ОНА ВАСИЯТИГА САДОҚАТ
Бу киши асли менга ҳамқишлоқ. Ёши улуғ. Қишлоғимизда фақат ёшлик йилларида яшаган. Кейинги ҳаёти шаҳар билан боғлиқ. Аввал институт, сўнг аспирантурада ўқиб, олим бўлган. Техника фанлари номзоди, доцент илмий даражаларига эришган Абдуваҳоб ака Жўраев 40 йилдан ортиқ вақт институтда дарс берди. Ўз билим ва салоҳиятини бўлажак мутахассислар тайёрлашга сарф этди. Ҳозир нафақада, Қарилик гаштини суряпти. Аммо шаҳарда яшаётган бўлишига қарамай, бир оёғини қишлоқдан узмайди. Қишлоқда ҳовли жойи, боғи бор. Биров яшамаётгани боис, ҳовли жойи бироз эскириб кетган. Боғидаги мевалари эса ҳосилга кириб қолган. Улардан маҳалла одамлари баҳраманд бўлишади. Абдуваҳоб ака шуларга қараб, ёзни асосан, қишлоқда ўтказишга одатланган. Ҳаммасини эса таниганимиздан сўнг билганмиз. Қишлоғимиздан етишиб чиққан биринчи олим шу киши эканини, у жуда камтарин, олижаноб инсонлиги боис, қишлоққа тез тез келиб, дўстлари, яқинлари билан дийдорлашиб туришини катта бўлиб билганмиз ва унга ҳавасланганмиз. Нега деганда, айрим амалдор кишилар борда, шаҳарда яшаб қолганлари боис, қишлоғини, яқинларини унутишади. Улардан узоқлашишади. Абдуваҳоб ака ундай эмас. У мудом қишлоққа талпинаверади. Бир гал ундан яқин дўстлари сўрашибди. Нега қишлоқни яхши кўрасиз? Келсангиз, баъзан ҳафталаб қолиб кетасиз. Нураб тушаётган уйингизда ёлғиз ўтирасиз. Ваҳоланки, шаҳарда кошона уйларингиз бор. Топармон, тутармон ўғилларингиз, аёлингиз, келинларингиз хизматингизда. Барча ҳузур ҳаловатлар сизники. Лекин бари бир қишлоқни бошқача кўрасиз. Қишлоқда менинг онам яшаган, дебди Абдуваҳоб ака уларга жавобан. Мен ёлғиз фарзанд эдим. Ўқийман, олим бўламан деб, кўп йиллар онам бағридан узоқлашиб кетганман. Минскда аспирантурада ўқиётганимда ҳатто, йиллаб уни кўролмасдим. Онам шўрлик мени деб кўп йиллар йўлга термулган. Уни интизор қилганларимни эсласам, ўзимни кечиролмай қоламан... Қишлоқдан оёқ узмаслигимни онам васият қилган. Чунки мен тақдир зайли туфайли ўгай ота қўлида ўсганман. Ўгай ота ҳовлисидан менга жой тегмаслигини онам яхши билар эди. Шунинг учун ҳаётлигида қаттиқ тайинлаган. Болам, ўзингга битта ватан қил, уй жой орттир. Гарчи, унда яшамасанг ҳам ватанли бўлганингдан кўнглим тўлсин, деган. Онамнинг васияти мени қишлоқ билан боғлаб туради... Бундан анча йиллар олдин ўша олим ҳамқишлоғим ўзининг болалик, ёшлик, талабалик хотираларини ёзиб келди. Қўлёзмаларини ўқиб, олим босиб ўтган ҳаёт йўлларини яхшироқ билиб олдим. У ҳақиқатда она васиятига содиқ яшаса арзийдиган ҳаёт кечирган экан. Маҳфуза НОРБОЕВА, Хўжаобод тумани, Эгамбердиобод маҳалласи.
|