МИНГ ҚАРҒАГА БИР КЕСАК
Халқдан ҳам доно шоир бормикан бу кўҳна дунёда?
Йўқ!
Халқ яратган ҳикматли сўзлар, мақол, матал ва ибораларнинг ҳар бири – бир буюк асардек. Тилимиздаги бундай ноёб бойликларни илгари замонларда «масал» деб аташган.
Алишер Навоий ўз асарларида кўпдан-кўп масаллар келтиради. Улар муаллиф муддаосини рўёбга чиқаришда камарбасталик қилади. Матннинг масал қўлланган ерларида, гўё «сўз келини» юзидаги ҳарир ҳулласини очиб юборгандек, ифода-ю тасвир порлаб кетади.
Шарқ мумтоз бадииятида масал қўллаш ирсол ул-масал санъати дейилади. Аммо ҳозир суҳбатимиз ирсол ул-масал санъати ҳақида эмас, балки, биргина масал маъноси-ю мазмуни билан боғлиқ бир хаёлий «ихтиро» хусусида.
Минг қарғага бир кесак!
Қанчалар топиб айтилган, нақадар халқона ҳикмат бу. Масални ўз маъносида тушунганингизда ҳам, унинг ўта ҳаётий ҳодисанинг ниҳоятда аниқ тасвири эканига ишонасиз.
Минг қарғага бир кесак ирғитиб кўринг-чи, қарғалардан бирортаси учмай қолармикан?! Бироқ бу халқона гўзал ифодада кесак – кесак, қарға – қарға эмас. Булар – бир тимсоллар янглиғ келган ифодалар. Масалнинг кўчма маънода жуда теран ҳаётий мағзи борлиги учун ҳам у халқ тилида асрдан асрга ўтиб келган. Ахир, ҳаётда бир кесак билан минг қарғани ҳуркитгандек ҳодисалар камми, дейсиз?!
Лекин Навоийнинг «Садди Искандарий» достонида бу масал сиз билан бизнинг етти ухлаб, тушимизга кирмайдиган маънода ишлатилган.
Хўш, бир кесак билан-ку минг қарғани ҳуркитиш мумкин экан, одамзод минг кишини қўрқитиш ва ё маҳв этиш учун кесакка ўхшаган бир нарса ўйлаб чиқарса, бўлмасмикинки, унинг биттасини отиб, шунча душманини мағлуб этса?!
Биз яшаётган атом асри кишиси бундай жўн хаёлга берилмайди. Чунки инсоният – XXI асрга келиб кесакка ўхшаш бир қурол билан минг одамнинг ёстиғини қуритиш у ёқда турсин, ўзи ўйлаб чиқарган ядро балосидан қутулишнинг йўлини тополмай, гаранг. Ахир, ҳозирги пайтда ана ўшандай бир қурол билан минг ё миллион-миллион кишинигина эмас, бутун Ер куррасини, эҳтимолки, борлиқ коинотни издан чиқариб қўйиш ҳеч гап эмас.
XV аср буюк ўзбек шоири бир кесак билан минг қарғанинг ҳуркиганини кўриб, валлоҳу аълам – яна Тангри билимдонроқ, минг одамни «қўрқитадиган» бир ажиб ихтиро қилишни орзулаган бўлса, не ажаб!
Дунё ёзувчи-ю шоирларни худодод истеъдод, туғма қобилият ва ғайритабиий хаёлот соҳиблари деб билиш бежиз эмас. Жаҳондаги жуда кўп кашфиёту ихтиролар яратилишдан неча йил, ҳатто, қанча асрлар бурун баъзи адибларнинг асарларида хаёлан тасвирланганини кўриб, ёқа ушлайсиз. Ҳозир ғарб адабиёти тарихини титкилаб, бу даъвомизга далиллар келтириб ўтиришнинг мавриди эмас. Чунки мисол излаб, узоққа бориб юришга ҳожат йўқ. Навоийнинг ўзидан хоҳлаганча топамиз бундай далилларни.
«Садди Искандарий» достонининг 35-боби Искандарнинг Хуросон, Мовароуннаҳр ва Кашмир мамлакатларини қўлга киритгани, Ҳирот, Самарқанд шаҳарларини бунёд этгани ҳақида. Кашмир сари юрилаётганда Искандар лашкарлари бир-бирига яқин икки жуда баланд тоғ олдидан чиқиб қолишди. Бу икки тоғнинг ораси юз қадамча келади. Кашмирий бир гуруҳ афсунгар ана шу икки тоғ орасини ганж ва тош аралаштириб қурилган баланд ва мустаҳкам девор билан бирлаштириб олишган. Одам тугул, пашша ҳам ўтолмайди. Ўртада баланд бир темир дарвоза ҳам бор. Бу девор устида буржлар қилинган. Уларда не-не «ҳийлапардозу афсунтироз» кишилар қўриқбонлик қилиб ўтирибди. Кашмирийлар – асли сеҳргар халқ. Уларнинг афсунлари кучи билан қалъага минг қадамча қолган ердаёқ кишининг мадори қуриб, дарвозага яқин йўлаёлмайди. Ҳатто, отлар ҳам олдинга босолмайди – оёқлари қайрилади.
