Бош саҳифа | | Рўйхатдан ўтиш | Кириш
Марҳабо! Гость | RSS
Меню сайта
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Июнь 2016  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930
Архив записей
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Главная » 2016 » Июнь » 2 » ҚУТЛУҒ ТЎЙ ТЎЁНАЛАРИ
    08:24
    ҚУТЛУҒ ТЎЙ ТЎЁНАЛАРИ

    ҚУТЛУҒ ТЎЙ ТЎЁНАЛАРИ

     


     

     

     

    Бунёдкорлик   

     

    Бобо қумдан уйча ясаётган набирасини койиб қўйди:

    - Уст-бошингни кир қиласан, қум ўйнама. Бор, қўлингни юв.

    Койишга койидию, аммо сўзининг оҳангидан унга сира халақит бергиси келмаётгани сезилиб турарди. Сўнг мийиғида куларкан, ўзига ўзи деди: “Ўзбекнинг боласи-да, оёғи чиқар-чиқмас иморат солишни бошлайди”.

    Шундай. Бунёдкорлик ҳар бир ўзбекнинг, ўзбекистонликнинг қонида бор. Болалигида бунёдкорликка бўлган ҳавас улғайгач, мақсадига айланади. Аслида юртимиз 24 йил ичида мисли кўрилмаган даражада ўзгариб кетишининг сабаби шунда. Янаям тўғрироғи, ўша мақсаднинг рўёби учун барча имкониятлар яратиб берилганида.

    Бу имкониятларни истиқлол берди. Шунинг учун ҳам бунёдкор халқимиз ҳар байрамни тўйга тўёна билан кутиб олай, дейди.  Бунёд этганим байрам  кунида элга туҳфа бўлсин, дейди.

    БОРИНИ БОЛАСИГА ИЛИНАДИГАН ЭЛ

    Жорий йилда тўёналар салмоғи ҳар йилгидан ҳам кўп бўлди. Уларнинг орасида мактаблар анчагина экани, айниқса, аҳамиятлидир.

    Яқин тарихга назар ташлайлик. 80-йиллар охирида вилоятимизда мавжуд бўлган 800 та мактабдан қарийб ярми ҳатто мослаштирилмаган биноларда жойлашган, кўплаб синфларда пол, шифт, ошхона йўқ эди. 100 дан ортиқ мактаб биносининг деворлари нурай деб турганди. Болалар ана шундай шароитларда таҳсил олар, умуман олганда, марказ учун ўзбекистонликларнинг саводли бўлишига кўпам зарурат йўқ эди.

    Истиқлол йилларида ёш авлодни баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга, бунинг учун уларга барча шароитларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилди. Ана шу эътибор, ғамхўрлик самараси ўлароқ, шаҳар ва қишлоқларимизда бири биридан гўзал, бири биридан маҳобатли, барча қулайликларга эга таълим муассасалари барпо бўлди ва бўлмоқда.

    Биргина Ғузор туманидаги 52-мактабни олайлик. Бу мактабда 170 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олар ва у бир неча йиллар аввал қурилгани туфайли замон талабларига жавоб бермай қолганди. 2015 йилги Инвестиция    дастурига мувофиқ у реконструкция қилинди.

    - Мазкур мактаб 180 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, унда етарлича синф хоналари, лаборатория хоналари ва компьютер синфи мавжуд, - дейди ушбу муассасада қурилиш ишларини бажарган “Эшбобоев Мамаюсуф” савдо-ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Музаффар Эшбобоев. – Унинг қурилишида 40 нафардан ортиқ киши иштирок этди. Бунёдкорлик ишларида сифатга алоҳида эътибор қаратдик. Токи у фарзандларимизга кўп йиллар хизмат қилсин.

    Мактаб қурилиши учун 550 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди. Унинг кўркам ва шинамлигидан таълим муассасаси жамоаси жуда мамнун.

