Усмон АЗИМ. СЕВГИ(2-ҚИСМ)
— Маша!..
— Ичасанми?
— йўқ… Маша!..
Абдураҳмон хотинига нимадир демоқчи бўлди, аммо кўп йиллардан буён кўнглидаги жараёнларни сўзга кўчириш малакасини йўқотиб қўйган тили айланмади. Хотини унинг нима демоқчи бўлганини фаҳмлагандай, жилмайди. Сўнг ўрнидан турди-да, эрининг елкасига оҳиста уриб, меҳмонхонага бошлади.
— Телевизор кўрамиз…
Аммо бу уйда тақдир ўзининг аллақандай тушуниксиз ўйинини бошлагани аён эди. Экран ёришганиданоқ диктор қиз «азиз томошабинларни «Ўзбекфилм» киностудиясида суратга олинган «ЎТГАН КУНЛАР» филмини кўришга таклиф» этди. Маша қақиллаб кулди.
— Алик! Бугун ўзбекларники, шекилли… А, жоним?..
У негадир завқланганича, эрининг бетига аста-аста уриб қўйди. Бу ҳазил Абдураҳмонга ёқди. У эриганини билдирмаслик учун юзига жиддий тус бериб, креслога чўкди. «Ўтган кунлар»… «Абдулла қодирийнинг шу номдаги асари асосида»… ўқиди у экрандан. Кутилмаганда, экранга қодирий китобининг малларанг муқоваси сузиб чиқди. Кейин панжарага суяниб, кимгадир қўл силкитаётган қиз ҳарир ғуборлар ичидан пайдо бўлди. Салима!..
— Ҳозирги кўринган қиз, — деди Абдураҳмон хотинига қарамасдан, — мен билан болалар уйида…
Аммо хонада ҳеч ким йўқ эди. У яна экранга кўз ташлаганида эса, Салима ҳам ғойиб бўлганди…
Абдураҳмон филмни, ўзи ҳақида олингандай, қизиқиб томоша қилди. У қаҳрамонларнинг ҳар бир ҳаракатидан завқланар, дам-бадам «уф» тортар, кулар ва қоронғидан уялмай, ошкора йиғларди. Энди у ўрисча ашулалар айтганида товушида пайдо бўладиган бегона нолаларнинг қаердан адашиб келганлигини ойдин бир ўкинч билан ҳис қилди. қўшиқдаги ҳасрат! Илдизидан айро тушган заъфарон баргларнинг йироқдаги чорбоғи билан видолашуви эдингми сен? Наҳотки, шунча йилдан буён хазонлиғда адо бўлмаган бўлсанг! Чириб битмаган бўлсанг!
Абдураҳмон хотинини бир маҳал уйғотди.
— Алик, ичганмисан? — деди хотини оғриниб.
— Йўқ… Маша, жудаям жиддий гапим бор…
— Эртага кун йўқми?.. Ичмаганмисан?
— Ичмаганман, Маша, ичмаганман!..
— «Уф» де-чи!
— Мана… У-уф-ф!
Маша эрининг маст эмаслигига ишонч ҳосил қилиб, ёстиқдан бош кўтарди ва ҳозир қандайдир муҳим хабар эшитишини кўнгли сезиб, ҳушёр тортди.
— Маша… Мен Чаганага бормоқчиман.
— Қаерга?
— Чаганага… Ўзбекистонга-да.
Аёл эрининг бўйнидан маҳкам қучоқлади…
Абдураҳмон бир ҳафтадан кейин Чаганага жўнаб кетди. Маша у худди чет элга кетаётгандай, иззат-икром билан жомадонни йиғиштирди, йиғлаб дилдорлик кўрсатди. Абдураҳмоннинг кўз олдида бир дақиқа ўша — уни чўмилтирган қиз пайдо бўлди…
Тепаликлару жарларга, қоялару унгурларга чап бериб, тун бағрига оралаб кетаётган йўлни фаралар гоҳ йўқотиб, гоҳ топади. Машина гоҳ кучаниб баландликка ўрлайди, гоҳ эркин нафас олиб, пастликка ғизиллайди. Абдураҳмон ҳам моторнинг овозига қўшилиб зўриқади, енгил тортади; ичи қувончли бевовталикка тўлган, ўзини Малла деб таништирган шопирнинг саволларига аллақандай чарақлаб, чаққон табассум билан жавоб беради. Машина деразасидан қоронғуликка тикилади. Юлдузлари ярқираётган осмон тагида қирларнинг босиқ елкалари элас-элас чизилиб кўринади. Йўлни ҳар муюлишда кесиб чиқаётган сойда осмон парчаси бир ярқ этиб ўтади. Олисдан бир тўп ёғду дастаси бўлиб туюлган қишлоқларнинг чироқлари машина яқинлашгани сари сочилади — ҳовлиларга кўчади. Абдураҳмон янада безовталаниб Маллага қарайди.
— Чаганани соғинибсиз, ака! Яна сабрингизга балли! Биз бир кун кўрмасак, ўладиган бўп қоламиз… Йигирма йил-а! қойил!..
Шопир бошини хушвақтлик билан сарак-сарак қилади. Абдураҳмон кулади. Чагана янгиликларидан сўрайди, ўзи билган одамларни суриштиради.
— Чориевни ўлиб кетганига беш йил бўлгандир-ов… Аввал директор бўлганми?..
