СЕВГИ НИМА?
Энг сўнгги мактубни жўнатганимга ҳам бир ойдан ошган эди. Кеча кутубхонага кирсам, жавоб хати келганини айтишди. Олдим...
Мактубда бутунлай бошқа бир Хулёга дуч келдим. Унинг қалбидаги ғам-ғуссалар ўрнини секин-аста ҳаяжонлар эгаллаётгани сатрларидан очиқ сезилиб турарди. Мактубда қалам кучи ифода эта олмайдиган бир руҳ ҳукмрон эди. Бу руҳ ҳақиқатни мажбуран эмас, балки ҳаяжон билан излаган руҳ эди. Ўтган вақт мобайнида Хулёнинг анча китоб ўқиганини англадим. Унинг ҳаяжонлари жумлаларга сиғмай тўлиб-тошмоқда эди. Мактуб охирида бундай дебди:
“Суҳбатларим асосан аёллар билан ўтмоқда. Турли ҳаётий фикрлар ва аёлларга хос қарашлар билан юзма-юз келмоқдаман. Уларга нималарнидир англатишни хоҳлайман, аммо кўпинча бунга ҳали ожиз эканимни сезаман.
Мактубларингиздан тушунишимча, бу фикрларнинг фақат биттасигина тўғри, у ҳам бўлса, бизларни аёл қилиб яратган ва бизга ҳаёт берган Раббимизнинг ҳукмидир. Бу ҳақиқатга бутун руҳим билан ишоняпман. Аммо бу ҳақиқатни бошқаларга ўзим англагандек англатолмаяпман. Балки бунга биз аёлларнинг насиҳат тинглаш борасида эркаклардан анча сабрсиз эканимиз сабабчидир. Нима бўлганида ҳам натижа ўзгармасдир. Сиздан бу мавзуда яна бир мактуб ёзишингизни илтимос қиламан”.
Мактубнинг жавобини ёзишга унчалик шошилмадим. Чунки унинг ҳақиқатни излаб топиш йўлида жиддий ҳаракат қилаётгани сезилиб турарди. Мен унинг яна ҳам кўпроқ ўқишини, изланишини, билимини оширишини истардим.
Орадан бир ойча вақт ўтди. Унга бундай мактуб ёздим:
Бешинчи мактуб
«Ҳақиқатни излаётган Хулё! Кутубхонага ташлаб кетган хатларингни олдим. Аввалгисида аёлларга оид фақат биргина савол сўрабсан, у ҳам бўлса, эркак-аёл тенглиги масаласи экан. Кейинги хатингда бу масалага унчалик жиддий ёндашмаганинг мени ҳайрон қолдирди. Демак, “Эркаклар билан тенг ҳуқуқлимизми, йўқми?!” деган саволни миянгдан ҳайдабсан. Унинг ўрнига: “Аёлларга нималарни англата оламан; уларга қандай қилсам фойдам тегади?” деган фикрни юклабсан. Сени табриклайман. Бу ифодаларимдан “тенг ҳуқуқлилик” ҳақида ёзмас экан-да, деб ўйлама. Бу ҳақда яна бир оз фикр билдириб ўтаман, холос.
Хулё, бу оламга бир қарагин-а... Коинот тинимсиз ҳаракатда. Қуёш ўзига хос тезликда ҳаракат қилмоқда. Сайёралар Қуёш атрофида айланмоқдалар. Қуёш системасининг ўзи яхлит ҳолида маълум бир томонга ҳаракат қилмоқда. Бир нечта қуёш системаларини ўз ичига олган Сомонйўли галактикаси ҳам яна бошқача фаолият ичидадир. Буларнинг ҳаммаси билан бизнинг бевосита алоқамиз бор. Ернинг ўз ўқи ҳамда Қуёш атрофида айланишини тасаввур этиб кўр! Ҳар икки ҳаракат ҳар хил тезликда амалга ошади. Автобуснинг катта тезлик билан бурилиши натижасида ошқозони чайқалиб безовталанган ожиз инсон, бу икки жараённинг даҳшатлилигига қарамай, хотиржам ва шикастсиз яшаяпти. Ер ҳам йўлидан заррача четламасдан саёҳатини давом эттиряпти.
Нима учун? Ҳар ҳолда инсон роҳат-фароғатда ўйнаб-кулиши, ғафлат ичида яшаб, ҳақиқатни инкор қилиши учун эмас, албатта!
Коинотдаги тинимсиз ҳаракат жараёни ҳар жисмда ўзига хос бир шаклда намоён бўлади, шу жумладан, инсон вужудида ҳам. Юрак доимо ишламоқда, томирларимизда қон тинимсиз ҳаракатланмоқда, ҳужайраларимиз узлуксиз янгиланмоқда. Бу фаолиятларнинг ҳеч бири инсонни ҳузурсиз қилмайди, қийнамайди. Нима учун? Ҳар ҳолда бунинг ҳикматини, ҳақиқатини англамасдан яшашимиз учун эмас!..
Коинотда ва танамизда узлуксиз давом этаётган бу жараённинг руҳимизда акс этган томони доимо ўйлаш, фикрлашдир. Инсон ҳатто уйқусида ҳам ўйлайди. Шундай экан, бутун масала бир тушунчада, яъни, ўйлашда марказлашмоқда. Бу жиҳат масаланинг бир томони.
Инсон ўйласин деб қуёш тинимсиз нур таратмоқда. Инсон ўйласин деб Ер тўхтамай айланмоқда. Нимани ўйласин? Ҳар ҳолда, фақат нафсини ва шаҳватини эмас...
“Инсонлар уйқудадирлар, ўлгандан кейин уйғонадилар!” ҳадиси шарифи қанчалар ҳикматли, шундай эмасми?! Аммо энг муҳими, Хулё, ўлмасдан аввал уйғонишдир. “Ўлмасдан аввал ўлинглар!” ҳадиси шарифининг маъноларидан бири ҳам шу бўлса керак...
Сўзимнинг шу жойида сенга бир ҳодисани айтишни лозим топдим. Неча йилдирки, бу воқеа хотирамдан кетмайди. Бир қабристон бор эди. Шаҳарни кенгайтиришни истаган раҳбарлар, афсуски, кўчмас мулк ҳукмида бўлган бу жойни – бир хотира, бир огоҳлантирувчи бўлган бу сокин, жимжит маконни йўқотишга қарор қилишди ва буни ҳар тарафга эълон қилишди: “Фалон қабристон шу вақтда бузилади, хоҳлаган кишилар ўзларига тегишли жасадларни фалон қабристонга кўчиришлари мумкин...”
Эълонга эътибор берган киши деярли топилмади. Чунки анча пайтдан бери вафот қилганлар янги қабристонга дафн қилинмоқда эди. Эски қабристондаги қабрлардан кўпига эга ҳам чиқмади.
Шундай қилиб, ўша айтилган кун ҳам етиб келди. Экскаватирлар қабристонни остин-устин қилиб текислади. Қабрларда жасаднинг асари ҳам қолмаган эди. Ҳали чириб улгурмаган суякларни экскаватир чўмичи бир-бирига аралаштириб, юк машиналарига юклади. Машиналар навбатма-навбат йўлга тушди. Бу ғариб манзара ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Ўша куни суяклари машинага юкланган инсонлар яқин ўтган кунларда ҳам шу шаҳарнинг аҳолиси эди. Ораларида бойи, камбағали бор эди. Бир-бирининг мол-мулкини кўра олмаган, бир-бири билан қаттиқ жанжаллар қилган рақиблар эндиликда бир жойда, ёнма-ён, аралаш-қуралаш бўлиб, бир машинада шаҳарни тарк этишмоқда эди. Ораларида ошиқ-маъшуқ бўлганлари ҳам бор эди. Ҳозир эса ҳаммасининг тупроғи бир машинада бир жойга тўпланиб, янги ғофиллар ин қурган бу шаҳарни тарк этишмоқда эди...
Ўлим хусусида мана бу ҳадиси шариф бандалар учун буюк бир огоҳдир: “Лаззатларни аччиқ қилгувчи ўлимни кўп эсланглар!”
Ўлимни унутиш учун хилма-хил чора излаган инсонлар гўё қабрга орқа ўгириб кетаётгандай, аслида эса, олдиларидаги кайфу сафо боғларини томоша қила-қила, қабр чоҳига қулашаётир.
Хулё, шуни яхши билгинки, эртани ўйламаслик дардга даво бўла олмайди. Кўз юмган билан ҳақиқат яшириниб қолмайди, жумладан, ўлим ҳам.
Имтиҳонларни унутиш талабага ўткинчи бир хотиржамлик бахш этиши мумкин, аммо бу ғафлатнинг натижаси унутилмас ташвишлар, азоб ва изтироблардан иборатдир. Сармоясини ўлчовсиз сарф қилган савдогар вақтинчалик кайф-сафо суриши мумкин, аммо бунинг натижаси жуда аччиқ ва оғир бўлади. Келажакни ўйламаслик, бугун учунгина яшаш инсонларга хос ҳаёт тарзи бўлмаса керак...
Ўлимни унутишга ҳаракат қилганларнинг ҳолатини бунга ўхшатаман:
Дейлик, хонангда ёки бир боғда дам олиб ўтириб, ўрмалаб кетаётган бир ҳашоратга кўзинг тушди. Вақт ўтказиш ва эрмак учун унга эгилиб, қулингни чўздинг. Ҳалиги ҳашорат қўрқиб, орқасига қайрилди ва катта тезлик билан қоча бошлади. Ҳашорат қочиб, сал наридаги ўзидан каттароқ бўлган, масалан, бир гугурт қутисининг орқасига яширинди. Бўйингни сал чўзиб, уни томоша қилишда давом этяпсан. Атроф нафас олиш эшитиладиган даражада жимжит. Айтайлик, бошқа бир ҳашорат унинг ёнига борди. Сендан қочган ҳашорат ҳалиги шеригига: “Бир оз олдин жуда катта таҳликага тушдим. Қаршимдан бир қора шарпа чиқди. Шарт бурилиб қочдим. Хайрият, зўрға қутулдим”, деганини эшитгандек бўласан гўё.
