Шоир нега ўлади?
Бундан бир неча йил олдин авжи баҳор палласида бир гуруҳ ижодкорлар чекка туманлардан бири – Бойсунга боришди. Учрашувлар, адабий кечалар бўлиб ўтди. Ижодкорлар ҳам, мухлислар ҳам бой таассурот олдилар.
Шундан сўнг бу машҳур инсонларни тумандаги зиёли оилалардан бири уйига меҳмондорчиликка таклиф қилди. Боришди. Гурунг роса қизиди. Айниқса, меҳмонлардан бири мезбоннинг талаба ўғли айнан унинг ижодига доир диплом иши ёзаётганини эшитиб, ниҳоятда қувониб кетди. Гарчанд бу ижодкор машҳур бўлса-да, ҳали ҳеч қачон бундай хушхабарни эшитмаганди.
Хиёл ўтмай, у зиёфат иштирокчиларини холи қолдирди. Ташқарига чиқди Ҳовлидаги дов-дарахтлар, ўт-ўланга тикилди. Кўнглидан алланечук ёқимли ҳислар ўтди, чуқур энтикди. Шундан сўнг ўчоқ бошида жажжи қизалоғи билан куймаланаётган уй бекасига кўзи тушди. Ўша томонга юрди.
– Янга, – деб чақирди у, – ўғлингиз мен ҳақимда диплом иши ёзаётган экан-а?
Аёлнинг юзига табасум югурди:
– Ҳа, эшитдингизми? Дадаси айтдиларми?
– Янга, сиздан бир илтимос, – у шундай деб меҳмонлар ўтирган томонга хавотирланиб қараб қўйди. Сўнг қўйнидан бир даста пул чиқарди. – Мана шуни ўғлингизга бериб қўйсангиз. Илтимос.
Аёл ҳанг-манг бўлиб қолди. У шу даражада ҳайратда эдики, бу бир қадар аччиқланишга ҳам ўхшаб кетарди:
– Уят бўлади. Наҳотки шу пул…
– Янга, илтимос, – деди меҳмон. – Бу гонорар. Ўғлингизнинг гонорари. Биласизми, мен ҳозир шунчалик хурсандманки, буни сўз билан таърифлаб беролмайман. Илтимос, олинг, ўтиниб сўрайман. Мен буни чин кўнгилдан беряпман… Илтимос, янга. Ҳозир Эркин акам кўриб қолса, мени уришади…
Хуллас, у қўярда-қўймай, тўрт юз сўм пулни уй бекасининг қўлига тутқазди (ўшанда бу пул яхшигина тош босарди). Шундан сўнггина даврага қайтди.
Аёл бир пулга, бир қизчасига қаради. “Дадангга нима деймиз?” – деди.
Бу содда, мушфиқ, меҳрибон аёл менинг раҳматли онам эди. Меҳмон эса истеъдодли шоир Муҳаммад Юсуф эди.
Ўшанда мен Самарқандда, университетда ўқирдим. Уйимизга устоз Эркин Аъзам ва бир гуруҳ меҳмонлар қаторида Муҳаммад Юсуф ҳам келганини эшитдим. Жўраларга мақтандим. Диплом ишимни бошқача руҳ билан ёзишни давом эттирдим. Қайта-қайта ишладим. Қанча кўп ишласам, кучимга куч, ғайратимга ғайрат қўшиларди. Шоирнинг ижоди ҳам кенг қамровли эди. Аммо…
Диплом иши ҳимоясидан бир кун олдин.
Ёмғир шиғалаб ёғаётганди. Диплом ишига оппонент бўлган аспирант домла ҳам талабалар ётоқхонасида турарди. Мени чақиртирибди. Эшигини тақиллатиб, хонасига кирдим.
– Бу диплом ишингиз умуман яроқсиз, – дабдурустдан гап бошлади домла. – Бошқа мавзу қуриб қолганмиди?
Мен ўсмоқчилаб сўрадим:
– Нега? Мавзуга нима қилибди? Диплом ишим нима учун яроқсиз экан?
– Энди-и-и бу ҳақда ҳижжалаб ўтиришга вақтим йўқ. Хуллас, яроқсиз.
– Мен диплом иши устида бир неча ой ишлаганман. Папка-пака қўлёзмаларимни олиб келиб кўрсатишим мумкин. Агар камчилик топган бўлсангиз, аниқ айтсангиз яхши бўларди.
Домла диплом ишимни варақлаганча жўяли гап топа олмаганидан, бошқача ҳужумга ўтди:
– Бундан ташқари… бундан ташқари… имловий хатолар ғиж-ғиж. “Андеша”ни “андиша” деб ёзгансиз, Рим рақамидан кейин чизиқча қўйилмаган.
Жаҳлим чиқди:
– Домла, хонангизда луғат китоби борми? Олиб беринг, сизга бирма-бир кўрсатаман.