Кейин… Завхўз эди, шекилли. Ҳа, завхўз эди. Ўлганда детдўмда қиёмат бўлган дейишади… Икки юз бола хор бўп, йиғласа, ваҳима-да!.. Уч кун мактабга ҳам боришмаганмиш… Яхши одамнинг ўлими шундай бўлса керак-да, ака!.. Йўлдош деганингиз… Исму шарифини айтинг-да!.. Чаганага Йўлдошдан худо берган, ака… Омонов, дедингизми? Нега билмайлик, биламиз-да! Бўлим бошлиғи! |ириллаб юрибди… Тўғри сўз одам… На райкўмни қош-қовоғига қарайди, на обкўмни…
Абдураҳмон гоҳ маъюсланади, гоҳ завқланади. Кўнглини тўлдириб келаётган турфа ранг туйғулар ичида бутун жону тани роҳатланади. қоронғулик қўйнида унга сокин бир меҳр билан боқиб қолаётган тепаликлар, қирлардан, қишлоқлардан, дарахтлардан, йўлларга ўралашиб, ундан кўнгил узолмай оқаётган сойнинг сувларидан, қолаверса, чаганалик манови шопир йигитнинг илтифоти суҳбатларидан азиз меҳмонга бахшида бир роҳат барқ уради. Абдураҳмон бу жойлар уни соғинганини сезади. Кабина ойнасини туширади. Бағри соғинч тўла ҳаво юзини силайди, кўксига салқин танини ютоқиб босади. Беихтиёр кўзда қалққан бир томчи ёшни машина ортида югуриб келаётган зулмат қўйнига — беному-нишонлик сари учириб кетади…
— Чаганани соғинибсиз, ака, — дейди яна Малла. Бу сафар у бу гапни ҳазин бир ҳолда айтади. — Қирқ беш дақиқадан кейин Чагана…
Абдураҳмон кўзини юмади. Ўзини босиб олишга ҳаракат қилади. Аммо бечидамлик қадар ўртаниш унга ҳаловат лозим кўрмайди…
— Эҳ, Малла!.. Маллабой!.. — деб шопирнинг елкасига шахт ила уради. Бу ҳаракати билан уни тушунаётгани учун йигитга миннатдорчилик билдиргандай бўлади…
— Ҳозир етамиз, ака, ҳозир…
Мотор янада ғайратлироқ гувиллайди, шамол сочларига шиддатлироқ чанг солади… Энди йўл равонлашгандай эди. Уфқлар олислардан баҳайбат махлуқлар каби ваҳимали қорайиб, юлдузли осмон этакларини кўтарганча турган тоғларнинг билинар-билинмас елкаларигача кенгайган, ҳатто сой ҳам қайси бир кўприкнинг тагида ҳолдан тойиб қолиб кетганди.
Абдураҳмон машинанинг тўхтаганини пайқади. Аллақандай тепаликда туришарди. Сўл тарафда пастликда, чироғларининг сонига қараганда, чоғроқ қишлоқ.
— Ака! Жўрангизни кўрсатиб кетайми? Йўлдош акани айтаяпман. Бугун бир чўпони тўй қиляпти… Омонов ака ҳамма чўпонларининг тўйини ўзи бош бўлиб ўтказади
… Ана, қаранг! — Малла чироқ ёғдулари тўлиб-тошиб турган ҳовлини кўрсатди. — Тўйхона… қозон кўтардисига етиб қоламиз…
— Ҳайданг!..
Машина катта йўлдан қайрилиб, ҳаял ўтмай қишлоққа ораладида, бетартиб сочилиб ётган уйлар орасидан айлана-айлана тўйхона эшигига келиб тўхтади. Эшик олдидаги майдонда каттаю кичик машиналар; бир-бири билан суҳбатлашаётган, хайрлашаётган, тўйхонага кириб-чиқаётган одамлар; узоқроқда қоронғидан ёруғликка томон бўййнларини чўзиб турган отлар…
— Э, ана, Омонов ака!
Малла шошилиб машинадан тушди-да, сариқ «РАФ»нинг ёнида қўлларига ғилофли созлар тутган кишилар билан ниманидир гаплашаётган барваста гавдали, қундуз телпак кийган одамга қараб юрди. қўшқўллаб кўришди. Абдураҳмон йигирма икки йилдан нарида қолиб кетган Йўлдош билан учрашув бундай осон кечаётганини тасаввурига сиғдиролмай, гарагсираб ўтирар, энди ўзи томонга юриб келаётган одамга пешвоз чиқиш лозимлигини англаса ҳам, ўрнидан қўзғололмас эди. Йўлдош ўктам юриб келиб, эшикни очди.
— Абдураҳмон!.. Жўражон, бормисан?!.
У чўзилиб, ҳали нима қиларини билмай ўтирган Абдураҳмонни бўйнидан маҳкам қучоқлади.
— Пастга туш, оғайни!.. Бир тўйиб қучоқлай!..
Абдураҳмон машинадан қандай тушганини билмайди, фақат Йўлдошни у ҳам маҳкам қучоқлаётганини, дам бу елкасига, дам у елкасига навбатма-навбат бош уриб, беҳад суюнч ичида ўзбекчиликнинг таомилига кўра кўришаётганини сезади.
— Абдураҳмонжон!.. Ўзимни детдомим!.. Бор экансан-ку! Одам ҳам шундай йўқолиб кетадими?!
