1.
Фалакнинг гардиши билан Асакадан келин оладиган бўлиб қолдик.
Хурсандчилигимизнинг чеки-чегараси йўқ. Аёлимнинг оғзи қулоғида. Табриклагани кирган қўшни хотинларга ҳали келмаган келинни мақтаб, оғзидан бол томади:
– Худога шукур, ёшим бир жойга борганида роҳат қиладиган бўлдим-да, қўшнижонлар.
– Ҳа, ўзиям бу келинни олгунча ўзингиз ҳам, эрингиз ҳам тинмадингизлар-да, ўргулай, – деди Қумри хола.
– Эримни айтмайсизми, битта келин оламиз, деб ўн йилдан бери емай-ичмай пул йиғади, – мени мақтади аёлим.
Диққат билан ўқиётгандай газетага қаттиқроқ тикилдим.
– Тезроқ олиб келингизлар, бирам кўргим келаяпти, – ичи қизиди Мунаввар холанинг. – Оппоқ эмиш, эрингиз айтди.
– Кўп оппоқ бўлмаса ҳам майли, – деди аёлим. – Менга қолса, қаймоқранг бўлса, дейман. Оппоқ бўлса, тез кўзга ташланади, кўз тегадими, дейман-да.
– Асакалик қизлар саллона-саллона юрар эмиш, – суҳбатга қўшилди ўзи ҳам хийла танноз бўлган қўшнимиз Тамилла опа.
– Юришини қўйинг, хизматини айтинг, – гапни илиб кетди Марям хола. – Асакадан келин олган одамнинг нолиганини кўрмадим. Нечтаси билан гаплашган бўлсам, хизматини мақтайди. “Мингдан-минг розимиз, барака топишсин, асакаликлар, берган тарбиясига раҳмат”, дейишади. “Айтган хизматимизни қилишади, ҳали бирортаси уялтириб қўйгани йўқ”, дейишади.
– Дадажон, келинни олиб келишга мен ҳам бораманми? – сўраб қолди қизимиз.
Газетага янада қаттиқроқ тикиламан.
– Даданг, аканг бораяпти, мен бораяпман, бўлди-да,қизим, – ўрнимга жавоб берди аёлим. – Йўл узоқ. Устига сен ҳам борсанг, келгунча жағинг тинмай, келинни уринтириб қўясан. Кошки янги келинчакка сенгинанинг саволинг оз бўлса.
Ҳаммадан ўғлим хурсанд. Оғзи қулоғида. Гоҳ у жўрасига телефонда айтиб, мақтанади, ҳали бу жўрасига. Ўртоқлари ҳам бир-биридан эшитиб, ўғлимга қўнғироқ устига қўнғироқ қилишади. Тўй қачонлигини сўрашаяпти, шекилли, ўғлим ҳаяжонланиб жавоб бераяпти:
– Олдин олиб келайлик, ўртоқ, тўйни кейин қиламиз. Сен қолиб кетармидинг? Албатта, келасан.
Қайсидир ўртоғи бирга боргиси келди, шекилли, ўғлим жавоб берди:
– Тўрт-бештанг бир машина бўлиб борсанглар, бирга-бирга келсак, яхши бўларди, “Ёр-ёр” айтиб келардинглар.
Ўғлимнинг ичи қизийди.
– Дада, ўтирамизми энди, бир-икки кун олдин бораверайлик!
– Калланг борми? – Уришаман уни. – Асакаликлар айтган куни борасан-да. Нега бунча ҳовлиқасан? Эртароқ кепти, деб, келинни чиқариб берармиди? Барвақт борсак, уларга малол келиши мумкин. Бошқаларни ҳам чақиришган. Ҳамма айтилган кундан олдин бориб олаверса, уларни шошириб қўямиз-ку, ўғлим. Шунча кутдик, яна бироз сабр қил!
2.
