Бугун сиз билан эркак ва аёл муносабатлари ҳақида гаплашамиз.
Кўпчилик мендан қизлар билан қандай гаплашиш керак ва унга нималар дейиш керак деган саволни сўрашади. Албатта бу саволни кўпни кўрган эркаклар эмас, балки ёш йигитлар сўрашади. Албатта, бундай саволни эшитган катта ёшли киши бу йигитнинг устидан кулиши мумкин. Лекин унга жавоб беришни бошласа, бу каттанинг ҳам пешенасидан тер чиқиб кетиши аниқ. Чунки бу оддий савол эмас. Бу жуда жиддий саволдир.
Ҳақиқатан ҳам қизлар билан нима ҳақида гаплашиш керак? Фақат биринчи учрашувда эмас, умуман олгандачи? Унга ёқиш, қизиқ бўлиб кўриниш ва ўзига бино қўйган экан деб айтмаслиги учун нималарни гапириш керак? унинг эътиборини тортиш ва фақат дўст бўлиб (худо сақласин дугона бўлиб қолишдан) қолмаслик учунчи? Ақллилигингизни кўрсатиш ва ўзбилармон бўлиб кўринмаслик учунчи? Тез-тез ва узоқ мулоқот қилиш ва мижғовга айланиб қолмаслик учунчи? Унинг учун фақат суҳбатдош бўлмасдан, эркак бўлиб қолиш учун нима ҳақида гапириш керак?
Саволлар оддий эмас ва жуда қизиқдир.
Ушбу мақолада қизлар билан гаплашишда қандай йўл тутиш ва нималарга эътибор бериш ҳақида айтаман. Бунда иложи борича структуралашга ва майда қадамларга бўлишга ҳаракат қиламан.
Шундай қилиб:
Биринчидан: Агар сиз энди танишиш учун ҳаракат қилаётган бўлсангиз, нима мавзуда гаплашиш ва нималарни гапириш ҳақида унчалик кўп ўйламасликка чақираман. Биринчи марта гаплашишда сизнинг нима дейишингиз уни қандай айтишингиздан муҳим эмас. Қизлар сизнинг ақлингизни ва билимингизни кейинчалик баҳолашади. Ҳозир эса улар учун муҳими – бу сизнинг ким эканлигингиздир.
Бунда сизнинг овозингиз ишончли чиқиши ва ўзингизни бўшашган ва қулай ҳис қилишингиз керак. худди ўз уйингиздагидай. Қизлар биринчи учрашувда сизнинг кучингизни, ишончингизни ва ҳаётий позициянгизни баҳолашади. Сизнинг қай даражада истиқболли эркак эканлигингизни баҳолашади.
Улар буни кейинчалик сиз билан ўзини қандай тутишни билиш учун қилишади. Агар сиз сиқилган ва уялган бўлиб кўринсангиз, қиз бола сизга нисбатан энг яхши ҳолатда оналик инстинктини намоён қилиши мумкин. Агар сиз қўпол ва агрессив бўлиб кўринсангиз – ёпилиб олади ва сиздан узоқроқ бўлишга ҳаракат қила бошлайди. Агар кучли ва ўзига ишонган бўлиб кўринсангиз (шу билан бирга унга қизиқишингиз борлигини сездириб қўйсангиз), у сизга эътибор қаратади ва ноз қила бошлайди.
Аёллар эркак кишидан истайдиган нарсалар ичида энг биринчиси кучдир. Яъни эркак ўз оиласини ҳимоя қила олиши зарур. Кучнинг асосий белгиси эса ўзига бўлган ишончдир. Иккинчиси эса унинг оиласини боқа олишга қурби етишидир. Бунда унинг қай даражада бой эканлиги ёки яқин орада бойликка эришиши мумкинлиги назарда тутилади. Буни бошқаларга ортиқча гап-сўзсиз кўрсатишнинг ягона йўли сизнинг имижингиз ҳисобланади. Учинчи нарса – бу жамиятда сизнинг эгаллаган ёки яқин орада эгаллашингиз мумкин бўлган ўрнингиздир. Биринчи ва иккинчи пункт ўз-ўзидан учинчи пунктнинг амалга ошиши ёки ошганлигини белгилайдиган факторлардир. Шунинг учун бу факторларга асосий эътиборингизни қаратишингиз керак.
Яна бир марта айтаманки, бу вақтда сизнинг унга нима дейишингиз ва нима ҳақида сўрашингиз муҳим эмас.