Бундай ногаҳоний учрашувлар одамнинг ёдига нималарни солмайди? Яхши кунларнинг эпкинию ёмон кунларнинг изғирин хотираларни бир лаҳзада ларзага солади, кўзлар намланади, овозлар титрайди… Йўлдош дўстини бир қўли билан елкасидан қучоқлаганича ёруққа олиб чиқади.
— Биродарлар!— деди у байрам кайфиятини ҳаммага билдириб, — йигирма икки йил йўқотган оғайним келди. Мана! Абдураҳмон!.. — У дўстини йўқдан бор этган сеҳргардай, тантанавор қиёфада ҳаммага намойиш этарди.
Одамлар Абдураҳмон билан кўриша кетишди. Уни кимдир бағрига босди, кимдир жон-жаҳди билан қўлларини силкиб кўришди — юзларда табассум, кўзларда қувонч…
— Тўйнинг эгасини чақиринг! Сойиб акага айтинглар! Йўлдош детдомнинг меҳмонини ўзи чиқиб, тўйга таклиф қилсин!.. Тез бўлинглар!
Йўлдошнинг ҳайқириғи негадир одамларга ёқди. Ҳамма ҳаракатга келди. Ичкаридан йўл-йўл беқасам чопон кийган тўй эгаси ҳовлиқиб чиқди.
— Қани меҳмон? Омонов акани меҳмони қани?!
У меҳмон кимлигини аллақачон билган, Абдураҳмонга қараб қучоқ очиб келаётган бўлса ҳам, умум қувончни яна бир пардага кўтариш учун ҳадеб бу саволни такрорлар эди. Абдураҳмон тўйнинг эгаси уни чин юракдан бағрига босиб кўришганини ҳис қилди, ўпкаси тўлди…
— Холиқ! Пули кўп артистлар детдомлар билан кўришмайдими? Йўлдошнинг ҳайқириғи пасаймасди. «РАФ» олдида турган мўйловли барваста йигит норли юзига ярашган табассум билан келиб кўришди.
— Холиқжон! Ўйинчилару созандаларингга айт, ичкарига киришсин! Менинг дўстим шарафига!.. Ўн беш минут!..
Ҳамма тўйхонага кирди. Тўй тарқаган ҳисоб—аёллар столлар устидаги овқат қолдиқларини йиғиштира бошлашган, ҳар-ҳар жойда уч-тўрт одам бош уриштириб ўтиришибди… Бирпасда дастурхон ёзилди, нозу-неъмат келтирилди, ичимлик…
— Холиқ! Энди бир айт!.. «Замонда хору зорман»ни айт. Йўлдош акангни куйган жонини қайта куйдир!..
Холиқ ашула бошлади. ғижжак инграб жўр бўлди, най ҳаволарга сиғмай нола этди… «Ишқингда беқарорман — боиси сен… Замонда хору зорман — боиси сен…» (Собир Термизий ғазалидан мисралар) деб қўшиқчи тўйхона устидан юлдузларга қараганча, кимгадир таъна этди, ёлворди. Сўнгакларигача зирқираётганини ҳис қилган Абдураҳмон соқий узатган ароқ тўла пиёлани олдию даврадагилар билан уриштиргач, роҳат қилиб симирди.
— Йиғлатасан-а, Холиқ! Шўхроғидан чал!..
Йўлдош рақсга тушиб, Абдураҳмонга қараб муқом қилди. Абдураҳмон Йўлдошни — сағирликнинг азобини бирга бошдан кечиришган болалик дўстини йигирма икки йил мобайнида деярли эсламаганини ўйлаб, уялди. Кимдир меҳмонни ҳам ўйинга тортди. Абдураҳмон даврага чиқиши билан вужуди ўзбекча рақсни унутмаганини ҳис қилди. У берилиб ер тепаётган Йўлдошнинг қаршисига бордида ярим ҳазил, ярим чин қабилида йўрғалаб кетди…
Абдураҳмоннинг Чаганадаги ҳаёти шундай бошланди. Тўйдан тўғри Йўлдошникига келдилар. Эртаси эрталабданоқ қўй сўйилди. Йўлдош «детдомлар»га, яна кимларгадир телефон қилди. Хотиранинг чалкаш чангалзорларида йўқолиб кетган дўстлар, энди ажинлар оралаган юзларини қувончга тўлдириб, бирин-кетин қучоқ очиб кириб келавердилар. Меҳмондорчилик устига меҳмондорчилик бошланди… Абдураҳмон Йўлдош билан Чагананинг торкўчаларини ҳам айланишга улгурди. Ўша — ноқулай тарзда мувозанат сақлаб турган деворлар, дарахтлари бир-бирига мингашган боғлар, дарахтларнинг девордан ошиб чиқиб, кўчага энгашган шохлари… Аммо стадион йўк,, ўрнида фабрика… Мактабнинг ўрнида ҳам бегона уч қаватли бино қаққайиб турибди,.. Чагананинг тепасида савлат тўкиб турган Тўртчинорга ҳам чиқдилар. Пастда Чагана улкан картада чизиб қўйилгандек кўринади. «Ишқингда беқарорман—боиси сен!», деб мурожаат қилди Йўлдош Чаганага. У чор тарафи тоғлар билан ўралган бу масканни бағрига босмоқчи бўлгандай, қўлларини кенг ёйди. Унинг кайфияти Абдураҳмонга ҳам ўтди. «Замонда хору зорман — боиси сен!..» деб хитоб қилди у ҳам ва бу сатрнинг маъноси ўзининг тақдирига нақадар мос тушганлигини шу қадара ойдин ҳис қилдики, бирпас довдираб қолди, сўнг чинорнинг танасига суяниб: «Йўлдош! Замонда беқарорман…» деди овози хириллаб. Унинг кўнглидан нималар ўтаётганини дўсти ўзича тушунди: «Е, нима бор сенга ўша Ўрисияда! Чаганага кўчиб кел. Сену мен шу ернинг тошини тагида туғилганмиз, шу ерда ўлишимиз керак…» Абдураҳмоннинг эсига бирдан Салима тушди. Балки у ҳозир, ҳўв, анов кўчадан кетаётгандир ёки ҳўв гужум тагидаги уйнинг деразасидан Тўртчинорга қараётгандир, эҳтимол, уларни кўриб ҳам тургандир… У Салимани ҳеч кимдан — ҳатто Йўлдошдан ҳам сўраб-суриштирмаганини, шу билан бирга сўраш-суриштиришнинг ҳожати ҳам йўқлигини, уни Ўрисиядан Чаганага келган тақдир Салима билан ҳам юзма-юз этишини англади…
— Бугун Худойберди чақирган, — деди Йўлдош ҳовлисидан машинасини олиб чиқаркан. — Ҳовузнинг бўйига жой қилади. Яхши боғи бор. Бир шакаргуфторлик қиламиз…
— Худойберди?..
