар оша учрашади, Учрашадилару бу журъатларидан чўчиб, яна бир-бирларини бетоқату бесабрлиқда излагани ажраладилар. Нигоҳларнинг бу қисқа тўқнашуви телбаваш қўллари билан синиқ тақдирлар устидан юракни бесабр титратгувчи ёғдулар тўкади. Соғинаётган, азобланаётган, қасамлар ичаётган, умрини бағишламоққа тайёр кўнгиллар бу лаҳзада изҳорини баён этмоққа улгуради:

    «Мен сени севаман»
    «Мен ҳам…»
    «Мен сени жонимдан ҳам яхши кўраман!»
    «Мен ҳам…»
    «Сени… мени ташлаб кетган онамдан ҳам яхши кўраман!..»
    «Мен ҳам!.. Мен ҳам!.. Мен ҳам!..»

    Аммо бу сўзлар  тилга кўчмайди. Юракнинг алангасида вужудни ўртаб, тошдай қизиб ётаверади.
    Абдураҳмон кўзлар аллақачон бир-бирига изҳор этган бу сўзларни Салимага фақат армияга жўнашидан бир кун аввал айтишга улгурди. Йўқ, аслида айтгани йўқ — «Ўтган кунлар» китобнинг оқ саҳифасига «МЕН СЕНИ СЕВАМАН», деб ёзди-да, болалар уйига бориб, дарвоза олдига ўрмалашиб юрган «чурвақа»лардан бирининг қўлига тутқазди: «Салима опангга бер». Хизмат ҳақига нақ бир чўнтак «Ирис» олган болакай ғизиллаб жўнади. Абдураҳмон эса қуш қувгандай шошилиб орқасига қайтди.

    Ертаси ҳарбий қўмитанинг идорасидан уни кузатгани Чориев хотини билан келди. Гарчи энди Абдураҳмон ғишт заводида ишлаб, ётоқхонада яшаб юрган эса-да, одамшаванда директор ҳаммани қариндоши кузатаётганда, яккамохов бўлиб туришдан ёмони йўқлигини билиб чиққанда… Бечора Чориев! Ҳар доимгидай меҳрибонлик билан гоҳ йигитнинг елкасига қоқиб, гоҳ тирсагидан ушлаб, бетўхтов насиҳат беради: «Командирларингни гапидан чиқма!.. Ёмон болаларга қўшилма!.. Меҳнат икки кўздан иссиқ — меҳнатдан қочма… Йўғон бўйинлик қилма! Тез-тез хат ёз! Холанг билан бизни соғинтириб қўйма, жоним болам…» Абдураҳмон эса кўзлари билан оломон кезиб, Салимани қидиради. Директорнинг дилафкор меҳрибонлигидан томоқлари ачишиб, атрофга билдирмасдан назар ташлайди. йўқ… Ҳарбийлар машиналарга чиқишга буйруқ берадилар. Йўқ… Чориев уни маҳкам бағрига босади, хотини йиғлаб қучоқлайди, юзларидан ўпади, қўлига каттакон тугун тутқазади… Йўқ… Автобусларнинг мотори юрғизилади. Оқсоқоллардан бири дуога қўл очади: «…Омин! Ой бориб, омон келинглар!» Оломон сидқидилдан, ихлос билан юзига фотиҳа тортади. Автобуслар қўзғолади… Шунда йигитнинг ҳарбий қўмита ҳовлисидан ташқарида, панжарага суянганча, кимгадир қўл силкиётган қизга кўзи тушади. Салима! Унга қўл силкияпти!.. Хайр, Салима, хайр! Ҳеч ким сени хафа қилмасин! Бахтли бўл… қиз қўл силкитганича, қолиб кетади. Стадион… Болалар уйи, мактаб… Кўчалар четидаги томи тупроқли пастқам уйлар… Ноқулай бир ҳолда мувозанат сақлаб турган деворлар… Дарахтлари бир-бирига мингашган боғлар… Хайр, Чагана! Яхши қол… Кўзларни тумандай қоплаган ёш ичидан қандай гўзал кўринасан! Чагана! Униб-ўстирган юрт! Икки йилдан кейин кўришамиз! Хайр…