Ниҳоят, айтилган кун келди. Барибир ўғлимнинг айтгани бўлди. Икки кун олдин бордик. Қудаларни безовта қилмай, Асакадаги танишларимизникига бордик. Шуҳрат ака, Абдукарим ҳожиларнинг меҳмони бўлдик. Абдужаббор оғайнимиз Чўнтакда чойхона палов қилиб берди.
Учинчи куни асакалик ошналар билан қудаларникига ўтдик. Қудалар кўпчиликни чақирган экан. Ўзиям кўрган одам Ҳумо кўчасида май байрами бўлаяпти, деб ўйлаши аниқ. Кўчанинг бошидан то қуданикигача турнақатор одам тизилган. Қудамизнинг обрўси баланд экан. Сурхандарё дейсизми, Қорақалпоқ дейсизми, Бухоро дейсизми, ҳаммасидан одам бор. Ҳаммасининг қўлида таклифнома.
– Бунча одам кўп? – аёлимнинг ҳайрати ошди. – Қудангиз бизга эътибор қилмай қўймасмикан?
– У киши ҳар бир одамнинг ўзига яраша эътибор қилади, – аёлимни тинчлантирдим.
– Эътибор қилмай кўрсин-чи! – ўктамлиги тутди ўғлимнинг. – Кўрдингизми, бир машина бўлиб, ўртоқларим ҳам келишган. Уларнинг олдида ер чизиб қоладиган бўлсам, ким деган одам бўламан, дада?
– Қизишма, ҳаммаси яхши бўлади.
Айтганимдек бўлди. Қуда қиз чиқаравериб, тажрибаси ортиб, дийдаси қотиб кетган экан, тантанали қисмини кўп чўзиб ўтирмади. Ортиқча дабдабасиз, кўз ёшларсиз қизига оқ йўл тилади.
Хотиним айтгани бўлди. Келин қаймоқранг чиқди. Юзлари қаймоқдай товланади. Оппоқ кўйлаги қуёш нурларида товланиб, ўзидан нур таратаётгандек. Кўзларининг бирозгина қисиқлиги ҳам ўзига ярашади.
Ўғлим келиннинг ҳуснига қараб тўймайди. Гоҳ очиқчасига, гоҳ бизга билдирмай, келинга ўғринча тикилади. Айланиб-ўргилишини қўяверинг.
Дўстлари ҳам ўғлимни табриклашди. Улар ҳам келинни мақташди.
– Э, ўртоқ бунақаси Жаласаойда биттагина, – деди биттаси.
– Жўраларни ҳасаддан ўлдирасан, – деди бошқаси.
Асакаликлар билан хайрлашиб, тезгина йўлга тушдик. Уларнинг “Бир кеча меҳмон бўлинглар”ига ўғлим ва унинг ўртоқлари кўнишмади.
– Ҳамма жўраларимиз кутиб ўтиришибди боришимизни, – дейишди улар. – Борганидан ҳақберди қиламиз ўғлингизни.
– Ҳақберди бўлишдан қочиш йўқ, – керилди ўғлим. – Қанча десаларинг ҳақ берганим бўлсин!
3.
Бирпасда Асака ҳам ортда қолди. Келин Асакадан чиқмаган экан. Қўқоннинг кўчаларига ҳавас билан термилди. Довон ошар эканмиз, довоннинг йўллари равон эканидан хурсанд бўлиб, йўл четидаги қуртфуруш, лолафуруш, қатиқфурушларни томошалаб, жимгина кетаверди. Унинг оҳуникидек кўзлари хийла ўткир ҳам экан. Бир чақирим наридаги кичкина чуқурчани ҳам кўрарди. Ангрен, Оҳангарон кўчалари ҳам текис ва равон эканини аёлим эътироф қилди. Аммо ўзимизнинг Самарқанддаги йўллар, айниқса, Ургутгача бўлган йўлни кўрса, келиннинг ҳозирги кайфиятидан асар ҳам қолмаслигини ўйлаб, аёлимнинг диққати ошаётганини сезиб турардим. Ургутдан Жаласойгача бўлган йўлни тасаввур қилиб, ўзимнинг ҳам ҳозирдан руҳим тушиб кетди. Охирги марта Брежнев Ўзбекистонга келармиш, деган йили таъмир қилинган, бугун уни йўл демаса ҳам бўлаверадиган йўлдан келинни қандай қилиб олиб ўтар эканмиз-а?