— Ўзимизнинг детдомдаги Салиманинг укаси-да…
Абдураҳмон Йўлдошга «ялт» этиб қаради. Меҳмондорчиликларнинг асоратидан танда қолган оғирлик бирдан ариб, кайфияти кўтарилди. Йўлдош гапини давом эттирди:
— Кеча Чориникида хизмат қилиб юрган сариқ йигит…
— Ҳа.
— Худойберди Салимага сени келганингни айтса, роса қувонибди бечора… Ўрнидан туриб ўтирибди, сени гапиравериб эси кетганмиш…
— Нима, касалмиди?
— Сўрама… Беш йил аввал эри аварияда ўлганида инфаркт олди. Икки ой аввал Худойбердидан кичик бир укаси армиядан нобуд бўлиб қайтганда, яна… Етибди-да, бечора… Бу дунёси шу экан. Абдураҳмонбой…
Машина Чагана марказини оралаб борарди.
— Ҳамма укаларига ўзи бош эди. Она ўрнига она… Кейин ситаму уқубатлар ҳам одамни еб ташлар экан… Шу ўзимиз билан детдомда бирга бўлганлардан… Фармон ўлди. Ўқитувчи эди. Мажлисда Шобердиев билан ташлашиб туриб ўлиб қолди…
— Шобердиев… борми?
— Ғирдай юрибди энағар кал! Мактаб директори… Хўш, Алим чўлоқ… Бултур вафот этди… Ундан олдин Карим… Тоғдан ўлигини олиб кёлишди. Шариф… Ўзини осиб қўйди.
— Ўзини осиб қўйди? Нимага?
— Ким билади дейсан! Биров ундай дейди, биров бундай дейди… Худо билмаса, бандаси билмайди, Абдураҳмонбой… Ҳаммаси ситамни кўплигида… Бизни детдўмларни дардга эти юпқа тортиб қолганми деб ўйлайман баъзан. Туғилгандан кулфат ичида юргандан кейин… Юрак ҳам ейилиб кетар экан-да! Таппа йиқилиб ўлиб қоляпмиз… қолганларнинг боши тошдан бўлсин…
Машина энди эгри-бугри тор кўчадан борарди.
— Ие!.. Худоё, тинчлик бўлсин энди! қара, Худойбердиниг уйини олдида «тез ёрдам» турибди…
Абдураҳмон кўчаниг адоғида турган машинани кўрди.
— Худоё, тинчлик бўлсин, — деб такрорлади у ўзи ҳам кутмаган ихлос билан. «Тез ёрдам»нинг ёнига келиб тўхтадилар. Йўлдош кабинада ўтирган шофёр билан сўрашди:
— Ҳа, Қўчқорбой?
— Опани мазаси қочган шекилли…
— Мен ҳозир…
Йўлдош ҳовлига кириб кетди. Ҳаялламай Худойберди билан қайтиб чиқдилар.
— Келинг, ака, келинг… Хуш келибсиз! Марҳамат!—Худойберди Абдураҳмон билан кўришди-да, қўшни дарвозага қўш қўллаб таклиф қилди.
— Энди бошқа пайт келамиз, Худойберди. Салима яхши бўлаверсин… Худо хоҳласа… — деди Йўлдош эътирозга ўрин қолдирмайдиган босиқ бир оҳангда.
қайтдилар. ЙЎлдош ҳар дам бошини сарак-сарак этиб қўяр, Абдураҳмон эса, ранги оқарганча сигарет тутатарди.
— Аҳволи қандай?— деб сўради у ниҳоят.
— Худо ўзи мадад бермаса… Ёмон.
