Бош саҳифа | | Рўйхатдан ўтиш | Кириш
Марҳабо! Гость | RSS
Меню сайта
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Май 2016  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
3031
Архив записей
Статистика

Онлайн всего: 2
Гостей: 2
Пользователей: 0
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Главная » 2016 » Май » 23 » ТАРИХ ҚАТИДАГИ ГАВҲАРЛАР
    17:07
    ТАРИХ ҚАТИДАГИ ГАВҲАРЛАР

    Мозийдан садо

    ТАРИХ ҚАТИДАГИ ГАВҲАРЛАР

    ёхуд бир номдаги ариқ, тепа ва қўрғон ҳақида

    Ўтмиш ҳикоялари одамларни ҳамиша ўзига жалб этиб, қизиқтириб келади. Бундай ҳикоялар эса халқ орасида жуда кўп, улар оғиздан оғизга, авлоддан авлодга ўтиб яшайверади. Уларнинг айримлари шунчаки чўпчак-ривоят бўлса, яна баъзиларининг тагида бутун бир тарих мужассам ва улар муҳим тадқиқотларга йўл очади.

    Қуйидаги ривоятнамо ҳикоялар эса сизу бизга вилоятимиз тарихига доир айрим маълумотлардан сўзлайди.

    НИЁЗИЙ АРИҒИ

    Халқ орасида тарқалган ривоятларга кўра, бир замонлар Қамаши туманидаги Тўқбой ва Оқработ қишлоғи оралиғида насафлик Ниёзий деган бой яшаган. Унинг беҳисоб чорва моллари, Қашқадарё дарёсининг шимол тарафида минг танобдан зиёд суғориладиган ерлари бўлган. Бой ўз ерини кенгайтириш мақсадида Бердоли қишлоғининг ён четидан ариқ қаздириб, дарёнинг сувини бўлиб оқизган. Катта анҳорнинг номини одамлар Ниёзий ариғи дейишган. Бу ариқ Тўқбой,  Эсабой, Бойбўри, Қозоқ, Узун ва Оқработ қишлоқларини оралаб оқиб ўтган. Ариқнинг узунлиги 70 километр бўлиб, Қарши туманидаги Ҳилол қишлоғи орқали Қўнғиртоғ этагигача етиб борган, дейишади.

    Ниёзий ариғи (тарихий манбаларда Ниёза деб аталган) кўп йиллар намини йўқотмай, ўз ўзани бўйлаб оқиб турган. Қиш ва баҳор пайтларида дарё тўлиб-тошиб оққанида Ниёзий ариғида ҳам сув кўпаяр, ёз ва куз чоғи дарё суви камайса, Ниёзий ариғи ҳам саёзлашиб, туби кўриниб қолган. Ҳилоллик ва оқработлик сувчилар от миниб, тақимига бел-кетмон қистириб, қулоқма-қулоқ юришар ва ариқ сувини жонлантиришарди. 1940-йилларнинг охири ва 50-йилларнинг бошларида ҳам Ниёзий ариғида сув бор эди, биз болалар ўша вақтларда шу ариқда чўмилардик. Лекин кейинроқ ариқдан сув оқмай қолди. Тўқбойда Қашқадарё дарёсининг 90 градусли бурчак ҳосил қилиб, бурилиб оқадиган жойи бор. Баҳорда дарё тошиб, ариқнинг 100 метрлар чамаси ерини сув ювиб кетади. Ариқ суви дарёга қайтиб тушадиган бўлиб қолади. Шу-шу, қанча йил тинмай оқиб турган Ниёзий ариғи қуриб қолди. Бироқ тўқбойлик фермерлар Ниёзий ариғининг Тўқбойгача бўлган 7 километр қисмидан ҳозир ҳам фойдаланиб келади.

    НИЁЗА ТЕПАЛИГИ

    Қаршидан Шаҳрисабзгача Қашқадарё дарёсининг иккала тарафида 30 дан зиёд катта-кичик тепаликлар бор. В.Вяткин, С.Кабанов, Г.Пугаченкова ва бошқа археолог олимларнинг манбаларда келтирилган қазилма хулосаларига кўра, воҳамиздаги тепаликлар эрамизгача IV-III асрларда    бунёд этилган. Ўша даврда ҳар бир қабила ва уруғнинг ўз тепалиги бўлган. Душмандан ҳимояланиш учун тепаликнинг чор-атрофини от ўтолмайдиган зовур билан ўраб, сувга тўлдиришган. Зовур устига осма кўприк қурилиб, кўтариб қўйилган.

    Ҳар бир тепаликнинг ўз номи бор: Олтинтепа, Новқат-Қурайштепа, Қизтепа, Жангалтепа, Бўритепа, Амирсупа, Бердолитепа, Баҳринтепа, Қамайтепа ва ҳоказо. Ниёзий шундай тепаликлардан бирида ўзига мустаҳкам қўрғон қуриб олади. Тепалик Қамаши туманидаги Қозоқ ва Узун қишлоқлари орасида жойлашган. Майдони 50 гектарга яқин. Чим қишлоғидан 5 километр шимол томонда.