Ўғлим азбарои дўстларига келинни тезроқ кўрсатгиси келаётганидан йўлни қисқа қилди. Тошкент орқали юрмай, йўлни Олмалиқдан тўғри Гулистонга қараб солди. Йўл яхшилигидан Жиззахга қандай келганимизни ҳам билмай қолибмиз. Ўғлимнинг ўртоқлари тушган машина “Жиззах сомса” деган ёзуви ёниб-ўчаётган ошхона ёнида тўхтади.
– Ҳақберди, туш, бошланишига бир сомса билан зиёфат қил-чи!
Ҳаммамиз тушдик. Келиннинг тортинаётганини кўрган аёлим ҳам ошхонага кирмади.
– Кўп қолиб кетманглар, биз машинада ўтира турамиз.
Ўзимизга сомса буюриб, иккитасини машинадагиларга ҳам чиқариб юбордик.
“Оҳ-оҳ!” “Воҳ-воҳ!” билан куёвжўралар иккитадан, биз, ота-бола, биттадан сомса еб, яна йўлга тушдик.
Асакадан чиққандан бери овозини эшитмаган келиннинг овози Жиззахнинг шалтоқ кўчаларидан ўтаётганимизда эшитилди:
– Иҳ!
– Безовта бўлманг, келинжон, – деди аёлим. – Ғаллаоролгача йўл шунақа. Нарёғи яхши.
– Эсимни таниганимдан бери Жиззахнинг йўли яхши бўлмайди-да, – келиннинг “иҳраб” юборганидан хижолат бўлди ўғлим.
– Сен эмас, мен эсимни таниганимдан бери бу йўлнинг аҳволи шу, – унинг хатосини тўғриладим.
Самарқандга кириб келганимиздан кейин, Худога шукур, келиннинг овози тез-тез эшитилиб қолди. Тошкент – Термиз йўлидан Ургутга қараб бурилганимиздан бошлаб тинмай “Вой, аяжон”лаб келган келин Ургутдан Жаласойга борадиган, мен юқорида хавотир билан тилга олган йўлга тушганимиздан кейин “Вой, аяжон”ламай ҳам қўйди. Унинг ранги оқариб, лабларининг атрофи кўкара бошлаганини кўрган аёлим хавотир билан ўғлимга деди:
– Машинани тўхтат! Келиннинг мазаси қочаяпти!
Ўғлим машинани тўхтатди. Аёлим келинни пастга туширди. Келин чор тарафга хавотир билан кўз ташлаб, сўради:
– Қаерларга келиб қолдим? Мени қаёққа олиб кетаяпсизлар?
– Сизга ёмонликни тилармидик, келинжон? – уни юпатди аёлим. – Қўрқманг, уйга бораяпмиз.
– Уйларингизга борадиган йўл йўқми? – секингина сўради келин. – Шудгорланган ердан борамизми?
– Шудгор эмас, йўл, қизим, – деди аёлим. – Энди чекка бир туманнинг чекка бир қишлоғига борадиган йўл-да, айланай.
– Бу йўлдан танка юрганми? – яна сўради келин. – Ё яқин орада уруш бўлганми? Нега кўчалар кинолардаги жанг майдонига ўхшайди?
– Афғон урушига борган ҳарбий техника шу йўлдан ўтган, – деди ўғлимнинг энсаси қотиб. – Бўлдими, кетамизми? Ўртоқларим қишлоққа етиб ҳам боришгандир.