– Сал оғирроқ бўлинг, – деди бу гапим ҳамиятига теккан домла. – Мен оппонентманми, демак, шунга яраша билимга эгаман. Диплом ишингиз эртага ҳимоя қилинишга умуман тайёр эмас.
Бўш келмадим:
– Диплом раҳбаримнинг хулосасини ўқидингизми? Нима деб ёзибди?
– Э, – қўл силтади домла, – ёзаверади-да у!
Хуллас, роса тортишдик. Нима қилай, ноҳақликка чидай олмайман. Номардларни кўрсам, жиғибийрон бўламан. Қолаверса, мен бу аблаҳнинг ниятини сезиб турардим.
Вазият қалтис эди. Эртага диплом ишимни ҳимоя қилишим керак.
Домланинг эшигини тарақлатиб ёпганча хонасидан чиқиб кетдим.
Шундан сўнг Самарқанд ёмғири остида эзилган кўйи, узоқ кезиб юрдим. “Нима бўлса, бўлар”, – дедим. Қўл силтадим.
Йўқ, домла билан дўстларим гаплашишибди. Улар нимадир қилишди. Ва ўшанинг эвазига домла диплом ишим учун “Аълоларнинг аълоси” дея хулоса ёзиб берди.
“Қани эди, – деб ўйладим, – мана шундайлар ҳақида Муҳаммад Юсуфга айтиб берсанг, кейин у боплаб шеърларида фош қилса! “Илёс, кўзларингдан айланай сенинг”, деб ёзгани каби, бу каби “оппонент”ларнинг қиёфасини ҳам очиб ташласа!..”
Йиллар ўтиб, Муҳаммад Юсуф билан Давлат ва жамият қурилиши академиясида бир потокда ўқиш насиб этди. Аммо “Сиз ҳақингизда биринчи диплом ишини ёзган Анвар мен бўламан”, – деб айтишни ўзимга эп кўрмадим. Билмадим, сурхондарёча феълим сабабми, бу ялтоқланиш бўлади, – деб ўйладим. Ҳатто кейинроқ Тошкентга кўчиб келганимда ҳам шоир билан юзма-юз гаплашмадим. Очиғи, бунга заррача вақтим ҳам йўқ эди. Иш ҳаддан зиёд, баъзида эрталабгача ишлаган пайтларимиз ҳам бўларди. Кейинроқ фурсат топиб, расман танишаман, деб ўйлардим.
Пешин маҳали эди. Ҳамкасблар билан тушликка чиқдик. Ёзувчилар уюшмаси “Мустақиллик” метросига яқин жойда эди. Ўша томондаги “Уйғур таомлари”га кирдик. Овқатланиб ўтирарканмиз, баланд-баланд чиқаётган овоз диққатимизни тортди. Тўрт-беш нафар киши билан ўтирган Муҳаммад Юсуфга кўзимиз тушди. У бироз ширакайф, кимнидир гапириб, сўкинарди. Афтидан, аллақайси тумандаги арбоб киши шоирни ранжитган, аниқроғи, виждонсизлик қилган, адолатсизликка чидолмаган Муҳаммад ака бу аламни ичига сиғдиролмай, аччиқ-аччиқ ёзғираётганди.
Ўшанда, орадан маълум вақт ўтгач, газетада у ҳақида хотира мақола беришимиз хаёлимизга ҳам келмаганди.
Мен Муҳаммад Юсуф ижодини “тафтиш” қилиб, донолик қилмоқчи эмасман. Фақат унинг бир шеърига эътиборингизни жалб қилмоқчи эдим. М.Юсуф қаламига оид “Далаларда танклар буғдой ўради”, деган сўзлар билан ифодаланган бир шеъри қизиқчилар томонидан кулги қилинганди.
Аслида мазкур ижод намунасининг моҳияти нимада? Шоир нима демоқчи бўлган? Муҳаммад Юсуф тинчлик, осойишталикни нечоғли теран ифодалаган, таъбир жоиз бўлса, бу орқали ўз орзу-умидларини намоён этганди. Ҳа, уруш бўлмаса, танклар далаларда буғдой ўради, чунки танкларнинг бошқа иши қолмайди. “Шоир-чи, шоир нима бўлади?” – деб сўрайди набира бобосидан. “Шоирнинг юраги ёрилиб ўлади”, – жавоб беради бобо.
Ҳа, шоир азбаройи қувонгани, хушбахтлигидан ўлади.
Анвар Намозов
Сайтимизнинг бошқа мақолалари билан ҳам танишиб чиқишни тавсия этамиз. Бизни «Facebook», «Twitter», «Instagram», «Odnoklassniki»даги саҳифаларимиз, шунингдек, «Telegram»даги расмий каналимиз орқали кузатиб боринг!
|