Бизнинг ўлим фариштаси олдидаги ҳолатимиз ҳам бундан фарқ қилмайди. Қаерга бормайлик, ниманингдир орқасига яширинмайлик, уни унутиш учун маишатга чўмиб, қандайдир чоралар кўрмайлик, натижа ҳеч ўзгармайди. У бизни ҳар он кузатиб турибди ва жонимизни олиш учун Аллоҳдан буйруқ кутмоқда... Шундай экан, ўлимдан қочиш ақллиликми ёки ўлимни севиб, руҳимизни ўлим фариштасига доғсиз, пок-покиза ҳолида топширишга ҳаракат қилганимизми?
Мактубингда ҳар хил ҳаётий тушунчаларга дуч келганингни айтибсан. Бир оз бу мавзу устида тўхтайлик...
Дунё ҳаётининг асл моҳияти бир ҳадиси шарифда бундай баён этилади: “Дунё охират учун бир экинзор (дала) кабидир”. Ақлимизда жонланган ҳар бир тушунча, миямизга ўрнашган ҳар бир хотира, кўзимизга ташланган ҳар бир саҳна, қулоғимизга кирган ҳар бир сўз, оғзимиздан чиққан ҳар бир жумла, ташланган ҳар бир қадам ва, энг муҳими, қалбимизда уйғонган ҳар бир севги бу далага экилган уруғдир... Бу санаб ўтганларимнинг орасида тўғриси билан бирга эгриси ҳам, яхшиси ёнида ёмони ҳам мавжуд. Ҳар бир инсоннинг умри алоҳида бир дала ва ҳар бир инсон етиштирган маҳсулотига кўра ном олади. Бир далага арпа экилган бўлса, уни “арпа даласи” деймиз. Дала четидаги бошқа ўт-ўланлар бу номни ўзгартиролмайди: “Арпа даласи!” Гул экилган майдонни “гулзор” деймиз. Баъзи бегона ўтлар чиқиб қолса ҳам, барибир у ер гулзордир. Шунга ўхшаш ҳар бир инсон ҳаётда қилган ишларига қараб ном олади. Фақат бу куннинг инсонларига қандай ном беришни ҳам билмайсан киши. Бир қилган иши иккинчисига асло тўғри келмайди. Умр далаларида фойдали ва зарарли ўтлар, гул ва тиканлар аралашиб кетган. Кўп инсонлар тушунчаларидан тортиб то қиёфаларигача кўрганларни шубҳалантирадиган даражада бир жумбоғ ҳолига келган (ҳатто баъзан эркак билан аёл фарқ қилинмас ҳолидадир).
Кўрганингдек, мана шу ўтган умр, ҳадиси шарифдан англашилишича, ё хайр-савоб (яхшилик) даласи, ёхуд шарр-гуноҳ (ёмонлик) даласи бўлади. Бирининг ҳосили севинч, иккинчисининг ҳосили эса пушаймонлик, надоматдир.
Ҳа, Хулё! Шундай экан, ҳаммаси имтиҳонда ҳисоб-китоб қилинишга маҳкум, ожиз ва ҳақир, бечора ва фақир бу инсонларнинг у-бу гапларини бир четга суриб, умримизни гулу гулзорга, маҳшар ҳаётимизни эса саодат хирмонига айлантириш йўлларини қидирайлик. Бу ишда ғайрат кўрсатайлик....
Қара, Хулё! Бу дунёда нафсимизни қанчалик ҳисоб-китоб қилиб тергасак, у дунёда ҳисобимиз шунчалик осон бўлади. Ҳаёти дунёда шаръий ҳалол бўлмаган ишларнинг ўткинчи лаззатидан қай даражада воз кечсак, сирот кўпригидан ўтишимиз шунчалик осонлашади. Лекин ўзимизни қанчалик бўш қўйиб юборсак, охиратда шунчалик хору зорликка дуч келамиз.
Бугун Аллоҳдан қанчалик қўрқсак, у кунда шунчалик роҳат қиламиз. У кунда Абадият диёри қисқа ҳаётнинг ранглари билан жилолантирилади ва унинг жаннат ва жаҳаннами эса бу дунё маҳсуллари билан тўлиб-тошади. У даҳшатли маҳшар майдони бу дунёнинг осий ва итоатгўйларини кутмоқда...
Қисқаси, Хулё, олдимизда ҳали кўп манзиллар, тўғрироғи, бекатлар бор. Булардан эсон-омон ўтиб олиш ва қаҳр ўрнига лутфга эришиш маълум бир жиҳатдан ўзимизнинг ҳам қўлимиздадир. Бу масалаларни унутиб, дунёнинг ўткинчи лаззатларидан завқланиб юрган, бир кун келиб ҳаммаси тупроққа айланадиган шу инсонларнинг риёкор сўзларига алданиш, уларнинг самимиятсиз, шаҳватпараст мадҳиялари таъсири остида қолиб, ниҳоят ўлим келганида осий ҳолида ўлиш қанчалик аччиқ шармандаликдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Бу дунё ҳаёти фақат бир нафаслик ўйин, эрмакдир, холос. Албатта Аллоҳдан қўрқадиган кишилар учун охират диёри яхшироқдир. Ақл юргизмайсизларми?!” (Анъом, 32).
Аслида, дунё ҳам Аллоҳнинг мулки, охират ҳам. У Зотдан бошқа кимники ҳам бўла олади?! Ва бизни Унинг мулки бўлган бу оламга Ундан бошқа ким ҳам келтира оларди?!
Охират Унинг бошқа бир диёридир. Ва яна бизни у ерга фақат Унинг ўзигина олиб боради. Хоҳласак-хоҳламасак, ўлим бекатидан ўтиб, у диёрга боражакмиз.
Модомики у ерга бориб ҳисоб-китобга тортилар эканмиз, ақлли инсонлар қилиши керак бўлган нарса нима эканини биласанми?! Ўз шахсий дунёқарашларингни бир четга суриб, Аллоҳнинг “Сиз учун хайрлидир” деган тарафига юз тутишдир. Бу дунё ҳаётини яшаётганимизда охират йўловчиси эканимизни ҳам унутмаслигимиз керак. Уни бир онга ҳам ақлдан узоқлаштириб бўлмайди...
Зотан, оятнинг охирида: “Ақл юргизмайсизларми?!” дейилмоқда. Бу оят дунё ҳаётини “бир нафаслик ўйин” деб таърифлаётган бўлса, бир ҳадиси шариф дунё ҳаётини “сафар”, ўзимизни “мусофир” деб билишимизни буюради.
Биз сафардаги мусофирмиз. Иродамиздан ташқари Ер курасига чиқиб саёҳат қилмоқдамиз. Яъни, дунёга ўз хоҳишимиз билан келганимиз йўқ. Дунёнинг соҳиби ва бизнинг Холиқимиз бу сафарнинг сўнги охиратга олиб чиқишидан хабар бермоқда. Шундай экан, Хулё, охиратни унутиб, завқ ва кайфу сафо билан умр ўтказганларни “сафарда эканини унутиб қўйган мусофирлар” деб бил. Уларга ҳавас қилма. Аммо душман ҳам бўлма. Агар қўлингдан келса, уларга ачиниб, ёрдам беришга ҳаракат қил. Уларга Аллоҳнинг қули эканларини, яратилганларини ва дунё сафарида мусофир эканларини эслат. Уларга бу коинот китобини ўқитишга ҳаракат қил. Дарахтнинг мева, тупроқнинг дон бериши ва онанинг фарзанд кўриши ўртасидаги ўхшашликларни кўрсат. Бу жараёнларнинг ҳаммасини бошқариб, кузатиб турган зот борлигини англат. Ер юзи бир дастурхон эканини эслат. Ўзларини меҳмон, дарахтларни фабрика, меваларни озуқа ҳолида яратган Холиқларига шукр қилишлари кераклигини уларга яхшилаб ўргат. Бу неъматларга жавобан Аллоҳга исён этмаслик кераклигини виждонларига ҳавола эт. Ва уларга бу оятни ўқи: «Осмонлардаги ва ерда бор нарса Аллоҳникидир. Биз сизлардан илгари китоб берилган зотларга ҳам, сизларга ҳам, Аллоҳдан қўрқинглар, деб амр қилдик. Агар кофир бўлиб кетсангизлар, Аллоҳга ҳеч бир зарар етказа олмайсизлар. Зеро, осмонлардаги ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ беҳожат, мақтовга сазовор Зотдир»(Нисо, 131). Баъзи нафслар: “Нима учун Жаноби Ҳақ бизни ўзидан қўрқишимизни таъкидламоқда?” деган васвасага тушмасинлар, деб оятнинг давомида жавобни ҳам бермоқда: “Осмонлардаги ва ердаги бор нарса Аллоҳникидир”. Бу “бор нарса”нинг бири инсондир. Уни Само ва Ердан яратган зот Аллоҳдир. Инсон яшаши учун зарур шарт-шароитни у ҳали яратилмасидан бурун тайёрлаб қўйган ҳам Унинг ўзидир. Инсоннинг бутун эҳтиёжларини қиёматга қадар қондирувчи ҳам Аллоҳдир.
Хулё!
Шу кўм-кўк осмонга, кўзларни қамаштираётган шу қуёшга, шу ям-яшил ўрмон ва қирларга, шу мовий денгизларга синчиклаб назар сол... Масалан, бутун гўзалликлардан бебаҳра кўр бир инсон бирдан кўзи очилсаю гўзал манзараларни ҳайрону лол бўлиб томоша қилса, ўша гўзалликларнинг гўзалликларида бир кўпайиш, ортиш содир бўладими?!
Албатта, содир бўлмайди! Яъни, у одамнинг кўзи очилиши билан на қуёш порлоқлашади ва на осмон мусаффолашади! Бу ерда фақат ўша одам ютади. Ҳидоятга эришган, ҳақиқатга етишган инсоннинг руҳидаги инкишоф ва қалбидаги ҳаловат ўша кўр одамнинг севинчидан бир неча бор юксакдир. Аммо Аллоҳ унинг имонига, ибодатига асло муҳтож эмас. Бу ерда ютган фақат ўша одамдир. Масаланинг яна бир томони бор: Аллоҳнинг ёмонликка эмас, яхшиликка ризоси бор. Аллоҳни севиш ҳам, Ундан қўрқиш ҳам бир хайрдир, яхшиликдир. Биринчиси инсонни яхши, солиҳ амаллар қилишга, иккинчиси гуноҳлардан сақланишга ундайди. Абадий саодат шулар билангина қўлга киритилади ва саодат гўшаси бўлмиш жаннатга фақат ўша инсонгина муяссар бўла олади. Жаҳаннамда азоб тортадиган ҳам инсон бўлгани каби. Шундай экан, биз Аллоҳни севишимиз ва Ундан қўрқишимиз фақат ўзимиз учундир. Аллоҳ буларнинг ҳеч бирига муҳтож эмас.
