Сиз қайси мавзудаги янгиликларга қизиқасиз? Ҳар куни қайси ахборот манбасидан фойдаланасиз? Унда ўқиётган хабарларингизнинг ҳаққоний эканлигига ишонасизми?
Ўйланиб қолдингизми? Бу саволларни яна давом эттириш мумкин. Агар бу каби саволлар билан ёшларимизга мурожаат этсак, аминманки, уларнинг аксарияти турли ижтимоий тармоқлар, интернет сайтларининг доимий фойдаланувчилари эканлигини айтишади. Бир қараганда, бунинг ҳеч қандай ёмон жиҳати йўқдек. Аксинча, ахборотни қабул қилишнинг муҳим шартларидан бири бўлган тезкорлик ва уяли алоқа воситаларидан ҳам интернетга уланишнинг қулайлиги биз учун ана шундай катта имкониятни юзага келтирди. Демак, муаммо қанча миқдорда маълумот қабул қилаётганимизда эмас, балки қандай ахборотларни ўқиётганимизда.
Таҳлил учун мамлакатимизда фаолият олиб бораётган, uz.домени рейтингида юқори ўринларни эгаллаган, янгиликларни тез-тез янгилаб турадиган, оммабоп сайтларга назар ташлаймиз. Аксариятининг мавзу кўлами бир хил, буни қарангки, маълумотларининг манбаси ҳам худди шундай. Энг кўп ўқилган мақолалар рўйхати одамни ҳайратлантиради.Ҳаммаси шоу-бизнеснинг "қайноқ" янгиликлари. "Фалончи санъаткор айрим мухлисларини лайчага ўхшатди?", "Фалон хонанда ўзининг кийиниши ва пардозини танқид қилганларни "тупой"га чиқарди", "Фалон хонанда нима учун турмушга чиқмаслиги сабабларидан тортиб, фалончи билан муносабатларигача очиқ гапирди". Хуллас, шунга ўхшаш гаплар. Сарлавҳаларига "зўр" берилган мақолаларнинг мазмунини эса ўзингиз тасаввур қилаверинг. Энг ачинарлиси, уларни бир кунда минглаб одамлар ўқийди, муносабат билдиришади.
Хўш, бу "теша тегмаган" янгиликлар орқали биз нимани тарғиб қилаяпмиз ўзи? Сир эмас, айрим ёшларимиз кийинишидан тортиб, ўзини тутишигача элга таниқли инсонларга тақлид қилишга уринадилар. Бундай ашаддий мухлислар учун ўзи "идеал", деб билган шахс ҳақидаги ҳар қандай маълумот қизиқ, ҳатто у энг бемаъни, аҳамиятга арзимас бўлса ҳам. Масалан, "Машҳур футбол юлдузи фалон русумдаги оёқ кийим кияди", деган хабар ОАВда эълон қилиниши билан савдо дўконларида айнан ўша оёқ кийимга бўлган эҳтиёж кўпаяди. Демак, ахборот маълум маънода реклама, шунингдек, ўша инсон учун "пиар" воситага айланади. Аслида, бирор машҳур шахснинг нима кийишию қайси гўзаллик салонига боришининг жамият учун ҳеч бир аҳамияти йўқ. Бу ҳақидаги хабарни ўқиётганларга ҳам ҳеч қандай маънавий фойда бермайди.
"Фалон йилда "Дунё гўзали" номини олган аёл динини ўзгартирди". Хўш, бу билан ахборот тарқатаётган манба нима демоқчи? Виждон эркинлиги ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Бу мавзунинг янгилик сифатида ёритилиши айрим ахлоқ қоидаларига зид эмасми? Яна шунга ўхшаш номию мазмуни саёз мақолалар: "Хонанда иккинчи хотин бўлган аёллар дардини куйлади", "Хонанданинг собиқ турмуш ўртоғи вафот этди". Бу каби мақолаларни яна кўп давом эттириш мумкин. Ҳаммаси кўча ғийбатларининг "расмий" уясига айланиб бораяпти. Наҳотки, бировнинг шахсий ҳаётида содир бўлаётган ҳолатларни ошкор этиб, муҳокама қилиб ўтириш биздек миллий қадриятларни улуғлаган, инсон шаъни, оила, миллат тақдирига дахлдорлик каби муқаддас тушунчаларни қадрлаган халққа ярашса?!
Машҳур файласуфлардан бири олий онг эгалари фикрларни, ўрта онг эгалари воқеаларни, паст онг эгалари эса инсонларни муҳокама қиладилар, деган экан. Демак, бугун харидори кўп "ахборот бозори"да қандай "маҳсулот"ни танлаш ўзимизга боғлиқ.
Нигора РЎЗИЕВА