Бош саҳифа | | Рўйхатдан ўтиш | Кириш
Марҳабо! Гость | RSS
Меню сайта
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Апрель 2016  »
Пн Вт Ср Чт Пт Сб Вс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930
Архив записей
Статистика

Онлайн всего: 2
Гостей: 2
Пользователей: 0
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Главная » 2016 » Апрель » 26 » БАХТНИНГ ЁРҚИН ЙЎЛЛАРИ
    09:21
    БАХТНИНГ ЁРҚИН ЙЎЛЛАРИ

    Муҳокама учун мавзу: БАХТНИНГ ЁРҚИН ЙЎЛЛАРИ

    ёхуд миллий удумларимизга ёт замонавий “одатлар” хусусида

     

    ТЭшбек

    Ҳар бир инсоннинг энг катта орзуси – бахтга эришиш бўлса керак.

    Аслида бахтнинг тури кўп. Ўқишга кириш ва эсон-омон тамомлаш ҳам, ният қилган соҳада ишлаб барака топиш ҳам, уйли-жойли бўлиш, оила қуриш – ҳаммаси бахт! Фақат унга ким қандай эришади?

    Очиғи, бахтга тоза ният, покиза қадамлар билангина эришиш мумкин. Ана шундай бахтгина одамга татийди! Узоққа бормайлик, ўзимиз ўқишга билим билан киргандик. Таъма-шаъмасиз диплом олдик. Газеталарда кўп мақолаларимиз чиққанди, иш излашимизга ҳожат қолмади. Таҳририятлардан устозларнинг ўзлари таклиф қилишди! Буларнинг ҳаммаси бахт, албатта!

    Бу бахтлар ичра энг нозиги – оила қуриш. Тўйимиз камтарона ўтган. Раҳматли устоз ёзувчи Оқилжон Ҳусанов ва шоир Ўткир Саидов тўйимизга бориб шеър ўқиганлари ҳамқишлоқларим учун унутилмас воқеа бўлганди.

    Тўйимда илк бор янги кастюм-шим кийганман! (Унгача акаларга торлик қилиб қолганларини кийиб улғайганман… Замон ўзи шунақа эди-да).

    Тўйдан кейин Тошкентга қайтишда кўч-кўроним бир кўтаргулик эди. Ҳарқалай, бир жуфт келин-куёв яшаса бўларди. (“Спальний” деган нарса тушимизга ҳам кирмаган, очиғи, ҳозир ҳам ўша матоҳдан кўра гилам устига солинган кўрпа-тўшакнинг гашти бошқача туюлади). Мустақил оила бўлгач, биринчи маошимдан қозон, чўмич, иккитагина қошиқ сотиб олганимиз ҳануз ёдимда. Рўзғорга кунда-кунора кўтариб келадиган шунақа нарсалар бахтимиз пойдеворини мустаҳкамларди. Бирам ширин-бирам ширин эди-ки… Бунинг лаззатини худди шу тариқа оила қурганларгина ҳис эта олади!

    Йиллар давомида эр-хотин пешона теримиз билан топган-тутганларнинг ҳаммаси жуда-жуда қадрли. Барака топгур қайнона-қайнотам инъом этишган биттагина сандиқ билан шифонер ҳамон уйимиз бурчида музейдек туради.

    Кўрсатган кунлари учун Яратганга минг қатла шукрки, биз орзу қилган бахтимизга худди шундай эришдик!

    Минглаб замондошларимиз ҳам шу тариқа бахтга эришганларини, улар учун менинг юқорида ёзганларим асло янгилик эмаслигини яхши биламан.

    Ўша даврларда ҳам бахтини бой берганлар йўқ эмасди. Алдам-қалдам, қинғир-қийшиқ йўллар ёки бировнинг “кучи” билан эришилган “бахт” жуда-жуда омонат бўлишини ҳам кўрдик. У ҳеч кимга яхшилик келтирмас экан. Яъни, таниш-билиш қилиб ўқишга кирганлар ва “танк” суриб битирганлар ўша соҳада ёлчитиб ишлаганини учратмадим… Ота-онасининг мол-у дунёси эвазига оила қурганларнинг ҳам бахтли яшаб кетганини сира кўрмадим…

    Мана сизга озми-кўпми ҳаёт сабоқлари.

    Хўш, бугун ўзимиз ҳам қиз узатадиган, келин оладиган давримизга етиб келганда азиз фарзандларимизни қандай бахт (ё бахтсизлик) сари ундаяпмиз?