Абдураҳмон қўллари қалтираётгани, бу титроқ бугун Салиманинг исмини эшитганиданоқ танига кирганлигини ҳозир англади. У дабдурстдан Салима билан кўришиб бўлмаслигини ҳам аввалдан билишини ва бугунги саргузашт ҳали давомли эканлигини тушунди. Хаёлида аллақандай чигалланиб қолган тугуннинг тасвири кўринди. Бу тугуннинг бир учи ўзининг тақдирига чалкашгани, бир учи эса Салиманинг ҳовлиси устида жонсарак ҳилпираб тургани кўз ўнгида жонланди…
Йўлдошнинг уйида мезбон билан ичдилар… Кейин узоқ гаплашиб ўлтирдилар. Абдураҳмон ашула айтди. Барибир юракнинг ғижими тарқамасди…
У кечаси бир маҳал уйғонди. Бир дераза ой нури кўрпасига тушиб турарди. Ташқари чиқди. Ойдин сукунат. Ҳовли роҳатланиб ойни томоша қиляпти. Боғдаги дарахтларнинг соялари бир-бирларига қўшилиб бир умумкўлка ташкил этган. Шамол йўқ… Абдураҳмон негадир ҳаяжонланиб боғ ичига қаради. Боғнинг тўрида бир парча жой ёришиб турарди. «Тандирнинг кулини ташлашган бўлса… Чўғ-мўғ қолганир» деб ўйлади ва беихтиёр ўша тарафга юрди. Яқинлашгани сайин бу тахмини нотўғри эканлигини тобора тушуниб борди, аммо қандайдир куч уни олдинга бошларди. Оёқлари измидан ташқари қадам ташлар, лаблари қуршаган, аъзойи баданини совуқ тер босган эди. У ёруғлик ялтираб турган жойдан кўзларини узолмай бир алфозда олдинга юрар, қадамининг товушини эшитмас — юраги ҳозир юз бериши мумкин бўлган ҳодисанинг сеҳрли хавотири билан тўла эди.
— Абдураҳмон…
Бу товуш кўкрагига урилиб, уни тўхтатди. Йигит ёруғлик кучайганини ва энди ёруғлик ичида одам турганини кўрди.
— Абдураҳмон, қўрқманг!
Бу товушни қаерда эшитган? Ёруғлик янада кучайди. Энди қаршисида нақ кундузнинг парчаси эди. Ёруғликнинг ичидаги одамнинг эса юзи аён кўринди. У Салима эди. Аёл дарахтнинг танасига суянганича, кулибгина қараб турарди. Абдураҳмон бирдан қўрқувдан халос бўлганини туйиб, олдинга юрмоқчи бўлди.
— Қўзғолманг!.. Шундоқ гаплашаверамиз…
Аёл гапирганда оғзини очмас, лабидаги табассуми ҳам бузилмас эди. Товуши аллақандай бахмал тўлқинларга ўралиб, қулоққа ёқимли тегарди.
— Сизни бир кўрай дедим…
Абдураҳмон гапирмоқчи бўлди, аммо оғзини очишга улгурмасидан, ўз товушини эшитди.
— Мен ҳам сизни…
Аёл қўлини кўтариб унинг овозини тўхтатди.
— Ёлғон гапирманг… Фақат мен сизни кўрай деб яшадим. Фақат яқиндан бошлаб…
— Яқиндан бошлаб… Нима бўлди?
— Мени ўйлашга мажбур бўлдингиз. Ўзим мажбур қилдим.
— Салима, мен сизни телевизорда кўрдим.
Аёл кулди. Сўнг юзларини ярим бекитиб, пастга оқиб ётган сочларини мағрур бир ҳаракат билан орқага ташлади.
— Биламан…
Абдураҳмон аёлнинг бу гапига ажабланмади.
— Касал ҳолингизга… Ўзим борардим…
— Мен кетяпман, Абдураҳмон…
— Касалсизу кетаман дейсиз.
Аёлнинг юзи жиддий тус олди. Бошини бир томонга қийшайтириб, нимагадир қулоқ солди-да:
— Ҳозир… — деб пичирлади ва энди йигитга жовдираб тикилди:—Хайрлашгани келдим… Соғинган эдим… Чидаёлмадим… Кейинги пайтларда кўп безовта этганим учун узр…
Аёл яна кимгадир «ҳозир» деди-да, маъюсланиб Абдураҳмонга қаради. Унинг кўзларидан ёши оқиб, табассумини ушлаб қолишга уринаётган лабларига оқди. қаердандир дастрўмол олиб, юзига босди.
— Қўйишмаяпти… Бирпасга ҳам кўнишмайди-я!..
Салима ҳамон гўзал эди. Ҳеч ўзгармаганди. Болалар уйида қандай бўлса, шундай. Абдураҳмон кўнглининг ўша унут бўлган туйғулар билан лиммо-лим тўлганини сезди. Аёлга талпинди.
— Қўзғолманг! — шивирлади Салима.
— Ҳеч ўзгармабсиз!..
— Атайлаб… Сиз учун…
Аёл бир зум ўйланиб қолди. Сўнг йигитга шундай тикилдики, йигит бу нигоҳда йигирма беш йиллик сочларига оқ тушган соғинчни; ҳасратда ёнавериб, кулга кўчган армонни; кўнгил эшиги олдида ҳамон мустар ўлтирган умидни — аросатда қолган МУҲАББАТнинг тирик вужудини кўрди.
— Салима! — деди у ўртаниб. Аёл индамади.