    Абдураҳмон бу икки йилнинг йигирма икки йилга чўзилишини ўша маҳали тасаввур ҳам қила олмасди. У армиядан Чориевга бир марта хат ёзди. Аммо бу хатни ёзиш жараёни шу қадар мушкул кечдики, қайта бу ишни такрорламасликка қарор қилди. Агар одамларга ўхшаб яшамоқчи бўлса, ўтмишини — болалигини тамом унутиб яшаши лозимлигини ҳам ҳис этди. Чунки ўтмишда кўнгилни ғашлагувчи, юракни ғуссага тўлдирувчи хотиралар бисёр эди. Бу хотиралар унинг елкасидан мудом босиб турар, эркин ҳаракатга йўл бермас, орзу-умиднинг қоматини тупроқдан уздирмасди. Чагана билан ҳар қандай алоқа уни хотираларнинг ғамгин тор кўчаларидан юришга мажбурлардиким, Абдураҳмон бу кўчалардан умрбод чиқолмасдан қолиб кетиши мумкинлигидан қўрқди. Бу кўчаларнинг бировга айтиб, тушунтириб бўлмайдиган ҳасратлари шу қадар кўпки… Балки шунинг учун ҳам Абдураҳмон мана бу ғалати шаҳарнинг расм-русмларини тезкорлик билан ўрганиб олгандир?

    Балқи шунинг учун ҳам ўрисларнинг ашуласини авжи қойилмақомда куйлашнинг уддасидан чиққандир?
    Балки шунинг учун ҳам бу шаҳар аҳли қатори ҳар оқшом майи нобдан нўш этишга комил ишонч билан ихлос қўйгандир?..
    Бу йигирма икки йил ичида Чагана ундан юракда оғриқ қўзғамайдиган даражада узоқлашди. Абдураҳмоннинг ҳам, Машанинг ҳам моянаси зўр, бунинг устига, бу махфий шаҳарчада таъминот яхшилигидан истаган нарсаларини сотиб олишар, таътил ойларида мамлакатнинг тўрт тарафидаги энг яхши курорту ҳордиқхоналарда дам олишар, саёҳатларга чиқишар, аммо уларнинг ўртасида Чаганага бориш ҳақида шу кунгача ҳеч қачон гап-сўз бўлмаган эди. Бора-бора Чагана кичрайиб, хира бир кўлкага айландиким, энди уни эслашга ҳам ўрин қолмаганди…