    - Мактабимиз янгидан қуриб берилиши бизни жуда қувонтирди, - дейди бошланғич синф ўқитувчиси Тамара Пахирова. – 30 йилдан буён ўғил-қизларга таълим-тарбия бериб келаман. Собиқ тузум даврида дарсда бўр ва доска асосий иш қуролимиз эди. Дарсни тушунтириш жуда оғир кечар ва болаларнинг нари борса 3-4 нафари мавзуни ўзлаштирар эди. Бугун ёшлар учун яратилаётган шароитлар узоқ йиллар таълим соҳасида меҳнат қилган киши сифатида мени жуда хурсанд қилади. Истаганингизча ўқув қуроллари, кўргазмали воситалар, компьютер синфлари, лингофон ва лаборатория хоналари ёшлар ихтиёрида.

    Янги ўқув йилини вилоятимиздаги кўплаб мактаблар жамоалари ана шундай хурсандчилик билан кутиб олишмоқда. Чунки воҳамизда жорий йилда 6 та янги мактаб қурилди, 42 та мактаб биноси  реконструкция қилинди ва яна 6 таси капитал таъмирланди.

    Шу билан вилоятимизда мустақиллик йилларида янги қурилган мактаблар сони 292 тага, капитал реконструкция қилинганлари сони эса 324 тага етди. 378 мактабда капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Яна бир аҳамиятли жиҳати, кейинги 7 йил ичида мактаблар 51 миллиард сўмлик ўқув жиҳозлари билан таъминланди, 570 та компьютер синфи ташкил этилди. Амалга оширилган бу каби ишлар ўз самараларини кўрсатмоқда. Истиқлол йилларида вилоятимиздан ўнлаб халқаро, 500 нафардан зиёд мамлакат  миқёсидаги фан олимпиадалари ва кўрик-танловлар ғолиблари етишиб чиқди.

    ҲУНАРЛИ КАМ БЎЛМАС

    Мустақиллик йилларида мамлакатимиз ёшларининг билим сирларини чуқур эгаллашлари ва замонавий касб-ҳунарларни ўрганишлари учун катта ишлар қилинди.

     

     

     

    Жумладан, биргина вилоятимизда 104 та янги академик лицей ва касб-ҳунар коллежи бунёд этилди. 23 та касб-ҳунар коллежи тубдан реконструкция қилинди. Энди эса уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, ўқувчилар учун янги имкониятлар яратиш борасида катта ҳажмли ишлар амалга оширилмоқда.

    12 йиллик мажбурий бепул таълимнинг бир бўғини бўлган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари, уларда яратилган шароитлар йигит-қизларни катта ҳаётга ҳар жиҳатдан тайёр ҳолда, қўлида ҳунари билан кириб бориши учун пухта замин яратмоқда. Ўқувчилар бу даргоҳларда таълим олиб, ўз ғояларига эга бўлишаяпти, олдиларига аниқ мақсад қўйиб, шу мақсад сари интилишаяпти.

    Илгари қандай эди? Эсимда “ПТУ” деб номланадиган таълим муассасалари бўларди. Бир акам мактабдан “ПТУ”га ўқишга юборилган. Ўшанда у ўқитувчисидан жуда хафа бўлганди. “Мени ёмон кўришини билдириб қўйди”, деб кўзёш ҳам қилиб олганди. Кейин билсам, дарсларни ўзлаштиролмаётганлардан қутулиш учун уларни “ПТУ”га юборишар, акам шунга хафа бўлаётган экан.

    “ПТУ”да ўқиган бола амалий машғулот кўрмагани учун корхоналарга бориб ишлаб кетолмаган ҳолатларини кўп эшитганмиз. Аслида ўша муассасада амалий машғулот ўтиш учун  на махсус жиҳозланган хона, на шароит бўлган.

    Бугун-чи?

    Бугун академик лицей ва касб-ҳунар коллежларимизда барча шароит бор. Улар энг сўнгги ускуналар билан жиҳозланмоқда. Бу жиҳозлардан ўқувчилар самарали фойдаланишаяпти. Ўғил-қизларимиз ўқув амалиётини ўташ учун қаергадир боришлари шарт ҳам эмас. Уларга таълим муассасасининг ўзида шароит яратиб берилган.