Келинни яна машинага миндирдик.
– Жуда ҳам секин ҳайда, ўғлим, – тайинлади аёлим.
Жаласойга келгунимизча келиннинг кўзлари эгаси урмоқчи бўлган тананинг кўзидай ола-кула бўлиб, чор атрофга бегонасираб, қараб келди.
Қоронғуда келганимиз яхши бўлди. Қишлоғимизнинг лой кўчаларидан юриб, ҳовлига кирганимзни келин сезмай ҳам қолди. Бахтимга қишлоқда, доимгидек, электр чироқлари ўчган экан, келинни қоронғуда тимирскаланиб, ўзига ажратилган уйга киритиб қўйдик.
4.
Аммо эрталаб келин ҳаммасини билди. Тиззасигача лой бўлиб кетганини кўриб, асаби бузилди. Оппоқ кўйлагининг этагига қараб бўлмасди. Ҳамма ёғи доғ бўлиб кетибди.
– Ҳаммомларингиз қаерда? – секингина сўради келин аёлимдан.
– Нима дейсиз, келин, сал қаттиқроқ гапиринг? – деди аёлим.
– Ҳаммомни сўраяпман, чўмилиб олмасам бўлмайди. Аҳволимни қаранг!
Хотиним қаҳ-қаҳ уриб, кулиб юборди.
– Ҳаммом? Жаласойда-я? – деди кулгудан зўрға тўхтаб. – Ургутда ҳаммом йўғ-у, қишлоқда қаердан бўлсин? Ана, ариқдан бир челак сув олиб келиб, қозонга солиб, ўчоққа тезак ёқиб, иситасиз. Тандирхонага ўтиб, иккита ғиштнинг устига чиқиб, устингиздан қуясиз. Ана шу ҳаммом бўлади.
Келиннинг тарвузи қўлтиғидан тушиб, ҳафсаласи пир бўлди. Аммо индамай челакни кўтариб, ариққа қараб кетди…
***
Келин жимгина хизматимизни қилишга киришди. У нолинмас, шикоят ҳам қилмас, буюрилган юмушни итоат билан бажарар эди. Қишлоқда шароит оғирлигидан, керак бўлса, ўтин ҳам ташиган, тезак ҳам ташиган, ҳатто цемент, оҳак, ғишт ташиган келин олти ойга бормай, қишлоқдаги ўртаяшар хотинлардан фарқ қилмайдиган бўлиб қолди. Ранги ҳам одингига ўхшаб, қаймоқдай ялтилламас, ўзимиз сингари, буғдойранг бўлиб қолди. Ҳамма ёғи яра-чақа ҳам бўлди.
Келганида овози деярли эшитилмайдиган, аёлим “Шу келиннинг овозини ҳеч эшитмайман-да”, дейдиган келиннинг овози ҳам баланд бўлиб қолди. Бир йилга бормай, унинг уйдаги гапларини қўшнилар эшитадиган бўлиб қолди.
– Ҳой, келин, секинроқ, қўшнилар эшитади, – дейдиган бўлди аёлим.
Энг ёмони, келиннинг хархашалари кўпайди.
– Туфлим эскирди, қиш келаяпти, ёзлик туфлида юравераманми?
Ўғлим унга этик олиб берди. Икки ой ўтмай, келин яна хархашани бошлади:
– Оёғимдан сув ўтаяпти, бошқа этик олиб беринг!
Ростдан ҳам этиги сув ўтказаяпти экан, начора, бошқасини олиб бердик. Бир ой ўтиб, яна хархаша:
– Умрим этикда ўтадими, ҳамма туфлига ўтган? Айтиб қўяй, эски туфлини киймайман, таги едирилиб, тамом бўлган!
Янги туфли олиб бериб, қутулгандирмиз, дегандим, хархашанинг янгиси чиқди:
– Оёғим оғрияпти, духтурга кўрсатинглар!