    Айтишларича, бой қурган қўрғон Ниёза қўрғони деб аталган ва ўша даврда катта шаҳарга айланган экан. Бу ерда ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланади, карвонсаройлар барпо этилади. Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Шомдан чиққан тижоратчи-савдогарлар бир муддат Ниёза қўрғонида ҳам тўхтаб ўтишган. Қадимги Буюк Ипак йўли шохобчаларидан бири ҳам Ниёза қўрғони ёнидан ўтган, деган қарашлар мавжуд. XII асрда яшаган файласуф олим Абдукарим ас-Самъоний қиш ойларида Насафдан Кешга бораётиб, Ниёзада бир кеча тунаган ва бу жой ҳақида ўз эсдаликларида ёзиб қолдирган. “Ўйлашимча, бу - Кеш ва Насаф ўртасидаги катта шаҳар. Уни  Ниёза дейишади. Кечалари қаттиқ совийди. Ниёза Насафга қарашли жой...” деб ёзади олим.

    Ниёза шаҳар-қўрғони жуда кўп қирғинбарот урушларни бошидан кечирган. Шаҳар VII асрда араб босқинчилари томонидан текислаб ташланади, кейинчалик яна қайта тикланади. Бироқ Чингизхон лашкарлари Ниёзани яна вайрон қилади. Амир Темур даврида эса гуллаб-яшнайди ва кейинчалик Соҳибқирон авлодларининг мулкига айланади. Манбаларда бу ерга Эрон шоҳи Нодиршоҳнинг қадами теккани келтирилган.

    Ўзбекистон Фанлар Академияси Абу Райҳон  Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг етакчи илмий ходими Абдусаттор Жуманазар кўҳна Насаф тарихини ўрганиш билан бирга Самъоний қайд этган Ниёза шаҳрининг ўрнини ҳам излайди. Маълум бўлишича,  шаҳар ўрнида   қолган тепаликни маҳаллий аҳоли ҳозирда “Қулоқлитепа” деб аташади. Оғзи шарққа қараган қўрғон пешайвонининг икки   томони ўпирилиб тушган ва худди улкан қулоқларга ўхшаб қолган.

    Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ниёза қўрғони Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг ҳам севимли масканларидан бири бўлган. У шу ерда лашкар тўплаб, урушга тайёргарлик кўргани, Мозандарон, Рум, Шом, Миср, Афғонистон, Ҳиндистон урушига шу ердан жўнагани ва ғалаба нашидасини суриб, шаҳри Кеш ва Самарқандга қайтишда Ниёзада тўхтаб ўтгани ҳақида тахминлар бор.

    НИЁЗАВИЙ ВА НИЁЗАГИЙЛАР

    Ниёза шаҳар-қўрғонида адабиёт ва санъат ривожланган. Самъоний Ниёзада туғилиб, яшаб ўтган бир неча олимлар ўзларига Ниёзавий ҳамда Ниёзагий нисбаларини олганликларини қайд этади.

    Шулардан бири ҳақида Абу Абдуллоҳ ал-Ғунжар “Бухоро тарихи” китобида маълумот беради. Унга кўра, Абу Носир ан-Ниёзагий деган олим Хуросон ва Мовароуннаҳрнинг кўплаб шаҳарларида илм ўрганган.

    Ниёзада туғилиб ўсган олимлардан яна бири - Абдул Футуҳ Муҳаммад ибн Али ан-Ниёзагий фиқҳ ва ҳадисга оид асарлар ёзиб қолдирган. Имом ал-Хатиб Абу Иброҳим ан-Ниёзавий ҳам Ниёза фарзанди бўлиб, фиқҳ илми билан шуғулланган. Олим Нажмиддин Умар ан-Насафий у ҳақида шундай дейди: “Уни ёшлигида Ниёзада кўргандим. Сўнг Самарқандда, Насафда учратдим”.

    Маймуна ибн Исмоил ан-Ниёзавий ҳам Ниёзада таваллуд топган. У отаси Иброҳим ан-Ниёзавийдан таълим олади. Тарихий манбалар пухта ўрганилса, ниёзагийлар сафига яна бир неча олим ва файласуфлар қўшилиши мумкин.

    Хуллас, Ниёзий ариғи, Ниёза тепалиги ўз бағрида катта тилсимотни, ғаройиб тарихий воқеаларни сақлаб ётганга ўхшайди. Тепаликдан топилган хум, сопол идишлар, ўйинчоқлар, манбалардаги айрим маълумотлар шундан далолат бериб турибди.

    Абдивой РАҲИМ,

    Қамаши тумани

    Просмотров: 679 | Добавил: albine | Рейтинг: 0.0/0
    Всего комментариев: 0
    avatar