Ответ:
Ва алайкумус салом. Аллоҳ таоло мўминларга қарата шундай хитоб қилади: “Эй, имон келтирганлар! Хамр (маст қиладиган ичимлик ичиш), қимор (ўйнаш), тиклаб қўйилган бутлар (яъни, уларга сиғиниш) ва чўплар (билан фолбинлик қилиш) шайтон амалидан бўлган нопок ишдир. Бас, ундан узоқ бўлингиз, шояд нажот топсангизлар! Хамр ва қимор сабабли шайтон ўрталарингизга бузғу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос! Энди тўхтарсизлар!” (Моида сураси, 90-91 отлар).
Мазкур икки оятда маст қилувчи ичимликларнинг ҳамма тури ҳаром экани, мўмин-мусулмон банда ўзини ундан эҳтиётлаб юриши лозимлиги очиқ-ойдин айтилмоқда. Бу ерда, шунингдек, қимор (нарда, карта ва шу каби ўйинлар) ўйнаш, бут-санамларга ибодат қилиш, ҳар хил воситалар ёрдамида фолбинлик қилиб, ғайбий нарсаларни билишга уриниш ҳам лаънати шайтонга хос ишлардан экани таъкидланмоқда.
Аллоҳ таоло хамр, қимор ва шу каби нопок нарсалар ҳаром эканини баён қилгач, иккисининг дунёвий ва ухравий зарарларини баён қилади: “Хамр ва қимор сабабли шайтон ўрталарингизга бузғу адоват солишни ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!” Яъни: шайтон мана шу мункар ишларни сизларга зийнатлаб кўрсатиш билан ўрталарингиздаги муносабатларга раҳна солиш, ораларингизга ҳасад, нафрат ва адоват уруғларини сочишни хоҳлайди.
Буларнинг барчаси хамр ва қимор сабабидан юзага келади. Агар ароқхўрлар маст бўлиб олса, ақл-хушни йўқотиб, ҳидоятдан маҳрум бўлади, яхшини ёмондан, ёмонни яхшидан ажрата олмай қолади, душманни дўст тутиб, ҳатто ўзларининг яқин дўстларини ҳам душман санай бошлайди, бир-бири билан жанжаллашиб, жиққа-мушт бўлади. Мана шу нарсалар одамлар орасида нафрат ва адоват оловини ёқади. Натижада кишилар ўртасида келишмовчилик ва низолар келиб чиқади.
Қимор ҳам худди шундай. Қиморда фақат бир томон ютади, иккинчи томон бор бутидан, мол-мулкидан ажрайди. Ютқазган одам бунга бепарво қараб турмайди, энди у бор кучи билан ютган одамга адоват қила бошлайди. Чунки инсон табиатан мол-дунёга ҳарисманд бўлиб, кўз ўнгида бир зумда мол-мулкидан маҳрум бўлган одам уни қайтаришга, жуда бўлмаганда ўша рақибига бирон зулм қилишга, азият етказишга ҳаракат қилади. У, аввало, қалбида унга бўлган кучли адоват ва қасос олиш режасини тугиб қўяди, куни келиб уни амалга оширади. Натижада талон-тарожлик, қотиллик, ўғрилик каби жиноятлар содир этилади.
Демак, хамр ва қимор одамлар орасидаги муносабатларга раҳна солиб, ўзаро алоқаларнинг узилишига сабаб бўлади. Бу хамр ва қиморнинг дунёвий зарарлари эди. Ояти карима давомида у иккисининг ухравий зарарлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтилади: “... ҳамда сизларни Аллоҳни зикр қилишдан ва намоз ўқишдан тўсишни истайди, холос!” Яъни: шайтон сизлар хамр ичиш ва қимор ўйнаш билан шуғулланишингиз туфайли Аллоҳнинг зикридан, У Зотга ибодат қилиб, қурбат ҳосил қилиш ҳамда Диннинг энг асосий устунларидан бўлган намозни бекаму-кўст адо этишдан тўсади.
Қимор ўйнайдиган одам шу йўл билан пул топишни ҳалол деб билади. Бундай кишида соф имон ҳаловати ва соғлом ақл бўлмайди. Натижада у Аллоҳ буюрган ибодатларни бажариш у ёқда турсин, улар ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.
Алусий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Шайтоннинг хамр туфайли бандани Аллоҳнинг зикри ва намоздан тўсишига сабаб, ароқхўрда мастлик ва “қувонч” пайдо бўлади, у жисмоний лаззатларга ғарқ бўлади. Бундай ҳолда у ўз-ўзидан ибодатдан четда бўлади. Қимор ўйнайдиган одам агар ютса, қалби қувончга тўлиб, ғалаба ва мол-дунёга бўлган муҳаббати уни ибодатдан тўсади. Агар мағлуб бўлса, умидсизликка учраб, ғам-ташвиш ичида қолади. У энди фақат ва фақат ўз душмани устидан ютиш ҳақида ўйлай бошлайди. Бундай ҳолатда унинг хаёлига ибодат қилиш келармиди?!”