    Айтиб қўяй, бугунги фаровон, тўкин-сочин замонда ўтказилаётган баъзи дабдабали тўйларнинг ҳам, келин-куёвларга қўша-қўша мебеллардан тортиб туғилажак боласигача етиб-ортадиган мол-у дунё олиб беришнинг ҳам урф-одатларимизга, миллий удумларимизга мутлақо алоқаси йўқ. Бирор миллий удумда тўйларни бунақа ошириб-тошириб ўтказиш, келиннинг елкасига бир неча миллион сўмлик оқ либосни (атиги бир неча соатга ижарага!) ташлаб қўйиш одати йўқ!! Бироз ноқулай бўлса ҳам айтай, елкалари очиқ ўша оппоқ либоснинг этаги шу қадар узунки, ерга судралмасин деб келиннинг ортидан дугоналари кўтариб юриши кулгингни қистайди. Шу ортиқча қисмини қийиб олиб, елкасига бежиримгина ёқа тикишса бўлмасмикин, деб ўйлаб қоламан гоҳо…

    Тўқликка шўхлик қилаётганлар аслида миллий удумларимизни оёқости қилаётганларидан кўз юма олмаймиз. Айтайлик, мен ҳозиргача қайнотам ва қайнонамнинг (улар саксонни қоралаб қолишган!) олдида бемалол ўтиришга, кўзларига тик қарашга ийманаман.

    Ҳозирги бўлғуси куёвлар бўлғуси қайноталари билан тўйдан олдин апоқ-чапоқ ўтириб ошхўрлик қилишмоқда… Шу тариқа қайнотанинг гарданига тўй ташвишларини юклаб кетмоқда… Қиз томон наҳорда ош бергани камлик қилгандек кечки базмнинг ҳам бир томонини кўтаришмоқда. Буям камлик қилгандек эртаси куни юбориладиган тоғора-тоғора пишириқлар-у ноз-неъматларнинг ўзига яна бир тўй ўтказиб юборса бўлади!..

    Раҳматли Ҳожибой Тожибоев бир ҳангомасида “Учта қиз чиқарган киши жаннати бўлар экан” деганлари замирида қанча катта маъно борлигини бугун учта эмас, биттагина қиз чиқарган киши жуда яхши билади. Энг қизиғи, улар йўқчиликдан эмас – тўқчиликдан шу кўйга тушаётир. Бошқалардан кам бўлмайин, деб ким ўзарга олинаётган мебеллар ва бошқа қимматбаҳо мол-дунёнинг ҳисобига етолмай қоласан…

    Шунга яраша янги оилада келиннинг ўрни қандай, дерсиз? Кўп қаватли уйда “уй бошқарувчиси” (домком) сифатида баъзи ҳолатларни кўриб лол қоламан. Буни қарангки, баъзи ишига пишиқ оила бошлиқлари келиннинг паспортини ҳисобга (пропискага) қўймас экан. Сабабини суриштирсам, “мабода ажрашиб кетадиган бўлса уйга талашмаслиги учун” пухта ҳозирлик кўришаркан. Ол-а, дейдиган одам йўқ…

    Қалинли қиз – қадрли қиз, деган мақоллар қаёқда қолди?

    Бугун “қалин”ни амалда қизнинг отаси бермаяптими?!

    Энг ачинарлиси, ўғил-қизларимизга бахт ато этаяпман, деб бахтсизлик гирдобига ўз қўлимиз билан тиқмаяпмизми?

    Гўдакни ўн ёшгача елкангизда кўтариб юрсангиз, у ҳеч қачон юришни ўрганмайди. Худди шундай ёш оилани ҳам елиб-югуриб ишлашга, рўзғорини ўзлари бутлаб олишга ҳожат қолдирмасангиз бахт аталмиш ҳаёт гулзорининг муаттар бўйларини ҳис эта олмайди.

    Болам қийналмасин, дея куюб-пишганлар аслида дилбандини қанчалик қийнаб қўйишини англаши лозим. Бир донишманд айганидек, болангиз балиқ ейишини истасангиз унга ҳеч қачон тайёрини қовуриб берманг, яхшиси қўлига қармоқ тутқазинг, у ёғини ўзи ҳал қилсин…

     Тўлқин ЭШБЕК,

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

    Просмотров: 503 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    avatar