Буни кўрган Искандар аскарлари ҳайратга тушди. Орқага қайтиб, аҳволни жаҳонгирга сўзлаб беришди. Ҳукмдор бу сўзларга ўзи ишонч ҳосил қилиш учун Арасту билан бирга бу ерга етиб келди. Яқинроқ бориб, сездики, аскарлар рост гапирибди. У, қандай бўлмасин, Кашмир ҳийлагарларининг бу найрангига чора топишни буюрди. Искандар билан беш юз манаман деган ҳаким, яъни олим бирга юрар эди. Айниқса, уларнинг энг зўрларидан ўн ҳаким кеча-кундуз шоҳнинг ёнида унга надимлик, яъни маслаҳатгўйлик қилар эди. Билимдонликда ҳар бири бир жаҳон, балки ҳар бирида жаҳон илму ҳикмати ниҳон бўлган бу олимлар кашмирийлар ҳийласини ҳикмат, яъни илм билан даф этажакларини айтишди. Яна дейишдики:
Кўп ўлса фусунсози Кашмирнинг,
Биримиз бизинг бас, алар бўлса минг.
Уларнинг мингига буларнинг бири!
Яна ўша «Минг қарғага бир кесак» масали ёдга тушади. Чунки Искандар теварагидаги олимлар: «Минг кашмирий афсунгарга бизнинг биримиз бас кела оламиз», – дейишяпти-да.
Олимлар жаҳонгирдан икки кун муҳлат сўраб, бир неча кўраю дамни ишга солиб (эсингизда бўлса, «Фарҳод ва Ширин» достонида Фарҳод ҳам тоғ йўниш учун ўзига улкан метин ясаганда ана шундай иш тутган эди), филиззот, яъни металдан ичи бўш шарга ўхшаш думалоқ нарса ясашди ва уни адовий, яъни порох билан тўлдиришди. Бу адовий «неча навъ ашё», яъни турли хил портловчи моддалардан таркиб топган эди. Бу ажойиб ҳуққанинг икки тешиги бор эди. Шу тешикларга пилта тиқилди. Аввал ана шу пилталар ёқиб юборилади, кейин ўша ҳуққа тўп отадиган ёйга қўйилади-да, ҳаводан душман сари отилади. Ана шу думалоқ нарса тушган ерида портлаб, ҳам жуда баланд овоз чиқаради, ҳам олов пайдо қилади, ҳам кучли шамол турғазади ва ҳам ҳавога сассиқ ҳид тарқатади. Портлаш душман дарвозасини очиб юборади. Овоз кашмирийлар сеҳрини йўққа чиқаради. Ўт қалъа дарвозасини бузиб ташлайди. Дуд сеҳргарлар юзини қоп-қора қилиб юборади. Сассиқ ис таъсирида афсунгарлар фусун илмини тамом унутади.
Шундай бўлди ҳам. Ҳалиги қуролни раъд, яъни тўп ёйига тошдек ўрнатиб, пилталарига ўт ёқишди-да, душман қалъаси томон отишди. Шундай портлаш юз бердики, ҳам баланд садо чиқди, ҳам сассиқ ис, ҳам ўт ёнди ва ҳам осмонга тутун кўтарилди. Садо афсунгарларни ботил, яъни кар қилди, ўти қалъани ёндириб, тупроққа айлантирди, дуди ҳийлагарлар юзини қорайтирди, иси уларнинг хотирасини йўққа чиқарди:
Деган тўрт иш тутти андин вужуд:
Садоу афан ис била ўту дуд.
Садо ботил этти фусунларни пок,
Ўти куйдуруб қалъани қилди хок.
Фусунгар юзин дуди этти қаро,
Иси қўймади нуқта хотир аро.
Афсунлари иш бермай қолган кашмирийлар пойтахти сари қочишга тушишди. Уларнинг бошқа чораси қолмаган эди.
Минг қарғага бир кесаклиги шудир-да!
Дарвоқе, бобда тасвир аста-секин қарға томон бурила боради:
Борур чоғда минг жодуйи сабзранг
Ва лекин келиб борчаси аҳли занг.
Бориб анда кўк қарға – зоғе келиб,
Кетиб тўти, аммо кулоҳе келиб.