Қурғур духтур ҳам келиннинг кўнглидаги чиқди:
– Оёғининг абжағи чиқибди. Ревматизм. Жиддий даволаниши керак.
Оёғини даволатиб бўлган эдик, янги дарди чиқди: белидан чурра бўлибди.
Анча пулимиз кетди, аммо духтурларга раҳмат, жарроҳлик йўли билан чуррани олиб ташлашди. Аммо шундан кейин келин узоқ-узоқ хаёл сурадиган бўлиб қолди.
– Ҳа, келин, нималарни бунча ўйлайсиз? – сўради бир куни аёлим.
– Уйимни соғиндим, – деди келин.
– Ҳм-м, ўтин олиб тушгани томга чиқибсиз-да, – деди аёлим хўрсиниб.
– Уйимиз яхши эди, – деди келин хомуш бўлиб. – Бунақа жойларга келиб қоламан, деб ўйламагандим. Онам кўрса, мени танимаса ҳам керак. Бу жойларни бир кўрса, мени туққанига ҳам пушаймон еса керак.
– Мен ҳам келин бўлиб келганимда, худди шундай деганман, – деди аёлим. – Хўжайин мени Россиядан, армияга борган шаҳридан олиб келган эди. Менинг шаҳрим том тугул, Гулдуртепанинг устига чиқиб қарасам ҳам кўринмасди. Шу билан на онамни кўрдим, на туғилган шаҳрим Толяттини. Умрим шу Жаласойда ўтди.
Икки аёл бир-бирини қучоқлаб, узоқ йиғлади.
Мен ҳамма сканвордларни охиригача ечадиган одамдай, газетадан кўзимни узмадим…
5.
Кузга бориб, келиннинг ўпкасини даволатдик.
– Қишлоқнинг чанги келинга тўғри келмапти, – деди духтур. – Шаҳарга олиб борасиз, операция қилмаса, бўлмайди, деб қўрқаман.
Духтурнинг қўрққани бўлди. Операциядан кейин келин касалманд бўлиб қолди. Асакани қумсаб, кўп ичикавергани учун ёзда уни Асакага олиб бордим. Роса соғинган экан, шаҳарнинг кўчаларига, янги иморатларга боқиб тўймайди. Уч кун юрдик. Келиннинг онаси қизини кўриб, аҳволига ичи ачиди. Қизини бағрига босиб, узоқ йиғлади.
– Сени туғмай мен ўлай, – деди ўксиб. – Онани яратгунча тошни яратсин экан.
Кейин “Бунақа юрма, кўрганлар нима дейди”, деб, битта янги кўйлак берди. Янги кўйлакда келиннинг кўриниши яна аввалгидек бўлди. Ўзини яхши ҳис қилмаса-да, ҳар ҳолда кўриниши яхши бўлган, водийнинг кенг ва равон кўчаларини кўриб, баҳри дили очилган келиннинг Ургутга қайтгиси келмай қолди.
– Кетмасак бўлмайди, келин, ўғлимизга нима дейман? – ялиндим унга.
– Бормайман, дадажон, ўша Жаласойингизга, – деди келин. – Ўғлингизга айтинг, ҳеч бўлмаса, уйимиздан Ургут йўлигача чиқадиган жойни асфальт қилсин, кейин бораман. Ахир бу йўлдан юриб бўлмай қолди-ку?
– Бўпти, борайлик, сиз айтган кўчани таъмирлашга ўзим ваъда бераман.
Қайтиб келдик. Бир машина асфальнинг нархини эшитиб, юрагим киндигимга тушиб кетди. Аммо келинга берган ваъдамни бажардим, тўрт КамАЗ шағал олиб келиб, кўчага тўкдим. Ҳар ҳолда лойга ботмай, катта кўчага чиқадиган бўлдик.
6.