— Абдураҳмон… Мен ҳозир кетаман… Сиз қўрқманг. Хайр…
— Эртага кўргани бораман…
— Ундай деманг… Хайр… қўрқмасдан бориб ухланг.
Салима шундай деди-да, боғ оралаб, деворга қараб юрди. Ёруғлик унга эргашгани сари хиралашиб борарди. Аёл деворга етганида у тамом ўчди. Аммо одамнинг кўлкаси ойдинда гўё ҳавода учгандай деворга чиқди.
— Хуш қолинг… Хайр…
Товуш йиғи аралаш эди. Абдураҳмон ҳам тўлиқиб, девордаги кўлкага қараб ютинарди-ю томоғига тиқилган ҳаяжонни босолмасди. Лаблари шўр тортганлигини сезди.
— Хайр…
Кўлка бир зумда ғойиб бўлди. Абдрураҳмонга кўлка девордан кўчага ошиб тушмагандай, балки осмонга — ою юлдузлар тарафга учиб кетгандай туюлди…
Абдураҳмон уйга қараб юрди. Айвонга чиқаркан, ортига бурилиб қаради. Боғ аллақандай ҳаяжондан бўшаб қолган, олам сукунатида танглик йўқолгандай эди. Шунда Абдураҳмон ойдинликдан андиша қилиб, дарахтларнинг кўлкасида алланечук бечораҳол ўлтирган ғуссани кўрди. «Салиманинг ғуссаси…— ўйлади у.— Ғуссасини қолдириб кетибди… Демак, худо хоҳласа, тузалиб кетади»… У уйга кираркан, кўп йиллардан буён биринчи марта «худо хоҳласа» жумласи хаёлига келганидан ҳайрон қолди.
…Ерталаб уни Йўлдош уйғотди.
— Тез тур! Чой тайёр…
Дўстининг овозидаги ташвиш дарров ҳушёр тортирди.
— Тинчликми? — деб сўради ёстиқдан бош кўтараркан. Йўлдош унга бир зум хаёлга ботиб қараб тургач:
— Худо Салимани кўпга қўшибди,— деди, сўнг чўнқайиб ўтирди-да, Абдураҳмоннинг кўзига қараб:— Айтдим-ку, биз детдомликларнинг теримиз юпқа бўлиб қолган… Ўлиб кетаверамиз,— деди алам билан.
Абдураҳмон тақдир унга тушу ҳушнинг фарқини қолдирмаганини англади.
Сафар қариди. Салиманинг ўлимидан кейин Абдураҳмон жўнаши лозимлиг-ини тушунди. Яна бир-икки кун меҳмонга борган бўлди. Аммо ўтиришлар ҳам татимади.
Юрагининг теварагида аллақандай совуқ бўшлиқ пайдо бўлганини пайқади. Дўстларнинг самимий илтифотлари ҳам кўнглида илгаригидек туғён уйғотмас, аксинча, муқаррар айрилиқ олдидан келадиган ҳазинлик оғушига солар эди. У яна Чаганани пиёдалаб айланди. Хотирасида омон қолган тор кўчаларни бир-бир кезиб чиқди. Шаҳарни қоқ иккига ажратган сойга тушди, баҳор селлари келтириб ташлаган тошларга ўлтириб, бу ҳазин ҳолатга ўзини ташлаганича хаёл сурди. Ва нохос Чагана билан хайрлашаётганини, балки бу хайрлашувдан сўнг қайта кўришув насиб этмаслигини ҳам англади. Англадию сойнинг икки бетига тирмашиб, тоғлар пойига қадар ястаниб кетган бу мў‘жаз маскан унинг Ватани эканлигини жигар-бағри қон бўлиб ҳис қилди. У бу ерга чорлаб келгани учун Салимадан… Салиманинг руҳидан миннатдор бўлдй. Раҳматлик Салима! Наҳотки, унга Ватанини қайта таништиргани чорлаган бўлса?.. Илоё, жойинг жаннатда бўлсин!.. Ватан!.. қадрингни бағрингдагилар билишмайди. Сени сезиш учун йигирма йиллаб-айрилиқда — афсуну жодуга ўралиб, хиёнату найрангга тўла дунёга сажда этиб яшамоқ қерак. Сени сезиш учун ғофиллик тумани ичида оқаётган Вақт дарёсига умиду шижоатдан айро вужудни ташлаб, беҳушу вайрон умргузаронлик этмоқ лозим. Аммо тақдир отлиғ қудратли бир куч борким, у бешафқат қўллари билан онани боладан, юракни севгидан, танни жондан жудо этади, азоб-уқубат ўтига аямай улоқтиради. Ватан! Сени бир лаҳзага танитиб, бу тақдир яна мени қайларга учириб кетмоқчи? О, тақдирдан устун келган ким? Абдураҳмон тақдирга қарши исён кўтаришга ўзида куч йўқлигини пайқади… Сафар энди тамом қариганди.
Эрталаб Йўлдош дам болаларига, дам хотинига ҳайқирганича кўрсатмалар бериб, машинани йўлга созлар, юкларни жойлар, жиғи-бийрони чиқиб Абдураҳмонга ҳам норозилик билдирар эди:
— Йигирма йилда бир келган одам-а!.. Борарсан шу Ўрисиянгга! Нима, сени биров қувиб юборяптими? Гапнинг сарасини айтсам, Абдураҳмонбой, у ёқларда санқиб юрганинг етар! Кўчиб кел. Гала детдом бир бўлиб, бир уйни тикка қилиб берармиз!.. Чет эллик туристга ўхшайсан-а!..
Ҳовлининг дарвозаси тақиллаб, Йўлдошнинг жавраши бўлинди. Дарвозадаги дарчадан аёл кишининг боши кўринди-да, яна ўзини ташқарига олди.
— Қара!—деб хотинига забт этди ҳамон шаштидан тушмаган Йўлдош. Хотини эрининг бақиришларидан негадир яйраб, ташқарига чиқди. У ҳаялламай қайтиб кирди-да, Абдураҳмонга ғалати қараш қилиб:
— Ака, сизни сўрашяпти,— деди.
Йўлдош хотинига бир қараб олиб, ишини давом эттираверди. Абдураҳмон дарвозадан ташқари чиқдию, ҳушдан кетадиган бир алфозда қалқиб тушди. Унинг қаршисида кўм-кўк либосда, бошига катта қора рўмол ўраб олган… Салима турарди. Худди боғда кўринганидай ёш, фақат чеҳрасида чексиз ғусса, Абдураҳмонга бир қараб, яна ерга тикилган нигоҳида мотамнинг буҳудуд алами…
— Амаки… Мен Ҳудойберди аканинг жияни бўламан…
қиз Абдураҳмоннинг каловланиб, ҳеч нарса тушунмай турганини кўргач:
— Салима опанинг қизи… Детдомдаги…— деди овози пасайиб.
— Салиманинг қизи?…— деб сўради Абдураҳмон ва бирдан ўзига келиб, жавдираганча, қизга ҳамдардлик кўрсата кетди:— Чидамасдан иложимиз қанча! Худойим онангнинг умрини ҳам сенга берсин! Онанг кўрмаган бахтларни кўр! Ғам нималигини билмагин бу дунёда!..
Абдураҳмон гапирган кўйи дили, жигари хун бўлиб бораркан, бу олқашлари Чориевнинг жонсаракликларига ўхшаб кетаётганини пайқади… Негадир бу кашфиёти кўнглига тасаллибахш ёруғлик олиб кирганини ҳам сезди. қиз бошини кўтармай, унинг гапи адо бўлишини кутиб турар, ҳали вужудини вайрон этаётган жудолик дардидан безовта эди.
— Амаки… Энам сиз ҳақингизда кўп гапириб берганлар… Келганингизни эшитиб хурсанд бўлган эдилар… Тоғамларникига меҳмонга келишингизни эшитиб… Мана буни бериб қўй, менга насиб қилмаса, дегандилар…
Қиз энди йиғларди… У бироз тараддудланиб тургач, қўлидаги газетага ўралган тўртбурчак нарсани Абдураҳмонга узатди.
— Бу нима?
Қиз жавоб бермасдан бурилди-да, бошини эгганича, тез-тез юриб кетди. Тор кўчанинг ноиложликда — меҳру шафқатдан мосуволик ичида ўртаниб қараб туришидан, Абдураҳмон қизнинг ҳамон селу сабор йиғлаб кетаётганини англади. Золим фалак баланддан бемалол боқиб турар, тўймас ер эса кўчани сескантириб тошларига тўкилган кўз ёшларга парво ҳам этмай бемалол ётар эди…
Йўлдош машинани кўчага олиб чиқди. Абдураҳмон унинг ёнига ўтирди. «Ака, омон боринг», деб Йўлдошнинг хотини, болари билан дуо берди. Жўнадилар…
Абдураҳмон қўлида ҳамон Салиманинг қизи ташлаб кетган нарсани ушлаб турганини сезди. Негадир азъойи баданини хавотир ўртаб, газетани очди… О, «Ўтган кунлар!» Ўша! У ўша малла муқовали китобни дарҳол таниди. Ўқилавериб титилиб кетибсан-ку! Сени ким бедор кечаларининг ҳасратида тўзғитди, китоб! Бир бечора йигит севгисининг элчиси бўлганингча қайларда қолиб кетдинг? Севгининг элчисига наҳотки ўлим йўқ? Наҳотки энди қайтдинг? Нималар олиб қайтдинг, бу дунёдан жувонмарг кетган муҳаббатнинг элчиси?..
Абдураҳмон оқ саҳифани очди… Ва вақт ғуборида хираллашиб қолган «МЕН СЕНИ СЕВАМАН», деган ёзувни адойи тамомликда ўқиди. Сўнг… кимнингдир бемадор қўллари титранибгина битган «МЕН ҲАМ…» деган ёзувга кўзи тушди-да, ЙЎлдошнинг борлигини ҳам унитиб, ўкириб юборди.
— Абдураҳмонжон!… Бу дунё кўйдирди! Бизни куйдирди, Абдураҳмон!—деб нола қилди Йўлдош. У ҳам йиғларди.