Дўстларингга буларнинг ҳаммасини бир-бир тушунтир. Уларга Аллоҳнинг қули эканларини тез-тез эслатиб тур. Ҳар бир мавжудотнинг бу оламда ўзига яраша вазифаси борлигини, демакки, ақлли, шуурли бўлмиш инсон асло вазифасиз, Қоясиз бўла олмаслигини, бу дунёга бекорга келмаганини уларга яхшилаб тушунтир. Бу масалада бир мунча шахсий фикрларини ўртага ташлашлари ҳам мумкин. Инсоннинг асл вазифаси нима экани хусусида баъзи янглиш фикрларга ҳам дуч келарсан. Лекин сен уларга асл ҳақиқатнинг таърифини яхшилаб етказ. Инсоннинг қул, банда эканини, ўз вазифасини истак ва кайфига кўра тайин эта олмаслигини, қолаверса, бундай иш «вазифа» дейилмаслигини англат уларга.
Инсон хусусида сўз эгаси фақат Аллоҳ эканини, У инсонни нима учун яратган бўлса, инсоннинг асл вазифаси ҳам ўша эканини изоҳлашга ҳаракат қил ва уларга шу илоҳий фармонни ўқи: “Мен жин ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат (қуллик) қилишлари учунгина яратдим” (Ваз-зориёт, 56).
Уларга бундай деб савол бер: “Қайси ишчи бошлиғининг кўрсатмаларини бир четга суриб қуйиб, ўз орзу-истаклари бўйича ишлаяпти?! Қайси ўқувчи муаллимининг дарсини тингламай, ўз хоҳишига кўра ўзи билган китобни ўқиб ўрганяпти?! Ёки бўлмаса, қайси аскар қўмондонининг буйруғига қулоқ солмай, ўз билганича аскарлик таълимини ўрганяпти? Шуларни билатуриб, яна қандай қилиб қуллик вазифангизни ўзингиз белгилашга ҳаракат қиласиз?!”
Оятдаги “ибодат“ cўзини баъзи муфассирлар “маърифат”, яъни “Аллоҳни англаш, таниш” деб ҳам изоҳлашган. “Халқни мени билсинлар деб яратдим” ҳадиси қудсийида ҳам Аллоҳ таоло бунга далил ва ҳужжат келтирмоқда. Яна тафсирчилар биз англаган маънодаги ибодатни маърифатнинг бир натижаси деб ҳам тушунишган ва “Аллоҳни таниган албатта унга итоат қилади, амрларини бажариб, ман қилган ишларидан қочади ”, дейишган. Ўртоқларингга бу гапларнинг ҳаммасини тушунтир. Уларга мендан ҳам салом айт. Мана бу гапларни менинг номимдан уларга етказ: “Сиз бу дунёга на ўзингизни боғиб катта қилиш учун, на бир сайёҳ каби бу оламни бир-бир сайр қилиш учун ва на сиз каби ожиз, фоний бўлган бошқа бир инсоннинг муҳаббати ва илтифотига ноил бўлиш учун юборилдингиз. Инсонийлигингизни унутган ҳолда, ақлингизни бутун ҳайвонлар оламига ҳам мансуб бўлган “жинсият қонуни”да бўғманг. Бу оламга фақатгина қарши жинсдаги бир инсонни севиш ва уни мамнун қилиш учун келмагансиз. Сизнинг асл вазифангиз ва ҳаётингизнинг ҳақиқий маъноси-ғояси сизни ва барча яқин кишиларингизни яратган Раббимизни таниш, Унга имон келтиришдир, Унинг санъатларини ибрат билан тафаккур қилишингиз, қалбингизни Унинг ишқи билан тўлдириб, ҳаракатларингизни ҳам Унинг ризоси доирасида тартибга келтириб яшашингиздир. Сизларга бу йўлда омадлар тилайман”.
Ҳа, Хулё! Сенга ҳам омадлар тилаб, хатимни якунлайман. Насиб қилса, кейинги мактубимда “жинсият” мавзуи устида янада кенгроқ суҳбат қилиш ниятим бор. Салом билан...”
Бир ҳафтадан кейин қуйидаги мактубни ёздим:
Олтинчи мактуб
Бугунги кундаги ҳаётий тушунчаларнинг кўпи “жинсият” тушунчаси хато қўлланаётганидан келиб чиқмоқда. Сенга бу мавзуда бир нималарни тушунтиришга ҳаракат қиламан. Ўйлайманки, дўстларингга ҳам бунинг фойдаси тегади.
Жинсият нима ўзи? Ҳаддимиздан ошмаслик учун уни қандай билишимиз, унга қандай амал қилишимиз керак? Бу масалани фақат шаҳват маъносида тушуниш, албатта, ўта тор қарашдир. Ҳеч бўлмаганда шуни аниқ айта оламанки, бундай бир тушунча ҳам инсоннинг умр сармоясини янглиш сарфлашга, ҳам билиб-билмай баъзи кимсаларнинг ўйинчоғи бўлиб қолишга олиб боради.
Эркакларимиздан шахсият, иззат ва улуҚликни, аёлларимиздан эса иффат ва назокатни йўқ қилиб ташлашни истаган қора ниятли кучларнинг таъсирли ва оғули қуроли ахлоқсизликдир. Дунёни жинсият деразасидан томоша қилдирган ва бу табиий қонунни инсоннинг ягона ғоясидек кўрсатаётган катта ва таҳликали ўйин... Жинсият мавзуи тушунтирилар экан, масалани энг кенг доирада назарга олиш зарур. Бир чақмоқ чақмоқда, буғдан нур пайдо бўлмоқда. Агар таъбир жоиз бўлса, ота-онаси мусбат ва манфий қутблардир. Ҳамма булут бирдай мусбат (ёки манфий) бўлса, чақмоқ ҳам пайдо бўлмайди.
Само ва Ер кураси... Улар ўзаро ажойиб бир иттифоқ пайдо қилишган. “Она ер” тушунчасидан илҳомланган ҳолда, бундай дея оламиз: “Ер юзидаги барча нарсалар Само билан Ернинг ўртоқлик маҳсулидир...” Шунингдек, Ер кураси ҳам икки қисмга айрилади: сувлик ва қуруғлик.
Мисолларда давом этайлик. Ўсимлик ва ҳайвонот навларининг барчасида икки хил жинс мавжудлиги ҳаммага маълум. Яъни, эркак ва урҚочи. Ва ниҳоят, оилаларнинг бошланиши ҳам икки кишига бориб тақалмоқда. Яъни, эркак ва аёлга...
Буни шундай изоҳлаш мумкин: Инсонлардаги жинсият “жуфт яратиш” илоҳий қонунининг фақатгина бир ҳалқаси, холос. Бу ҳолни шундайлигича қабул этишимиз ва шу ўлчамда баҳолашимиз керак.
Қуръони карим ҳам шундай дейди: “Ер ундириб ўстирадиган нарсалардан, (одамларнинг) ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган (Аллоҳ ҳар қандай айбу нуқсондан) пок зотдир” (Ёсин, 36).
Яна бир оятда эса: “Сизлар эслатма-ибрат олишларингиз учун биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик” (Ваз-зориёт, 49).
Мана, Хулё! Бу оятларда ишорат қилинган жуфтликлардан фақатгина бир-иккитасини санаб ўтдик. Буларни шундай қилиб яратган бир Зот бор. У ҳам бўлса, ҳамма жуфтларнинг ягона яратувчиси, Парвардигори Аллоҳдир (жалла жалалаҳу). Шундай экан, ҳақиқатни қандай таърифлаган бўлсак, уни бу масалага ҳам татбиқ қилиб, бундай дея оламиз: “Жинсият нима учун тақдир қилинган бўлса, уни шундай тушунган инсон ҳақиқатгўй бўлади. Акс ҳолда, шаҳватпараст бир аҳмоқ ҳолига тушади”.
Осмон Аллоҳнинг иродаси билан кўтариб қуйилгандир. Ер эса Аллоҳ истаганидек ҳаракат қилиб, инсон, ҳайвон ва ўсимлик учун бешик ҳолига келтирилган. Бошқа жуфтларнинг вазифаси ҳам ўзларига яраша....
Бинобарин, эркак ва аёл жуфтлиги ҳам бу қонун доирасидан ташқарида эмас. Инсонлар бу жуфтликни Аллоҳ таоло улар учун жорий қилган қонунгагина амал қилдириш билан юксаладилар ва Унинг розилигига муяссар бўладилар. Бу қонундан тубан орзу-ҳаваслари йўлида фойдаланишга жинсият қонунига тобеъ ҳеч бир эркак-аёлнинг ҳаққи йўқдир.
Жинсият мавзуида яна бир ояти карима жуда ибратлидир: “Улар (аёлларингиз) сизлар учун бир либосдир, сиз ҳам улар учун бир либосдирсизлар” (Бақара, 187, мазмуни).
Либос, яъни, кийим... Эркак ва аёл бир-бирини ҳимоя қилувчи либос... Бир-бирини ёмон йўллардан асрайдиган тўсиқ... Бу қисқа дунё ҳаётида номус имтиҳонини топширишлари учун ҳар икки тараф бир-бирига неъматдир. Бошқаларнинг номусига кўз олайтирмаслик учун катта бир боғланиш... Никоҳ номус хусусида ҳар икки тарафнинг бир-бирига қилган аҳду паймонидир. Яъни, оилавий масалада аёлни эркакка омонат қилган ва рўзғорни бошқариш юкини эркакнинг зиммасига юклаган бир шартномадир. Ҳозир эса ёшларнинг онгига бу ҳақиқатларни “қолоқлик” деб сингдиришга ҳаракат қилаётган, манбаи ташқарида бўлган баъзи мафкура, жамият ва гуруҳлар бор. Уларнинг тузоғига тушмаслик, ноғорасига ўйнамаслик учун ғоят диққатли ва сергак бўлиш керак. Акс ҳолда, ҳаётнинг асл ғояси икки жинс ўртасидаги ношаръий муносабатлардан иборат деб тушунувчи ёшларнинг сони кўпайиб кетиши эҳтимоли бор. Бу эса уларнинг ухровий (охират) ҳаётларини увол қилиши билан бирга мамлакатимиз тараққиётига ҳам катта зарар етказиши мумкин.