    Аммо, мана шу дам олиш кунида олдинма-кейин ғаройиб воқеалар рўй бера бошлади.
    Эрталаб қўшнисининг хотини Лида кирди. қўлида газета. Абдураҳмон тарафга ажабтовур бир қараш қилди-да:
    — Маша, мана буни ўқи, — деди газетни дугонасига узатиб, — босмачилар бизни-киларни ҳайдаб юбораётганмиш… қара-я, аблаҳларни…
    Маша ўқишга тутинди. Лида бобиллашдан тўхтамади:
    — Уларни қолоқлик ботқоғидан суғириб олдик, феодализмдан социализмга ўтказдик, одам қилдик… Энди Россиянгга бор эмиш, энди менинг тилимда гаплаш эмиш… Бу ваҳший босмачилар оёғимизни ўпса ҳам оз…
    Лида билан баҳслашиб бўлмасди—у китоб ўқирди. Бироқ Абдураҳмон савол ташлашга журъат этди:
    — Оёғингни ким ўпмаяпти, Лида? —деди қувноқлик билан.
    — Алик… Алик!.. —аёлнинг овози таънакор жаранглади. —Сен уларнинг тарафини олма! Улар яхшиликни билмайдиган маданиятсиз халқ! Овқатни қўлда ейишади-ю…
    Абдураҳмон бу аёлнинг шаддодлигидан завқланарди. Ҳозир ҳам тантанаворликда қарғанишидан илҳомланиб, мулойимгина ҳазилини давом эттирди:
    — Овқатни қўлда ейишадими? Вой, маданиятсизлар-ей!.. Кимлар экан улар, Лида?
    — Сенинг ўзбекларинг-да, Алик! Сен у босмачиларнинг юртида яшамасдан тўғри қилгансан! Сиртида қўл қовуштириб туришади-ю, ичида… Писмиқ халқ!..
    Абдураҳмон бирдан ҳазил қилишга кучи етмасдан сўлиш тортди. Нега хафа бўла-ётганига ўзи ҳам тушунмади. Эридаги ўзгаришни истаса дарҳол сезадиган Маша қўшнисига газетасини тутқазди ва бирпасда малика қиёфасига кириб, уни кузата бошлади:
    — Кечирасан, Лида… Биз кинога отланаётгандик… Кечқурун кир… Абдураҳмон анчага гарангсиб ўтирди. У ҳамон нега дили сиёҳ бўлганини англаёлмасди. Фақат қаттиқ ҳақоратланганликнинг оғриғини ҳис қилар, аммо бу оғриқни Лиданинг қайси сўзи олиб келганини тушуниб етмасди…
    — Хафа бўлма, Алик… Лидани жаврашини ўзинг биласан-ку…
    Маша эрининг сочини силаб, кутилмаган навозиш кўрсатди. Унинг бу ҳаракати Абдураҳмоннинг хавотирини тасдиқлади, — дамак, нимадир бўлган… Наҳотки… Наҳотки… Лида ўзбекларни сўккани учун хафа бўлган бўлса?.. У ўзининг ихтиросидан ўзи ҳайратга тушиб, чуқур хўрсинди. Бу ҳақоратдан дили хира тортганлиги учун негадир ўзидан миннатдор эканлигига яна бир бор ҳайрон қолди.
    — Маша! Юзта қуйиб кел…
    Ерига қувноқлик кайфияти қайтаётганини ҳис қилган «Малика» енгил қадамлар билан ошхонага йўналди.
    Абдураҳмон стаканни кўзини юмиб симирди. Шу аснода қадрдон дўсти Николай хотини Надя билан кириб келишди. Столда яримта пайдо бўлди. Ярим соатдан сўнг у эрталабки воқеани тамом унутиб, «файласуф»нинг — Колянинг инсон умри ҳақидаги «пластинка»сини балки мингингчи бор қайта эшитиб ўлтирарди.

    — Инсоннинг умри, — дерди Коля қизишиб,—бу… оқаётган сув!.. Ким эринмасдан канал қазса, сув ўшаники! Биз канал қазмаганмиз! Умримиз оқиб ётибди. — У овозини пасайтирди. — Биз учун бошқалар канал қазишган… Ҳаммамиз учун битта! Мана энди бир заводнинг ичида ўн минг одам аралаш-қуралаш бўлиб оқяпмиз. Ҳаммамиз бир хил… Мендан сенинг фарқинг йўқ. Фақат ўзларига осон бўлиши учун исму шарифимизни қолдиришган, холос…
    Колянинг «пластинка»си бугун ўзгача таъсир қилди. Ҳақиқатан ҳам, Коля, мени сендан фарқим йўқ! Кимлардир қазган канал ичига беному нишон чўкиб кетамиз! Ҳеч ким бизни эсламайди, дўстим! «Халқ душманиларининг суякларини кўрганмисан? қабристонлари тўла суяк! Сочилиб ётибди! Улар ҳам одам бўлган-ку, Коля! Улар учун ҳам битта канал қазишганми? Бизнинг сўнгакларимиз ҳам худди шундай сочилиб қолади, азизим Коля! Ҳеч ким эсламайди! Ҳеч ким! Биз киммиз?! Фақат соврилишга арзиймиз, Коля…