Келинни бекор Асакага олиб борган эканман. Онасини кўрмай юргани яхши экан. Соғинавериб, яна боргиси келавериб, унинг юраги оғрийдиган бўлиб қолди. Камига, онаси тайинлаганми, сарёғ ейишга ружу қўйди. Ҳафтасига бир кило сарёғни кўрдим демайди.
– Ҳа, юрагининг тожтомирини алмаштириш керак, – деди уни текшириб кўрган профессор. – Яхши еб, яхши ичмагандан кейин аҳволи шу-да.
– Ундай деманг, духтур, – дедим унинг гапидан ранжиб. – Ейиш-ичишимиз бировдан кам эмас.
– Биламиз, қишлоқда нима еб ичишларингизни, – деди профессор. – Ҳамма касалнинг боши ёғдан. Айтинг-чи, рўзғорда қанақа ёғ ишлатасизлар? Пахта ёғи, тўғрими?
– Бизда ҳамма пахта ёғи ишлатади, ҳеч ким нолигани йўқ ҳали.
– Ана, келинингиз нолибди-ку? Тоза ёғ, зайтун, писта, бодом ёғи, ҳеч бўлмаса, кунгабоқар ёғи ишлатиш керак.
– Эҳ-ҳе, писта, бодом неча пул туради-ю, уларнинг ёғи қанча туради? Айтганча, келин сарёғхўр.
– Ариқ сувини ичар экансизлар. Ахир тоза сув, ҳеч бўлмаганда, “Нестле” сувларини ичиш керак.
Хуллас, юрагини ҳам операция қилдирдик. Аммо шундан кейин келин бошқача бўлиб қолди. Юриши ҳам олдингидай бўлмади, иши ҳам. Овози ҳам қандайдир, ёқимсиз бўлиб қолганидан ҳатто аёлим ҳам нолийдиган бўлди:
– Келиннинг овозини катта кўчадан эшитганимдан танийдиган бўлиб қолдим. Келган пайтлари овози чиқмасди, энди қулоғимни кар қиламан, дейди.
Энг ёмони, уч йил бирга яшамай туриб, ўғлимнинг ҳам ундан кўнгли қолди. Ҳазил-у, чин аралаш бир-икки марта “Бошқа келин топасизлар, шекилли”, деб қўйганини эшитган келин баттар тушкунликка тушди. Йиғлайвериб, кўзлари хира бўлиб қолди.
– Ўғлим, оғир бўл! – насиҳат қилдим ўғлимга. – Мен ўттиз йилдан бери битта аянг билан яшаб юрибман.
– Аямнинг сизга яхшилиги кўп-да, – жавоб берди ўғлим. – Шунга аямдан кеча олмайсиз. Бўлмаса, аллақачон…
7.
Ниҳоят, бизлар қўрққан иш бўлди. Дам олгани Хоразмга бориб келган ўғлим узил-кесил гапини айтди:
– Ҳазораспда бир қизни кўриб келдим. Ўшани олиб берасизлар, тамом-вассалом!
– Хоразмликнинг нимасига учдинг, ўғлим? – жавради аёлим.
– У зўр! – деди ўғлим. – Асакалик келинингизга қараганда узун, келишган, юраги ҳам бақувват. Бир кўрдим-у, кўз ўнгимдан кетмай қоли. Ўзиям зулукдек қоп-қора экан. Отини сўранг, отини?
– Нима экан?
– Орландобека! Қалай?
– Ўзимизнинг келиннинг оти чиройлироқ эди, – деди аёлим. – Нексияхон!
– Менга қолса, энг чиройли от аянгники, – дедим мен. – Лада!
Аёлимнинг кўнгли учун айтдим, аслида, болалагимдан менга Раис бобонинг ўлиб кетган хотинининг исми ёққан: Победа!
Тамом
P.S: Айтдим-ку, икки марта ўқийсиз, деб…