Қара, Хулё! Агар бошқа бир махлуқ билан овуниш яратилиш жиҳатидан жоиз бўлганида, бу имкон фақат ҳайвонларга берилган бўларди. Чунки “коинот китобини ўқишдан маҳрум бу ожиз ва бечоралар бир-бирлари билан овунсинлар, токи берилмаган неъматларнинг изтиробини тортмасинлар”, дейиш мумкин бўлар эди. Аммо бу ҳолат гуноҳ ҳисобланмаган тақдирда ҳам, инсоннинг табиатига асло ярашмайди.
Ахлоқсиз ёшларни кўрган пайтимда хаёлимга бир воқеа келади: Қурбон ҳайити эди. Бир қариндошимни табриклаш учун кетаётган эдим. Кўчанинг икки четида икки гуруҳ болалар тўпланиб туришган экан. Қизиқсиниб уларнинг бир гуруҳига яқинлашдим. Болалар қурбонлик учун сўйилган ҳайвоннинг қорнидан чиққан ўлик боласини томоша қилишмоқда эди. Иккинчи гуруҳ бошқа бир қурбонликни томоша қиларди.
Қариндошимни зиёрат қилдим ва байрам билан табриклаб изимга қайтдим. Бир дўстимни ҳам зиёрат қилишим керак эди. Бекат томон юра бошладим. Автобус келмагач, таксига чиқдим. Таксида ҳар доимгидек яна “ўлдим-куйдим” қўшиқлари янграмоқда. Бир вақт ҳалиги икки ўлик ҳайвон болалари хаёлимга келди. Уларнинг оналари қурбон қилинмаган, ўзлари эса вақти етиб, дунёга келган деб тасаввур қилдим. Ўсиб улғайдилар. Бири сигир, иккинчиси ҳўкиз бўлди. Яна ўзим билмаган ҳолда бир ҳис билан, улар бир-бирига ошиқ-маъшуқ бўлди ва таксида янграётган ахлоқсиз ашулаларни ўшалар айтяпти, деб хаёл қилдим... Ҳар иккиси ҳам асл вазифасини унутиб, бир-бирларига бўлар-бўлмас мадҳиялар айтиб, ахлоқсиз илтифотлар кўрсатиб, нафсларини қондиришга ҳаракат қилмоқдалар.
Кўзимни чирт юмиб, хаёлимдан бу бемаъни ўйларни чиқариб ташлашга уриндим. Бундай пасткаш ҳаётни, ахлоқсизликни чорасиз-гуноҳсиз ҳайвонларга ҳеч боғлай олмадим. Гарчи у хаёлдан қутулдим, аммо энди инсонийлик ҳис-туйғуларим билан ўз ҳамжинсларим бўлган баъзи кишиларнинг паришон аҳволларини кўриб ич-ичимдан ачиниб, эзилиб, руҳан азоб чека бошладим. «Бу инсонлар бунчалик паст кетмасликлари керак эди! – дедим ўзимга ўзим ичимда. – Аллоҳга қуллик вазифаларини, дунёга келиш ҳикматларини, ўлим ва охиратни бир четга суриб қўйиб, шаҳват балосига мубтало бўлган ахлоқсизлар даражасига тушмасликлари лозим эди... Эсиз...»
Сенга яна бир хотирамни айтиб берай.
Ўрта мактабда битирувчи синф ўқувчиси эдим. Бир куни муаллим хонага кириб, тахтадаги ахлоқсиз, уятсиз расм ва ёзувларга кўзи тушди. Ранги бир оз ўзгарди. Ҳеч нарса демай латтани олди-да, тахтани арта бошлади. Юзидан аччиқланиб, жаҳли чиққани маълум эди. Балки шундай қилиб ҳовуридан тушмоқчи эди. Кейин у ёқдан-бу ёққа юра бошлади. Ва ниҳоят бизга қараб:
– Болалар, узоқни кўра оладиган бўлинглар, – деди.
Биз ҳеч нарсани тушунмадик. Нима демоқчи эди? Бу сўзнинг расмга қандай алоқаси бор?! Ўртага жимлик чўкди. Кейин яна ўзи изоҳлади:
– Ҳа, узоқни кўра оладиган бўлинглар. Фақатгина ҳозирги кунни, ҳозирги мавсумни ва йилни ўйламанглар. Ҳеч бўлмаса, хаёлан беш-ўн йил кейинги ҳаётга саёҳат қилинглар. Бугун шундай нарсалар ёзинг, чизинг, гапирингки, келажакда ўғил ёки қизингизга ор-номус дарси берганингизда юзингиз қизармасин...
Синфда чурқ этган товуш йўқ. Расмни чизган боланинг юзи чўғ каби қизарган. Муаллим гапида давом этди:
— Бугун шундай яшангки, эртага умр йўлдошингизнинг юзига уялмай қарай олинг ва ўзингизга ўзингиз: “Бу ҳам мени назар-писанд қилмай, ечиб-алмаштириб кетса бўлаверадиган туфли деб ўйлаяпти-ку”, деманг.
Бу гаплар ҳаммамизнинг қулоғимизга қўрғошиндай қуйилиб қолди...
Муаллимнинг шу гаплари билан мен ҳам мактубимни якунлайман. Ўлим ва ундан кейинги ҳаётни асло эсингдан чиқармай, хайрли, яхши умр ўтказишингни тилайман. Кейинги хатимда бу мавзуни албатта давом эттираман, иншааллоҳ... Салом билан...”
Бирин-кетин юборган икки мактубимга Хулёдан бу жавобларни олдим:
«Ҳурматли устоз! Юборган мактубларингиз учун катта раҳмат. Энди ўзимни сизнинг қаршингизда аввалгидек тушкун, журъатсиз ҳис қилмаяпман. Чунки сиз бу мактубларни менгагина эмас, балки мактабдаги ўқитувчи дугоналаримга ҳам ёзаётирсиз. Тортган қийинчиликларингиз ҳам фақат мен учун эмас... Тавсияларингизга амал қилган ҳолда, доимо ўзимни етиштиришга, кўп билимли, маълумотли ва маданиятли бўлишга Қайрат қиляпман. Умуман олганда, аввалги чеккан изтиробларимдан асар ҳам қолмади. Аммо тўлиқ ҳузур-ҳаловатга эришдим ҳам дея олмайман.
Бу сафар бошқа бир ҳузурсизлик ичида қолдим. Руҳим бир қарорда эмас. Баъзан шавқ ва ҳаяжон билан тўлиб, бир нималар қилишга ҳаракат қиламан. Баъзан эса ичимни бир маъюслик қоплайди. «Сен ҳам одамсан-ку?! Шу ахлоқсизлик тўфонини тўхтатиш сенинг бўйнингдами? Ҳамда, шу ҳолинг билан-а?” дейман ўзимга ўзим. Кейин яна ҳушимга келиб: «Сен вазифангни бажар. Бир нималар қилишнинг ҳузурини кўр. Ҳеч бўлмаса, виждонинг ҳотиржам бўлсин”, дейман. Ишқилиб, охири яхшилик билан тугасин. Бу руҳий ҳолат ҳам узоқ давом этмайди. Бирон-бир дугонамга ҳақиқатларни тушунтирар эканман, ундан кутилган натижа ололмасам жуда хафа бўлиб, руҳий тушкунликка тушяпман. Қисқаси, бир тажриба даврини яшаяпман. Сизга бу гапларни бир дардлашгим келгани учун, ичимни тўкиш учун ёзяпман. Безовта қилган бўлсам, узр...”;
Мактуб жуда узун эди. Ҳар хил мавзуларни, баҳсларни, суҳбатларни, баъзан ўзини хурсанд қилган воқеаларни жўшиб ҳикоя қилибди.
Мен ҳам унга кечиктирмай жавоб ёзишга киришдим:
Еттинчи мактуб
Ҳам-ташвишлар, дард-аламлар роҳат-фароғатга олиб чиқадиган йўллардир. Агар данак дарахт бўлмоқчи бўлса, тупроққа аралашмоғи, ер тагида сиқилмоғи, чиримоғи зарурдир. Ўқувчи синфдан синфга ўтмоқчи бўлса, ўзини уй ёки кутубхонага қамаши керак... «Кулфатсиз неъмат йўқдир», сўзи бу ҳақиқатни англатади. Сен қандай бахтлисан! Қанчадан-қанча одамлар, дугоналаринг: “Менинг унақа кўйлагим йўқ, бунақа уйим ёки машинам йўқ”, деб дард чекаётган бир пайтда сен, бирон-бир инсонга баъзи ҳақиқатларни тушунтира олармиканман, уларга тўғри йўлни кўрсата олармиканман, деб изтироб чекяпсан. Бу ҳолингни энг буюк неъмат бил.
Ўтган мактубларимда ҳам ишорат қилганимдек, биз ҳар он ниҳоятсиз бир фаолиятда ҳаракат этаётган оламда яшаяпмиз. Электрондан тортиб то сайёраларгача бўлган бутун олам бир он бўлса ҳам қарорини ўзгартиргани йўқ. Шундай экан, сен ҳам руҳ ва қалбингни тўлиқ бир ҳузур-ҳаловатга эришади деб ўйлама. Чунки сен бу олам билан боғлиқсан. Унинг ёзи сени иситар экан, қиши совуғи билан жонингни ачитади. Очиқ ҳавода ичингнинг ёришганини, булутли кунлар эса ичинг сиқилганини ҳис қиласан. Инсоният оламидаги ҳар хил курашлар яна бошқача бир беқарорлик намунасидир. Қалбингда баъзан умид, баъзан саросима пайдо бўлишини бу оламдаги фаолиятларнинг кичик бир мисоли деб тушунгин. Шоир бундай ифода этади:
“Бекорга кезибман, йўқ эмиш табиатда ичимдаги қадар чиқиш ва тушиш...”
