Бу воқеага 5-6 йил бўлди. Қўшниларимиздан бири салом-аликдан сўнг «Ота-оналар мажлиси экан, мактабга шошяпман», деди ҳовлиқиб.
– Янгамни юбормайсизми, сизга зарилми, барибир пул сўрашади, – деди маҳалладошлардан бири.
– Э қўшни, нималар деяпсиз. Ахир ўғлим ҳам қизим ҳам шу мактабда ўқиса, уларнинг қандай ўқиётганидан хабардор бўлишим керак-ку. Ўтган гал онаси борганди…
Қўшнимнинг бу ишига кимдир кулди, кимдир ҳавас қилди, аммо фарзандларининг таълим-тарбияси билан боғлиқ мажлисни эътиборсиз қолдирмаган отага ҳурматим ортди.
Яқинда ўзим ҳам ота-оналар мажлисида қатнашдим. Ўйлаганимдек синф раҳбари ҳар бир ўқувчининг феъл-атвори, хулқи, билими, одоби, қўйингки, барча камчилиг-у фазилатларини санаб ўтмади. Ўқувчи қизларнинг барчаси бирдек яхши дея таърифланди, ўғил болалар одоби, билимига қараб, уч тоифага ажратилиб, яхши, дангасароқ жанжалкаш-тўполончи ўқувчиларга бироз шўхроқ таърифлари берилди. Шу билан барча ўқувчилар тўғрисидаги «ҳисобот» тугади. Ота-оналар мажлиси шу қадар қисқа бўлади, деб сира ўйламаган эканман.
Мактабда ўтадиган бундай йиғинларга кўпчилик оталар келишни хоҳлашмайди, шунинг учун ота-оналар мажлиси асосан оналар билан ўтади. Бугунги мажлис ҳам бундан мустасно эмасди. Мактаб директори ўринбосари иштирокида ўтаётган мажлисда синф раҳбари кейинги масала – навбатдаги мавсум учун обуна уюштириш, мактаб формаси, синф таъмири, ўқув йилидаги тадбирлар ва бошқа ташкилий масалалар тўғрисида йиғилганларнинг фикрларини сўради. Таклифларнинг аксарияти ҳаётда бир маротаба бўладиган мактаб даври тадбирларини қандай ўтказиш, битирув байрамларини қаерда нишонлаш ҳақида бўлди. Фарзандининг ўқишига бефарқ бўлмаганлардан бири Мактабда компьтердан дарс ўтасизлар, ўғлим ўқишга кираман, деб китобда ёзилганларини ёдлаб олган лекин компьютерда ишлашни билмайди, шунинг учун электрда узилишлар камроқ бўлган пайтлари болаларга қўшимча дарслар ўтинглар», деди. Мактабдаги ташкилий масалалар учун умумий тарзда йиғиладиган пулни болалардан айтиб юбормасдан мана шундай мажлисларда эълон қилинглар. Болалар ўқитувчи ва ота-онаси ўртасида пул сўрайвериб, иккиюзламачи бўлиб қолади», деган таклифлар ҳам бўлди. Аммо бу гаплар бир неча пулдор ота-оналарнинг байрам тадбирларини чиройли ўтказиш тўғрисидаги гаплари орасида эътиборсиз қолиб кетди. Уч-тўрт нафар фарзандни ўқитаётган оилалар етарли маблағни топиб беролмаса, болаларнинг кўнгли ўксиши «Ўзим тўра, менга тенглошалмайсан, жўра», қабилида иш тутадиган бундай ота-оналар учун ёт тушунча. Хуллас, ўқувчиларнинг таълим-тарбияси, хулқи тўғрисида гаплашиладиган мажлис байрам ва тадбирлар сценарийсини тузишга айланиб кетди. Лекин бирор киши уларга «давлатингиз бор экан, фарзандингиз ўқиётган синф таъмирига ҳомийлик қилинг ёки мактаб кутубхонасига янги китоблар совға қилинг», деган таклифни айтмади ҳам.
Шу ўринда яна бир гап, ўқувчига уйга вазифа берилади, кейинги дарсда топшириқнинг жавоби сўралади. Шу усул ўқув йили давомида ўтказиладиган ота-оналар мажлисида ҳам қўлланса. Мажлисларда ота-онасининг кўнглига қаттиқ тегади, кўпчиликнинг олдида изза бўлади, демасдан фарзандининг ютуқ-камчилигини, нимага кўпроқ қизиқишини рўй-рост айтишса. Кейинги мажлисда ота-оналар фарзандининг ютуқ-камчиликлари билан шуғулланганми ёки йўқми, натижаси ҳақида айтилса, барча учун фойдали бўлмайдими? Ота-онаси ўқиши билан қизиқаётганини кўрган фарзанд учун бу алоҳида рағбат бўлмайдими?
Самарқанд вилоятидан Ўктам Худойбердиев