Унинг ёнига боринг ва аҳволлари қандай эканлигини сўранг. Шунчаки “Салом” денг ёки унинг кимни кутаётганлигини сўранг. Кейин ўзингизни таништиринг. Яқин орада нима қилмоқчи эканлигини сўранг (масалан, ҳозир нима билан шуғулланяпсан ёки шунга ўхшаш) ва бошқалар.
Бу даврни чўзиш керак эмас. Суҳбатни чўзишга уринишингиз фақат салбий натижага олиб келади. Бизнинг қизларимиз ёшлигидан ёт кўзлардан асралиб ва бегоналар билан гаплашмасликка ўргатилишини назарга олиб, уларни чўчитиб юбормасликка ҳаракат қилиш керак. Қизга бўлган қизиқишингизнинг жуда кучли эканлигини кўрсатишингиз, уларнинг чўчишига ёки ўзларини сиздан устун қўйишларига олиб келади. Қиз бола қизиқишингиз борлигини ва шу билан биргаликда сизнинг унга нисбатан бироз бефарқроқ эканлигингизни ҳам сезиши керак. Унинг сизда ўзи излаган сифатларнинг борлигини кўриши ва шу билан биргаликда сизнинг бир оз бефарқлигингиз ундаги бўлган қизиқишни янада оширади.
Яхшиси унда яхши таассурот қолдириш, танишиш, телефон номерларини алмашиш ва яқин орада телефон қилишингизни айтиб, илиққина хайрлашиш керак.
Иккинчидан. Агар танишиб олган ва унга учрашув тайинлаган бўлсангиз, кейинги босқичга ўтишингиз мумкин. Бу босқич – ахборот олиш босқичидир. Бу давр жуда муҳим бўлиб, унда олган маълумотларингиз бу қиз билан сизнинг мулоқотингиз қай даражада самарали, қизиқарли ва узоқ бўлишини белгилайди. Биринчи учрашувларда асосан у ҳақда гаплашинг.
Бу дегани уни нима қиласан, қаерда ўқийсан, кимни ёқтирасан қабилидаги саволларга кўмиб ташлаш керак дегани эмас. Бундай тергов ҳеч кимга ёқмайди. Сиз фақат савол бериш билан чекланмасдан, у билан у ҳақда гаплашишингиз керак.
Агар қиз сиз билан гаплашганда тинмасдан гапираверса (ўзи ҳақида бўлса ҳам), демак, у сиз ҳақингизда яхши фикрда. Лекин у сизни яхши суҳбатдош ёки дўстлар сафига қўшишни хоҳлашини билдиради, аммо бўлғуси севгили ёки орзудаги эркак тоифасига эмас.
Бунга тескари эффектга қандай эришса бўлади? Яъни у сизни яхши суҳбатдош деб билиши ва сизга бўлган қизиқиши сўнмаслиги учун нима қилиш керак? сиз унга эътиборли эркак бўлиб кўринишингиз ва бу уни ҳаёжонлантириши, бўшаштирмаслиги учун нима қилиш керак?
Бунинг учун унинг гапларини йўналтириб туришингиз керак бўлади. Масалан, у университетдаги ўқиши ҳақида жуда кўп гапириб юборса, суҳбат мавзусини унга қандай таомлар ёқиши ҳақидаги савол билан бошқа томонга буриб юбориш керак. агар яқин орада шундай овқат тайёрлайдиган жой бўлса, ўша ерга бориб, овқатланиб олишни таклиф қилиш керак. яна бир неча дақида давомида унга нимага айнан мана шунақа таомлар ёқиши ва уларнинг фойдаси ҳақида гаплашишга бағишлаш мумкин.
Агар у узоқ вақт давомида ўз дўстлари ва дугоналари ҳақида гапираверса, унинг қаерда туғилгани ва у ердаги яқинлари ҳақида сўрашингиз мумкин.
Умуман олганда суҳбат мавзусини ўзгартиришнинг кераги ҳам йўқ. Уни чуқурлаштиришингиз ҳам мумкин. У шунчаки айтиб ўтган нарсасини тўлиқроқ очиб беришини сўрашингиз ёки йўналтирувчи саволлар билан унинг гапларини қўллаб-қувватлашингиз ҳам мумкин. Масалан у дўстлари ҳақида гапираётганда нимага у айнан мана шу болалар билан дўстлашгани ёки қайси дугонаси унинг учун энг азиз эканоигини сўрашингиз мумкин. Шу йўсинда суҳбат давом эттирилаверади.
