Чингиз домланинг зиммамга юклаган вазифаси мен учун аввалига мутлоқ амалга ошириб бўлмайдиган мушкул ишдай туюлиб юрди. Тўғри-да, эрмак учун онда-сонда суратлар чизиб қўядиган мендай “чалашогирд” қаерда-ю, Абдулла Қаҳҳордай одамга қараб туриб суратини ишлашга журъат қаерда!
Шундай бўлса-да, орадан ойлар ўтгач, у кишининг бир нечта “қоралама” суратларини қоғозга тушириб олдим.
Устоз бир куни:
— Табиатни тасвирлашда сўз “бўёқ”ларингиз яхши. Чизишда-чи? — деб сўраб қолди.
— Манзара суратлар ишлаганим бор, — дедим.
Эртасига ман-ман деган мўйқалам соҳиби орзу қиладиган “этюдник”ка бири “Кўча бўйидаги азим дарахт” деган, иккинчисига ҳали ном қўйилмаган суратларни жойладим-да, устозга кўрсатгани олиб келдим.
Абдулла акага ҳар икки пейзаж ҳам маъқул бўлди чоғи, узоқ қараб қолди ва иккинчи манзара-сурат остидаги ёзувга ишора қилиб:
— “Нанай”. Бу Бўстонлиқдаги қишлоқлардан бирининг номи-ку! Нега қишлоқнинг ўзи кўринмайди? — деди.
— Аслида бу, қишлоқдан анча олис Чотқол тоғлари ичкарисидаги Ахсарсойнинг Пском дарёсига қуйилиш жойи, — дея адибга тушунтира бошладим. — Манави биринчи планда турган, танасидан тортиб, тепа шохларигача қорайиб кетган дарахтни бир неча бор яшин урган. Қуриб-қовжираб қолган пайтлари ҳам бўлган. Барибир янги новдалар чиқариб, кўкариб кетаверган. Бу “Бардош дарахти” ҳақида менга нанайлик кекса отахон Тиллахон бува сўзлаб берган. Энди, Абдулла ака, шу манзара суратга ўзингиз ном қўйиб берсангиз. Аслида-ку, мен ушбу дарахтни Сизга қиёслагим келади.
Адиб индамади. Юзларида ҳам бирон ўзгариш сезилмади.
Бир пайт менга ўгирилди-да:
— Айтиб турибсиз-ку, “Бардош дарахти” деб. Унга “соҳил”ни қўшайлик.
— “Соҳилдаги бардош дарахти”!
— Ана. Олам гулистон, — у кишининг чеҳраси ёришгандай бўлди…
“Абдулла Қаҳҳор замондошлари хотирасида” номли китобда “Устознинг сўнгги сурати” деган мақола билан қатнашганман. Унда 1968 йилнинг қиш оқшомларидан бирида қора туш билан чизилган сурат ҳақида гап кетади.
Аслида устоз Абдулла Қаҳҳорнинг охирги сурати ўша йилнинг айни баҳор, ҳаммаёқ гуллар тароватига бурканган кунларидан бирида қоғозга тушириб олингани яқинда адиб билан учрашувлар тафсили қисқача баён қилиб борилган папкаларни кўздан кечираётганимда маълум бўлиб қолди. Тепасига “Гулхан” деб ёзилган (аввалроқ шу болалар журналида ишлаганман) конверт ичидан Абдулла аканинг бир нечта “қоралама” суратлари чиқди. Суратларга қўйилган имзо остида “5-V-68” санаси кўзга ташланади. Демак, айнан шу ”чизги”лар Абдулла Қаҳҳор ҳаётининг Тошкентда кечган охирги кунлари билан боғлиқ бўлиб чиқади.
Мухтасар маълумот сифатида қоғозга туширилган ёзувларни ўқирканман, беихтиёр бундан салкам қирқ йил аввалги апрел кунлари кўз олдимда қайта гавдалангандай бўлди…
Абдулла ака эрталаб Озод Шарафиддиновни йўқлаб қўнғироқ қилганди, гўшакни келинойи кўтарди чоғи ”Шарофатхон, Озод келиб кетсин” дедилар.