    Масалан, Касби туманидаги ахборот технологиялари коллежи 2009 йилда бунёд этилган. Таълим муассасасининг муҳташам биносидан фаоллар зали, спорт зал ўрин олган ва  бошқа бир қатор қулайликлар мавжуд эди. Унда ўғил-қизлар 7 йўналиш бўйича таҳсил олишаётганди. Кейин меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб, бир нечта янги йўналиш очилди. Шундан тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналишлари учун устахоналар бунёд этиш талаб қилинарди. Жорий йилда мазкур коллежга тикувчилик ва автомобилларга хизмат кўрсатишга мўлжалланган ўқув устахонаси қуриб берилди.

    - Бугунги ёшларга ҳавасим келади, - дейди коллеж директори Тўлқин Давронов. – Улар учун ҳамма шароит муҳайё. Улар бу шароитлардан унумли фойдаланаётгани эса завқимни оширади. Ёшларимиз учун яратиб берилаётган имкониятлар ўз самарасини кўрсатмоқда. Йигит-қизларимиз дунё билан бўйлашаяпти.

    Жорий йилда худди шундай ўқув устахоналари Шаҳрисабз (Ҳисорак), Қамаши ахборот технологиялари коллежларида ҳам бунёд этилди. Косон компьютер технологиялари коллежининг ўқув устахонаси реконструкция қилинган бўлса, ўқув блоки ва ётоқхонаси капитал таъмирланди. Миришкор туманидаги Баҳористон иқтисодиёт коллежининг ўқув устахонаси ва ўқув блокида ҳам бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

    Шунингдек, Қарши компьютер технологиялари, Қарши транспорт, Қарши педагогика, Нишон агроиқтисодиёт, Шаҳрисабз тиббиёт, Нишон хизмат кўрсатиш, Яккабоғ хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежлари капитал таъмирланди.

    ЯНГИЛАНГАН УНИВЕРСИТЕТ

    Кейинги йилларда Қарши давлат университетида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари мазкур таълим муассасасининг нуфузига нуфуз қўшмоқда.

     

     

     

    Аввал университетнинг ётоқхоналари мукаммал реконструкция қилинган бўлса, кейин 1500 ўринли янги ўқув корпуси қуриб, фойдаланишга топширилди. Янги барпо этилган ахборот-ресурс маркази биноси таълим муассасасига салобат бағишлади. Жорий йилда эса университетнинг физика-математика факультети биноси тубдан реконструкция қилиниб, бутунлай янгича қиёфа касб этди. Умуман олганда, айни пайтгача вилоятимиздаги энг йирик олий таълим муассасасида 32,5 миллиард сўмликдан ортиқ бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб, замонавий ўқув даргоҳига айлантирилди. Истиқлолгача номигагина олий ўқув юрти ҳисобланган мазкур даргоҳда шароит ҳаминқадар эди. Олий ўқув юрти-ю, аммо аудиторияларига бошланғич синф ўқувчиларининг эски парталари қўйилгани, ётоқхона ва ошхоналарда шароит бўлмагани, кутубхона хом ғиштдан қурилган қоронғу кулбани эслатиши бу ерга ўқишга кирган кишининг биринчи кунданоқ ҳафсаласини пир қиларди. Энди ҳаммаси     бошқача. Университетнинг қиёфасига ҳамоҳанг бу ерда таҳсил олган талабаларнинг нуфузи ҳам, нуфуси ҳам ортмоқда.

    - Мен шундай университетда ўқиётганимдан фахрланаман, - дейди мазкур олий таълим муассасасининг 4-курс талабаси Уйғун Номозов. – Айниқса, кейинги йилларда университетимиз шу қадар ўзгардики, бу ерда таълим олишни ҳар қандай инсон орзу қилади, деб ўйлайман. Биз учун яратилган шароитлардан унумли фойдаланиб, Ватанимиз келажаги бундан-да буюк бўлиши йўлида астойдил хизмат қиламиз.