Зотан, “қалб”нинг луғавий маъноси «ўзгариш» демак. Унинг исмида бу ҳақиқат яширинган. Жумладан, Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадиси шарифларида қалбдаги ўзгаришга бундай ишорат қиладилар: “Қалб қирга ташланган бир қуш қаноти кабидир. Шамол у қанотни у ёққа-бу ёққа қандай учирса, қалб ҳам шундай ўзгаради». Қалбингни шундай таниб ва оламни шу шаклда идрок эта олсанг, роҳат ва ҳузур-ҳаловат йўлини топган бўласан.
Яъни, бу дунё ҳузур-ҳаловат ери эмас, балки имтиҳон ери эканини, Хақ таолонинг саодат ва азоб манзили бошқа диёрда эканини биласан. Дунёдаги бутун завқу шавқлари ва барча гўзалликлари жаннатдан, бутун ғам-ташвиш, алам, изтироблар эса жаҳаннамдан хабар берувчи бир ишорат эканини яхшилаб тушуниб етасан. Абадий оламга номзод эканингни ва бу фоний дунё меҳмонхонасида ўша боқий диёр учун керакли бўлган нарсаларни тайёрлаш лозимлигини унутмайсан. Агар шундай ўйласанг, бу ахлоқсиз жамиятда янглиш тарбия қаршисида чеккан изтиробларинг ҳам ўша боқий диёр учун бир сармоя ҳолига келади. Сенинг шу онда чекаётган изтиробларингни уч-тўрт баравар кўпроғини анча йил олдин бир воқеа сабабли мен ҳам тортганман.
Уруш йиллари эди. Иш жойимдаги бир йигит айнан бундай деган эди: «Аскарликка чақирсалар, бормайман. Агар кетсам...Урушга бориб бекордан-бекорга ўлиб кетаверадиган анойи эмасман. Биз урушга кетайлиг-у, бу ерда казо-казо акахонларнинг ўғиллари майхонаю чойхоналарда кўнгилхушлик қилиб юрсинлар. Бекорчи аҳмоқлари йўқ...»
Унинг гапини бир дўстимга айтган эдим, у деди: “Бундай фикр бир кишининг қаноати эмас. Бу гап ватан ва миллатига нисбатан ичида озми-кўпми хиёнат фикри бўлган кишиларнинг оғзидаги сақичдир. Сен булардан фақат биттасига дуч келибсан...»
Бу жавоб мени яна хафа қилди. Демак, ахлоқсизлик шунчаки бир гуноҳ ва исён эмас, балки мамлакатнинг истиқболини ҳам таҳликага туширадиган, ёшлардаги ватан севгиси, мардлик, жасорат туйғулари ўрнига шаҳватпарастликни устун қўядиган қўрқинчли (даҳшатли) бир оғу экан.
Орадан йиллар ўтди. Сенинг хатларинг мендаги бу эски изтиробли хотираларни яна бир бор қаламга олишга мажбур қилди. Бу хусусда сенга миннатдорлик билдираман.
Мавзуни бир оз чўзиб юбордим шекилли. Асл мақсадимизга келайлик.
Ўтган мактубларимда жинсият мавзуида бир оз суҳбат қилган эдик, бугун ҳам ўша мавзунинг бошқа бир тарафини гаплашсак-да, яна севги тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсак. Илк боғишда мавзуимизга алоқаси йўқдек кўринган бир ҳадисга эътиборингни тортмоқчиман: «Ислом динини қабул қилган бир киши бирон-бир шахсга бойлиги учун ҳурмат кўрсатса, динининг учдан иккиси кетади».
Ислом тавҳид динидир. Бу коинотнинг соҳиби ва молики ягона Аллоҳдир. Ҳар қандай хайрли иш Унинг хазинасидадир.
Исломият нур учун қуёшга, буғдой учун далага ва давлати учун бойга улар лойиқ бўлмаган даражада миннатдор бўлмасликни ўргатади. Ҳамма ва ҳар нарса фақатгина бир сабаб, холос. Бутун неъматлар Ер ва Самонинг Рабби бўлган Аллоҳдандир. Бу дарсни олган бир камбағал-фақир ризқ-насибасини худди у бераётгандай бирон бойга ҳурмат кўрсатса, тавҳид ишончи, яъни, Аллоҳни бир деб қабул қилиш эътиқоди зарарланган бўлади.
Бой-бадавлат бўлсин, камбағал-фақир бўлсин, ҳар бир инсон аввало имон, кейин эса ахлоқ, фазилат, илм, ирфон, дурустлик каби яхши сифатлари учунгина севилиши керак. Бойлик севгига сабаб бўла олмайди. Бирон бой киши бу ҳадисни ўқиса, ҳеч кимни миннатга қўймайди. Чунки у ўзи кўрсатган яхшиликлари, қилган эҳсонлари учун ҳаддан ташқари ҳурмат кутмайди. Акс ҳолда, қарши томоннинг шараф ва номуси ёнида дини билан ҳам ўйнашган бўлади.
Буларни нима учун ёзаётганимни озми-кўпми тахмин қилгандирсан. Майли, масалани яна ҳам равшанлатай: бир ёш қиз виждон, қалб ва ақл жиҳатидан бўлмаса ҳам, ҳис оламида бир йигитнинг фақат уни ўйлашини, унинг ақлу хаёлида доим ўзи бўлишини, ҳатто ўзига ёлворишини истайди. Нафси бу ҳолдан лаззат олади, роҳатланади. Куч ва қувват тарафидан ундан устун бўлган йигитнинг унга ёлворишидан, у йигитга ўз ҳукмини ўтказа олишидан нафсоний завқ олади. Аммо у ўзини (Аллоҳ сақласин) бир «шерик», қаршисидаги йигитни эса «мушрик» ҳолига келтириш йўлига кирганини билмайди. Бунда қабоҳат у бечоранинг ўзидагина эмас. Уни бу ҳолга келтирган ҳам эркаклардир; эркаклигини унутган, бандалигидан ғофил, эрмак учун бир баҳона қидирган ва энг таъсирли ғафлат воситаси ўлароқ шаҳват ва аёлни танлаган шаҳватпараст эркаклар...
Узоқ йиллар шу қаноатда бўлиб келдим. Аммо бу қаноатим ичида бир савол ҳам бор эди: «Ажабо, ҳақиқатан ҳам буларнинг барига эркаклар сабабчимикан?” Ўтган кунларда буюк бир олимнинг китобидан ўқиганим ушбу сатрлар қаноатимни янада қувватлантирди: «Эркакларнинг хотинлашиши аёлларнинг эркаклашиши натижасини берди», дейди олим. Шулар ҳақида бош қотириб юрган кунларим бир ояти карима маъносининг таржимасига дуч келдим. Нисо сурасининг 117-ояти (таржимаси)да бундай дейилади: «Улар Аллоҳни қўйиб, фақат санамларга сиғинадилар ва фақат итоатсиз шайтонга сиғинадилар».
Оятнинг тафсирида Аллоҳга шерик келтирган бир кимсанинг руҳида энг буюк ғоя бўлиб “аёл” жой олгани кўрсатилибди ва бундай дейилибди: «Баъзи эркаклар аёлларга қийматидан ҳам баланд бир мақом берадилар. Натижада инсонинг дунёга келиш ғоясини «Аллоҳга ибодат қилиш” эмас, балки (Аллоҳ сақласин) «аёлга сиғиниш» деб гумон қиладилар”.
Бунга араб мушриклари санамларига аёл исмларини қўйганларини очиқ далил деса бўлади. Ва яна, юнон ва шунга ўхшаш бир қанча бутпараст халқларнинг бут-санамлари аёл экани маълумдир.
Бу ҳолат аёлга ҳақиқатан ҳам қиймат берганларидан эмас, аксинча, масаланинг ичида Аллоҳ ҳузуридан қочиш, Унга ибодат қилишдан юз ўгириш ётибди. Агар бундай бўлмаганида эди, аёллардан бутлар ясаб, уларга сиғинган ўша қавмлар айни замонда аёл зотига энг буюк зулмларни қилмаган бўлардилар. Тафсирлардан бирида ёзилган “Иддиога қарасанг, аёл ҳар нарсадир, амалда эса, ўйинчоқларнинг энг тубанидир», деган жумлалар уларнинг аёлга асл муносабатларини қандай гўзал ифода этибди!
Аёлнинг асл мақомидан (даражасидан) тушириб, унга сиғинадиган даражада боғланган инсонлар аслида шайтоннинг найрангига учаётганларини ва бу ҳоллари билан шайтонга сиғинаётганларини ояти карима жуда тўғри ифодалаб қўйган.
Орадан қанча йиллар, қанча асрлар ўтган бўлишига қарамай, шайтон яна ўша шайтондир, нафс яна ўша нафсдир. Ҳамма замонларда бўлганидек, бугун ҳам нафсига асир ва шайтонга ўйинчоқ кўпчилик эркаклар энг қулай ғафлат воситаси қилиб яна аёлни танлашган...
Руҳларда яра очувчи бу ҳолатни ҳозир изоҳлаш мавриди эмас, деб ўйлайман. Баҳсни шу ерда тўхтатиб, сенга севги ҳақида ҳам бир-икки сатр ёзмоқчиман.
Ажабо, севги нима ўзи, деб ҳеч ўйлаб кўрдингми? Инсон қалбига бу олий сифатни ким ва нима учун жойлаштирган? Инсон кимни қай даражада севса, бу олий ҳиссини ўз ерида ишлатган ва исроф қилмаган бўлади?
Шу чекланган инсон танига севгиси ва қўрқуви, умид ва орзулари чексиз бўлган маънавий бир қалб жойлаштирилган. Бу қалбни маънавий қалб деганимиз, ҳар ҳолда, қаерда жойлашган деган савол туғдирмас, албатта. Бордию шундай савол сўралса, ақл миянинг қаерида ишлаётган бўлса, маънавий қалб ҳам баданнинг ўша жойида иш кўряпти, деб жавоб берарсан.