“Энди тўхтарсизлар!” Бу хамр, қимор ва шу каби ҳаром ишларнинг дунёвий ва ухравий зарарлари баён қилингач ҳам уларни истеъмол қилишда давом этадиганлар учун қаттиқ маломат маъносида айтилмоқда. Яъни, бу ҳаром ишлардан тезда тўхтанглар! Зеро, Мен сизларга уларнинг зарарларини баён қилдим. Сизлар хамр ичишдан, қимор ўйнашдан тўхтайсизларми, йўқми?!
Қуръони каримнинг бошқа жойида Аллоҳ таоло: “(Эй Муҳаммад), Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар. Айтинг: Буларда катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бордир. Буларнинг гуноҳи фойдасидан каттароқдир”, (Бақара, 219), деган. “(Эй Муҳаммад), Сиздан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар”. Яъни: эй Муҳаммад, сиздан асҳобларингиз хамр истеъмол қилиш, қимор ўйнаш ҳукми ҳақида сўрайдилар. “Буларда катта гуноҳ... бордир”. Хамр истеъмол қилган ва қиморбозлик билан шуғулланган одамнинг динига нуқсон етиши, имонига талофат келтириши хамр ва қиморнинг катта гуноҳлигига далолат қилади. “... ва одамлар учун фойдалар бордир”. Ичганда лаззат олиш, ҳаётнинг ташвишларини унутиб, тананинг “яйраши”, чарчоқ, ғам-андуҳ ва бадандаги оғриқларнинг кетиши, масъулият ҳиссининг йўқолиши ҳамда тижорат орқали хамрни сотиб фойда кўриш хамрнинг “фойдалари”дандир.
Қиморнинг фойдалари кишига мол-дунёнинг ҳеч бир қийинчиликсиз келиши, унга хурсандчилик бағишлаши ва ҳоказолар. Баъзилар: “Бу иккисини олиш, уларни истеъмол қилиш ва шуғулланишда катта гуноҳ, тарк этишда манфаатлар бордир”, дейишган.
Оятда “гуноҳ” сўзига “катта” сифати берилиб, “манфаат”га ҳеч қандай сифат изофа қилинмаганидан хамр ва қиморнинг манфаатидан кўра зарарлари кўплиги маълум бўлади.
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرِو بْنِ الْعَاصِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمًا فَقَالَ: إِنَّ رَبِّي حَرَّمَ عَلَيَّ الْخَمْرَ وَالْمَيْسِرَ وَالْمِزْرَ وَالْكُوبَةَ وَالْقِنِّينَ. رَوَاهُ أَحْمَدُ
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розийаллоҳу анҳу айтади: “Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг олдимизга чиқиб: “Албатта Раббим менга (ва умматимга) хамрни, қиморни, “мизр”ни, “кувба”ни ва “қиннийн”ни ҳаром қилди”, дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).
وَعَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ نَبِيَّ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَى عَنِ الْخَمْرِ وَالْمَيْسِرِ وَالْكُوبَةِ وَالْغُبَيْرَاءِ وَقَالَ كُلُّ مُسْكِرٍ حَرَامٌ. قَالَ أَبُو دَاوُدَ: قَالَ ابْنُ سَلاَمٍ أَبُو عُبَيْدٍ: الْغُبَيْرَاءُ السُّكُرْكَةُ تُعْمَلُ مِنَ الذُّرَةِ شَرَابٌ يَعْمَلُهُ الْحَبَشَةُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам хамр ва қимор, “кувба” ва “ғубайро”дан қайтарганлар, “Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир”, деганлар. Абу Довуд айтади: “Ибн Салом Абу Убайд: “Ғубайро “сукуркат”дир. У жўхоридан қилинади, уни ҳабашлар тайёрлашади”, деган” (Абу Довуд ривояти).
Баъзилар “кувба”ни нарда эканини айтишган. Юқорида келтирилганлардан маълум бўладики, карта ва нарда каби қимор ўйинлари ҳаром. Мусулмон банда бу ишлардан узоқ юриши керак. Саволда пул тикмасдан карта ўйнаш мумкинми, деб сўралибди. Карта қимор воситаси экан, хоҳ пул билан, хоҳ пулсиз бўлсин, уни ўйнаш мумкин эмас. Баъзилар ўзича пул тикилмаяпти-ку, бўш вақтда ўйнасак, нима қилибди, дейишади. Аммо бу ожиз банданинг фикри. Шариатимиз бандани нотўғри йўлга киришига сабаб ҳар қандай нарсадан қайтарган. Фараз қилайлик, пулсиз карта ўйнаб юрган одам, бора-бора карта ўйнашга кўникиб қолади. Энди у орага пул тикишдан ҳам, қимор ўйнашдан ҳам тап тортмайдиган ҳолга келади. Мен ўзимни тийиб оламан, деб ўзига юқори баҳо бериш, мақтанчоқлик қилиш ярамайди. Сабаби инсон қалби шамолда тебраниб турган майсадир. Бир зумда тўғри йўлдан озиб кетиши ҳеч гап эмас.
Демак, ҳаром ишлардан ва унга тушиб қолиш хавфи бўлган, ҳаромга олиб борувчи ҳар қандай ишлардан узоқ бўлиш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг бурчдир. Шуни унутмаслик керак.