Шоир бу ерда қалъани шу қадар мустаҳкам қилиб қурган кашмирлик жодугару афсунгарлар ҳақида сўз юритяпти. Улар қалъага бораётганида яшил кийимда эди (кашмирийлар учун яшил рангли кийим кийиш расм бўлса керак), лекин бояги ҳуққа портлаганидан кейин пойтахтларига қочишаётганда улар худди занжилар, яъни негрлардек қоп-қора бўлиб қолишди. Йўқ-йўқ, дейди муаллиф, улар қалъага кўк қарға бўлиб бориб, қора қарға, тўти бўлиб бориб, ола қарға бўлиб қайтишди. Ахир, ўша ихтиро портлаганда қоп-қора тутун бурқсиб кетди-да.
Ана шу тасвирлардан сўнг Навоий ўша машҳур халқ масалини тилга олади:
Ҳамул гўй отилғач, қочиб як-баяк,
Масалдурки: «Минг қарғаға бир кесак».
Масалнинг маъноси мужмал қолмади. Шоир бизнинг тасаввуримиздаги бўмбанинг ўзгинасини тасвирламаганми?! Айтмоқчи, Искандари Мақдуний яшаган эрамиздан аввалги замонларда ҳам бўмба бўлганми ўзи? Навоий даврида-чи?
Агар Искандар замонасида бўмба ихтиро қилинганида эди, у Навоий даврида ҳам жангларда қўлланар ва шоир уни ҳаммага таниш «камон», «ўқ», «қилич», «қалқон» дегандек биргина сўз билан атаб кетаверган бўлур эди. Агар Навоий замонида бўмба маълум бўлганида эди, эҳтимол, бобокалонимиз бунчалар майдалаб тушунтириб ўтирмай, уни халққа маълум номи билан ифодалаб ўтаверар эди.
Аниғи шу: бу – буюк мутафаккирнинг хаёлий тасвири!
Айтмоқчи, ана шу тасвирлари билан бўмбани ўқувчи тасаввуротида жонлантирганидан кейин шоир, ҳатто, бобда куннинг ботишини ҳам ана шу бўмба отишга ўхшатиб баён этади – осмон ҳакими Искандар тилсими каби Қуёш гўйини (бўмбасини) ғарбга томон отди, дейди:
Чу мағрибқа отти ҳакими сипеҳр,
Скандар тилисми кеби гўйи Меҳр.
Кашмир ҳукмдори – Муллу эса Искандарнинг қалъани ғайритабиий қурол билан бузгани дарагини эшитиб, тахтни ташлаб, тоғларга томон қочиб кетади. Кашмир халқи жаҳонгирга мактуб йўллаб, розилик, ҳатто, мамнуният билан унга тобе бўлганини билдиради.
Бўмба воқеаси билан шоир, биринчидан, дунёда ҳамиша сеҳру жоду, ҳийла-ю найрангнинг эмас, ақлу ҳикматнинг қўли баланд келаверади, демоқчи, иккинчидан, бу бўмба қалъани бузди, афсунгар кашмирийларни қўрқитди, лекин ҳеч кимни ҳалок айлагани йўқ, Искандар бошқа ўлкаларни забт этгани каби, Кашмирни ҳам бир чакра қон тўкмасдан олди, деб кўрсатмоқчи.
«Садди Искандарий», умумий қилиб айтганда, бошдан-охир Аллоҳни билиш, демакки, бу дунё сирларига етишнинг ҳ и к м а т йўлини кўрсатган асар эканини ана шу биргина бўмба воқеасидан ҳам билиб олса бўлади.
Навоий хаёлоти уфқига ҳайрат қилмай ҳеч илож йўқ: шоир ўйлаб топиб, ўз қўли билан ясагандек икир-чикирларигача – портлаш усули-ю бори кароматигача тасвирлаган бўмбани кейинчалик одамзод, барибир, ихтиро қилди.
Соҳиби шеър – Абдулла Орипов буюк бир миллий дард билан:
Колумбда бор аламим маним!.. –
деганларидек, ота-боболаримиз «ақл машъали» ёритган не-не нуқталару нукталардан ҳали кўп бехабар кўринамиз.
Алишер Навоийнинг ҳарбий тафаккурда ҳам жаҳондаги бошқа асрдошларидан неча-неча замонлар илгарилаб кетгани бир табиий ҳол эди. Чунки у темурийлар даврининг буюк мутафаккир шоири эди. Темурийлар эса XIV асрнинг иккинчи ярми ва XV асрда Ер юзидаги энг зўр ҳарбий куч, тарих саҳнасидаги Искандарга ўхшаш жаҳонгир – Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон асос солган сулола эди.
Ахир, Навоий замонида биз жумла оламнинг энг маҳобатли ҳарбий халқи ҳам эдик-да.
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси
|