Кўриш, эшитиш, ҳидлаш ва ҳатто тушуниш ҳар бири айри бир каналдир. Буларнинг энг соф мевалари, яъни, сўнг маҳсуллари қалбга тўпланишдадир. Масалан, гўзал бир манзарани кўрган инсон уни дарров севади. Бу севги учун у ақлига мурожаат қилмайди. Яъни, «Бу манзара гўзалдир, севишга лойиқдир. Шундай экан, уни севишим керак!” деган қарорга келиб олиб кейин севишга бошламайди. Манзарани кўрган заҳотиёқ унга ёқиб тушиб ва қалби ўша томон йўналади. Бунда севги кўз орқали қалбда порлади. Инсон булбулнинг хуш овозини ҳам севади. Бунда севги қулоқ воситасида қалбга кириб келди. Худди шундай, англаш (идрок этиш) ҳам севги василасидир. Масалан: яхши бир китоб ўқисак, унинг ёзувчисига нисбатан қалбимизда бир боғлиқлик, бир муҳаббат ҳосил бўлади. Бунда севгига англаш, яъни, ақл восита бўлмоқда. Демак, қалб ақлдан ҳам кенгроқ бир доира, ҳатто унинг қўмондонидир...
Инсон руҳи камолотдан, эҳсондан, гўзалликдан хабардор, томоша ҳаққини бера оладиган бир руҳдир. Қалби эса, буларнинг ҳаммасини сева оладиган қалбдир. Шундай экан, буни бундай тушунишимиз керак эмасми: яъни, бизга кўз неъматини берган зот оламни севдириб, Уни билишимиз ва Унга (Аллоҳга) муҳаббат қўйишимиз учун коинотни гўзалликлар билан тўлдирди. Бизга қулоқ неъматини бахш этган Раббимиз тинглаб, тафаккур қилишимиз ва у хуш овоз-садолар оламининг яратувчисини топишимиз ва севишимиз учун бу оламни ҳар хил гўзал овозларга тўлдирди. Айни замонда, бизларга ақл неъматини лутф этган Холиқимиз бу коинот китобини ўқишимиз ва ундаги нарсаларнинг яратувчисини топиб, унга муҳаббат қўйишимиз учун шу коинотни атомидан ҳужайрасигача, майсалардан юлдузларгача бўлган ниҳоясиз маъноларга тўлдирди. Буларнинг ҳаммасини бир четга суриб қўйиб, булар ҳақида ўйлашни ҳам ўзига лойиқ кўрмай, қарши жинсдаги бир инсоннинг севгиси билан қалбини тўлдириш эсли-ҳушли инсон зотига ҳеч ярашмаса керак..
Аёлга бўлган севгининг ҳам бу оламда ўрни бор, албатта, Аммо ҳар бир нарсаси жой-жойига қўйилган бу дунёда ҳар аъзоси, ҳар ҳис-туйғуси жой-жойига қўйилган бу инсон ўзига эҳсон қилинган бу севиш неъматини ҳам ўрнида ишлатишга мажбурдир.
Мен бу кенг мавзунинг эшигидан қайтган ҳолда сўзимни севги ҳақида давом эттираман.
Инсон бу қийматли ҳиссини исроф қилмаслиги керак. Ким қанчалик севгига лойиқ бўлса, уни ўша даражада севиши керак. Инсон юлдузларни севади, аммо ўз боғидаги дарахтларчалик эмас... Дарахт шохларидаги меваларни севади, аммо ўз бармоқларичалик эмас... Қўлини, оёғини, кўзини, қулоғини севади, аммо ақличалик эмас. Қўшнисининг фарзандини севади, аммо ўз фарзандичалик эмас.
Бутун бу муҳаббат сабабларига инсон руҳи «лаббай» деб жавоб беради. Яъни, ҳаммасини етарлича сева олади ва у қалбда жой торлиги йўқдир. Худди мана шу ҳол бизларга мана бу ҳақиқатдан сабоқ бермоқда:
Қалблардаги ниҳоятсиз муҳаббат қобилияти фақат муқаддас зоти каби бутун сифат ва феълллари ҳам ниҳоятда баркамол бўлган Аллоҳ учундир. Бу оламдаги бутун гўзалликлар Унинг гўзал исмларининг бир тажаллийидир. Бу мавзуда яна бир буюк ҳақиқатни ҳам айтмасдан ўта олмайман.
“Қалб ботини Сомад ойнасидир”. Маълумки, “Сомад” Жаноби Ҳақнинг бир исми бўлиб, ҳар бир нарса унга муҳтож ва У ҳеч нарсага муҳтож эмасдир, деганидир. Инсон қалбининг энг буюк эҳтиёжи ўзини яратган ва энг гўзал шаклда тарбият қилган Раббига имон келтиришидир. Уни севиши ва Ундан қўрқишидир. Баданидан тортиб то қуёш-юлдузларгача бўлган барча нарсаларни ўзининг амрига бўйсундирган Султонлар Султонига шукр ва ҳамд айтишдир. Инсон қалби фақатгина бу имон, маърифат ва муҳаббат билангина ҳузур топади, татмин бўлади. Севги ҳиссини ўз ўрнида ишлатмоқчи бўлган ҳар бир инсон, аввало ва энг кўп ўз Раббини, Холиқини севиши керак ва кейин бошқа нарсаларни ҳам яна Аллоҳ учун севиши керак.
Бугун “севги” ва “ишқ” деганда ақлимизга дарҳол аёл ва шаҳват келадиган бўлса, буни бир касаллик, тубанлик ва паришонлик деб билишимиз лозим...
Шуни ҳам яхши билишимиз керакки, ҳар нарсани ва ҳар бир завқни, жумладан, аёлга (ёки эркакка) бўлган севгини ҳам, Аллоҳ соясида сеза оламиз. У бизни жуфт-жуфт қилиб яратмаганида, аёл (ёки эркак) севгисини қаердан билар эдик?
Бу ҳақиқат ҳақида Қуръони карим бундай дарс беради: “Унинг оятларидан (яна бири) – У зотнинг сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда севги ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир. Шубҳасиз, бунда тафаккур қиладиган қавм учун (ибратлар олинадиган) аломатлар (оятлар) бордир» (Рум, 21-оят).
Кўрганингдек, “оят” сўзи бу ерда “далил”, “аломат” маъносида келмоқда. Коинотга қарасак, ҳамма нарса жой-жойига қўйилганини, у нарсалар мукаммал бир низом остида ҳаракат қилаётганини кўрамиз. Мана шу ҳол уларга низом берувчи бир Зот бор эканига далил-ҳужжатдир. Онгсиз нарсаларнинг онгли вазифалар бажараётгани яна бир далилдир. Коинотдаги гўзалликлар, Гўзаллаштирувчининг, бутун неъматлар эса бир Неъмат Берувчининг бор экан¬ига далилдир. Қуръони карим оятларининг ҳар бири алоҳида-алоҳида ҳақиқатларга далил ва аломатдир... Ушбу ояти карима бизга кўпинча биз унутиб қўядиган бошқа бир далилни – инсонларга ўз турларидан жуфтлар яратилгани ва ораларида севги-марҳамат ҳиссининг қўйилганини эслатмоқда...
Инсонга бирон ҳайвон туридан эмас, балки ўз туридан завжалар яратили¬ши ҳақиқатан ҳам катта бир неъматдир. Яна, эркак ва аёл ўртасидаги меҳр-муҳаббат ҳам қанчалик буюк бир лутф!
Шундай бир хаёл қилайлик:
У кўрсатмаса эди, биз нимани ҳам кўра олардик?! Шундоқ ҳам ҳали биз кўра олмайдиган қанчадан-қанча борлиқлар бор. Масалан, руҳ, ақл, фаришталар, электромагнит тўлқинлари каби...
У эшиттирмаса эди, биз нимани ҳам эшита олардик?! Ҳали ҳам биз эшита олмаган кўп овозлар бор. Маълум частота оралиғидан ташқаридаги овозларни эшитмаймиз.
У севдирмаса эди, биз нимани сева олардик?! Ҳали ҳам биз хазар қиладиган, ҳайвонлар эса ёқимли иштаҳа билан ейдиган қанча неъматлар, биз жирканадиган, аммо улар буюк завқ билан томоша киладиган қанча мавжудотлар бор. Пашшага ахлатларни бол каби севдирган, мушукка сичқонни мафтун эттирган бир ҳикмат бизга ҳам шунга ўхшаш ёмон нарсаларни-да севдира оларди. Биз ҳам мамнуният билан севардик...
Демак, бизларга берилган севги ва марҳамат фақат Аллоҳнинг эҳсонидир. Бу эҳсон бўлмаганида эди, ҳеч бир эркак даромадига шерик ва устига юк бўладиган бир аёлни ва бир неча фарзандни боғишдек машаққатни зиммасига олармиди?!
Масаланинг бошқа бир жиҳати аёлга ҳам тегишлидир.
Инсон наслининг кўпайишини аёл ва эркак орасидаги муносабатга боғлаган Аллоҳ бу вазифанинг бажарилиши, амалга оширилиши учун бу икки жинс орасида севги ва марҳамат ҳиссини ижод этгандир.
Оятнинг сўнгида баён қилинганидек, “Шубҳасиз, бунда тафаккур қиладиган қавм учун (ибрат олинадиган) аломатлар (оятлар) бор”.
Эркак ва аёл бир турга мансуб бўлганлари ҳолда ораларида қанчадан-қанча баданий ва руҳий фарқлиликлар мавжуд. Буларнинг ҳаммаси инсон наслининг давомига хизмат қилади. Ҳар икки жинс ҳам бу хизматга энг уйғун ҳолда яратилган ва тарбият этилгандир.
Асримизнинг энг ёмон таҳликаси аёлга бўлган севгининг янглиш тушунилишидадир. Модомики ҳар нарсанинг ҳам энг яхшиси ҳалол доирада бўлгани экан, ҳалол емоқ, ҳалол топмоқ, тўғри сўзламоқ каби ҳалолликни эр-хотин ўртасидаги севгига ҳам татбиқ қилмоғимиз даркор.