    “БАЙРАМНИ ЯНГИ УЙДА НИШОНЛАЙМИЗ”

    Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз қишлоқлари қиёфасини тубдан яхшилаш, уларда яшовчи аҳолининг турмуш фаровонлигини янада ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

     

     

     

    Айни шу мақсадда 2009 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида уй-жойлар қурилиши бошланганди. Ўшанда бутун вилоятимиз миқёсида 100 та уй барпо қилинганди. Аҳолининг бундай замонавий, барча қулайликлар ҳисобга олиниб лойиҳалаштирилган уйларга бўлган талаби ортиб боргани сабабли уларнинг сони йилдан-йилга ошмоқда. Хабарингиз бор, жорий йилда ана шундай уйлардан 1320 таси қурилиб, фойдаланишга топширилиши мўлжалланган. Байрамгача уларнинг 1000 дан ошиғи тўлиқ битди ва эгаларига топширилди.

    - Бу уйларнинг лойиҳалари табиий иқлим шароитимизга, қолаверса, менталитетимизга мос қилиб яратилган, - дейди Косон туманидаги Қуйи Оброн массивида замонавий, шинам уй-жойлардан 15 тасини қурган “Косон Насаф Файз” ихтисослаштирилган таъмирлаш-қурилиш корхонаси раҳбари Шавкат Саидов.  – Уларни сифатли ва чиройли қилиб қуришга алоҳида аҳамият қаратдик. Бу уйлар келажак авлодларга ҳам хизмат қилишини, улар ҳам бу уйларда бахтли, осуда ҳаёт кечириши лозимлигини инобатга олдик. Уй эгалари қурилиш ишларининг боришини кузатиб туришди ва барчасининг қурилиш ишларидан кўнгли тўқ.

    - Мана шундай ажойиб уй менга насиб этганидан жуда хурсандман, - дейди якка тартибдаги тадбиркор Таваккал Давронов. – Бунинг учун энг аввало намунавий лойиҳадаги уй-жойлар қуриш фикрини илгари сурган ва шу ишни амалга оширишга бош-қош бўлаётган Юртбошимиздан миннатдорман. Мустақиллик байрами арафасида оиламиз билан янги уйга кўчдик.

    Айтиб ўтиш ўринлики, 2009 йилдан буён вилоятимизда намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларда бу йил  5862 та оила мустақиллик байрамини қарши олди.

    Намунавий уй-жой массивларида барча қулайликларга эга мактаб, болалар боғчаси, қишлоқ врачлик пункти, маҳалла гузари, бозор, автобус бекати, милиция таянч пункти, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, савдо марказлари ва спорт майдончалари ўрин олаётгани қишлоқ аҳолиси ва шаҳар аҳолиси яшаш тарзидаги тафовутни буткул йўққа чиқарди.

    Биргина жорий йилнинг ўзида бу массивларни ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 68,2 километр сув тармоғи ва 241 та ҳовуз барпо этилди. 31,2 километр йўл асфальт қилинди.

    ШАҲАРЛАРИМИЗГА КЎРК БЕРАЁТГАН ТУРАР ЖОЙЛАР

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 февралдаги “Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорлари вилоятимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўламини беқиёс даражада кенгайтирди.

     

     

     

    Айниқса, бу қарорлар ижроси доирасида қурилаётган кўп қаватли турар жойлар ўзининг бетакрорлиги ва салобати билан шаҳарларимиз кўркига кўрк қўшмоқда. Уларнинг табиий иқлимга мос қилиб қурилгани киши эътиборини тортади. Биринчи қаватидан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари жой олган бу иморатлар уларда яшовчи аҳолига ҳар томонлама қулай. Шу кунга қадар дастурларга мувофиқ Қарши шаҳрида 32 та, Шаҳрисабзда эса 16 та ана шундай турар жой қад ростлади. Мустақиллик байрами арафасида улардан бир қанчаси эгаларига топширилади.

    - Истиқлолимизнинг 24 йиллик тўйида кўп қаватли турар жойлардан 14 таси фойдаланишга топширилди, - дейди Шаҳрисабз тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдурасул Сафаров. – Яна иккита уй сентябрь ойининг охирига қадар битказилади. Бу уйлардаги хонадонлар кенглиги, қуёшнинг чиқиши ва ботиши ҳисобга олиниб қурилгани билан ҳам аҳолига қулайлик туғдиради. Айни пайтда Шаҳрисабзда яна 17 та ана шундай кўп қаватли турар жой қурилиши бошлаб юборилди.