Учинчи. Фақат саволлар берадиган ва унинг жавобларини тинглайдиган муҳбирга айланиб қолмаслик учун вақти-вақти билан суҳбатни ўзингиз давом эттиринг ва унга ёқадиган нарсалар ҳақида гапиринг. Масалан, у бирор хонанданинг қўшиқларини ёқтиришини айтса, бу хонанданинг қўшиқларидан бир шингил айтинг ёки унинг ҳаётидан бирор қизиқроқ воқеани сўзлаб беринг ёки концертда бўлган ҳангомани айтинг. Хуллас, умуман олганда, унга нима ёқса, шу ҳақда гапиринг.
Тўртинчи. Фақат у ҳақда гапириш ва унга қизиқ бўлган нарсалар ҳақида гапиравермасдан унга сиз ҳам бу ерда борлигингизни эслатиб қўйишингиз керак. ўзингиз ҳақингизда уинг қизиқишлари контекстида гапиринг. Масалан, у рақсга тушишга ёки рақсни томоша қилишга иштиёқи борлигини айтса, сиз қанчалик яхши рақсга тушишингизни айтинг. Албатта бу тўғри бўлса. рақсга тушишга қандай ўрганганлигингиз ва у ёрдамида қандай янги дўстлар орттирганингиз ҳақида гапиришингиз мумкин. Бир нечта асосий ҳаракатларни кўрсатишингиз ҳам мумкин.
Бешинчи. Шу билан бирга бу дунё фақат янги танишингизнинг дунёси билан ўлчанмаслигини ҳам эсдан чиқарманг. Агар сиз фақат у ҳақда ва унинг қизиқишлари ҳақида гпираверсангиз, тез орада ўзингизни йўқотиб қўясиз.
Бу муаммога дуч келмаслик ва олдинги маслаҳатларни ҳам бажариш учун иккалангизга ҳам қизиқ бўлган мавзуларда гаплашинг. Бошқа мавзуларга камроқ эътибор қаратинг.
Олтинчи. Бу жуда камдан-кам содир бўладиган ҳодиса. Лекин шундай бўлиши мумкинки, қиз биринчи учрашувданоқ сиз билан жуда қизиқа бошлайди ва сўраб-суриштираверади. Саволлар беради, қизиқишларингизга қизиқади ва ҳ.к. Яъни мен сизга салгина олдин берган тавсияларимни сизга қўллай бошлайди.
Бу жуда яхши. Унинг саволларига ҳаққоний ва очиқ жавоб беринг. У билан ўз қизиқишларингиз ҳақида гаплашинг, ўзингизнинг ким эканлигингизни айтинг. Лекин ёнингизда қиз бола борлигини эсдан чиқарманг. қиз Қизиқиб турганида ўзингиз ва қизиқишларингиз ҳақида гапираётиб, бошқа ҳамма нарсаларни унутиб қўйишингиз мумкин. Агар бу фақат саволлар бўлса ва у ўз ҳаётидан мисоллар келтирмаса, сизни қўллаб-қувватламаса, билингки, у шунчаки сертакаллуфлик қиляпти ёки сизнинг саволларингиздан ҳимояланяпти.
Бу ҳолда ўзингиз ҳақингиздаги ҳикояга берилиб кетманг ва унинг саволига жавоб бериб бўлишингиз билан олдинги тависяларга қайтинг. Яна бир марта қайтараман қиз бола сиз ҳақингизда сўрай бошлаши сиздан яшириниш учун ёки оралиқ масофани сақлаш учун бўлиши мумкин. Агар 2-3 соатлик суҳбатдан кейин ҳам у ҳақда ҳеч нарсани билмаслигингизни ёки у билан яна бир марта учрашиш учун бирор илмоқ топа олмасангиз, демак у сиздан қочяпти.
Қизлар билан мулоқот қилиш ҳақида сизга қисқача мана шуларни айтмоқчи эдим. Бу мақолада келтирилган тавсияларга амал қилсангиз, топқир, қизиқарли суҳбатдош ва ёқимли эшитувчи деган тасаввур қолдирасиз. Қизлар сиз билан хурсанд бўлиб мулоқотда бўлишади ва бир жуфт қулоққа бўлгандай муносабатда бўлишмайди.
Умуман олганда Мулоқот устаси курсини ўташингизни ёки мулоқот бўйича истаган бир тренингга қатнашишингизни тавсия қилган бўлар эдим. Чунки мулоқотга кириша олиш кўникмаси фақат қизлар билан гаплашишда эмас, балки умуман ҳар қандай шароитда ҳам сизга керак бўлади.
манба: mardon.uz