Мустақилликка эришганимиздан кейин ҳаёт ҳақидаги қарашларимиз ўзгарди. Хусусан, фарзандларимизга эътибор ҳам бугун бошқачароқ. Илгарилари “Ҳа, энди бола дегани оила даврасида, умумий қозонда қайнаб улғаяди-да”, дейишар эди. Бугун эса оиланинг, умумий муҳитнинг аҳамиятини рад этмаган ҳолда, ҳар бир фарзандга алоҳида эътибор, ёндашув зарур экани маълум бўлмоқда. Ўхшатиш жоиз бўлса, бу худди ҳар битта ниҳолни бирма-бир, томчилаб суғоришга ўхшайди. Бундай эътиборнинг бўлгани яхши. Негаки, бу ҳол миллатимизнинг азалий фазилати – энг яхши нарсаларни фарзандларга раво кўришнинг тажассумидир. Бироқ шу ўринда кишида бир мулоҳаза уйғонади: биз ғамхўрлик деганда, баъзан фақат моддий, жисмоний парваришни, эътиборни назарда тутиб қўймаяпмизми?! Ўғил-қизларимизнинг руҳий дунёсини бойитишга, уларга маънавий озуқа беришга етарлича эътибор қаратяпмизми?! Бу борада давлатимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ишларни ҳаммамиз кўриб турибмиз, аммо мазкур жараёнда ўзимиз қай даражада иштирок этяпмиз?! Боламиз жисмонан соғлом, эгни бут, орзу-ҳаваслари муҳайё, эл таъбири билан айтганда, егани олдида, емагани ортида бўлса, бунинг учун шукр дейишимиз керак, аммо унинг эҳтиёжлари шу билан тугамаслигини ҳам унутмаслигимиз лозим, деб ўйлайман. Фарзандларимиз қалбини, онг-шуурини ўзбекона руҳ, маънавий қувват билан тўйинтириш – биринчи галдаги вазифамиздир. Зеро, Юртбошимиз айтганидек, “Келажакда Ўзбекистон юксак даражада тараққий этган иқтисодий ривожланиш билангина эмас, балки билимдон, маънавий жиҳатдан етук фарзандлари билан ҳам жаҳонни қойил қилиши лозим”. Маънавият, маънавий озуқа ҳақида гап кетганда ўз-ўзидан китобхонлик масаласи эсга тушади. Бугун ёшларимиз энг замонавий ахборот технологияларини миридан-сиригача билади. Улар интернет орқали дунёнинг кўз илғамас уфқларигача етиб бориш имконига эга. Ёшларимизнинг қизиқиш доираси ниҳоятда кенгайган. Бу қувонарли, албатта. Аммо ана шу қизиқишлар рўйхатида китоб ўқиш масаласи нечанчи ўринда туради, деган савол бир зиёли сифатида мени ўйлантиради. Бугун билимдон ёшларимиз жуда кўп, ўқувчиларимиз нафақат республика, ҳатто халқаро фан олимпиадаларида ҳам ғолиб бўлмоқда, уларнинг ақлий салоҳиятини кўриб қувонасан киши. Шу ўринда қалб хазинасини бойитадиган, руҳий камолот сари элтадиган бадиий адабиёт мутолаасининг аҳамияти юксаклиги, унинг ўрнини ҳеч нарса босолмаслигини алоҳида таъкидлаш зарур. Зеро, ақл ва қалб мувозанатига эришган инсонгина чинакамига бахтли бўлади. Хўш, китобхонликка рағбат уйғотиш масаласида қайси омил бирламчи аҳамиятга эга? Шубҳасиз, бу борада биз катталарнинг фарзандларга ўрнак бўлишимиз жуда муҳимдир. Тан олайлик, ёшлар кам китоб ўқияпти, деб нолиймиз-у, ўзимиз – кўпчилик ота-оналар китоб ўқиш нималигини деярли унутиб қўйганмиз. Ора-сира енгил-елпи руҳдаги газеталарни варақлашимизни айтмаганда, даврий нашрларни кузатиб бориш, уларда чоп этилган яхши мақолаларни фарзандларимизга тавсия этишни ўйлаб кўрмаймиз ҳам. Яқинда бир масъул вазифада ишлайдиган киши билан суҳбатлашиб қолдим. Гап асносида сўнгги вақтларда қандай китоб ёки газета-журнал ўқиганини сўрадим. У енгилгина кулиб: “Китоб ўқишга вақт қаёқда?!” деди саволимдан ҳайрон бўлгандай. “Вақт йўқ”, – бу – маънан эринчоқ одам учун энг осон жавоб, энг қулай баҳона. Тўйма-тўй юришга, турли кўнгилхушликларга топилган “вақт” айнан китоб ўқишга келганда топилмай қолади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик ёзганидек: “Бозорларга тушганимизда болаларимизга қурт, писта олишни унутмаймиз, лекин китоб дўконига кириш хаёлимизга ҳам келмайди”. Истиқлолнинг энг катта ютуқларидан бири – одамлардаги тадбиркорлик, уддабуронлик қобилиятини юзага чиқарганидир. Бугун ҳамюртларимиз ўз интилишлари, саъй-ҳаракатлари туфайли катта-катта ишларни амалга оширмоқда. Илгари тушимизга ҳам кирмаган ишлаб чиқариш жараёнлари йўлга қўйилмоқда. Тадбиркорларимиз соғлом рақобат майдонида ўз салоҳиятларини намойиш қилишмоқда. Шу аснода ҳам бир манзара кўзга ташланяпти: яъни китоб ўқиган, маънавий дунёси бой тадбиркор билан оми ишбилармоннинг фарқи сезилиб қоляпти. Онг-шуури фақат ҳисоб-китоб билан машғул ишбилармоннинг эришган ютуғи ўз тўпиғидан юқори кўтарилмаётган бир пайтда маънавиятли тадбиркорларимиз дунёга чиқмоқда, фақат ўзини ўйламасдан, эл корига яраб, халқнинг дуосини ҳам олмоқда. Хўш, бундай зиёли тадбиркорларимиз кўпайиши учун нима қилишимиз керак? Бу саволга барчамиз, айниқса, зиёлилар биргаликда жавоб излашимиз зарур, назаримда. Халқимизда бир-бирини тўлдириб турадиган “савоб”, “увол” отлиғ икки тушунча бор. Бири бизни эзгу ишларга ундаса, иккинчиси мудом ёмон амаллардан қайтариб туради. Назаримда, биз катта авлод вакиллари ана шу кўҳна, аммо ҳеч қачон эскирмайдиган тушунчаларни, ҳикматларни ёшларимиз қалбига ҳар куни ҳар соатда сингдиришга жидду жаҳд қилишимиз керак. Токи улар олтинга тенг вақтларини беҳуда сарфламасин, ўзларини ҳамиша эзгу ишларга чоғласин. Ана шундагина йигит-қизларимизнинг парвози янада баландроқ, давомлироқ бўлади. Мулоҳазаларимиз сўнгида ёшларга тилагимизни ҳазрат Навоий таъбири билан айтишни лозим кўрдик: Агар ҳикматга бўлса илтифотинг, Ки, бўлсун Нуҳ умрича ҳаётинг! Абдураҳмон ҚОДИРОВ, Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси