Бош саҳифа | | Рўйхатдан ўтиш | Кириш
Марҳабо! Гость | RSS
Меню сайта
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Май 2016  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031
Архив записей
Статистика

Онлайн всего: 2
Гостей: 2
Пользователей: 0
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Главная » 2016 » Май » 19 » Надомат
    11:07
    Надомат

    Надомат

    13.05.2016

    Поезд деразасидан кўзга ташланган кўйи дов-дарахт ва минг бир тўсиқлар ортидан елдек учиб бораётган тўлин ой Дамирбекнинг қалбидаги ҳисларини жунбишга келтирарди...

    Поезд жойидан жилиб ела бош­лаганига ярим соатдан ўтса ҳамки, ой ортда қолай демайди. Худди Дамирбекка бир нимани уқтирмоқчидай.

    Вагонда одамлар анча сийрак. У жой­лашган бўлмадагилар роса ҳолдан тойишган эканми, тезда узала тушиб, дам ола бошлашди. Дамирбек эса уйидаги воқеаларни унутолмай, ой юзига термул­ганича хаёл сурар, ундаги доғлар шаклини нималаргадир қиёсларди. Ҳа, ҳомиладор бўлиб, фарзанди туғилиши олдидан аёлининг ойдек юзида худди шундай доғ пайдо бўлган, ҳазил-ҳузил гап­лардан қизарганда, айниқса, бу доғ­лар яққол кўринар эди.

    — Мен қаёқдан билай, "соткам"га бу ёзувларнинг қандай пайдо бўлганини? — дея жаҳлланган аёлининг овозини эшитгандай бўлиб, Дамирбек сергак­ланди ва у ёқ-бу ёққа қараб, дастрўмоли билан юз-кўзларини артиб қўйди.

    — Бу хабар ўз-ўзидан келмаган, — деган сўзлари ёдига тушди яна. — Рақамингни қаёқдан олган? Биласанми, мени ҳеч ким алдай олмаган, сен ҳам алдай олмайсан. Тўғрисини айт, кимники бу яширин рақам?!

    Азбаройи жаҳли чиққанидан ўзини қўярга жой тополмаган Дамирбек сўкин­ди-да, ҳужжатлари, сумкасини олиб, поездга чиқиб, "Қайдасан, Тошкент?", деб йўлга тушди. "Чиндан ҳам бир аҳмоқ шу ишни қилган бўлса, туғилай деб турган боласи бор хотинимни қаттиқ хафа қил­ма­диммикин?", деган хаёл уни телефо­нини олиб, рақам теришга мажбур қил­ди. Телефон эса ҳар қанча уринмасин, "Бу рақам ўчирилган", дейишдан нарига ўтмади. "Устига-устак қаёққа кетганли­гимни ҳам айтмадим..."

    — Ҳа, ҳамхона безовта бўлиб қолдингиз, ётиб дам олсангиз-чи, — деди тўладан келган ҳамроҳи. — Ҳаёт шунақа, таш­вишлар билан лиммо-лим, ўйлаган бе­фойда, ётинг.

    — Э-э, — деди Дамирбек. — Сиз бил­майсиз-да, уйдан жаҳл билан чиқиб, кели­нингизга бир оғиз айтмовдим, нима хаёлларга боради энди у! Аксига олиб телефони...

    — Ҳа, сабр қилинг, заряди тугагандир, ҳали замон...

    —  Йўғ-э ака, бир бемаъни хабар учун тортишиб қолувдик. Отиб юборувди, шунга...

    — Чатоқ бўлибди...

    — Ой-куни яқин эди-да!

    — А?! Ие қанақа одамсиз ўзи? Уйда одам борми? Бу аччиқнинг жазоси бир умрлик бўлиши мумкин. Тезда бир йўлини қилиб, хабар олинг, қўшниларда телефон бордир...

    — Борликка бор, рақамини билмайман-да!

    — Яхши иш бўлмабди. Мен врачман. Ана энди уч кун кетсангиз, келиннинг аса­бийлиги болага ҳам таъсир қилиши, бир кун келиб, бу ишингиздан кўп пушай­мон бўлишингиз аниқ. Туринг!

    — А?!

    — Ҳа, тезда орқага қайтинг, келинни юпатиб, кўнглини олинг. Тоғдек мол-дунё билан ҳам аритиб бўлмайдиган хато қилибсиз, газак олмасидан даволатинг!

    Дамирбекнинг боши ғовлай бошлади. Неча минг сўмга олган чиптаси куядими? Дўкони "қуриб" қолса, савдо нима бўлади?!

    Нарсаларни йиғиштириб, вагондан тушишга чоғланди. Ҳаммаёқ зулмат, шу пайтда орқага нима билан қайтади, боргунча эрталаб бўлса, хотини "Қаёқ­ларда тунаб юрибсиз?", деса нима дейди. Танбурда чамаси бир соат турди. Поезд секинлаб тўхтади.

    — Ҳа ака, тушасизми? Адашмасам, чиптангиз Тошкентгача эди-ёв?

    — Ҳа, — деди Дамирбек ва катта сум­касини елкасига илиб, ортига қайтди. "Яхшиси, тонг билан товарни олиб, тез қайтаман", деган ўй билан ўрнига чўзил­ди. Шифокор ҳамроҳи эса аллақачон ухлаган эди.

    Орадан йиллар ўтди...

    Ўшанда у Тошкентдан қайтган ва ка­салхонага бориб кўрган зурриёти Са­мир­бек соғлом, бақувват бўлиб туғилди. Аммо бир озгина ақли ноқис бўлиб улғайди. Ҳар қандай ишни дўндирадиган ўғли ҳисоб-китобда нўноқроқ эди. Кела­жакда унга дўконини ишониб бўлмас­лигига кўзи етган Дамирбек бошини қуйи солганча, "Бу хатоимнинг жазоси шу қадар оғир бўлишини билганимда ўзимни поезддан тик ташлаб бўлса ҳам ортга қайтган бўлар­дим-а", дея надомат чекади.

    Истам ҲАСАНОВ,

    Қизилтепа тумани.

    Просмотров: 461 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    avatar