ЎЛГУНИМЧА
Дўстлар мени телба деманглар,
Ҳолим сўраб ғамим еманглар,
Мен шахзода Маликамни
Ўлгунимча севаман энди.
У ҳаётда ёр-ла яшайди,
Лек хаёлда мен-ла яшайди,
Мен шахзода Маликамни
Ўлгунимча севаман энди.
Ёр исмини қизимга қўйиб,
То абад мен ҳижронда куйиб,
Мен шахзода Маликамни
Ўлгунимча севаман энди.
Мудом унинг кўнглида борман,
Ёрим бору лек унга зорман,
Мен шахзода Маликамни
Ўлгунимча севаман энди.
КЕТМА
Нозлари нозик малак,
Ёр, ўзимга сен керак,
Менга сендан йўқ бўлак,
Ўзгалар билан кетма.
Суймаганга жон бериб,
Куймаганга гул териб,
Ширин сўзларга эриб,
Ўзгалар билан кетма.
Бағримга бош қўймасдан,
Висолимга тўймасдан,
Қовоғингни уймасдан,
Ўзгалар билан кетма.
Ёр, менинг нигоҳим сан,
Суқлардан паноҳим сан,
Савобу гуноҳим сан,
Ўзгалар билан кетма.
ОШИҚНИНГ
Дунё ёлғон – рост экан,
Бой бойларга мос экан,
Ошиқнинг кўрган куни
Девона-ю, маст экан.
Жудо бўлса дош бериб,
Кўзларида ёш бериб,
Ошиқнинг кўрган куни
Девона-ю, маст экан.
Ухламайди тунлари,
Қон ютади кунлари,
Ошиқнинг кўрган куни
Девона-ю, маст экан.
Ошиқ бўлган пушаймон,
Азоб чекаркан ҳар он,
Ошиқнинг кўрган куни
Девона-ю, маст экан.
УНУТМАСАНГ БАС
Биздек дардмандларга қилишмас ҳавас,
Ёвлар энди бизни бахтиёр демас,
Майли, жоним, энди не бўлса бўлар,
Мени севганингни унутмасанг бас.
Ҳижронлар тагида кетсанг кўмилиб,
Армонлар сувига ётсанг чўмилиб,
Йўлларимга зор-зор ўтсанг термулиб,
Мени севганингни унутмасанг бас.
Бир кун ўғилчангга исмимни қуйиб,
Исмимни такрорлаб ўғлингни суйиб,
Меҳримга тўймадинг, исмимга тўйиб,
Мени севганингни унутмасанг бас.
Розиман ёнимга қайтиб келмасанг,
Сенга содиќлигим ќадрин билмасанг,
Майлига, доим мен томон елмасанг,
Менинг севганимни унутмасанг бас.
ЁНИМДА БИР ЁРУ…
Бошим силаб ёрим ёнимда ётар,
Армонли севгилим хаёлим тортар,
Соғинчларим дилга тош бўлиб ботар,
Ёнимда бир ёру, ёдимда бир ёр.
Бу қандай эзгулик билолмайман ҳеч,
Севганимни кўриб келолмайман ҳеч,
Гўзал ёрим ташлаб кетолмайман ҳеч.
Ёнимда бир ёру, ёдимда бир ёр.
Бу азобдан менга ўлим яхшироқ,
Бириси ёнимда, бириси йироқ,
Жуфти ҳалолим-чун яшайман, бироқ,
Ёнимда бир ёру, ёдимда бир ёр.
Ҳолимни қаранглар, эй ватандошлар,
Мени тушунолмас ҳеч бағритошлар,
Бизни дуо қилинг, жон қариндошлар,
Ёнимда бир ёру, ёдимда бир ёр.
ЁРДАН АЙРИЛМОҚ
Пешонамда бори мана шу экан,
Дардимни бахтим деб азобни кўрмоқ,
Аслида йўлларим гул эмас тикан,
Менга одат бўлган ёрдан айрилмоқ.
Аюбжон саргардон дебон кулманглар,
Менинг мушкулимга ғамхўр бўлманглар,
Дардимга даволар излаб юрманглар,
Менга одат бўлган ёрдан айрилмоқ.
Тақдирдан нолимай кўнишим ҳам шу,
Қайғу ситамларга тўлишим ҳам шу.
Бу кундан қутулмай ўлишим ҳам шу,
Менга одат бўлган ёрдан айрилмоқ.
Жони йўқ танамни олинг, розиман,
Ширин хаёлларнинг мен парвозиман,
Чолғунинг жарангсиз чиқмас созиман,
Менга одат бўлган ёрдан айрилмоқ.
СОҒИНИБ КЕЛДИМ
Кўникмай бир кечада,
Сизнинг қадрингиз билдим.
Куним қолди кўчада,
Сизни соғиниб келдим.
Йироқларга кетолмай,
Синовлардан ўтолмай,
Мен сизни унутолмай,
Сизни соғиниб келдим.
Ҳижрон дардидан қочиб,
Сиз томон елиб учиб,
Гўзал ёримдан кечиб,
Сизни соғиниб келдим.
Хўп денг, сиз билан қолай,
Нозик кўнглингиз олай,
Ўлсам сиз билан ўлай,
Сизни соғиниб келдим.
КЕЛИБ КЕТ
Ўтмай умрим фурсати,
Табассум-ла кулиб кет.
Соф севгимнинг ҳурмати,
Бир боргина келиб кет.
Соғинчларга ўзим бой,
Ҳануз кўнглимда бор жой,
Эссиз севгим, Гулчирой,
Соғинчимни олиб кет.
Ишва нозларинг билан,
Кўкда парвозинг билан,
пардоз андозинг билан,
Висолимни севиб кет.
Дардим дилга сиғмаган,
Кўзларим қон йиғлаган,
Юрагим зор тиғлаган,
Аҳволимни билиб кет.
СЎНГГИ БОР
Севди қизларни дилим,
Сочим толасидан кўп,
Келгин, азиз севгилим,
Сўнгги бор юзимдан ўп.
Нозли нозларингни қўй,
Шаҳду бол меҳримга тўй,
Сочларинг иси хушбўй,
Сўнгги бор юзимдан ўп.
Жаннатдек соҳибжамол,
Эй, қош-кўзлари ҳилол,
Сен-чун ўпич ҳеч малол,
Сўнгги бор юзимдан ўп.
Севгидан айриляпмиз,
Нигоҳдан қайриляпмиз,
Тақдирдан юз буряпмиз,
Сўнгги бор кўзимдан ўп.
ОЗОРИ ШУ
Кўзларингни кўр қилади,
Пешонангни шўр қилади,
Инсонларни хўр қилади,
Муҳаббатнинг озори шу.
Фиғони урар юракка,
Садоси чиқар фалакка,
Ҳалқасин солар билакка,
Муҳаббатнинг озори шу.
Дуч келтирар қалам қошга,
Сўнг урдирар бошинг тошга,
Давосиз дард солар бошга,
Муҳаббатнинг озори шу.
Жудоликни яхши кўрар,
Ердан олиб ерга урар,
Гўрдан олиб гўрга берар,
Муҳаббатнинг мазори шу.
|