Кунлардан бирида бир подшоҳ учта вазирини ҳузурига чорлаб, улардан ғаройиб ишни талаб қилибди. Яъни ҳар бир вазирдан биттадан идиш олиб, қасрнинг боғига бориб, идишларни турли покиза мева ва сабзавотларга тўлдириб, подшоҳга келтиришларини талаб қилибди. Шунингдек, улардан бу муҳим ишда бировдан ёрдам сўрамасдан, уни бошқага топширмасдан ўзлари бажаришларини ҳам талаб қилибди. Вазирлар подшоҳнинг бу талабига ҳайрон бўлишибди. Ҳар бирлари биттадан идиш олиб, боққа боришибди.
Биринчи вазир подшоҳни рози қилиш мақсадида боғдаги энг афзал ва сифатли меваларни терибди. Покиза, яхши пишган мевалар билан идишини тўлдирибди. Иккинчи вазир ўзича “Подшоҳ аслида меваларни истамаяпти. Уни ўзи учун сўрамаяпти. У барибир меваларнинг яхши-ёмонини текширмайди” деб ўйлаб, шу фикрга ишонч ҳосил қилиб, меваларни дангасалик ва бепарволик билан йиғибди. Меваларнинг яхши-ёмонига эътибор бермабди. Шу тарзда идишини пишган-пишмаган мевалар билан тўлдирибди. Учинчи вазир эса, “Подшоҳ идишлардаги нарсаларга аҳамият бермайди” деб қаттиқ ишониб, идишини ўт-ўланлар ва дарахт барглари билан тўлдирибди.
Эртаси куни подшоҳ уччала вазирни ҳам идишлари билан келишларини буюрибди. Вазирлар келгач, подшоҳ аскарларга вазирларни ушлаб, ҳар бирларини алоҳида-алоҳида қилиб қамоққа ташлашга буюрибди. Ҳар бир вазир ўз идиши билан уч ойга ҳеч ким бора олмайдиган узоқдаги қамоққа ташланибди. Подшоҳ уларни шу муддат давомида ташқаридан таом ва ичимлик билан таъминлашдан манъ қилибди. Биринчи вазир ўзи тўплаган покиза меваларни еб уч ойни ўтказибди. Иккинчи вазир ўзи тўплаган айниган меваларни еб, жуда қийналиб, оч қолиб, чанқаб, уч ойни зўрға ўтказибди. Биринчи вазир эса, бир ой ўтмасданоқ очликдан вафот этибди.
Ҳикмат
Сен юқоридаги уч тоифадан қайси бирисан? Буни ўзингдан сўраб кўр! Сен ҳозир дунё боғидасан. Яхши ёки ёмон амалларни тўплаш борасида ихтиёрлисан. Лекин эртага Аллоҳ ўлим фариштасига сени қабр деган жойга қамашни буюради. Ўша тор, қоронғу қабрда бир ўзинг ётасан. Бу дунёда тўплаган яхши амалларингдан бошқа яна нима сенга қабрингда фойда келтиради?!!
Энди биз ўз нафсларимиз билан холи қолиб, бир ўйлаб кўрайлик: Эртага қабримизда нима қиламиз? Доим эсингда тут! Ишни, амални пухта, чиройли қилиш ортида ажойиб натижалар бор. Шундай экан, амалингни пухта қилиб бажаришга интил! Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Албатта, Аллоҳ сизлардан бирингиз бир амал қилганда, уни пишиқ, пухта қилиб бажаришини яхши кўради” деганлар.
“Вазиятларни бошқариш санъати” китобидан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси
|