Орадан кўп ўтмай ташқаридан гувиллаган овоз эшитилиб, машина келиб тўхтади. Эшикни очдим. Шундоқ рўпарада анчагина уриниб қолган, Абдулла ака таъбири билан айтганда, “Кострюлкаранг” машина турарди.
Бир пиёла чой устида айтилган гап қисқа бўлди:
— Озод, бу кунлар ҳам ғаниматга ўхшаб қолди. “Ако Бухор” (Абдулла ака истиқомат қиладиган ҳовлига яқин жойда дўкончаси бор сартарош)га юз-бошни бир кўрсатиб, сўнг шаҳар айланиб келсак.
Анчадан бери хонанишин бўлиб, ташқарига чиқмай қўйган Абдулла аканинг кутилмаганда бундай қарорга келиб қолиши Кибриё опани қувонтириб юборди.
Устозга маъноли қараш қилиб:
— Менам сизлар билан бораман, — деди.
Абдулла ака босиқ оҳангда:
— Аёл киши кашанда носқовоғидай доим унинг ёнида осилиб юравериши шарт эмас. Унинг бошқа вазифаси ҳам бор. Яъни, биз айланиб келгунимизча пазандалик санъатингизни намойиш қилиб турсангиз улуғ иш бўларди, — деди.
Опа индамай қолди, лекин ўзини бир гапдан тиёлмади:
— Шу баҳорий кунларни “ғанимат”га чиқармай, иккимиз бошқа пайт алоҳида айланиб келамиз, десангиз бўларди!
— Насиб этса айланармиз. Қутилдимми? Озод, энди сизнинг заҳматкаш уловингизга бироз дам берайлик-да, менинг машинамни ҳайдаб кўчага олиб чиқинг. Уни минишга-ку, оёқ ярамай қолди. Ҳеч бўлмаса уч-тўрт кун хизмат қилсин.
Озод ака қошларини чимириб устозга қаради:
— Нега энди уч-тўрт кун? Яп-янги машина бўлса! Ҳали кўп хизматингизни қилади, Абдулла ака. Даволаниб келганингиздан кейин Фарғона водийсини ўзингиз бошчилигингизда яна бир бор айланамиз.
— Улар мени тузатиб юборишига кўзингиз етяптими?
— Нега етмасин, Кремл шифохонаси бўлса!
— Мени эса “Қамчиқ” довони томонларга кетгим келяпти. Ҳозир у ерда тоғлар этаги кўм-кўк ўтларга бурканиб ётгандир. Лолалар ҳам очилган бўлса керак.
— Хўп десангиз кетаверамиз, — деди Озод ака қаддини тиклаб, овозини баланд қўйиб, ҳозироқ йўлга тушишга шай кишидек.
Абдулла ака бошини сарак-сарак қилди:
— Қайда. Дўхтирлар ҳеч қаерга чиқармай қўйишди-ку! Мени мунча аяшмаса!
— Бугун биринчи апрел, ўша дўхтирларни бемалол алдайвериш мумкин! — гапни ҳазилга бурди Озод ака.
Устознинг 60 йиллиги муносабати билан олинган “Волга” кичкина яланглик тўридаги гаражда чанг босиб ётарди. Уни ташқарига олиб чиқиб “ювиб-тарадик”.
Кейин бир оёқлари тўпиғигача қалин жигарранг жун рўмол билан ўралган Абдулла акани машинага ўтқаздик. Улар “Ако Бухор” сартарошхонасига, сўнг шаҳар айланишга кетишди.
Абдулла ака кеч пешингача чўзилган “сайр”дан анча толиққан ҳолда қайтди. Катта меҳмонхона-залга кириладиган эшикнинг шундоқ ўнг томонига деворга ёндоштириб қўйилган дивандаги пар ёстиққа оҳиста суянаркан:
— Ҳар ҳолда кўриб келганим яхши бўлди, — дея ярим жилмайиш билан Озод акага қараб, қўшиб қўйди. — Қаранг, ҳамаёқда баҳор нафаси. Яшагинг келади…
Эртасига жажжи бутоқчалари гулга бурканган бир шохчани кўтариб Шуҳрат ака кириб келди.
— Қаранг, Абдулла ака, ҳовлимиздаги ўрик гуллабди. Увол қилиб узмай дедим-у, сизга бир кўрсатгим келди-да.