“Аёл нима учун севилади?” саволининг жавобини, афсуски, аксарият ёшларимиз билмайдилар. Оятдан олган сабоғимизга кўра, масалани ушбу шаклда англашимиз лозим: аёлни эркакка Аллоҳ севдирган, эркакни ҳам аёлга Аллоҳ севдирган; Аллоҳнинг бу севдириши албатта ҳалол доирада ва ҳақ учун, яхшилик учун, жаннат учундир... Ғайри машруъ (ҳалол бўлмаган) “севги”лар бу севдиришга кирмайди. Ундай “севги”лар Раҳмоний эмас, шайтонийдир. “Аёллар шайтоннинг тузоғидир” ҳадиси шарифида шунга ўхшаш “севги” тузоғига илинганларнинг аччиқ ва аламли оқибати ғоят аниқ бир шаклда баён қилинган.
Бир аёл АЁЛ ўлароқ фақат эри тарафидан севилиши мумкин, холос... Бундан ташқаридаги бутун “севги”ларни шайтонга тузоқ сифатида таърифласа бўлади. Агар бир қиз эртага ким билан турмуш қуришини билмаган ҳолда (зотан, олдида турган узун бир имтиҳон ҳаёти давомида кимнинг ўлиб, кимнинг қолиши маълум эмас экан) атрофдаги юзларча инсоннинг диққатини ўзига жалб қилиб, ёшларнинг шаҳват ҳирсларини қўзғатиб, бироқ шу юзларча инсонлардан фақатгина биттаси билан турмуш қуришини билатуриб ўзини ўлчовсиз даражада очиқ-чочиқ безаб юрган бўлса, бу қиз севгининг ҳақиқатига эришмаган, тушуниб етмаган ва билмасдан шайтонга тўр-тузоқ бўлган бўлади.
Шайтон эса у тўр-тузоқ билан қанчадан-қанча ёшларнинг иффатини, ҳаёсини ва, қолаверса, имонини овлайди.
Қанчаларининг хаёлларини бузиб, ички дунёларини хароб қилганидан кейин улардан бириси билан оила қурган ёш қиз у билан никоҳланадиган кунгача ҳалол бўлмаган бир ҳаётни яшайди. Бундай ҳаётининг охири никоҳ билан таъминланса ҳам, орқасида гуноҳ ва исён тўла каттакон бир замон бўлаги қолади. Ёхуд, кўпинча бўлганидек, арзимас баҳоналар билан бу турмуш бузилса, охиратдаги даҳшатли азоб ёнида дунёда ҳам ҳар икки тараф учун умр бўйи давом этадиган виждон азоби мерос қолади.
Бир оз мавзу ташқарисига чиққандай бўлдим. Мақсадга яқинлашайлик.
Аёлни “шайтоннинг тузоғи” деб таърифлаган ҳадиси шариф ҳам аёлларни диққатли бўлишга чақирмоқда, ҳам шаҳват асири эркакларнинг аслида кимнинг тузоғига илинганларидан хабар бермоқда ва уларни тергамоқда. Яъни, ҳадис шаҳватига асир эркакни шайтон тўрига илинган балиқ каби тасвирлаяпти.
Хулё, жуда яхши биласанки, имон куфрнинг зидди бўлганидек, итоат исённинг ва, ниҳоят, дунё ҳам охиратнинг зиддидир. Булардан бирига қай нисбатда яқинлашсанг, наригисидан ўша нисбатда узоқлашасан. Қанчалик итоат этсанг, исён билан муносабатинг шунчалик кесилади. Имонинг не чоғли кучли бўлса, куфр ва исёндан шу даража узоқ бўласан. Шундай экан, дунёга қанчалик эътибор берсанг, охиратинг шунчалик юзаки бўлади. Дунё завқларини қанчалик олдинга қўйсанг, абадий саодатингдан шунчалик узоқлашсан. Бу ердаги “дунё”дан мақсад охиратга парда бўлган дунёдир. Бир ҳадиси шарифда дунёнинг бу томонига ишорат қилиниб: “Дунё севгиси ҳар хатонинг бошидир!” деб марҳамат қилинган. Мен бу масаланинг аёлга оид бўлган томонлари устида бир оз тўхталиб ўтмоқчиман.
Дунё севгисида энг катта қисм аёлга оиддир. Зеро, у дунё тушунчасининг энг жонли ифодасидир.
Сарват, мансаб, мартаба, обрў каби нарсалар инсонни ҳол тили билан ўзларига тортса, аёлда бу чақириқ жонли ва овозли ҳолга келади, Яъни, аёл гапирадиган, куладиган, нозланадиган, ишваланадиган, ҳийла ва найранглари кўп бўлган жонли бир дунёдир... Шунингдек, охират саодатини қозонишга катта монеъ ва тўсиқдир...
Бутун фикру зикрини бир аёлни рози қилишга сарфлаган инсон бора-бора илоҳий ризони ўйламайдиган ҳолга келади. Буларни аёлларни ёмонлаш учун эмас, балки сени ва дугоналарингни шундайин шайтоний бир вазифани адо этишдан қатъийян қайтариш учун ёзяпман...
Аллоҳ инсонларни Ўзини билишлари ва севишлари, ризосига ноил бўлишлари ва маърифатида мартабаларга эришишлари, натижада жаннатга лойиқ бир қийматга эга бўлишлари учун яратган. Бу ҳақиқатдан ғафлатда қолиб, борлиғингни фақат жинсий алоқага бағишлашинг, албатта, шайтоний ва нафсий бўлишдан нарига ўтмайди. Ва ниҳоят, ён дафтарчамдан бир пурмаъно сўз ҳавола этаман:
“Бир қадаҳ билан сархуш бўлгандан кейин денгизни қандай ича оласан?!” Кунимиздаги ёшлар томчига ошиқ ва у билан маст-сархуш бўлиш пайида... Денгизни ичишдан мақсад қалбга илоҳий муҳаббатни жойлаштиришдир.
Бутун борлиқлар фақат Аллоҳ учунгина севилиши керак. Эркак ва аёлнинг ҳалол доирадаги севгиси зотан У қалбларга жойлаштирган бир алоқа ҳиссидир. Уни севишга монеъ эмасдир. Севги ҳиссини ўз ўрнида ишлатишингни тилаб, мактубимни якунлайман. Салом билан...”
Бир ойдан кейин Хулёдан жавоб келди. Ёзган мактуби мени ҳам севинтирди, ҳам ўйлантирди. Бу сафар унинг руҳи яна бир поғона юксалган эди. Мактубида ёшларнинг бугунги ҳол-аҳволидан қайғу, изтироб ва андишаларини ифода этибди. Илк мактубларида ўз ҳолини тасвирлар экан, ич туйғуларини ифодалаш учун ишлатган сўзларини бу сафар умумий ўлароқ ёшларнинг ахлоқий инқирозини ифодалашга сарф қилмоқда, уларга ич-ичидан ачинмоқда, аммо қўлидан ҳам ҳеч нарса келмаётганини қайғуриб ёзмоқда эди.
Мактубнинг бир ерида мендан шундай аҳволга тушганида нималар қилиши кераклигини сўрабди. Унга жавоб ёздим::
“Ҳақиқатни излаган Хулё! Мактубингда сени фарзандлари дардида ёнаётган бир она психологияси ичида кўрдим. Бу ёшингда шундай бир камолотга эришганинг учун сени табриклайман. Ёшларнинг ҳолини қандай талқин қилишимга келсак, бу мавзуда нима деб ёзишга ҳам ҳайронман. Ҳодисалар ҳамманинг кўз ўнгида кечяпти. Бўйига етган ёки, бошқа бир ифода билан айтганда, турмуш қуриш ёшига етган ёшларнинг болаларча хатти-ҳаракат қилаётганларига тез-тез шоҳид бўламиз. На қиз “оналик”ка номзод бўлганини ҳис қилади, на йигит бўлажак отага ярашадиган бир вазият ичида. Қизларимиз йигитлар билан гаплашишар экан, шунчаки табассум қилинадиган оддий бир ҳазил учун овозлари борича қаҳ-қаҳа отиб кулишади. Йигитлар ҳам самимиятсиз ва сунъий кулишлари билан бунга жавоб қайтарадилар.
Бу ифодаларимдан зинҳор бу одамда ёшларга нисбатан нафрат ва душманлик ҳисси бор экан деб ўйлама. Мен уларнинг ўзларига эмас, янглиш ҳаракатларига қаршиман. Уларнинг ўзига қалбан ачиниб, меҳр-шафқат назари билан қарайман. Гуноҳ йўллардан қутулишларини жон-жон деб орзу қиламан ва бу хусусда умидим ҳали ҳам сўнган эмас. Замонамизнинг иштиёқсиз, мақсадсиз, қаҳқаҳачи, танбал, тентакнамо, қони қайноқ ёшларининг ҳақиқатда ичларида руҳий бир бўшлиқ борлигини ва бу бўшлиқни моддий нарсалар билан тўлдириш пайида овора эканларини ҳам яхши биламан. Дардларининг давосини бошқа ердан қидираётганларини ҳам тушуниб турибман. Модомики сенда ҳам бу ёшларга нисбатан бир ачиниш ҳисси пайдо бўлган экан, бу ҳисни тўғри қўллаш керак. Масалага жаҳл билан эмас, шафқат билан ёндаш. Бу мавзуда сенга бир воқеа айтиб берай. Бу воқеа қалбимни тубдан яралаган ибратли ҳодисадир. Замон ва маконини айтиб гапни чўзиб ўтирмай, қисқача қилиб тушунтираман...
Бир ёш қиз университетда ўқиш учун бир шаҳарга келди ва шаҳват савдогарларининг қўлига тушди. Тез алданувчан заиф қалби, тез ҳаяжонланадиган ҳиссиёти унга келажакни унуттиргани учун “ҳамма шу-ку” дея бошлади. Меҳнат ўрнини кайфу сафо, дарс ўрнини майхона, кафе ва ресторанлар эгаллади. Бу кетиш ниҳоят кутилган натижани берди. Оқшомлари ётоқхонага кеч кела бошлади ва ётоқхонадан ҳам ҳайдалиш даражасига борди. Аҳволини отасига хабар қилишди. Бечора ота қизини у шаҳардаги ифлос муҳитдан қутқариш учун орқасидан келди. Қизи билан кўришганидан ва, кеч бўлса ҳам, оталик насиҳатларини айтганидан кейин: “Бу шаҳарда қисматинг шу экан, нарсаларингни йиғиштир, кетамиз”, деди. Нима қиларини билмай қолган қиз ”майли” деб хонасига кириб кетди. Ҳаммаси орада кечган бир-икки дақиқа ичида рўй берди. Ўша онда виждонини қандай ҳисоб-китоб қилганини, нималарни ўйлаганини билолмаймиз, аммо биз билган бир нарса шуки, бир дарбадар кўнгил чироғи сўнди. Нима бўлдийкан, деб югурган ҳамманинг кетидан ота ҳам югурди ва оломон ўртасида қизининг жонсиз жасадини кўрди...