    Айтиш керакки, байрам арафасида Қарши шаҳрида қурилган кўп қаватли турар жойлардан ҳам бир қанчаси фойдаланишга топширилди. Шу билан бирга бу йил шаҳарнинг Насаф кўчасида 20 та ва Ўзбекистон кўчасида 25 та кўп қаватли уй қурилиши бошланган.

    ТИНЧ ЮРТНИНГ ОБОД ГЎШАЛАРИ

    Йилдан-йилга чирой очаётган шаҳару қишлоқларимиз қиёфасига янги қурилаётган, тубдан ўзгараётган хиёбонлар, истироҳат боғлари, маданият ва аҳоли дам олиш масканлари янада зеб бераяпти.

    Масалан, мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган Чироқчи туманидаги истироҳат боғи туман маркази шамойилини анчайин ўзгартириб юборди. Унда бунёд этилган амфитеатр ва ўрнатилган аттракционлар айниқса болажонларни қувонтирмоқда. Шунингдек, Косон туманида ҳам истироҳат боғи барпо қилиниб, аҳолига байрам туҳфаси сифатида фойдаланишга топширилди. Муборак туманидаги Тонг маҳалласида “Муборакнефтгаз” МЧЖ кўмагида  “Болажон” болалар дам олиш маскани  бунёд этилди. Умуман олганда, кейинги йилларда барпо этилган маданият ва истироҳат боғларида 100 дан ортиқ аттракцион ва ўйин қурилмалари ўрнатилгани эътиборга моликдир.

    Шунингдек, 2013-2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш Дастури доирасида жойларда барпо қилинаётган марказлар аҳолининг мароқли ҳордиқ чиқариши учун қулайлик туғдирмоқда. Ёшларни турли тўгаракларга жалб қилиш учун қўл келмоқда.

    Масалан, Қамаши туманидаги Қизилтепа маданият ва аҳоли дам олиш маскани жорий йилнинг бошларида фойдаланишга топширилганди. Бугун бу ерда қишлоқ аҳолиси вакилларидан иборат “Қалдирғоч” фольклор ансамбли фаолият кўрсатмоқда. Қизилтепа, Қишлиқ, Араб, Савсан, Ногаҳон, Пасттол, Қўштамғали, Олмазор қишлоғининг 300 нафардан зиёд ёшлари чолғучилик, ашула ва рақс, тикувчилик, бадиий гимнастика тўгаракларида фаол иштирок этишмоқда.

    Мустақиллик байрами арафасида ана шундай маданият ва аҳоли дам олиш масканларидан яна 7 таси фойдаланишга топширилди.

    Қолаверса, бунёдкорлик ишларига вилоятимиз тадбиркорлари ҳам ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишмоқдаки, уларнинг ташаббуси билан кўплаб савдо дўконлари, маиший хизмат, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари, тўйхона, чойхона, дорихона, супермаркет бинолари тўйга тўёна бўлди.

    Буларнинг барчаси аҳолининг турмуш тарзи янада фаровонлашишига, юртимизнинг янада чирой очишига хизмат қилади. Бу каби иморатларнинг қуриб битказилиши, энг аввало, мустақилликнинг, юртимиздаги тинчликнинг, аҳил-иноқлигимизнинг шарофатидир.

    ***

    Бобо ҳалиям қум ўйнаётган ва ясаётган уйчасини деярли якунлаётган набирасидан қўли билан кўрсатиб, бир-бир сўрай бошлади:

    - Бу нима, ўғлим?

    - Меҳмонхона.

    - Буниси-чи?

    - Ётоқхона.

    - Буниси-чи?

    - Гараж.

    - Гаражни нима қиласан?

    - “Каптива”ни қўяман.

    Бобонинг ёдига бир пайтлар кампири билан бир амаллаб, гуваладан бир уй, бир даҳлиз қуриб, 11 та болани шу ерда катта қилгани тушди...

    Толиб ТЕМИРОВ.

    Просмотров: 443 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    avatar