хотинимнинг менга ёқмайдиган жиҳатлари
Барча трагедиялар ўлим билан тугайди, барча комедиялар уйланиш билан деганларидек, бир комедия қўйдим, яъни эл қатори уйландим. Тўйдан олдин хотиним билан илк учрашувга бошқа пайт қуриб қолгандек кун ботганда чиққанман-ей, қишлоқ жойи, ўзингиздан қолар гап йўқ. Эҳ, ўша оқшом Ой ўроққа ўхшаб қийшаймай, дум-думалоқ бўлиб чиққан-да эди, ҳалигача кекириб, бўйдоқлик гаштини суриб юрармидим...
Мавзуга доир ҳикмат
Узоқдан тўй мусиқаси янграяпти, демак, яна кимдир таслим бўлди...
«Қиёфам ёш кўрингани билан ичимда бир чол яшайди...» Битта фильм қаҳрамони айтгандек баъзи одамларнинг ичида ўзи ёш бўлса ҳам тажрибали бир чол яшайди. Айниқса йигит уйланса борми, ичидаги чол «совсем» қариб, мункиллаб қолади, кейин аста-секин файласуфга айлана бошлайди йигит бечора. Уйланган йигитнинг миясига келадиган биринчи ақлли фикр: «Эҳ, бўйдоқлигим, олтин даврим». Бугун бўйдоқларга, яъни собиқ «курсдошларим»га уйланишда эҳтиёт бўлиш чоралари ҳақида оғизни кўпиртирмасдан гапириб бераман. Яъни, ўғлим сенга айтаман, ичкуёвим сен эшит услубида ҳикоя қиламан. У ёғини ўзингиз тушуниб оласиз... Хотинимнинг ёқмайдиган жиҳатлари...
Сўзни «тежайди»
Муҳаббат сақичга ўхшайди. Иккаласи ҳам аввалига ширин, мазали, бироз ўтиб шираси қоча бошлайди, кейин эса чакагингни чарчатади. Одатда эркаклар хотинларнинг кўп гапиришидан нолишади, лекин бу борада менинг омадим чопган, хотиним камгап, кўз тегмасин, бир савол берсам, жавоб учун атиги 486 сўз, 18 тиниш белгиси ишлатади, ҳа, жуда «тежайди» сўзларни.
«Запис»ни чала ёзади
Хотинимнинг менга ёқмайдиган жиҳатларидан бири худди тажрибали тўти ўргатувчидек бир гапни камида икки марта такрорлашга мажбур қилади. Лекин қулоғи оғирмас, 200 грамм чиқмайди, эй, нималар деяпман, эшитиш қобилияти яхши, узоқдан туриб «ҳэй» десанг, дарров «лип» этиб қарайди. Шунчаки икки марта сўрашга одатланиб қолган, менимча, биринчисидаёқ эшитади, иккинсини сўраб, жавобни ўйлаб туради, мен аҳмоққа ўхшаб иккинчи бор такрорлашим билан жавобни ёпиштиради, ўзича ҳозиржавобман деб.
Ўғлимни талтайириб юборди
Ишқ сўз билан бошланади, тўй билан давом этади, бир йил ўтгач, «дада» деб тилга киради. Тунов куни «Ну, погоди!» мультфильмини томоша қилиб ўтиргандим, бир ярим яшар ўғлим калламга пульт билан «тақ» этиб урса бўладими?! «Ну погоди, ну онангни», деб қўйдим ичимдан. Шу «тақ-тақдан хо-хогача» чиққандан буён болалар бошга уришни ёмон ўрганишди. Аввал жиянларим, энди ўғлим... Эй, бошимнинг шишмаган жойи қолмади, Шрекнинг калласидек бўлиб кетди-ку ўзиям! Ҳаммасига хотин айбдор, қўли ёғочдек қаттиқ, лекин қаттиққўл эмас, яъни фарзандга қаттиққўл эмас, жа талтайтириб юборган. Ўғилтойга сал гапириб бўлмайди, дарров оғзини тўртбурчак қилиб аразлаб, онасининг этагига ёпишади.
Эзмашунослик асослари билимдони
Хотинимнинг менга «ёқадиган» энг ёқмайдиган жиҳатларидан яна бири сал эзмароқ, яъни «Шум бола»даги бойга ўхшаб серсавол. Боболари археолог ўтганми нима бало, археологларга ўхшаб майда-чуйда деталларнинг тагига етишгача қизиқади. «Нима, қаерда, қачон» деган машҳур уч-оғайни саволлар бор-ку, улар билан чекланмайди, шуларнинг қаторига «нега», «ким айтди», «ким билан эдингиз», «нега телефонингиз ўчирилган эди»ларни ҳам қўшиб сўрамаса, кўнгли жойига тушмайди.
Онасини тез соғинади
Шу «Дийдор ширин» кўрсатуви чиққандан кейин анча ўзгариб қолди. Телефонда ҳар куни 4-5 соат гаплашса ҳам онасини ҳар ҳафта бориб кўрмаса, овқат емай қўяди, бир қозон овқатни ўзим ейишимга тўғри келади, чунки музлатгичимиз ишламаяпти.
Содда, ишонувчан
Яна бир кўзга чалинадиган камчиликларидан бири (аслида буни фазилат деса ҳам бўлади) жуда содда, ишонувчан. Ҳўкиз туғибди деса ҳам ишонади, нима туғибди «ғунажинми ёки буқачами?» дейди. Лекин мен бу камчилигини суистеъмол қилмайман, чойхонада улфатлар билан ўтириб келаётган бўлсам ҳам тўғрисини айтаман, «ишда эдим» деб.