Менимча, бу қиз отасини рад қилиш ўрнига, ўзини ётоқхона деразасидан ташлаш билан, руҳида ҳали тамоман сўниб улгурмаган бир уялиш туйғусининг борлигини у ерга тўпланган оломонга жасади билан кўрсатмоқчи ва жонсиз боғишлари билан уларга: “Мени бу ҳолга сизлар келтирдингиз!” демоқчи эди.
Ҳа, бу қизча шунчаки маълум кимсаларнинг шаҳват тузоғига тушиб қолган эмас. У бутун бир жамиятнинг қурбони эди. Ҳамма “севги” деб эсини еган, газит-жўрноллар энг бош саҳифаларини аёл учун ажратган, радио-телевидение дастурлари, куй ва қўшиқлар “аёл, аёл” деб бақириб жар солаётган бир жамиятда ўсиб улғайди. Ҳаммани домига тортиб, жамиятни безовта қилаётган бу ифлос ҳаво ниҳоят қизни ҳам заҳарлаган эди. Бу бечора қиз ва унга ўхшаш юзлаб, минглаб ёшлар тўхтовсиз ташвиқотлар билан шундай бир ҳаёт фалсафасини мажбуран қабул қилишга рози бўлишган ва бўлишмоқда. Бундайин разил ҳаётни гўёки ҳеч кимнинг таъсири остида эмас, балки ўзлари танлаганларига ишонишарди. Узоқ йиллардан бери уларга ор, номус ва ҳаё каби тушунчалар “эскича”, “қолоқлик” деб сингдирилди, замонавий, маданиятли ёш авлод бунақа тўсиқларга мутлақо парво қилмаслиги керак, деб уқдириб келинди. Нафслари силаб-сийпаланди, ўзлари эса хунук бир ўйинга қурбон қилинди. “Йиғиштир шу ҳаё деган нарсаларни, ошиб ўт бундай тўсиқлардан”, деган давомли ва маккорона талқинларга дуч келди ёшлар. Уларни овлаш пайида бўлган баъзи қора ниятли гуруҳлар “Ҳеч ўзингни йўқотма”; “Сен ҳам ҳаммага ўхшаган одамсан-да”; “Ҳозир замон шунақа”; “Ўтмиш ва келажакни унут, кунлик кайфу сафога, ўйин-кулгига боғ, ёшлигингда ўйнаб қол”, деб шайтоний йўл-йўриқлар билан йўлдан адаштириб, охир-оқибат ўзига ўт қўйишдек, осиб ўлдиришдек ёхуд сувга, поездлар тагига ўзини ташлашдек машъум натижаларга сабаб бўлишди.
Соғлом ақл, уйғоқ виждон билан идрок этилса, ҳеч бир шахснинг рози бўлмаслиги аниқ бўлган бу бузуқ ҳаёт фалсафасини, афсуски, ҳозирги кунда алданган баъзи ёшлар қабул этмоқда. Натижада ўйлашдан, фикрлашдан қочадиган, алдамчи найрангларга жон деб ёпишадиган, ғафлатга ошиқ, айшу ишратга мафтун, фақат маишату ўйин-кулги билан умргузаронлик қиладиган ғалати бир насл етишиб чиқди.
Бу ўринда бир мутафаккирнинг сўзини ҳам айтиб ўтиш лозимдир: “Миссионерлар ислоҳотлар давридан бери мусулмон дунёсида муқаддас туйғуни, яъни, исломиятни ўлдириш пайидан чопмоқда. Бу муқаддас туйғу ўрнига ўзларининг бузуқ эътиқодларини сингдира олишмаслиги аниқ эди. Чунки миссионернинг асл мақсади христианлаштириш эмас, балки азалий рақиби бўлган мусулмонларни этник жиҳатдан парчалаб ташлашдир. Хоҳлаган қолипига сола оладиган, онгсиз ва иродасиз бир лой ҳолига келтириш...”
Ёшларни қандай қилиб бу ҳолатга олиб келишди?!
Бу масала каттакон бир тадқиқот мавзуидир. Битта ёки бир нечта мактуб билан ҳал бўладиган масала эмас бу. Фақат бу қадарини айтай: газит ва жўрноллардан рўмон ва ҳикояларгача, кинофилмлардан радио-телевидениеларгача жами нашр органлари устида, замон омиллари ҳам ҳисобга олинган ҳолда, бир тадқиқот қилинса, бугунги бир қанча ижтимоий касалликлар, худди вабо касаллиги каби бирдан пайдо бўлмагани, балки жуда ҳам онгли ва режали бир ғайратнинг маҳсули экани равшан бўлар эди. Кечагина аждодларимиздан дарс олган Оврупа бугун, масалан, “Гўзаллик мусобақаси” остида қизларимизни ҳузурига жалб этиб, энг хунук бир шаклда имтиҳон қила олаётган бўлса ва биз бунга парво қилмайдиган ҳолга келган бўлсак, бунинг тасодиф эмаслиги ойдинлашади.
Тадқиқот давомида ашула, қўшиқ ва мусиқаларнинг матнларигача синчиклаб, буларнинг ўз маданиятимизга, қадриятларимизга қанчалик тўғри келиши ҳам таҳлил қилинмоғи лозим бўлади. Бозорларда, уловларда, тоғларда, кўча-кўйда, уйларда магнитофонлар, карнайлар бир-бири билан мусобақалашиб: “Ниҳоят сен меникисан”, “Бир кун яна қайтиб келасан”, “Биз барибир бирга бўламиз” каби шилта қўшиқларни юзларимизга сачратяпти, уларни тинглаган ёшларнинг, ўзлари билмаган ҳолда, ақлларини олиб, хаёлларини паришон қиляпти. Ва бу ёшлар ақл бобида бўлмаса ҳам, ҳис бобида ўзига бўлажак умр йўлдоши деб танлаган қизнинг бошқалар билан хоҳлаганча юриб, нима қилса ҳам, энг муҳими, охирида яна ўзига қайтиб келишини ғалаба деб ўйлайдиган ҳолга тушишди.
Бундай туйғу ёш қиз учун яна ҳам хавфлидир. Бошқа шунга ўхшаш шаҳват нағмаларини ҳам бунга қиёслашинг мумкин.
Булардан ташқари, “севги” ҳақидаги рўмон ёки ҳикоя жамиятга ёзувчининг ҳаёт тушунчасини асар қахрамонлари орқали тақдим этишидан бошқа нарса эмас. Бир ёзувчини ҳақиқий маънода танимасанг, номус ва оила ҳақида унинг фикрларидан хабарсиз бўлсанг, унинг асарини ўқишинг тоғу тошда ё далада бегона эркак билан ёлғиз ҳолда саёҳат қилишингдек таҳликалидир. У сени ёлғиз учратишдек имкониятни қўлга киритса, дарҳол бутун қора нияти ва ахлоқсиз ўгитларини олдингга тўкиб солади. Аммо у бу ишни асаридаги воқеаларга буркаб, қаҳрамонлари орқали, ўзи ҳодисалар орқасида яширинган ҳолда устакорлик билан амалга оширади. Рўмон қаҳрамонлари гўё бир микрофон карнайи, аммо гапираётган ҳар доим ёзувчининг ўзидир. “Суҳбатда боғланиш бордир” ҳақиқатидан ҳам келиб чиқиб, тоза қалбли бир ўсмир бундай асарларни ўқий-ўқий охири ҳаётга ўша рўмон (асар) қаҳрамонлари каби қараб, коинот ва инсонларни уларнинг кўзи билан идрок эта бошлайди. Аслида лаънатланиши керак бўлган бир фикр рўмон қаҳрамонлари орқали ўқувчига ғоят табиий ҳолда севдирилиши мумкин. Ҳозирги кунда дунёнинг ҳар тарафига ёйилган ахлоқсиз нашр, кино ва видеолар олдида рўмонлар ҳам орқада қолиб кетди. Оврупа ёшларини шаҳват ботқоғига ботирган ҳам шу ҳаёсиз нашрларнинг “беминнат” хизматларидир. Натижада бугун фоҳишабозлик бутун дунёда катта бир таҳлика сифатида қабул этилмоқда. Ғарб дунёси бу масалада ўз ёғига ўзи қоврулмоқда. Енгилтак, ҳаёсиз ва натижада наркотик оғу мубталоси бўлган ёшларни қутқариш ташвишида боши қотган. Бир томондан эса, бизга ҳам таъсирини кўрсатмоқда. Бизнинг ёшларимизни ҳам домига тортмоқда. Бир газитда шундай бир маълумотга дуч келдим: “Амриқода тўртта штатда 1200 аёл орасида ўтказилган текшириш улардан 43 фоизи эрларига хиёнат қилиб, алдаганларини кўрсатди”. Амриқо шундай бўлса, Франсани, Шветсани ўзинг тасаввур қилавер.
Ўлкамизда Ғарб бундай ахлоқсизликларни ёйиши баъзи мутасаддиларнинг рухсати билан янада тезлашмоқда. Агар ёшларимиз Ғарбга мафтун бўлиб, ғарблашиш пайига тушса, натижа жуда ёмон бўлади....
Аммо шунисига ҳам шукр қилиб айта оламанки, миллатимиз ва оилавий аҳволимиз ҳали бундай аянчли ҳолатга тушгани йўқ. Яна бир бор чуқур ўйлаб кўришга имконимиз бор. Зотан, бир асрга яқин чеккан изтироб ва яраларимиз ҳали битганича йўқ. Бу яраларни даволаш сизлардек номусли ва ғайратли, ватани, миллати ва дини ҳақида қайғурадиган, имонли наслларнинг ҳаракатлари ва ғайратлари билан амалга ошажакдир, иншааллоҳ...
Салом билан...”
Алоуддин БАШАР
|