…Тепасида заводнинг миноралари қаққайиб турган шаҳар ҳар оқшомдагидек сеҳрли уйинини авжига чиқарган бир пайтда Абдураҳмон уйига кириб келди. Уйида ҳеч ким йўқлигидан кўнгли ғашланиб, хоналарни қайта-қайта айланиб чиқди, сўнг телевизор кўргани ўтирди. Ғашлик тарк этавермагач эса, ташқарига чиқди. Шимолнинг салқин ёзи осмонга булут ташлаган — юлдузлар кўринмайди. Аҳён-аҳёнда эринчоқ булутлар дим кечанинг бағрига бир-ярим ёмғир томчисини отади… Абдураҳмон шаҳар марказига қараб юрди. Йўлни қисқартириш учун эски парк деворининг катагидан ошиб ўтди-да, дарахтлару қийғос ўсиб ётган ўтлар орасидаги таниш сўқмоқдан бемалол йўл топиб, паркнинг марказга кетгучи йўлга туташган қанотига етди. Паркнинг бу томони панжара билан ўралган… Абдураҳмон эгилиб, одам сиққудай тирқишдан ўтмоқчи бўлдию, шу кўйи сеҳрлангандай қотди. Кўчадан Машанинг овози келарди…
— Паша!.. Шилқимлик қилма!… Абдураҳмон ўзини ичкарига олди.
— Очофат экансан! Шунча кундан буён тўймаганингни қара…
Маша нозланиб сўзларди. Шундагина Абдураҳмон йўлкада — чироқпана дарахт кўлкасида бир жону бир тан бўлиб турган жуфтни кўрди.
— Мен сенга очиғини айтдим, жоним, Алик келиб қолиши мумкин. Бугун бизникига боролмаймиз…
— Маша, ростини айт, Аликни яхши кўрасанми, ёки мени…
Паша Чиройли-ку! Абдураҳмон музлаб қолган вужудидан ихтиёрини берган бўлса ҳам, негадир Машанинг жавобини орзиқиб, қўрқиб, умид қилиб кутди…
— Иккалангни ҳам яхши кўраман, Паша! Маша нозланиб кулди.
— Хайр, у ёғига ўзим кетаман. Эҳтиёткорни…— деб атайлаб гапни ярмида тўхтатди Маша.
— …Худо асрайди!—деб давом эттирди Паша чиройли ва қаққос отиб қулди. Сўнг бўса овозлари… Сўнг Машанинг туфличалари тахта йўлкани тиқиллатиб тун қўйнига сингиб кетди… Абдураҳмон ўзини ўт-ўланлар устига чалқанча ташлади. қайсидир ёмғир томчиси қоронғида адашмасдан, унинг юзини топиб келиб, пешонасига тушди. «Чаганада яшаганимда, ваҳ, пешонам қурсин, дердим, кейин…». У кейинини ўйлашга куч тополмади. Тун қаърида ўзидан кечиб, ҳолсизланиб узоқ ётди. Ўрнидан турганида, ёмғир кучайганди. Юзи ҳўл эканлигини пайқади. Панжара тирқишидан соя каби шарпасиз ошиб ўтди-да, аллақандай букчайиб уйига қараб жўнади.
У эшикхонага кираверишда ўзига келди. Бирдан, ҳозир уйига кирса, ҳамма нарса аввалгидай қолишини англади. Тўхтаб, сигарет чекди. Нималарнидир ўйлаб ҳовлини айланди. Уйдаги бўз болалар ўрнатган-қўлбола турник ёнига келди. Сигаретни ташлаб, турникка осилди. Сўнг оҳиста ерга тушиб, яна чекди. Шошмасдан тутатди. Кейин шимининг камарини чиқариб олиб, турникка илмоқ қилиб боғлади. Тортиб синаб кўрди, нохос болаларга хос чаққонлигу ғайрат билан яна қўш қўллаб осилди-да, илмоққа бўйнини солиб, қўлларини бўшатди. Абдураҳмон танаси бутун оғирлиги билан- ерга, ернинг тагига, ундан ҳам наридаги тубсизлик сари учиб кетаетганлигини кўрди. Бўйнидаги суяги («умурткдм!», деб ўйлашга улгурди у) «қирс» этиб ўрнидан қўзғалганини ҳам сезди. Кекирдаги чидаб бўлмас даражада оғритганча тепага тортиб, қорнини чўзарди. «Ҳозир узилади… Ҳозир…» Аммо уни тубсизлик сари учириб кетаётган даҳшатли залвор ўйлашга йўл бермас; Ердан, осмондан, муҳаббатдан, хиёнатдан, бемаънолик ва маънодан, бошларига тушаётган ёмғир доналаридан, турникда ҳолсиз қолган вужудидан ажратиб, оғирликнинг зиллиги тагида эзғилаганча аллақайларга шамолдай елдириб борар эди. Абдураҳмон бирдан бу оғирликдан халос бўлганини, сувдай қуюқ, аммо тиниқ ҳавода эркин сузаётганини пайқади. Оппоқ либосли, олти қанотли фаришта уни кафтларида авайлаб тутганича учиб борарди. Абдураҳмон фариштани таниди. Фаришта Салиманинг ўзи эди.
Дунё негадир ингичкалашганди. Абдураҳмон ҳавонинг қуюқлигию дунёнинг ингичкалиги уларнинг тезлиги шиддатидан эканлигини тушунди. Олдинда ям-яшил ёғдуларга ўраниб, шафақланиб ётган уфқ кўринди. Дўзахмикан?..
— Дўзах қолиб кетди,— деб ногаҳон жавоб берди Салиманинг меҳрибон овози.
— Бўлмаса… Жаннатмикан?
— Жаннат ҳам қолиб кетди,— деди Салиманинг ҳасратли овози. Абдураҳмон бошқа савол ўйламади. Зотан, энди саволнинг кераги йўқ эди.
«Шарқ юлдузи» журнали, 1991 йил, 8-сон
|