Айтганимнинг тескарисини қилади
Гоҳ-гоҳида айтганимни тескарисини қилади. Кўйлак ол, деб пул берсам, «эй, нима қиламан, киймим бор-у» деб пулни оила бюджетиникига қўшиб қўяди. Гоҳида шкафини очиб кўрсам, сотиб олганини мен билмайдиган янги кўйлак «тиржайиб» турган бўлади. Лекин эндиликда тажрибам ошиб қолган, бирорта ишни тескарисини айтаман, ўнгини қилади, шу билан ҳаммаси «расчўт».
Кимнидир ўрнак қилса, уввилаб юборгим келади
«Фалончининг эри...» деб бошланадиган жумлаларини эшитсам, тепа сочим Эйнштейнникидан ҳам тиккайиб, ток урган одамдек бўлиб кетаман. Дугонасининг эри ҳар ҳафта кинога олиб тушармиш. Ўргилдим дугонангнинг хотинидан қўрқадиган эридан. Уйда DVD диски турган кинони кинозалга бориб кўрса, шох чиқиб қолармиди ёки савиясиз кино савияли бўлиб қолармиди, унинг устига одам гавжум жойда маза қилиб ухлолмасам.
Овқат масаласида дидимиз ҳар хил
Уйга келганимда овқат тайёр бўлмаган бўлса, тандирга тушган сомондек тутай бошлайман. Иккаламизнинг овқат танлашда юлдузимиз юлдузимизга тўғри келмаган. Мен ошни «совсем» ёқтирмайман, у эса «ўлдирса ҳам ош ўлдирсин», деб палов пишириб қўйган бўлади, норозилигимни билдириш мақсадида буханканинг ичига пиёзни паррак-паррак қилиб тўғраб, иштаҳа билан ейман, қиссадан ҳисса чиқариб, эртасига мен ёқтирадиган овқатни қилади. Талаба халқи жуда ижодкор бўлади. Улар карам, пиёз ва макарон ёрдамида бемалол 38 хил овқат пишира олишади... Лекин у талаба бўлмаган-да, ярим қошиқ туз йўқ ёки бир дона пиёз етмаса ҳам овқат қилмай мени кутади, бозорчага юбориш учун.
«Эсмеральда»ни кўришдан чарчадим
Оилада тинчликни таъминлашнинг асосий йўлларидан бири эр хотини кўрадиган ТВ дастурини, ўз навбатида хотин эри томоша қиладиган кўрсатув ёки кинони чидаб бўлсаям томоша қилишга кўникишидир. Чунки бекорчи олимларнинг эринмай ҳисоблаб чиқишича, юз оиладан иккитаси телевизор сабаб бузилиб кетар экан. Шу боис хотиним кўрадиган сериалларни сабр билан томоша қилиш рефлексини онгимга сингдирдим. Корейс саройларининг у ёғидан кириб буёғидан чиқдим, ишонаверинг, ҳатто «Эсмеральда»ни ҳам тишимни тишимга қўйиб томоша қилдим, дубляжда қатнашган аёлнинг овози «температура»мни кўтариб юборади. Футбол қўйсам, нариги хонага чиқиб кетадими-ей, писанд қилмайди.
Мавзуга доир латифа
Бир бўйдоқ йигит тоғасидан сўрабди:
- Тоға, уйланиш «опшим» нечи пулга тушади?
Тоғаси бир хўрсиниб:
- Билмасам жиян, «курсини» билмайман, мен ҳалиям тўлаяпман, — деган экан.
Бозорга борсак, адаштириб кетади
Бозорга тушсак, бир нарса олмоқчи бўлса, беш марта айланиб олтинчисини олади. Нархларни бир-бирига солиштиради, кўпайтиради, илдиз чиқаради, тангенс, котангенсини ҳисоблайди, гипотенузасини ўлчайдими-ей, қайси сотувчи қанча қўйиб сотаяпти, нечи пул даромад олаяпти, қачон тўй қилаяпти, ҳаммасини ўрганиб чиқади. Математика фанидан нуқул «уч» баҳо олиб ўқиган бўлишига қарамай, бу борада калласи яхши ишлайди.
Тўйда янги либос кийгиси келади
Ота-онасининг уйида тўй бўлса, бир ҳафта олдин хонамга келади аризасини кўтариб, рухсат олишга. Яна ўшанақа айёмлар арафасида янги либос кийгиси келиб қолади. Мен ўзим мана шу эгнимдаги костюмни 7 йилдан бери кияман, оёғимдаги туфлига қаранг, бирор нарсадан ҳайратлангандек, оғзи очилиб ётибди, уни ўтган асрдан буён кийиб юрибман. Лекин у ҳар бир тўйга алоҳида оёқ кийим, алоҳида либос кийиш керак. Унақамас-да энди!
Ўта саражомлик ҳам тартибсизлик
Керакли нарсамни топишим қийин, ўзича йиғиштириб қаерларгадир яшириб ташлайди, устидан сомон шувоқ қиладими нима бало, икки кун изласам ҳам тополмайман. Ҳам яна мендан берухсат эски кийимларимни яшил машина келиб тўхтайдиган жойга олиб бориб ташлайди. Мисол учун ўтган якшанба куни яхши кўрган йиртиқ пайпоғимни 2 соат излабман. Чиқариб ташлабди, кўз ёшларига қарамай. Жуда эркатой пайпоғим эди.
Тарихга жуда қизиқади
Хотираси кучли, тўйдан олдин қилган шўхликларимни эсга солиб, кайфиятни бир пул қилади. Неча марта айтдим, миянгни «перезагрузка» қил деб, фойдаси йўқ, ўтмишни ковлаштираверади, мен эсдан чиқариб юборган қизларнинг фамилясигача эслаб қолган.
|