Ўтганлар руҳини ёд этиш, уларга муносиб иззат-икром кўрсатиш авлодларнинг муқаддас вазифаларидан биридир. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган, тинчлик учун жон олиб, жон берганлар хотираси доим қалбимизда сақланади. Уруш йиллари ҳақида сўз очиларкан, амаким Ибод Жўраев ҳамда у кишининг рафиқаларини армон билан ёдга оламан.
Амакимнинг ёлғиз Бобомурод исмли ўғиллари бор эди. Уни янгам иккаласи оқ ювиб, оқ тарашган, не-не орзу-ҳаваслар билан ўстиришганди. Аммо, уруш ана шу ёлғиз ўғилни ҳам аяб ўтирмади. Бобомурод акам ўша даврдаги барча тенгдошлари қатори жангга отланди. Мен ўша йиллари 7-8 ёшли қизалоқ эдим. Отам Файзулло Жўраев дунёдан ўтган, биз отадан уч фарзанд етим қолгандик. Амаким янгам билан бизни ёлғиз қолдирмасликка ҳаракат қиларди. Ҳали ёш бўлсам-да, улар Бобомурод акамни қанчалик интизор кутаётганини билардим.
Уруш тугади... Йиллар ўтди... Лекин акамиздан дарак бўлмади. Кейинчалик билсак, акамдан "қорахат" келгану амаким буни янгамдан яшириш мақсадида сир тутиб келган экан. Янгам умрларининг охирига қадар кўзларидан нур кетиб, мункиллаб қолганларида ҳам Бобомурод ўғилларини кутиб яшадилар. Бир куни нонуштага барчамиз йиғилдик.Ўшанда 5-синфда ўқирдим. Янгам менга катта кишидай дардларини тўкиб соларди. "Шу кеча туш кўрибман, Момогул", дедилар. Қандай тушлигига қизиқдим. "Тушимда қўлимга милтиқ олиб, ойни отишга чоғланибман. Шунда яхшироқ тикилиб қарасам, ойдан Бобомуродим менга қараб жилмайиб турибди. Кўнглим сезиб турибди, болагинам тез кунларда бағримга қайтади". Янгамнинг умидвор бўлишларини амаким ҳам маъюс тасдиқлаб турар, лекин билардиларки, Бобомурод қайтмас манзилга кетганди. Амаким бор ғамни ичларига ютиб, онаизор кўнглини вайрон қилишни истамагандилар. Бу менга улкан жасорат бўлиб кўринади. Янгам ҳар кеч овқатдан акамга яраша косага олиб қўяр, гўё ўғиллари шу кеч уйга кириб келадигандек. Ҳар йил тўйига деб, мевалардан саралаб қўярдилар. Бундан асло эринмасдилар.
Амакимлар акам Муҳиддинни ўзларига фарзандликка олишди. Кейинчалик яна бир рус болага ҳам ота-оналик қилишди. Уларнинг ҳар иккаласи уйли-жойли, оилали бўлишида бош-қош бўлишди. Бугун амаким ҳам, янгам ҳам орамизда йўқ. Ёлғиз фарзандини сўнгги нафасигача кутган бу инсонлар ёди ҳамиша қалбимда сақланади. Тинч ва осуда кунларимизга минг карра шукрона қиларканман, яқинларим охирати обод бўлишини тилайман.
Момогул ЖЎРАЕВА,
Навоий шаҳри, меҳнат фахрийси