    Шу пайт яна бирдан Абдураҳмоннинг ёдига эрталабки хафачилик тушди. Сархуш бошини қўллари орасига олиб, узоқ хаёлга толди.
    — Алик, ашула айтиб бер!, — деб илтимос қилди Надя, ичганида пайдо бўладиган нозли овозда эркаланиб.
    Абдураҳмон гўё яна ҳақорат эшитгандай, сапчиб ўрнидан туриб кетди
    — Тинч қўйсанг-чи!.. ,
    Аммо қўрслик қилиб қўйганини тушиниб, стул ортидан Надяни маҳкам кучоқлади:
    — Кечир, Надюша!.. Кечир! Бошқа сафар албатта айтиб бераман.
    Меҳмонлар кетишгандан сўнг Абдураҳмон одатдагидай, майи нобнинг сархуш қучоғида қотиб ухлаб қолди. Уйғонганида, шом ғира-шира кўланкасини деразадан хонага ташлаганди. У бутун вужуди билан оғирлашаётган қоронғиликнинг залворини сезиб, ўрнидан қўзғолди. Ошхонанинг эшиги тирқишидан тушиб турган ёруғни кўриб, ошхонага кирди. Маша паришон бир алфозда тўзиган калта сочларини панжалари билан тараганча, хаёлланиб ўлтирарди.
    — Кир, Алик. қизингдан келган хатни ўқи.
    Шундагина Абдураҳмоннинг кўзи стол устидаги хатга тушди.
    — Нима деб ёзибди?
    — Ўқи…
    «Ойи… Хавотир олманглар… Ўқишим яхши… Фабрикадан тўғри дарсга… Москва совуқ… Бир ўзбек билан танишиб қолдим… Оти — Саид… Самарқанддан… Мен ҳам яхши кўраман… Саид Самарқандда яшаймиз дейди… Ахир, дадам ўзбек… Саиднинг ҳамшаҳарлари… Ўзбекчани билмаслигимга ҳайрон қолишди… Мен барибир ўзбек қизиман, Чаганаликман, дедим… Дадам… Хафа бўлмасмикин?..»
    — Хафа бўлмайсанми, дадаси? — деб хатдаги саволни такрорлади Маша. У ҳафсаласизлик билан жилмайиб, савол назари билан қараб турса ҳам, эрининг нима дейишини олдиндан англаб етгани шундоқ афт-ангоридан маълум эди.
    Абдураҳмон эса хатга яна бир марта кўз югуртирди. Негадир конвертдаги манзилгоҳ ёвузини синчиклаб ўқиган бўлди. Пешонасини тириштириб, қўллари билан сочини эзғилади. Сўнг илкис ҳаракат билан ўрнидан қўзғолди. Кўзларини юмганича, бошини мағрурона бир ҳолатда орқага ташлаб:
    — Қонига тортибди…—деди.
    У бу гапни деярли шивирлаб айтган бўлса-да, иккаласи ҳам аллақандай тантанавор руҳни пайқашди.
    — Ўтир, Алик, ўтир, — деди Маша алланечук хавотирланиб. Абдураҳмон шиддат билан энгашди-да, хотинининг бошини бағрига босди.
    — Маша! —деди у ичида кечаётган туйғулардан лаззатланиб. — Маша… қизимни қара! Қонига тортибди!..

    Абдураҳмон нега қувонаётганига ўзи ҳам ҳайрондай, бир дам қотиб қолди. «Бирор марта сен ўзбексан, деб айтмаган бўлсам… деб ўйлади у, демак, қонига тортган-да!». Кейин ўзининг ҳам томирларида ўзбекнинг қони оқаётганини аниқ тасаввур қилди. Ароқдан карахтланиб юрагидан отилиб чиқаётган қирмизи қон бутун гавдаси бўйлаб бемақсад югураётганини, аммо ҳозирги ҳаяжоннинг билинар-билинмас тўлқинчалари руҳига кўчгани сайин, узоқлардан — саҳролар, ўрмонлар, тоғлар оша таралаётган буюк бир чорлов садосидан жимирлаб, юракнинг бир четида безга сарғайиб қолган ўзлик чорбоғи сари йўналганини кўрди. Абдураҳмон бирдан бу дунёга осмондан тушмаганлигини, унинг ҳам илдизи борлигини; кенг жаҳондаги қайсидир бир чорбоғнинг тақдир узоқларга ўтқазган ниҳоли эканлигини пайқади.

     

    Просмотров: 566 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    avatar