Абдулла ака шохчани қўлига олиб, ундаги гардиши нозик пуштиранг гулларга тикилиб боқди, ҳидлаган бўлди, сўнг Шуҳрат акага ўгирилиб деди:
— Кеча шаҳар айланиб келдик.
— Эшитдим. Жуда яхши иш бўпти.
— Ғафур Ғуломнинг болалиги ўтган Қоратош маҳалласидаги ноклар ҳам оппоқ бўлиб, очилай деб турибди. Шуҳрат, табиатнинг ҳукми қизиқ-а, мана шу гуллар озгина вақт ўтгач, қуриб-қовжирайди, ўрнида мевалар пайдо бўлади. Улар ҳам пишиб тўкилади. Бу “тўкилиш” дегани умрнинг поёни бўлса керак…
Абдулла аканинг қочиримлари ҳамда тагдор гаплари маъносини дарров англаб олиб, жавобига шай турадиган Шуҳрат ака нима дейишини билмай, бир лаҳза тараддудланиб қолди.
Орага чўккан сукутни яна Абдулла аканинг ўзи бузди:
— Дўрмон томонлар ҳам яшнаб кетгандир. Бир бориб қўйиш керак. Энди у ерларни кўриш насиб этадими-йўқми…
Шуҳрат ака кулиб юборди:
— Нега насиб этмасин, Абдулла ака! Мана, ҳамма ёқда наврўзи олам. Яқинда Шаботхон (Хўжаев) бир гап айтиб қолди: қишдан эсон-омон чиқиб олган беморларнинг етмиш фоизидан кўпроғига табиатнинг ўзи шифо бериб тузалиб кетармиш. Кайфиятни яхши тутишда гап кўп экан.
— Тўғрику-я, мени яна қиш-қировли жойларга жўнатишаётган бўлса-чи!
Шуҳрат ака:
— Ўзбекистоннниг ҳавосидан ўзим обориб тураман, — деди.
Устознинг кейинги кунлардаги ҳар бир гапидан она тупроқдан оёқ узиб кетгиси йўқлигини англаш мумкин эди. Бироқ шифокорлар у киши Москвага бориб даволанмаса бўлмаслигини, ҳукумат шифохонасида алоҳида палата тайёрлаб қўйилганини айтишарди. Саккизинчи апрел куни учун самолёт чиптаси ҳам тайёрлаб қўйилганди.
Шуҳрат ака устознинг Дўрмонга чиқиб келиш ҳақидаги фикрини қўллаган бўлди:
— Сергей боғингизни янги тушган келинчакнинг ҳовлисидай саранжом-саришта қилиб, кутиб ўтирибди.
Бешинчи апрел куни эрталаб Дўрмонга чиқиб келдик. Абдулла ака атрофга завқ билан кўз ташлаб олди-да, ёнида қўлларини қовуштириб турган директорга деди:
— Сергей, Шредерга — Маҳмуд Мирзаевга ўринбосар қилиб юборайликми?
— Раҳмат Абдулла ака! Шундоғам мана шу кичкина хўжаликнинг ишлари етиб-ортаяпти.
Кибриё опа ўз “касб-кори” — пазандачиликка уннаб кетди. Лиммо-лим сув оқиб турган катта ариқ устига қўйилган ёғоч каравотга кўрпачалар тўшаб, ўртадаги хонтахтага дастурхон ёзилди. Бир пайт Сергей ака ижод уйи ошхонаси томондан баҳорнинг тансиқ таоми — кўкат сомса кўтариб келиб, ҳаммани каравотга чорлади.
— Абдулла ака, — деди директор ўртага қўйилган лаганга ишора қиларкан, — инсоф билан ўзингиз тақсимламасангиз, кимгадир етиб, кимларгадир етмай қолиши мумкин.
Абдулла ака жиддий қараш қилиб:
— Ишқилиб сомсалар “Литфонд” ҳисобидан эмасми! — деб қўйди-да, тарелкаларга икки донадан қилиб, сола бошлади.
