Масжид қурилаётган эди, катта қурилиш…
Имом мавъизадан сўнг эълон қилди:
- Биродарлар, ким қанча қурби етса…
Бир хафта ўтди: жимлик. Нахот юртдан химмат кўтарилган бўлса?!
Имом кейинги жума мавъизадан сўнг яна хайру саховатдан гапирди.
- Биродарлар, ким нима топса…
Яна жимлик.
Қурилиш орқага қараб кетаверди. Имом дуо қилди: "Ё, Раббий, гунохларимизни афу эт!..”
Махаллада Мирзаахмад исмли бир девона яшарди. Кимдандир эшитиб қолди: ка-ат-та масжид қурилармиш.
Омбордан замбилғалтагини олиб чиқди-да, уйида бор ғиштларни юклади: ўн еттита чиқди. Масжидга сургалади.
Имом боши қотиб ўтирган эди.
- Ма, мачитингни қуриб ол, - деди, Мирзаахмад девона.
Имомнинг кўзи маъюсланди:
- Шугина ғишт билан мачит қуриб бўладими?
Мирзаахмад:
- Ман қаттан билай? – деди-да, ғиштларни бир чеккага ағдариб, замбилғалтагини ғилдиратиб, ховлидан чиқди-кетди.
Кейинги жумада имом дуо қилди:
- Биродарлар, Мирзаахмад ака масжидимиз қурилишига ўн етти дона ғишт эхсон қилдилар, Аллох даргохида қабул этсин…
Издихом бир қалқигандай бўлди: "Омий-йн…"
Эртаси кимдир масжид эшигига ўн етти минг дона ғишт тўктириб кетибди. Кейин кимдир яна ўн минг… яна… ...кимдир ёғоч, қум дегандай…
Шундай қилиб, бор-йўғи ўн етти донагина ғишт ва яна озгина химмат ила махаллада тез орада улкан ва кўркам масжид қад ростлади.
Гувох: Эркин Малик
Котиб: Нуруллох Мухаммад Рауфхон
*Баъзида шу ўн еттита ғишт етмай тургандек бўлади...
|