… Абдулла акага сувнинг салқини таъсир этди шекилли, енгил кулранг женси палтони елкаларига тортиб, дурустроқ ўраниб олдилар. Шундан кейин биз у кишини офтобрўй жой — яланглик четидаги шафтоли дарахти остига қўйилган оромкурсига ўтқаздик. Адиб чарчоқданми, оғир нафас олиб, бошни орқа суянчиққа қўйди. Тип-тиниқ осмон юзига тикилиб турган нигоҳлари беихтиёр кўкда чарх уриб юрган қалдирғочларга тушди. Бирдан ўша баҳор элчилари пастга томон шўнғиди-да, зум ўтмай йўлакнинг нариги бошида пайдо бўлди. Кейин чуғур-чуғур қилганча Абдулла ака ўтирган яланглик узра пайдо бўлди, гир айланди-ю, яна кўкка қараб парвоз қилди.
Бу ҳолат шубҳасиз адибни ҳайратга солганди. “Наҳот, шу жажжи жониворлар ҳам мен билан хайрлашган бўлса” дегандек улар орқасидан қараб қолди.
Мен Абдулла аканинг мана шу дақиқалардаги ҳолатини қоғозга туширмоқ учун қўлимга қалам олдим ва бир нечта (ўша “5-V-68” рақами қўйилган) “қоралама”лар чизишга улгурдим. Учқун Назаров эса Абдулла аканинг “Любительский” фотоаппаратини ишга солиб, суратлар оларди.
Ўша куни кечгача Дўрмонда бўлдик. Оқшом туша бошлади ҳамки, Абдулла ака кетайлик демасди.
Ниҳоят Кибриё опа:
— Жўнайлик энди. Кунлар исиганда бемалолроқ келармиз, — деди.
Абдулла ака сал жунжигандай бўлди, сўнг ўзига хос тагдор гап қилди:
— Қишга қараб кетяпмиз-у, қанақасига бемалолроқ бўлсин! Майли, кетдик, ўша томонларга!..
Шаҳарга йўлга тушишдан олдин Абдулла ака олди айвон, бир даҳлиз, бир хонали уй ёнига кўтарма қилиб қурилган, унга чиқиб қарасангиз Фарғона водийсини эслатувчи зумрад дала-боғлар кафтда тургандай бўлиб кўринадиган нақшинкор шийпонга, қийғос гулга бурканган дарахтларга узоқ тикилиб боқди. Ҳатто машина катта йўлга чиқиб, қайрилгунга қадар ўз боғидан кўз узолмади…
1968 йилнинг 8 апрелида устозни Москвага жўнатишди. Унинг ёнида доимий ҳамдам-ҳамроҳи Кибриё Қаҳҳорова, кузатувчи бир ҳамшира қиз бор эди.
Самолёт қўнгач, шу нарса маълум бўладики, беморни олий тоифадаги врачлар тугул, оддий шифохонанинг оддий ходимлари ҳам кутмаётган экан. Кибриё опанинг зир югуриб, кўплаб идоралар эшигини қоқиши, анча-мунча сарсон-саргардонликлардан сўнг ўз юртида суюкли ва ардоқли бўлган Ўзбекнинг буюк Ёзувчиси ўртамиёна шифохонанинг оғир касаллар билан тўла умумий палатасига ётқизилади.
Кибриё Қаҳҳорованинг айтишларига қараганда, Абдулла ака у ердаги шарт-шароитни кўриб “Бу ер “Олтинчи палата” (А.Чеховнинг шу номли ҳикоясига ишора)ни ўзи-ку, бошқа жой топишолмабди-да” деган экан ўкинч билан.
Адиб қирқ етти кун давомида бир марта ҳам “оҳ” демай, нола-фиғон чекмай ўлим билан мардона олишади.
Ниҳоят умр поёнига кўзи етгач, содиқ, вафодор кишиси Шуҳратни чақиринглар, деб илтимос қилади.
Тошкентдан зудлик билан етиб келган шогирдини кўради-да:
— Яқинроқ келинг, юртимизнинг баҳорий ҳавосидан бир тўйиб нафас олай, — дейди.
Бу халқимизнинг фидойи, буюк фарзанди Абдулла Қаҳҳорнинг сўнгги сўзлари эди…
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 20-сонидан олинди.
Манба: www.ijod.uz